Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 20 / Юридик маслаҳатлар

Шартномаларни рўйхатга олиш учун портал, электрон ишончномалар ва онлайн-НКМ соҳасида ўзгаришлар

 

Вазирлар Маҳкамасининг 28.04.2021 йилдаги 249-сон қарори билан Маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталоги, Тадбиркорлик субъектлари ўртасида тузилган шартномаларни электрон рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом, Товар-моддий бойликларни олиш учун ишончномаларни электрон расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Шунингдек, онлайн-НКМ ва виртуал касса тизимига навбатдаги ўзгартиришлар киритилди.

 

2021 йил 1 июндан бошлаб тажриба тариқасида:

Ягона электрон шартномаларнинг ахборот порталида (Шартномалар портали) тадбиркорлик субъектлари ўртасида тузилган шартномаларни рўйхатдан ўтказиш мумкин;

шартномалар порталида рўйхатдан ўтган шартномалар асосида маҳсулотларнинг (товар ва хизматларнинг) унификациялашган номлари ва идентификациялаш кодларини ҳисобварақ-фактураларда автоматлаштирилган тарзда акс эттирилади;

ТМБни олиш учун ишончномаларни сизнинг ЭҲА операторингиз ЭҲА тизими орқали расмийлаштириш мумкин.

ДСҚ 1 сентябрга қадар ушбу тартибларни такомиллаштириш ҳамда идентификациялаш ва штрих кодлари ҳисобварақ-фактураларда қасддан нотўғри акс эттирилиши бўйича жавобгарликни кучайтириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиши керак.

Тасдиқланган Маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталоги 8 белгили МХИК қўлланишига асосланган ва товарлар ва хизматлар ўлчов бирликларини белгилайди.

 

Шартномалар Шартномалар порталида қандай рўйхатга олинади

Қоғоз ёки электрон шаклда расмийлаштирилган ҳар қандай шартномаларни рўйхатга олиш мумкин, давлат харидлари бўйича шартномалар бундан мустасно. Буни шартнома кучга киргандан кейин 10 кун ичида, бироқ ЭҲФ расмийлаштиришдан олдин амалга ошириш зарур. Шартномани рўйхатга олиш ҳолати бўйича электрон рақам ва QR-код бириктирилади.

Шартномани порталда сотувчи рўйхатга олади. Агар у норезидент бўлса, шартномани резидент-томон рўйхатга олиши мумкин (яъни – сотиб олувчи).

Порталнинг маълумотлар базасига вазирлик ва идораларда расмийлаштирилган шартномалар тўғрисидаги мавжуд маълумотлар «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграцион платформаси орқали интеграция қилган ҳолда шакллантирилади.

Порталга солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинети орқали – тўғридан-тўғри ёки юридик шахснинг ЭРИ орқали кириш мумкин. Шартномани рўйхатга олиш учун ҳар қандай ҳолда ЭРИ талаб қилинади. Шартномани электрон рўйхатга олиш хизмати – бепул.

Шартномани рўйхатга олишда қуйидагиларни кўрсатиш зарур:

шартноманинг тури, у тузилган сана, рақами ва амал қилиш муддати;

реализация қилинган товар (хизмат) номи, коди, штрих коди, ўлчов бирлиги, нархи, акциз солиғи суммаси, ҚҚС солиғи суммаси, жами шартнома суммаси. Бунда реализация қилинган импорт товар (иш, хизмат) номига (*) белгиси қўйилади;

томонларнинг реквизитлари (СТИР, жисмоний шахснинг ЖШШИР, корхона номи, манзил, банк номи, ҳисобварақ рақами ва ОКЭД коди).

Шартнома томонлари шартномаларнинг электрон реестрига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, таҳрир қилиш имкониятига эгалар.

Шартномаларда келтирилган маълумотлар учинчи шахсга ошкор этилишидан ҳимоя қилинади. Шартномаларнинг электрон реестри ДСҚнинг маълумотлар базасида сақланади.

 

Электрон ишончномалар

Электрон ишончномалар ЭҲФ оператори сайтида расмийлаштирилади. Буни ҳам электрон ҳисобварақ-фактура шакллантирилгунга қадар амалга ошириш зарур. Ишончномани муддатидан аввал бекор қилиш мумкин.

Электрон ишончнома ишончли шахс томонидан ўз ЭРИ билан имзолангандан кейин харидорнинг шахсий кабинетида кўринади.

Электрон ишончномада қуйидагиларни кўрсатинг:

ишончнома рақами, у берилган сана ва амал қилиш муддати;

ишончнома берилган шахс Ф.И.О. ва лавозими;

маҳсулотларни (товарларни) етказиб берувчининг номи;

шартнома ёки бошқа битимларнинг рақами ва санаси;

маҳсулотларнинг (товарларнинг) номи, ўлчов бирлиги, миқдори.

Электрон ишончномалар ДСҚнинг маълумотлар базасида шартноманинг бутун амал қилиш муддати мобайнида, бироқ камида 5 йил давомида сақланади.

 

Онлайн-НКМ ва виртуал касса тизимида нима ўзгаради

Онлайн-НКМ ва виртуал касса чекларининг мажбурий реквизитлари рўйхатига иккита позиция қўшилди:

МХИК коди;

товарнинг (хизматнинг) штрих коди.

Онлайн-НКМ бузилган тақдирда унга захирани ўрнатгунга қадар сотувчи бериши керак бўлган квитанциялар бланкаларига ҳам ўзгартиришлар киритилади.

Шунингдек, фискал модуллар ва USB-токенлар айланмаси қисмида ҳам ўзгартиришлар киритилмоқда. ТХКМ уларни мустақил равишда харид қилишлари мумкин. Фискал маълумотлар оператори уларнинг қийматини Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан келишилган миқдорда компенсация қилади. Шу муносабат билан фискал модуллар ва USB-токенларга қўйиладиган техник талаблар аниқлаштирилди.

 

Олег Гаевой тайёрлади.

Прочитано: 1538 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика