Фарғона вилоятида ўтган ҳафтада гилоснинг эрта пишар навлари пишиб етилгани ҳақида хабар берган эдик. Энди эса ўрик экспорти ҳам бошлаб юборилди.
Фарғона, Олтиариқ, Риштон, Бешариқ ва Ўзбекистон туманлари бу борада етакчилик қилмоқда. Экспорт операцияларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун Фарғона вилояти божхона бошқармаси «Марғилон» ТИФ божхона постининг Олтиариқ туманидаги экспортга кўмаклашиш божхона пункти томонидан сутканинг 24 соати давомида қишлоқ хўжалиги товарлари экспорти бўйича божхона расмийлаштируви амалга оширилиши йўлга қўйилган. Экспортга кўмаклашиш божхона пунктларига назорат ва сертификатлаштириш органлари жалб қилинган бўлиб, бу ерда барча ҳужжатлаштириш ва расмийлаштирув ишлари тезкорлик билан амалга оширилиши таъминланмоқда.
2020 йилда вилоятдан жами 17 млн АҚШ долларига тенг бўлган 19 366 тонна ўрик Россия, Қирғизистон, Қозоғистон, Литва, Латвия, БАА, Украина ва Германия каби давлатларга экспорт қилинган эди.
Фарғона вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.