Бойликка солиқ жорий қилиш орқали олинган маблағ инсониятнинг пандемиядан кейинги ижтимоий-иқтисодий тикланишига ёрдам берган бўлар эди, деди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш 24 июнь куни Европарламентда сўзга чиққанида.
«Ўтган бир йил ичида дунёнинг бой одамлари мол-мулки 5 трлн долларга кўпайди. Мен ҳукуматларни дунёнинг бадавлат одамлари, жумладан пандемиядан даромад олганларнинг мол-мулкига нисбатан бирдамлик солиғини ёки бойлик солиғини жорий қилиш имкониятини кўриб чиқишга чақираман. Уларнинг мол-мулкидан ундирилган солиқ маблағлари ижтимоий-иқтисодий тикланиш лойиҳаларини молиялаштиришга жалб қилиниши керак», – деди у.
Гутерришнинг таъкидлашича, пандемия натижасида юз миллионлаб одам қашшоқлик ёқасига келиб қолган, бутун бошли мамлакатлар хонавайрон бўлиш хавфи билан юзма-юз бўлиб турибди.
«Сайёрамиз аҳолисининг ярми зарур бўлган тиббий хизматлардан фойдаланишга қурби етмаяпти», – таъкидлади бош котиб.
ЎзА материаллари асосида.