Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 19 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

ЎзР ДБҚнинг «Дастлабки, даврий ва тўлиқ бўлмаган божхона юк декларацияларини расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ БОЖХОНА ҚЎМИТАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2021 йил 4 майда рўйхатдан ўтказилди,
рўйхат рақами 3296

Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 июндаги ПФ-6005-сон «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси қарор қилади:

1. Дастлабки, даврий ва тўлиқ бўлмаган божхона юк декларацияларини расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан кейин уч ой ўтгач кучга киради.

 

Давлат божхона қўмитаси раиси

М.Б.АЗИМОВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 31 март

01-02/13-20-сон.

 

ЎзР ДБҚнинг

2021 йил 31 мартдаги

01-02/13-20-сон қарорига

ИЛОВА

ДАСТЛАБКИ, ДАВРИЙ ВА ТЎЛИҚ БЎЛМАГАН БОЖХОНА ЮК ДЕКЛАРАЦИЯЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига мувофиқ товарларни дастлабки, даврий ва тўлиқ бўлмаган божхона юк декларациялари (бундан буён матнда БЮД деб юритилади) орқали декларациялаш тартибини белгилайди.

 

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

айни бир хил товарлар – ишлаб чиқарилган мамлакати, физик хусусиятлари, сифати, ишлаб чиқарувчиси ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатураси (бундан буён матнда ТИФ ТН деб юритилади) бўйича товар кодининг ўнта белгили даражаси бир хил бўлган товарлар;

айни бир шахс томонидан доимий олиб ўтиш – бир хил товарларнинг олтмиш календарь кун ичида бир маротабадан кўп маротаба битта юк жўнатувчи манзилидан бошқа юк қабул қилувчи манзилига бир шартнома (келишув, битим) асосида бир хил шароитда божхона чегарасидан олиб ўтилиши;

дастлабки божхона декларацияси (бундан буён матнда ДБД деб юритилади) – чет эл товарлари Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига етиб келгунига қадар «эркин муомалага чиқариш» божхона режимига мувофиқ божхона органига тақдим этиладиган ва улар ҳақидаги тўғри маълумотлар кўрсатилган ҳужжат;

даврий божхона юк декларацияси (бундан буён матнда ДБЮД деб юритилади) – айни бир хил товарлар божхона чегараси орқали айни бир шахс томонидан мунтазам равишда олиб ўтилган пайтда божхона органига тақдим этиладиган ва улар ҳақидаги тўғри маълумотлар кўрсатилган ҳужжат;

декларацияловчи шахс – божхона органларига БЮДни ўз номидан тақдим этаётган декларант ёки БЮДни тўлдириш, имзолаш ва божхона органларига декларант номидан тақдим этишга ваколатли божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис;

ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиси шахсий кабинети (бундан буён матнда ТИФ қатнашчиси кабинети деб юритилади) – ташқи иқтисодий фаолият қатнашчисининг божхона органлари билан персоналлаштирилган ўзаро алоқа ва ахборот алмашинуви асосида рўйхатдан ўтган ҳолда божхона органларининг интерактив хизматларидан фойдаланиш учун мўлжалланган давлат божхона хизматининг электрон платформаси;

товарларни божхона мақсадлари учун идентификациялаш – бу ТИФ ТНдаги эквивалент товар позицияларидан ажратиб олишга имкон берадиган ва товарларнинг маълум бир ҳил гуруҳига мансублигини кўрсатиб берадиган товарнинг индивидуал хусусиятларини аниқлаш ва белгилаш;

тўлиқ бўлмаган божхона юк декларацияси (бундан буён матнда ТББЮД деб юритилади) – божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун барча зарур ахборотга эга бўлмаган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 269-моддасига асосан божхона органига тақдим этиладиган ҳужжат;

товарларни даврий декларациялаш – Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган бир ташқи савдо шартномаси доирасида айнан бир хил товарларнинг (жисмоний хусусияти, сифати, ишлаб чиқарувчиси, ТИФ ТН коди бўйича) божхона расмийлаштирувини ДБЮД тақдим қилиш йўли билан амалга ошириш;

товарларни дастлабки декларациялаш – чет эл товарлари Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига етиб келгунига қадар уларга нисбатан ДБДни ва товарлар етиб келганидан сўнг тўлиқ БЮДни божхона органига тақдим этиш орқали эркин муомалага чиқариш;

товар туркуми – битта олувчининг манзилига битта транспорт ҳужжати бўйича келаётган ёки битта почта юк хати билан жўнатилаётган ёхуд божхона чегараси орқали ўтаётган битта жисмоний шахснинг қўл юкида ва багажида олиб ўтилаётган товар ёки унинг бир қисми.

2. ДБД, ДБЮД ва ТББЮДларнинг божхона расмийлаштируви қуйидаги икки босқичда амалга оширилади:

а) биринчи босқичда – декларацияловчи шахс товарлар бўйича ДБД, ДБЮД ва ТББЮДларни божхона органларига электрон ёки қоғоз шаклда тақдим этади. Тақдим этилган ДБД, ДБЮД ва ТББЮДлар божхона органларида рўйхатга олинади.

ДБД, ДБЮД ва ТББЮДларда кўрсатилган товарларга тегишли божхона режимига мувофиқ ундирилиши лозим бўлган божхона тўловлари ва йиғимлари тўланади ёки божхона тўловлари тўланишини таъминлаш қўлланилади;

б) иккинчи босқичда – Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларга декларант ёки унинг топшириғига асосан декларацияловчи шахс томонидан божхона органига тўлиқ БЮД тақдим этилади ва божхона органларида расмийлаштирилади.

Товарларнинг ДБД, ДБЮД ва ТББЮДларда расмийлаштируви учун ҳисобланган ва ундирилган йиғим кейинги босқичда тўлиқ БЮД тақдим этилганида такроран ундирилмайди.

ДБД, ДБЮД ва ТББЮДларни божхона органларига тақдим этиш орқали товарларни декларациялашда тўланган божхона тўловлари, тўлиқ БЮД расмийлаштирилгандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ўтказилади.

 

2-БОБ. ДАСТЛАБКИ БОЖХОНА ЮК ДЕКЛАРАЦИЯСИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ

 

1-§. Товарларни дастлабки декларациялаш шартлари

3. Товарларни дастлабки декларациялаш қуйидаги ҳолларда қўлланилмайди:

товар Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига амалда етиб келганда;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилиниши тақиқланган товар бўлганда;

ваколатли органлар томонидан рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ҳужжатлар талаб этиладиган ҳолларда, бундан мувофиқлик, ветеринария, экологик сертификатлари, санитария-эпидемиологик хулоса, карантин ҳамда радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни олиб кириш учун рухсатномалар мустасно;

лицензиялар бўйича импорт қилинадиган товар бўлса.

 

2-§. Товарларни дастлабки декларациялашнинг биринчи босқичи

4. Декларацияловчи шахс мазкур Низомнинг 6-7-бандларига мувофиқ тўлдирилган ва ўзининг электрон рақамли имзоси (қоғоз шаклда унинг шахсий имзоси) билан тасдиқлаган ҳолда товарлар бўйича ДБДни божхона органига тақдим этади.

5. ДБД билан бирга ёки божхона расмийлаштируви жараёнида декларацияловчи шахс товар юк жўнатувчи мамлакатда ортилганлигини тасдиқловчи тижорат ва транспорт ҳужжатларини «Товарларни электрон декларациялаш» автоматлаштирилган ахборот тизими (бундан буён матнда ТЭД ААТ деб юритилади) орқали тақдим этади.

6. ДБД Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (рўйхат рақами 2773, 2016 йил 6 апрель) 5-бобига мувофиқ тартибда тўлдирилади.

Бунда, ДБДнинг 1-графаси биринчи бўлмасида «ПР» белгиси кўрсатилади ҳамда 18, 26, 30-графалари ва «С» графасининг 2 рақам остидаги сатри тўлдирилмайди.

7. ДБД божхона органи томонидан рўйхатга олинади ва расмийлаштирилади. Бунда, ДБДнинг «D» графасида божхона органи томонидан ушбу ДБДда баён этилган товарлар қабул қилинганлиги ҳақида божхона органи белгилари (ёзувлари) кўрсатилади. Божхона органи белгилари (ёзувлари) божхона органи ходимининг электрон рақамли имзоси (қоғоз шаклдаги ДБДда шахсий рақамли муҳри) билан тасдиқланади.

8. ДБДда кўрсатилган товарлар ушбу ДБДни қабул қилган божхона постига ДБД қабул қилинган кундан (ДБДнинг ­7-графасида кўрсатилган санадан) эътиборан ўттиз календарь кун ичида тақдим этилмаган тақдирда ДБД берилмаган деб ҳисобланади ва ТЭД ААТ орқали ушбу ДБД белгиланган тартибда божхона органи томонидан бекор қилинади ҳамда бу ҳақда декларантни ТИФ қатнашчиси кабинети орқали хабардор қилади.

 

3-§. Дастлабки декларациялашнинг иккинчи босқичи

9. Ташувчи ёки бошқа манфаатдор шахс ДБДда кўрсатилган товарлар божхона ҳудудига амалда етиб келгунига қадар улар тўғрисида божхона органига дастлабки ахборотни тақдим этишда ДБД рақамини кўрсатиши шарт.

Божхона органи чегара божхона пости божхона ҳудудига етиб келган товарларнинг ДБД ва унинг кузатув ҳужжатлари нусхаларида кўрсатилган маълумотларни асл ҳамда электрон ҳужжатлардаги маълумотлар билан таққослайди.

Ҳужжатларни таққослаш жараёнида номувофиқликлар аниқланмаганда, товарлар чегара божхона пости томонидан тайинланган божхона постига назорат ҳужжати орқали йўналтирилади ёхуд мазкур бобга асосан эркин муомалага чиқарилади

Агарда маълумотларни таққослаш жараёнида мазкур Низомнинг 15-банди бешинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолатлар аниқланса, божхона органи томонидан ДБДни (шу жумладан, тақдим этилган БЮД) белгиланган тартибда бекор қилиш чоралари кўрилади.

10. Божхона ҳудудига кириб келишда ДБД расмийлаштирилган товарларга нисбатан қуйидаги ҳолларда чегара божхона пости томонидан чет эл товари божхона назорати остида ташилаётганда божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш чора-тадбирлари қўлланилади:

хавфни бошқариш тизими томонидан хавф даражаси юқори кўрсатгич («қизил» йўлак) билан таснифланган бўлса;

ДБД расмийлаштирилган товарларга божхона тўловлари тўлиқ тўланмаган ёки тўланиши таъминланмаган бўлса;

товарнинг тижорат ва транспорт ҳужжатларидаги маълумотларда ўзаро номувофиқликлар аниқланганда;

божхона назоратининг техник воситаларини қўллаш бўйича маълумотларнинг товарларга илова қилинган ҳужжатлардаги маълумотлар билан тўғри келмаса;

транспорт воситасининг юк бўлмасига бевосита (эркин) кириш имконияти мавжуд бўлганда;

ҳуқуқни муҳофаза қилиш ёки бошқа давлат назорат органларидан тушган материаллар, шунингдек хорижий давлатларнинг божхона ва бошқа давлат органларидан олинган товарларни божхона назоратидан ўтказилиши лозимлиги тўғрисидаги маълумотлар бўлганда.

11. Товарлар ДБДни рўйхатдан ўтказган божхона постига етиб келгандан сўнг, ташувчи ёхуд бошқа манфаатдор шахс томонидан ушбу товарлар ва унга тегишли кузатув ҳужжатлари божхона органига ўттиз дақиқадан кечиктирмай тақдим этилади.

Товарлар товар келиб тушадиган божхона органининг иш вақтидан ташқари пайтида етказиб берилган тақдирда, божхона органининг иш вақти бошланганидан кейин ўттиз дақиқадан кечиктирмай амалга оширилиши керак.

Товарлар етиб келганлиги тўғрисида божхона органи томонидан товар кузатув ҳужжатларида ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида (бундан буён матнда ДБҚ ЯААТ деб юритилади) тегишли белгиларини қўйиш орқали тасдиқланади.

12. ДБДдаги товар бўйича тўлиқ БЮДни тақдим этиш муддати Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 261-моддасида кўзда тутилган муддатдан ошмаслиги лозим.

13. Тўлиқ БЮД декларант томонидан қуйидаги хусусиятларни инобатга олган ҳолда Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (рўйхат рақами 2773, 2016 йил 6 апрель) 5-бобига мувофиқ тартибда тўлдирилади ва божхона органларига ТЭД ААТ орқали тақдим этилади.

1-графаси биринчи бўлмасида «ИМ» ҳарфли белгиси кўрсатилади;

1-графаси учинчи бўлмасида «ППР» ҳарфли белгиси кўрсатилади;

БЮДга айнан ДБДга берилган тартиб рақам қўйилади.

14. Декларацияловчи шахс ТИФ қатнашчиси кабинети орқали божхона расмийлаштируви учун тақдим этиладиган ҳужжатларни электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди ва божхона органларига юборади.

15. Тўлиқ БЮД божхона органи томонидан рўйхатга олинади ва расмийлаштирилади.

Божхона органлари ваколатли органлар томонидан расмийлаштирилган рухсат берувчи тусдаги тегишли ҳужжатларнинг «Ягона дарча» божхона ахборот тизимида мавжудлигини текширади ва тегишли ҳужжатлар ушбу тизимда мавжуд бўлмаган тақдирда божхона органлари божхона расмийлаштирувини рад этиш ҳуқуқига эга.

Божхона органи товарларни божхона расмийлаштирувидан ўтказишда товарларнинг кузатув ҳужжатлари нусхаларида кўрсатилган маълумотларни асл ҳамда электрон ҳужжатлардаги маълумотлар билан солиштиради.

Агарда тақдим қилинган ҳужжатлар (шу жумладан, электрон кўринишдаги) билан асл ҳужжатлардаги маълумотларда номувофиқликлар мавжуд бўлса ёки ДБДда керакли маълумотлар етишмаса, декларант томонидан ДБДга тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилади.

Бунда, божхона органи ДБДга илова қилинган товарнинг кузатув ҳужжатлари рақами, санаси, шакли, ундаги маълумотлар, шу жумладан жўнатувчи ва қабул қилувчининг реквизитлари, товарнинг номи, миқдори (сони, вазни, бошқа қўшимча ўлчов бирлигидаги миқдори), қиймати, ТИФ ТН коди, етказиб бериш шартларида ўзаро тафовут аниқланса, ДБД тақдим этилмаган деб ҳисобланади, бундан товарларни қайта юклаш жараёнида транспорт ҳужжатлари ўзгарганлиги натижасида юзага келган тафовутлар бўйича товар қайта юкланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган ҳолатлар мустасно. Бундай ҳолатда ДБД ва у бўйича рўйхатга олинган БЮД божхона органи томонидан бекор қилинади.

16. ДБД ва у бўйича тақдим этилган БЮДда хато ва камчиликлар аниқланиб, унга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш зарурати юзага келганда, БЮДга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар божхона органи рухсати билан амалга оширилади, бундан мазкур Низомнинг 15-банди бешинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолатлар мустасно.

17. ДБД ва БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайтариб олиш ва бекор қилиш Божхона юк декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 3220, 2020 йил 10 февраль) талабларига мувофиқ амалга оширилади.

ДБД бекор қилинган тақдирда, янги БЮД 15 календарь кундан кечиктирмай тақдим этилиши шарт.

18. Божхона органи томонидан товарлар бўйича божхона назоратининг белгиланган тартиб-таомиллари амалга оширилганидан сўнг, БЮД расмийлаштирилиб, товарлар эркин муомалага чиқарилади.

19. Аввал ДБД тақдим этилган товарларни «эркин муомалага чиқариш» божхона режимига расмийлаштириш тўлиқ БЮД рўйхатдан ўтказилган вақтдан бошлаб уч соат ичида амалга оширилади, бундан хавфни бошқариш тизими томонидан хавф аниқланган ёки божхона органларининг иш вақтидан ташқари вақтда тўлиқ БЮД тақдим этилган ҳолатлар мустасно.

 

4-§. Товарларни бевосита чегара божхона постларида эркин муомалага чиқариш шартлари

20. Декларант томонидан аввал ДБД тақдим этилган товарларни қуйидаги шартлар бажарилган тақдирда, бевосита чегара божхона постларида эркин муомалага чиқариши мумкин:

товар ва транспорт воситаларини чегара божхона постларида эркин муомалага чиқариш истагини билдириб, товарлар божхона ҳудудига етиб келгунига қадар ДБДни расмийлаштирган божхона органига камида бир соат олдин тўлиқ БЮДни тақдим этиши;

товар туркуми битта транспорт ҳужжати бўйича битта жўнатувчининг манзилидан битта қабул қилувчининг манзилига юборилаётган бўлиши;

товар ва транспорт воситалари хавфни бошқариш тизими томонидан хавф даражаси паст ёки ўрта кўрсатгичи белгиланганда;

ваколатли органлар томонидан рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ҳужжатларнинг мавжудлиги, бундан рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ҳужжат талаб этилмайдиган товарлар мустасно;

товар бўйича рўйхатга олинган ДБД ва БЮДларга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритилмаган бўлиши лозим, бундан БЮДнинг 18, 26, 30-графалари ва «С» графасининг 2-банди мустасно.

21. Ушбу Низомнинг 20-бандида қайд этилган барча мезонларга мос келган товарларнинг божхона расмийлаштируви ДБДни рўйхатдан ўтказган божхона постида мазкур Низомнинг 13 ва 17-бандларида кўрсатилган тадбирлар амалга оширилганидан сўнг, бевосита чегара божхона постида эркин муомалага чиқарилади.

22. Хавфни бошқариш тизими томонидан ДБД бўйича товарлар ёхуд тақдим этилган тўлиқ БЮД ушбу Низомнинг 20-бандида қайд этилган мезонларга мос келмаган тақдирда, чегара божхона пости ушбу товарларни ДБДни рўйхатдан ўтказган божхона постига йўналтиради.

 

3-БОБ. ДБЮДни РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ

 

1-§. Товарларни даврий декларациялаш шартлари

23. ДБЮД айнан бир хил турдаги товарларни бир ташқи савдо шартномаси (келишув, битим) доирасида айни бир шахс томонидан божхона чегараси орқали олиб ўтишда расмийлаштирилади. Бундай ҳолларда муайян вақт ичида божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган барча товарлар учун битта БЮД берилади.

ДБЮДни расмийлаштириш товарларни вақтинча сақлашнинг энг кўп муддати ёки божхона тўловларини тўлаш муддатлари бузилишига олиб келиши мумкин эмас.

24. Айнан бир хил турдаги товарларга бир ташқи савдо шартномаси (келишув, битим) доирасида карантин рухсатномалар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини, озон емирувчи моддалар ва улардан ташкил топган маҳсулотларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш учун рухсатномалар, мувофиқлик сертификати, ветеринар, гигиеник ва экологик сертификатлар, бир календарь йилидан ошмаган муддатга бир маротаба тақдим этилиши мумкин.

 

2-§. Товарларни даврий декларациялашнинг биринчи босқичи

25. ДБЮД шартнома (келишув, битим) доирасида товарларнинг маълум бир туркуми учун амалда божхона органига тақдим этилганда расмийлаштирилади.

Декларацияловчи шахс ДБЮД билан бирга унда кўрсатилган товарларнинг тўлиқ миқдорини тегишли божхона режимига жойлаштиришда зарур бўладиган ҳужжатларни божхона органига тақдим этади.

26. ДБЮДда кўрсатилган товарларнинг тўлиқ миқдори учун божхона режими шартларига мувофиқ амалда бўлган божхона тўловлари ставкалари бўйича божхона тўловлари ҳисобланади.

27. ДБЮД доирасида расмийлаштирилган товарларнинг божхона назорати ва ҳисобини юритиш учун товар ва транспорт воситаси кузатув ҳужжатлари ДБҚ ЯААТда фақат ДБЮД учун шаклланадиган ҳар бир товар туркумига алоҳида тартиб рақамли дарчага божхона органи мансабдор шахсининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган ҳолда тегишли маълумотлар юкланади.

28. Товарларнинг божхона назоратини амалга оширувчи божхона органи мансабдор шахси ДБҚ ЯААТда фақат ДБЮД учун шаклланадиган, ҳар бир товар туркумига алоҳида тартиб рақамли электрон жадвалда ДБЮД бўйича товарнинг тартиб рақами, ТИФ ТН коди, миқдори ва божхона кўриги (агар шундай божхона назорати шакли қўлланилган бўлса) далолатномаси тартиб рақами бўйича маълумотлар божхона органи мансабдор шахсининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган ҳолда қайд этиб борилади.

29. ДБЮД доирасида товар ва транспорт воситаси кузатув ҳужжатлари декларацияловчи шахс томонидан ҳар бир товар туркуми учун божхона назорати бошланишидан олдин тақдим этилади.

30. ДБЮД доирасида расмийлаштирилган товарларнинг қолган туркуми ҳамда улар бўйича товар ва транспорт воситаси кузатув ҳужжатлари ДБЮД расмийлаштирилган божхона органига тақдим этилади.

31. ДБЮД Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2773, 2016 йил 6 апрель) талабларига мувофиқ қуйидаги хусусиятларни инобатга олган ҳолда тўлдирилади:

а) 1-графа. «Декларация тури».

Графанинг биринчи бўлмасида «ПЕ» белгиси кўрсатилади.

Графанинг иккинчи бўлмасида Божхона режимлари таснифлагичига мувофиқ божхона режимининг икки рақамдан иборат коди кўрсатилади.

Графанинг учинчи бўлмаси тўлдирилмайди;

б) 50-графа. «Ишонч билдирган шахс».

Графада қуйидаги мазмундаги ёзув ёзилади:

«Тақдим этилган маълумотлар учун жавобгар ......» деб ёзилгандан сўнг декларацияловчи шахсга ДБЮДга киритиш учун зарур маълумотларни тақдим этган, юкни қабул қилувчи томонидан ишончнома берилган шахснинг ёки товарлар ва транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтаётган жисмоний шахс тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми ва телефон рақами) кўрсатилади.

Сўнгра графада қўшимча равишда қуйидагилар қайд этилади: «Тўлиқ БЮДни ХХ.ХХ.ХХХХгача божхона органига тақдим этиш мажбуриятини оламан» (бунда ХХ.ХХ.ХХХХ тегишлича кун, ой, йилни англатади).

Агар ишонч билдирган шахс БЮДни тўлдирган декларацияловчи шахс бўлса, ушбу декларацияловчи шахс тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

Мазкур графада хўжалик юритувчи субъект ишонч билдирган шахснинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатнинг рақами, санаси ва амал қилиш муддати кўрсатилади.

32. ДБЮД асосида олиб келинган товарларнинг товарга нисбатан ваколатга эга бўлган шахснинг ихтиёрига берилиши, уларни божхона назоратидан ўтказилгандан ҳамда мазкур Низомнинг 27-31-бандларига мувофиқ ҳаракатлар якунлангандан сўнг амалга оширилади.

 

3-§. Товарларни даврий декларациялашнинг иккинчи босқичи

33. ДБЮД учун белгиланган муддат тугагунига қадар товарлар божхона чегарасидан тўлиқ олиб ўтилган тақдирда декларацияловчи шахс томонидан тўлиқ БЮД тақдим этилади.

34. ДБЮД расмийлаштирилган санадан олтмиш календарь кундан ошмаган муддатда тўлиқ БЮД тақдим этилиши лозим.

ДБЮД учун белгиланган муддат тугагунига қадар товарлар божхона чегараси орқали тўлиқ олиб ўтилмаган ҳолларда, декларацияловчи шахс томонидан ушбу муддатга қадар божхона чегараси орқали ҳақиқатда олиб ўтилган товарларга нисбатан тўлиқ БЮД тақдим этилади.

35. Иккинчи босқичда расмийлаштириладиган БЮДда божхона тўловлари суммасини ҳисоблашда ДБЮД қабул қилинган кунда амалда бўлган божхона тўловлари ставкалари ва хорижий валюталар курслари қўлланилади.

Агарда тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларга аниқлик киритиш натижасида ҳисобланган божхона тўловлари суммаси ДБЮДда кўрсатилган тўловлар суммасидан ортадиган бўлса, улар қўшимча тўланади, камайиш ҳолатларида эса божхона органи ўртадаги фарқни тўловчига Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексида белгиланган тартибда қайтаради ёки тўловчининг хоҳишига кўра уни кейинги тўловлар ҳисобига ўтказади.

36. Божхона чегараси орқали олиб ўтилган товарларнинг умумий миқдори ДБЮДда кўрсатилган миқдорга мос бўлиши лозим.

Товарлар белгиланган муддатларда ДБЮДда кўрсатилган миқдордан ортиқ импорт қилинганда ёки экспортга олиб чиқилиши назарда тутилганда, товарларнинг ушбу ортиқча қисмига нисбатан янги БЮД тақдим этилган куни амалда бўлган қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ божхона расмийлаштируви амалга оширилади.

37. ДБЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш Божхона юк декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 3220, 2020 йил 10 февраль) талабларига мувофиқ амалга оширилади.

38. Тўлиқ БЮД қуйидаги ҳолларда расмийлаштирилмайди:

ДБЮДда кўрсатилмаган товарлар импорт қилинганда ёки экспортга олиб чиқилиши назарда тутилганда;

қолган товарлар туркуми олиб кирилганда дастлабки товарлар туркумини божхона расмийлаштирувидан ўтказишда кўрсатилмаган, иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилишига таъсир кўрсатувчи ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда;

дастлабки товарлар туркумини расмийлаштиришда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилишига асос бўлган ҳужжатларни қолган туркум товарларни олиб киришда тақдим этмаганда;

ДБЮД учун белгиланган муддатга қадар тўлиқ БЮД тақдим этилмаган тақдирда (агар божхона декларациясини тақдим этиш муддатининг тугаши божхона органи ишдан ташқари вақтига, дам олиш ёки байрам кунига тўғри келиб қолса, божхона органининг кейинги иш куни шу муддат тугайдиган кун деб ҳисобланади).

Мазкур бандда келтирилган ҳолатларда расмийлаштирилган ДБЮДни бекор қилиш чоралари кўрилади ҳамда янги БЮД Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 261-моддасида белгиланган муддат ичида тақдим этилиши шарт.

 

39. БЮД мазкур Низомнинг 31-банди биринчи хатбошисига мувофиқ тартибда қуйидаги хусусиятларни инобатга олган ҳолда тўлдирилади:

1) 1-графа. «Декларация тури».

Графанинг биринчи бўлмасида товарларни олиб ўтиш йўналиши кўрсатилади – «ИМ» ёки «ЭК».

Графанинг иккинчи бўлмасида Божхона режимлари таснифлагичига мувофиқ божхона режимининг икки рақамдан иборат коди кўрсатилади.

Графанинг учинчи бўлмасида «ППЕ» белгиси кўрсатилади.

2) БЮДга айнан ДБЮДга берилган тартиб рақам қўйилади.

 

4-БОБ. ТББЮДни РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ

 

1-§. Товарларга ТББЮД тақдим этиш шартлари

40. Декларант ёки божхона брокери ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра декларацияни тўлдириш учун барча зарур ахборотга эга бўлмаса, ТББЮД товарни идентификациялаш имконияти бўлиши шарти билан берилиши мумкин.

ТББЮД қуйидаги ҳолларда берилиши мумкин:

божхона тўловлари шартли божхона қийматини аниқлаш асосида тўланган товарлар;

зарур ҳужжатлар (бундан мувофиқлик сертификати ва рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжатлар мустасно) ва маълумотлар тақдим этилмаган товарлар;

божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилган ҳолда эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига мувофиқ расмийлаштирилган товарлар.

41. ТББЮДга декларант ёки божхона брокери, агар божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида алоҳида маълумотларни тақдим этиш учун бошқа муддат назарда тутилмаган бўлса, ТББЮД божхона органи томонидан қабул қилиб олинган кундан эътиборан олтмиш календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатда етишмаган маълумотларни ва лозим даражада тўлдирилган тўлиқ БЮДни тақдим этиш ҳақидаги ёзма мажбуриятни илова қилади.

ТББЮДга мувофиқ расмийлаштирилган товарларни учинчи шахсларга бериш, шу жумладан уларни сотиш ёки ўзга усулда бошқа шахсга ўтказиш орқали бериш тақиқланади, мазкур товарларни олиб киришга доир чекловлар ушбу товарларнинг сифати ва хавфсизлиги текширилиши муносабати билан белгиланган ҳолларда эса, ҳар қандай шаклда фойдаланиш (ишлатиш) мумкин эмас.

ТББЮД қўлланилган ҳолда декларациялашда лозим даражада тўлдирилган тўлиқ БЮД аввал бошда берилганидаги каби божхона органларининг зиммасига қонунчилик ҳужжатларининг қайси талаблари ва шартлари бажарилиши устидан назорат қилиш вазифаси юклатилган бўлса, ўша талаблар ва шартлар, шу жумладан божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби қўлланилади.

 

2-§. ТББЮДни расмийлаштиришнинг биринчи босқичи

42. ТББЮД ва БЮДларни ҳамда божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган ҳужжатлар электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда электрон ёки қоғоз шаклларда тақдим этилиши мумкин. Бунда ТББЮДда божхона мақсадлари учун зарур бўлган маълумотлар акс эттирилган бўлиши керак.

ТББЮДда кўрсатилган товарларнинг тўлиқ миқдори учун божхона режими шартларига мувофиқ амалда бўлган божхона тўловлари ставкалари бўйича божхона тўловлари ҳисобланади.

43. Товарларни ТББЮД билан расмийлаштиришда қуйидагилар тақдим этилади:

транспорт (транспорт туридан келиб чиқиб, коносамент ёки юк хати) ва тижорат (инвойс) ҳужжатлари;

тўлиқ тўлдирилган божхона юк декларациясини ва етишмаган маълумотларни тақдим этиш ҳақидаги ёзма мажбурият.

44. Ушбу Низомнинг 43-бандида кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотлар мавжуд бўлмаганида, ёхуд нотўғри ҳужжат ва маълумотлар тақдим этилганда ТББЮД расмийлаштирилишига йўл қўйилмайди.

 

3-§. ТББЮДни расмийлаштиришнинг иккинчи босқичи

45. ТББЮД ва тўлиқ БЮД Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (рўйхат рақами 2773, 2016 йил 6 апрель) 19-1-бобига мувофиқ тартибда тўлдирилади.

46. Божхона пости тўлиқ БЮДни тақдим этиш муддатлари ва ТББЮДга мувофиқ расмийлаштирилган товарларга нисбатан тақиқ ва чеклов бўйича шартлар бажарилишини назорат қилади ва уларнинг электрон ҳисобини юритади.

47. ТББЮД билан расмийлаштирилган товарлар бўйича олтмиш календарь кун ичида тўлиқ БЮД расмийлаштирилмаган тақдирда, ваколатли шахс ихтиёрига кўра ушбу товарлар Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига қайтариб чиқариб юборилиши мумкин.

Бунда, товарлар ТББЮД расмийлаштирилган куни қандай ҳолатда бўлса, амалда шундай ҳолатда божхона ҳудудидан олиб чиқилиши лозим, бундан товар ҳолатининг табиий эскириши ёки ташиш ва (ёки) сақлаш нормал шароитларида камайиши оқибатида рўй берган ўзгаришлар мустасно.

ТББЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайтариб олиш ва бекор қилиш Божхона юк декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 3220, 2020 йил 10 февраль) талабларига мувофиқ амалга оширилади.

48. Товарларни «экспорт» божхона режимида расмийлаштиришда ТББЮДни расмийлаштириш мазкур боб талабларига асосан амалга оширилиши мумкин.

 

 

5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

49. Ушбу Низом қоидаларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

50. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 4.05.2021 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 317 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика