Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 26 / Истеъмолчи бурчаги

Автокредит ёки сотиб олиш шарти билан ижара: қайси бири афзал?

 

Амалиётда истеъмолчи автомашина сотиб олишга қарор қилган, бироқ харид учун ўз маблағлари етарли бўлмаслик ҳолатлари учраб туради. Бундай вазиятда истеъмолчи олдида одатда икки йўл туради: тижорат банкларидан қарзга маблағ олиш ёки кейинчалик сотиб олиш шарти билан автотранспорт воситасини ижарага олиш.

 

Аммо, ёдда тутиш лозимки, исталган шартномани тузишдан олдин, унинг нозик жиҳатларига эътибор қаратиш лозим. Қайси усул қулай ва тўғри? Қандай қилиб фирибгарлар ҳийла-найрангларига тушиб қолмаслик керак? Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бу борада бир қанча муҳим ва фойдали тавсияларни бериб ўтади.

 

Шартнома тузиш шартлари

Тижорат банкларидан автомашина учун кредит олиш шартлари қуйидагича:

тижорат банклари томонидан кредитлар битта шартнома асосида автотранспорт воситасини одатда расмий диллер орқали бирламчи бозордан сотиб олиш учун тақдим этилади;

аксарият ҳолларда гаров сифатида сотиб олинаётган автомашина қабул қилинади;

асосий иш жойи бўйича жисмоний шахснинг барқарор даромади кафолатланиши мажбурий ҳисобланади;

суғурта полиси талаб этилади.

Кейинчалик сотиб олиш шарти билан автотранспорт воситасини ижарага олиш икки босқичда амалга оширилади: дастлаб бўнак тўлови амалга оширилганлиги тўғрисида шартнома тузилади, сўнгра кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижара шартномаси имзоланади. Шуни ҳам ҳисобга олиш лозимки, агар ижарага олинаётган автомашина маркаси (тури) топилмаса, истеъмолчи хизмат кўрсатаётган корхона томонидан тақдим этиладиган учта вариантдан бирини танлашга мажбур. Агар истеъмолчига таклиф қилинган вариантлар ёқмаса, у пулни қайтариб олишга, фақатгина 40-60 иш куни ўтганидан сўнг (корхонанинг сиз хоҳлаган автомашинани қидиришга яна 120 кун, жами 180 кунгача) ҳақли ҳисобланади. Агентликка айнан шундай муаммолар билан дуч келаётган истеъмолчилардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

Истеъмолчи фойдасига «ишламайдиган» яна бир муҳим шарт: агар дастлаб шартномада таклиф қилинган транспорт воситаси тақдим этилмаса, ижарага берувчи ҳеч қандай мажбуриятларни ўз зиммасига олмайди. Яъни корхона сизнинг маблағингизни деярли 6 ой давомида сақлаб тургани, вақтингизни олгани, хизмат кўрсатмагани учун ҳеч қандай молиявий ёки бошқа йўқотишларга дуч келмайди.

Шунингдек, бўнак тўлови шартномаси ва сотиб олиш шарти билан ижара шартномаси корхона томонидан 5 дақиқа ичида нотариал тасдиқланмасдан ва бошқа ҳужжатлар талаб қилинмасдан тузилади.

Биринчи ҳолатда банк билан шартнома тузган истеъмолчи автомашина эгасига айланади, иккинчи ҳолатда истеъмолчи ижарачи ҳисобланади ва автомашинага эгалик ҳуқуқи унга тегишли бўлмайди, устига-устак, корхонадан ҳар ойда транспорт воситасини бошқариш учун ишончнома расмийлаштирилиши лозим.

 

Мониторинг  

Банк ҳам, корхона ҳам автотранспорт воситасидан мақсадли фойдаланилаётганлигини текшириш ҳуқуқига эга, бироқ кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан автомашинани ижарага олишда, ижарачи ижарага беерувчининг биринчи чақириғига биноан автомашинани мониторинг қилиш учун олиб келишга мажбур. Агар автомашинани олиб келишнинг иложи бўлмаса, ижарага берувчи ижарачига жарима қўллаши ва ҳаттоки тўланган маблағларни қайтармаган ҳолда, шартномани бир томонлама бекор қилиши мумкин.

 

Қўшимча харажатлар

Банк орқали автомашинани кредитга олишда ҳам, кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага олишда ҳам маълум қўшимча харажатлар мавжуд. Мисол учун, банк кредитини олишда суғурта полисини расмийлаштиришингиз керак бўлса, бўнак тўлови шартномасига биноан ижарага олувчи лизинг олиш учун ҳужжатларни йиғиш, тайёрлаш ва расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун транспорт воситаси умумий қийматининг 10% миқдорида бўнак тўлаши лозим. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, автомашинани рўйхатдан ўтказиш учун қўшимча харажатлар (маълумотнома, техник паспорт, давлат рақам белгиси, техник кўрик, банк воситачилик тўлови) истеъмолчининг ўзи томонидан алоҳида амалга оширилади.

 

Молиявий санкциялар

Автокредит шартномасига кўра, кредитни тўлаш муддати кечиккан ва муддати ўтган қарз юзага келган тақдирда фоиз ставкаси оширилади (ҳар бир банк ўз фоиз ставкасига эга). Автомашинани кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага олиш шартномасига кўра бундай ҳолларда бир нечта санкциялар қўлланилиши кўзда тутилган: ижарага олувчи томонидан ижара ҳақини ўз вақтида ёки тўлиқ тўламаслик учун ҳар бир кечиккан кун ҳисобида санкция; автотранспорт воситасини ижарага берувчининг талабига биноан мониторинг қилишга ўз вақтида олиб келмаганлик учун санкциялар. Бундай хизматларни кўрсатувчи аксарият корхоналарнинг шартномаларида, шунингдек, агар ижарага олувчи тўловни тўлаш учун ижарага берувчининг олдига келишнинг имкони бўлмаса, тўловни олиш учун юборилган ходимлар хизмат сафари харажатлари ҳам ижарага олувчи ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган.

 

Шартномани бекор қилиш

Турли хил сабабларга кўра молиявий аҳволи ва тўлов қобилияти ёмонлашган истеъмолчи шартнома шартларини бажара олмаган тақдирда уни нималар кутиши мумкин? Тижорат банклари томонидан ажратиладиган автокредит бўйича тўловларни қарз олувчи ўз вақтида тўлай олмаса, банк томонидан гаров сифатида олинган автотранспорт воситаси сотувга қўйилиб, қарз миқдори қопланади, қолган маблағ истеъмолчига қайтарилади. Сотиб олиш шарти билан автомашина ижарага олинган тақдирда, транспорт воситаси олиб қўйилади ва истеъмолчига маблағ қайтарилмайди.

 

Хулоса ўрнида

Турли корхоналар билан (банклар эмас) иш олиб боришда дастлаб ҳеч қандай хавф йўқдек ва аксинча, бунда қулай шартлар тақдим этилгандек туюлиши мумкин. Сиз банкка кредит сўраб мурожаат қилишингиз, унинг берилишини кутишингиз ва юқори фоиз тўлашингиз шарт эмас. Тўловларни 36 ойга (3 йил) тақсимлашнинг ўзи кифоядек. Бироқ, мазкур корхоналар тақдим этаётган шартлар остида сизга кўринмаётган ва пировардида ортиқча маблағ сарфланишига олиб келиши мумкин бўлган бир қатор яширин талаблар мавжудлигини ёдда тутишингиз лозим. Шу боис истеъмолчи шартнома шартлари, ундаги томонларнинг жавобгарлигини диққат билан ўрганиб чиқиши лозим. Ўз молиявий хатарларини минималлаштириб, исталган келишувдан самарали фойдаланиш мумкин.

Агар ушбу соҳада фуқаронинг истеъмолчилик ҳуқуқ ва манфаатлари бузилган бўлса, у ҳолда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига 1159 ишонч телефони орқали, шунингдек, https://consumer.uz/ веб-сайти орқали мурожаат қилиш мумкин.

 

Маълумот ўрнида: мазкур соҳа Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмол кредити тўғрисида», «Гаров тўғрисида», «Ижара тўғрисида»ги қонунлари ва Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади.

 

Шоҳбоз Зарипов,

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бош мутахассиси.

Манба: consumer.uz

Прочитано: 225 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика