Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 27 / Биз яшайдиган уй

Квартирани ўзгаларнинг қарзлари билан бирга сотиб олдим. Нима қилмоқ керак?

 

2021 йилнинг апрель ойи охирида мен бир хоналик квартира сотиб олдим. Олди-сотди битимини тузаётганда нотариуснинг маълумотлар базасида квартира сотаётган шахснинг УЖКХ хизматлари бўйича қарзи борлигини аниқламади.

Ҳужжатларни ўз номимга қайта расмийлаштириб бўлганимдан кейин Тошиссиққуввати ва Сувсоз ташкилотларидан маълум бўлдики, квартира собиқ эгасининг иссиқ ва совуқ сувдан қарздорлиги бор бўлиб, булар нотариуснинг маълумотлар базасида кўрсатилмаган. Етказиб берувчилар қайта ҳисоб-китобни амалга оширишди, энди олдинги квартира эгасининг қарзларини мен тўлаб қўйишим кераклигини таъкидлашмоқда. Бу қанчалик адолатдан?

Муаммо квартиранинг олдинги эгаси иссиқ ва совуқ сув ҳисоблагичларининг қиёсловини ўз вақтида амалга оширмаганлиги туфайли юзага келган. Натижада етказиб берувчилар бу қарзни квартирада ҳисобда турганлар сони бўйича хизматларга ҳақ тўлашга ўтказиб юборишган. Квартирада 6 нафар киши ҳисобда турган, лекин собиқ уй эгаси ҳақни бир киши учун тўлаб келган.

Ушбу қарздорликни олди-сотди битимини тузгунга қадар аниқлашнинг имкони йўқ эди, сабаби мен ҳали сотиб олмаган квартирам бўйича 17-сон шаклдаги маълумотномани ололмас эдим.

Ҳозирда квартира собиқ эгасининг иссиқ ва совуқ сув бўйича қарздорлиги тахминан 5 млн сўмни ташкил этади. У бундай қарздорлик қаердан шаклланганини тушунмаяпти, ўта бандлигини рўкач қилиб, муаммони ҳал қилаётгани йўқ.

Вақт ўтган сайин мен «ютқазаяпман» – Тошиссиққуввати ва Сувсоз ташкилотларида ҳужжатларни ўз номимга қайта расмийлаштириб бўлдим, ўзим яшаган давр учун тўловларни тўлаб боряпман, лекин бу маблағларим квартиранинг олдинги эгаси қарзларини қоплаш учун «қурбон» бўлиб кетяпти.

Бундай вазиятда қандай йўл тутиш керак? Ойдек равшан бўлиб турган бу мунозарали вазиятни қайси тузилмалар ҳал қилиб бериши мумкин? 

 

Шартномада нима дейилган?

Турар жой кўчмас мулкининг олди-сотди битимини тузаётганда коммунал тўловлар бўйича қарздорлик бор ёки йўқлигини нотариат ходими «Нотариус» ягона автоматлаштирилган ахборот тизими (ЯААТ) орқали текширади. Бу тизим коммунал хизматлар истеъмолчилари шахсий ҳисоб рақами тўғрисидаги электрон маълумотлар базасига интеграция қилинган ҳамда бу етказиб берувчилар томонидан шакллантирилади.

Мазкур ҳолда, олди-сотди битимини тасдиқлар экан, нотариус сизнинг шартномангизнинг 11-бандида квартира сотувчисининг коммунал хизматлар бўйича қарздорлиги йўқлигини эътироф этади. Бу иш етказиб берувчиларнинг электрон маълумотлар базаси ахборотларини акс эттирувчи «Нотариус» ААТ маълумотлари асосида амалга оширилган. Демак, унинг ичига квартира олдинги эгасининг Сувсоз ва Тошиссиққуввати ташкилотларининг хизматларидан қарздорлиги йўқлиги тўғрисидаги нотўғри маълумотлар жойлаштирилган.

Шартноманинг 10-бандида сотувчи унинг коммунал хизматлар бўйича қарздорлиги йўқлини маълум қилади. Лекин худди шу 10-банддаёқ харидор, агар қарздорлик аниқлангудек бўлса, уни тўлаб беришга розилик билдиряпти. Бу билан квартиранинг янги эгаси мазкур бандга рози бўлган ҳолда ўзига ўзи «ҳукм ўқиб қўйган» бўлади. Энди бўйинга «юкланган» қарздорликни рад этишнинг ҳеч имкони қолмайди.

Пировардида нима бўлади? Нотариус ва сотувчи қарздорлик мавжуд эмаслигини тасдиқлашди. Лекин айни вақтда қарздорлик етказиб берувчиларнинг электрон маълумотлар базасида бор-да. Қарздорликнинг битимни тасдиқлаш пайтида «Нотариус» ААТда мавжуд эмаслигини маълумотлар ўлда-жўлда эмас, балки дарҳол киритилиши керак бўлган тизимнинг етарлича созланмаганлиги ёхуд етказиб берувчиларнинг ишга совуққонлиги билан изоҳлаш мумкин.

 

Қаллоблик ёки зимдан келишиб олиш учун замин яратилса…

Бу ўринда сотувчи ҳам нотариус билан зимдан келишиб олиши эҳтимолини келтирса бўлади. Агар улар қарздорлик мавжуд эмаслигини шартномада тасдиқлашса, у ҳолда харидор нима учун бунга розилик билдиради? Бу қарздорлик қаердан келиши мумкин? Мазкур бандлар нафақат нотариус ва квартира сотувчиси, балки коммунал хизматларни етказиб берувчилар ўртасида ҳам қаллоблик ёки зимдан келишиб олиш учун замин яратиши мумкин. Зеро, квартира сотилгандан кейин қарздорликка оид муаммолар юзага қалқиб чиққудек бўлса, сотувчи «узоқда», уни қаердан қидириб топасиз, харидор эса «айни шу жойда». Ўзгаларнинг қарзини ундан талаб қилиб қўя қолишади-да. Бу фуқаролик қонун ҳужжатларида белгиланган адолатлилик принципи ва фақат айби бўлганда жавобгарлик тўғрисидаги нормага зид келади. Бу ўринда харидорнинг қандай айби бор? Бундан ташқари, истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилмоқда, ахир у амалда истеъмол қилган хизматлар учун ҳақ тўлаши керак-ку!

Демак, шартнома шартларида харидорнинг ҳуқуқ ва манфаатларини олдиндан бузишга йўл қўйиляпти. Қонунчиликдаги мана шу камчилик ҳаётда шундай муаммоли вазиятларнинг вужудга келишига олиб келяпти. Кўчмас мулк олди-сотди шартномаси оммавий шартнома бўлмаса-да, нотариуслар унга қонун ҳужжатларига зид келмайдиган ўзгартиришларни киритишга қаршилик кўрсатишади. Бу ФКнинг шартномавий муносабатлар тўғрисидаги нормаларини бузиш ҳисобланади.

 

Маълумотлар тўғрилигига ким жавоб беради?

Идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тизимида ишончсиз ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни тақдим этганлик учун ушбу маълумотларни етказган шахслар жавобгардир. Айни вақтда гап бу ўринда етказиб берувчилар хусусида бормоқда. Харидор сотувчининг олди-сотди битими тузилган санадаги шахсий ҳисобрақамининг ҳолати тўғрисидаги кўчирма нусхани унга тақдим этишларини сўраб хизматларни етказиб берувчиларга мурожаат қилиши керак. Агар бу ўринда қарздорлик мавжуд бўлса, демак, нотариус билан сотувчи ўртасида зимдан келишиб олиш содир бўлган бўлиши мумкин ва бу жиноят ҳисобланади. Бу ҳолда прокуратура ёки судга мурожаат қилиш керак. Агар битим тузиш санасида маълумотлар базасида қарздорлик мавжуд бўлмаса, бу етказиб берувчининг айби бўлади. Лекин бу ўринда харидор, қарздорлик аниқланган тақдирда, ўзгаларнинг қарзини қоплаш мажбуриятини ихтиёрий равишда ўз зиммасига олган бўлади. Мазкур масалаларни суд тартибида низолашса ёки Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат қилса бўлади.

Албатта, шартномани диққат билан ўқиш керак. Зарурат бўлса, тарафларнинг розилиги билан шартнома шартлари давлат тилида ва шартнома тарафлари билган тилда баён этилиши керак.

Мазкур вазиятда вазифасига нотариатнинг самарали фаолияти устидан назорат қилиш кирувчи Адлия вазирлиги ўз фикрини билдириши мумкин. Юзага келган бу вазият ягона эмаслигини ҳисобга олиб, Адлия вазирлиги шунга ўхшаш далилларни умумлаштириши ва нотариатларга тегишли кўрсатмалар жўнатиши мумкин.

Прочитано: 260 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика