Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 23 / Биз яшайдиган уй

«Муқобил йўл»: кредитлар ва юқори бадалларсиз 16 йиллик муваффақиятли натижалар

 

Кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш усуллари хусусидаги қизғин баҳс-мунозаралар шароитида пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги «Альтернатива коммунал плюс» бир уйлик ширкати ўзининг ҳаётбахш ва барқарор тажрибасини намойиш этмоқда. 16 йилдирки, УМШ ўз номини оқлаган ҳолда умумий мол-мулкни самарали бошқариб келаётир. Бу билан мазкур УМШ бир уйни бирлаштирган ширкатлар йирик УМШ ёки бошқарув компанияларига муқобил тарзда ривожлана олиши мумкинлигини исботламоқда. Аммо бундай муваффақиятнинг бирдан-бир сири бор – барча ишнинг бошида ҳалол, хат-саводли, ўз уйи учун жон куйдиришга тайёр турган ва мулкдорлар ҳурматига сазовор бўла олган одам турибди. 

 

2006 йилда унинг базасида «Альтернатива» ширкати ташкил этилган кўп қаватли уй ўзида 40 та уйни бирлаштирувчи йирик УМШнинг таркибидан чиқиб кетди. У жуда оғир техник ҳолатда бўлиб, яхшигина маблағ ва меҳнат сарфланишини талаб қилар, лекин мулкдорларнинг бадаллари умумий қозонда кўринмай кетар, бу уйнинг эҳтиёжлари учун сарфлаш навбати етиб келавермас эди. Йирик ширкат таркибидан чиқиш мулкдорларнинг онгли равишдаги танлови бўлди, пировардида бу «Альтернатива» муваффақиятини таъминлаб берди. Муаммолари йиллар давомида тўпланиб, аҳолиси ҳамма ишни қайтадан янги куч ва ғайрат билан бошлашга бел боғлагани учун ширкатнинг номини ҳам яхши кунларга умид боғлаган ҳолда «Альтернатива коммунал плюс» деб қўйишди.

Раис масъулияти + аҳолининг кўмаги

УМШ аъзолари эришган асосий ютуқ уларнинг йирик ширкатдан ажраб чиққанларида бўлди. Бугунги кунда уй тўлиқ таъмирдан чиқарилган. Бу ўринда «Альтернатива» 16 йиллик фаолияти давомида бирор марта кредитлар олмаган. Демак, қарз-ҳаволасиз, мулкдорларнинг маблағларини тежаб ишлатган ҳолда ҳам ишни йўлга қўйиш мумкин экан. УМШ ҳеч қачон картотекага тушмаган, хизматларни етказиб берувчилар олдида ҳеч замонда қарздорликка йўл қўймаган, ҳамма билан олдиндан тўлов асосида ишлайди.

Ишларни малакали режалаштириш, даромад ва буромад сметасини пухта ишлаб чиқиш туфайли улар кредитларга мурожаат қилишмади. Лекин энг муҳим омил бу – аҳоли манфаатлари учун жон куйдирадиган раиснинг шижоати ва аҳолининг кўмаги бўлди. Бусиз энг оламшумул режалару сметалар ҳам инқирозга юз тутган бўлар эди.

Энг қизиғи шундаки, шунча йил давомида ширкатдаги мажбурий бадаллар миқдори Тошкент бўйича ўртача миқдордан кам бўлиб келган. Хусусан, УМШ раиси Ольга Евтушенконинг гапига қараганда, уч йил мобайнида – 2018 йилдан 2020 йилга қадар тариф бир маромда ушлаб келинган ва у 1 метр квадрат майдон учун 500 сўмни ташкил этган. Бу даврда йиллик ҳисобланмалар 25 млн сўмни ташкил қилган. 2021 йилда бадал миқдорини 600 сўмгача оширишди. Олтита йўлакдан иборат беш қаватли уйда 80 та квартира мавжуд бўлиб, мазкур маблағлар уйни кредитларсиз секин-аста эпақага келтириш имконини берди. Шу мисолнинг ўзи ширкатнинг ҳажми уйдаги умумий мол-мулкни самарали бошқаришда аҳамиятсиз эканлигини тасдиқлайди, бу юмушни бир уйдаги УМШ ҳам эплай олади. «Альтернатива»да мажбурий бадаллар бўйича деярли қарздорлар йўқ. ККУни бошқаришдаги муваффақиятнинг сири эса уйлар сонида эмас, балки аҳолининг жипслиги ва раиснинг ҳалоллигидадир.

 

Исроф қилмаслик – арзон-гаров нарсани эмас, сифатлисини олиш дегани

Одатда, авариявий ҳолатлар ёки уйдаги харажатли ишларни аҳолининг маблағларини тўплаб ҳал қилишга келишилмаса, уни тезкорлик билан ҳал қилиш учун уй-жой соҳасида кредитларга мурожаат қилинади. Лекин аксарият УМШларда кредитларни мулкдорларни хабардор қилмасдан олишади-да, кейин қарздорликни сўндиришга келганда аҳолига эълон қилишади, бу ишлар қонунга зид равишда амалга оширилади. «Альтернатива» ширкати кредитларни олмасдан, бадаллар миқдорини оширмасдан ўзига авариявий ҳолда мерос бўлиб қолган УМШни қандай қилиб оёққа турғиза олди?

«Ўз кучимиз билан, маблағларни иқтисод қилиш, бадаллар тушишини ўз вақтида таъминлаш ҳисобига бу натижаларга эришдик, – дейди Ольга Евтушенко. – Иқтисод қилиш деганда арзон-гаров эмас, балки сифатли материалларни харид қилишни тушунаман. Сифатли нарса кўпроққа чидайди. Биз пулнинг қадрсизланишини кутиб, уни сақлаб туришга қизиқмаймиз – пуллар ишлаши керак, шунинг учун дарҳол маблағларни ишга тушириб юборамиз. Материалларни қисман-қисман харид қилиб, ёз келганда таъмирлаш ишларини бошлаб юборамиз.

Бу йиллар оралиғида нима ишларни қилишга улгурдик? Томни заводда ишлаб чиқарилган сифатли фольгоизол билан ёпдик. Олдинлари уйда электр хўжалигида мунтазам муаммолар юзага келар эди. Микротўлқинли техника ишлар, кондиционерлар, бошқа маиший техника ёзин-қишин тўхтамас эди. Умумий уй электр шчитини созладик, кейин йўлкалардаги шчитларга навбат келди, у ердаги барча электр симларни алмаштирдик. Ертўлада барча қувурлардан сув чаккалар, иситиш тармоғи, канализация техникаси бутунлай ишдан чиққан эди. Умумий ҳисобда 450 метрлик турли хил қувурларни алмаштириш талаб қилинар эди. Аста-секин Туркияда ишлаб чиқарилган пластик қувурларни харид қила бошладик. Уйимиз учун қилаётган ғайрат-шижоатимизни кўргач, дўкондагилар 10 млн сўмлик қувурларни қарзга бериб юборишди. Сотувчи, нарх-наво ошяпти, эртага қимматга тушмасидан олдин керакли техникани ҳозироқ олинглар, деб маслаҳат берди. Оз-оздан тўлаб, дўкондан қарз-қурзларимизни ҳам уздик. Материалларни захирага харид қилганимиз бизга мулкдорларимиз маблағларини иқтисод қилиб қолишга имкон берди. Иситиш тармоғи жиддий таъмирдан чиқарилди. Йўлкаларга «Ekopen» компаниясининг сифатли шиша пакетлари ўрнатилди. Ҳар йили 1-2 та йўлкани таъмирдан чиқарамиз, бу ерларда худди уйда бўлгани каби шинам, озода бўлишига интиламиз: деразаларга гуллар қўйганмиз, деворларга картиналар, тошойна, йўлкаларни тозалаш жадваллари ўрнатилган.

УМШ штатида биргина раис бор. Унинг бир ўзи аёл боши билан ҳам бухгалтер, ҳам фаррош, ҳам боғбон, ҳам бута кесувчи, ҳам диспетчер, ҳам слесарь (жиддий ишлар бажарилмаган тақдирда) ишларини амалга оширади. Бу ҳам мулкдорларнинг маблағларини иқтисод қилишнинг ўзига хос йўли. Уйда яшовчилар раиснинг уй учун жон куйдираётганини шундоқ кўриб туришади. Пуллар қаерга сарфлангани ҳақидаги савол бу ерда ортиқчалик қилади – ҳамма нарса кафтда тургандек очиқ-ойдин. Аввалига раис маош олмасдан жамоатчилик асосида ишлаган, ҳозирда иш ҳақи олади.

Уйда таъмирлаш ишларига жалб қилиб туриладиган слесарь ҳам бор. Қўшни кўп қаватли уйдан – электрик бор. Ўз ишини яхши биладиган бу мутахассислар виждонан ишлашади. Томни ёпиш ишларига УМШ ихтисослашган компания билан шартнома тузди. Агар бунга кредит олганда, том ёпиш анча қимматга тушган бўлар эди.

«Альтернатива» смета ишларида ҳам иқтисод қилади. Ҳазонрезги япроқлар бу ерда ташқарига чиқариб юборилмайди, балки ўғит бўлиши учун ерга кўмилади. Таъмирлаш ишлари тугагандан кейин ҳеч нарса чиқиндига чиқариб ташланмайди, керакли материаллар хўжалик ишлари учун сақлаб қўйилади. Муҳандислик коммуникациялари пластикка алмаштирилгандан кейин, қолган эски темир қувурлардан болалар майдончасидаги қурилиш ишларида фойдаланилди. Хизмат муддатини ўтаб бўлган автошиналар қайтадан бўялиб, гултувакларга айлантирилди. Ҳар турли рангдаги эски кафель ҳам ўз ўрнини топди – йўлкалардаги полга мозаика қилиб терилди.

Ҳозирги вақтда уйдаги барча асосий ва харажатли ишлар бажариб бўлинди. Фақат жорий майда-чуйда ишлар қилинса бўлди. Кўплаб УМШларнинг раҳбарлари маблағ етишмаслигидан мунтазам шикоят қилишади. Мажбурий бадаллардан ташқари ҳали унга-ҳали бунга пул йиғишади. Альтернатива»да бундай фавқулодда пул йиғишлар умуман бўлмаган. Агар жамоада ҳалоллик, тўғрилик ва саводхонлик билан иш олиб борилса, бадаллар ўз вақтида тўлаб борилса, уйни сақлаб туриш учун бадалларнинг ўзи етарли бўлади. Йилнинг охирида умумий йиғилиш арафасида раис ҳар бир УМШ аъзосининг қўлига улар имзосини олган ҳолда «Пулларимиз қаерга сарфланди?» деган ҳисоботни топширади. Уйда яшовчилар ҳисоботни пухта ўрганиб чиқишади. Очиқ-ошкоралик ҳар қандай бошқарув органи ишининг муваффақиятини таъминлайди. Бир уйдан иборат бўлган УМШда ошкораликка эришиш анча осон, чунки уларнинг маблағлари фақат ўзларининг уйларини сақлаб туриш учун сарфланади-да.

Прочитано: 270 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика