Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 17 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимидан умидсиз қарздорликларни ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳиятини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 14 январдаги ПҚ-4949-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳиятини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 14 январдаги ПҚ-4949-сон қарорига мувофиқ Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи савдо операциялари бўйича тўлов интизомини мустаҳкамлашга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 6 июндаги 464-сон қарори билан ташкил этилган Ташқи савдо шартномалари юзасидан дебитор ва кредитор қарздорлигини камайтириш бўйича доимий фаолият юритувчи республика ишчи гуруҳининг вазифа ва ваколатлари юклатилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимидан умидсиз қарздорликларни ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

қарздорликларни аниқлаш ва уларни асослантирувчи ҳужжатлар;

қарздорликларни ҳисобдан чиқаришда экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси ҳамда ҳудудий комиссияларнинг ўрни ва ваколатлари;

экспорт ва импорт шартномалари бўйича муддати ўтган умидсиз дебитор ва кредитор қарздорликларни ҳисобдан чиқаришни ташкил этиш тартиби;

ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимидан умидсиз қарздорликларни ҳисобдан чиқариш бўйича ҳисобдорлик механизми.

3. Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар 2-иловага** мувофиқ намунавий таркибда ташкил этилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага** мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи савдо операциялари бўйича тўлов интизомини мустаҳкамлашга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 6 июндаги 464-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бир ой муддатда:

Марказий банк, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда мазкур қарордан келиб чиқадиган тегишли дастурий-техник ўзгартиришларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритсин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У.Умурзаков зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ. 

Тошкент ш.,

2021 йил 14 апрель

216-сон.

ЎзР ВМнинг 2021 йил 14 апрелдаги 216-сон қарорига
1-ИЛОВА

ТАШҚИ САВДО ОПЕРАЦИЯЛАРИНИНГ ЯГОНА ЭЛЕКТРОН АХБОРОТ ТИЗИМИДАН УМИДСИЗ ҚАРЗДОРЛИКЛАРНИ ҲИСОБДАН ЧИҚАРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Мазкур Низом хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо шартномалари бўйича муддати ўтган умидсиз дебитор ҳамда кредитор қарздорликларини (кейинги ўринларда – қарздорликлар) Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимидан (кейинги ўринларда – ТСОЯЭАТ) ҳисобдан чиқариш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

умидсиз қарздорлик – ТСОЯЭАТда шаклланган, бироқ ташқи савдо шартномалари томонларининг мажбуриятлари суд қарорига асосан бекор қилиниши туфайли ёки банкротлик, тугатиш, қарздорнинг вафоти ёки даъво муддати тугаши сабабли тўланиши мумкин бўлмаган қарздорлик, шунингдек, ТСОЯЭАТда шаклланган, бироқ ташқи савдо шартномалари томонлари ўртасида ҳақиқатда мавжуд бўлмаган, товарларни транспортда ташиш ва сақлаш жараёнида томонларга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра яроқсиз бўлиб қолган ёхуд давлат органи томонидан мусодара ёки йўқ қилинган, шу жумладан, кредит-нота асосида тақдим этилган чегирма натижасида юзага келган қарздорлик;

асосланган дебитор қарздорлик – чет эл корхонасидан ундирилиши муаммо бўлаётганлиги тегишли ҳужжатлар билан ҳуқуқий жиҳатдан асосланган экспорт шартномалари доирасидаги қарздорлик;

кредит-нота – ташқи савдо шартномаларида кўрсатилган томонлардан бирининг иккинчи томонга шартнома суммасининг маълум бир миқдори бўйича чегирма бериш тўғрисидаги ҳисоб ҳужжати.

 

2-БОБ. ҚАРЗДОРЛИКЛАРНИ АНИҚЛАШ ВА УЛАРНИ АСОСЛАНТИРУВЧИ ҲУЖЖАТЛАР

3. Ташқи савдо шартномалари бўйича қарздорликлар ТСОЯЭАТда шакллантирилади ва ҳисобдан чиқарилади.

4. Қарздорликлар ТСОЯЭАТда хўжалик юритувчи субъектлар, давлат божхона хизмати органлари, товар-хом ашё биржаси ва кўргазма-ярмаркалар ҳамда тижорат банкларининг маълумотлари асосида шакллантирилади.

5. ТСОЯЭАТда умидсиз қарздорликлар сифатида қуйидагилар эътироф этилади:

хўжалик юритувчи субъектларнинг суд қарорига мувофиқ мажбуриятларининг тугатилганлиги;

якка тартибдаги тадбиркорнинг вафот этиши, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиб, бошқа давлатга доимий яшаш учун чиқиб кетганлиги;

умумий даъво қилиш муддатининг ўтганлиги;

Ҳукумат қарори асосида хўжалик юритувчи субъектларнинг қарздорликлари ҳисобдан чиқарилиши;

қарздорлик ҳақиқатда тўлиқ ҳисоб-китоб қилинганлиги, шунингдек, муддати ўтган дебитор қарздорликлар учун қўлланилган барча жарималар тўлиқ ундирилганлиги;

қарздорлик техник ва бошқа сабабларга кўра нотўғри шаклланганлиги;

қарздорлик кредит-нота асосида чегирма тақдим этилиши ҳисобига юзага келганлиги;

норезидентнинг мажбурияти бир турдаги қарши талабларни ҳисобга олиш йўли билан тугатилганлиги ёки норезидентнинг томонлар ўртасидаги мавжуд дастлабки мажбурияти худди ўша шахслар ўртасидаги бошқа предметни ёки бажариш усулини назарда тутувчи ўзга мажбурият билан алмаштирилганлиги;

товарларни транспортда ташиш ва сақлаш жараёнида шартнома томонларига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра яроқсиз бўлиб қолган ҳамда давлат органлари томонидан йўқ қилиниши ёки мусодара қилиниши натижасида юзага келганлиги;

мажбуриятлар бажарилмаганлиги сабабли суғурта қопламаси келиб тушганда, суғурта компаниясининг комиссияси эвазига қарздорликнинг қопланган қисми.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг банкротлиги ёки тугатилиши натижасида Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестридан чиқарилиши умидсиз қарздорлик сифатида кўрилади ҳамда ТСОЯЭАТдан автоматик тарзда ҳисобдан чиқарилади.

6. Умидсиз қарздорлик қуйидаги ҳужжатлар билан тасдиқланади:

хўжалик юритувчи субъект мажбуриятларининг тугатилганлиги, банкротлик ишларининг якунланганлиги ва мажбуриятларни қаноатлантириш имконияти йўқлиги ҳақидаги суд қарори;

якка тартибдаги тадбиркорнинг вафот этганлиги ҳақидаги ўлим гувоҳномаси;

якка тартибдаги тадбиркорнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиб, бошқа давлатга доимий яшаш учун чиқиб кетганлиги ҳақидаги ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг маълумотномаси;

қарздорликнинг умумий даъво муддати ўтганлиги натижасида даромад (харажат)га олинганлиги ҳақида хўжалик юритувчи субъектнинг маълумотномаси;

хўжалик юритувчи субъектларнинг қарздорликларини ҳисобдан чиқариш юзасидан Ҳукумат қарори;

қарздорлик ҳақиқатда тўлиқ ҳисоб-китоб қилинганлиги ёки техник ва бошқа сабабларга кўра нотўғри шаклланганлиги юзасидан тақдим этилган хўжалик юритувчи субъектнинг расмий хати ва маълумотномаси;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан шартнома бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликлар учун қўлланилган барча жарималар тўлиқ ундирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

шартномада кўрсатилган томонлардан бирининг иккинчи томонга шартнома суммасини 5 фоизгача камайтириш бўйича чегирма бериш тўғрисидаги кредит-нотаси;

норезидентнинг мажбурияти бир турдаги қарши талабларни ҳисобга олиш йўли билан тугатилганлиги ёки бошқа предметни ёки бажариш усулини назарда тутувчи ўзга мажбурият билан алмаштирилганлигини тасдиқловчи хўжалик юритувчи субъектнинг расмий хати ва маълумотномаси;

товарларни транспортда ташиш ва сақлаш жараёнида шартнома томонларига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра яроқсиз бўлиб қолганлигини ёхуд тегишли давлат органи томонидан йўқ қилинганлигини ёки мусодара қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

мажбуриятлар бажарилмаганлиги сабабли суғурта компаниясидан суғурта қопламаси келиб тушганлигини асословчи ҳужжат.

 

3-БОБ. ҚАРЗДОРЛИКЛАРНИ ҲИСОБДАН ЧИҚАРИШ ТАРТИБИ

7. Қарздорликларни ТСОЯЭАТдан ҳисобдан чиқариш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳар ойнинг 10-санасига қадар Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига (кейинги ўринларда – Ҳукумат комиссияси) ва Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича ҳудудий комиссияларга (кейинги ўринларда – ҳудудий комиссиялар) ташқи савдо шартномалари бўйича қарздорликлар тўғрисидаги маълумотларни киритиб боради.

9. Ҳудудий комиссиялар ҳар ойнинг 20-санасига қадар:

а) қарздорликлар тўғрисидаги маълумотларни хўжалик юритувчи субъектлар кесимида пухта ва манзилли ўрганиб чиқади, жумладан, уларнинг асослилигини текширади, қарздорлик юзага келишининг ҳуқуқий асосларини таҳлил қилади.

Бунда асосланган дебитор қарздорликлар тўғрисидаги маълумотларни тўлиқ ҳолда тегишли ҳужжатлар билан бирга Ташқи ишлар вазирлигига киритади;

б) хўжалик юритувчи субъектларнинг мазкур Низомнинг 5-бандида назарда тутилган қарздорликларини (Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ўрганилаётган маълумотлардан ташқари) ТСОЯЭАТдан ҳисобдан чиқариш юзасидан қабул қилинган хулосаларни Давлат солиқ қўмитасига тақдим этади.

10. Ташқи ишлар вазирлиги ҳар ойнинг 1-санасига қадар:

а) асосланган дебитор қарздорликлар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистоннинг хориждаги тегишли дипломатик ваколатхоналари (элчихоналар ва консуллик муассасалари) орқали хорижий мамлакатларнинг ваколатли органларига етказади ва амалий ёрдам бериш чораларини кўради;

б) чет элдаги корхонага боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра яроқсиз бўлиб қолган ёки импорт қилувчи давлат органи томонидан мусодара қилинган ёхуд божхона назорати остида йўқ қилинган товарларга хориждаги тегишли ваколатли органлар томонидан зарур ҳужжатлар хўжалик юритувчи субъектларга тақдим этилишида кўмаклашади;

в) амалга оширилган ишлар ҳақида тегишли ҳудудий комиссияга маълумотларни тақдим этиб боради.

11. Ҳудудий комиссиялар ҳар ойнинг 5-санасига қадар Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар юзасидан қабул қилинган хулосаларни Давлат солиқ қўмитасига тақдим этади.

12. Давлат солиқ қўмитаси ҳар ойнинг 10-санасига қадар ТСОЯЭАТдан қарздорликларни ҳисобдан чиқариш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва Ҳукумат комиссиясига тегишли қарор қабул қилиш учун тақдим этади.

13. Ҳукумат комиссияси ҳар ойда бир марта:

а) Давлат солиқ қўмитаси таклифлари асосида қарздорликларни ТСОЯЭАТдан ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади.

б) қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш учун Давлат солиқ қўмитасига юборади.

14. Қарор қабул қилингандан кейин 5 календарь кун давомида Давлат солиқ қўмитаси Ҳукумат комиссиясининг қарорини тегишли тижорат банкларига етказади. Тижорат банклари Ҳукумат комиссиясининг қарори келиб тушган кундан бошлаб бир иш куни давомида қарздорликларни ТСОЯЭАТдан ҳисобдан чиқаради.

 

4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА

15. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

НИЗОМГА
ИЛОВА

ЭКСПОРТ ВА ИМПОРТ ШАРТНОМАЛАРИ БЎЙИЧА УМИДСИЗ МУДДАТИ ЎТГАН ДЕБИТОР ВА КРЕДИТОР ҚАРЗДОРЛИКЛАРНИ ҲИСОБДАН ЧИҚАРИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
СХЕМАСИ

Босқичлар



Субъектлар



Тадбирлар



Муддатлар









1-босқич



Марказий банк



Ҳукумат комиссияси ва ҳудудий комиссияларга экспорт ва импорт шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор ва кредитор қарздорликлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш.



Ҳар ойнинг 10-санасига қадар













2-босқич



Ҳудудий комиссиялар



1. Қарздорликлар тўғрисидаги маълумотларни хўжалик юритувчи субъектлар кесимида пухта ва манзилли ўрганиб чиқиш, жумладан, уларнинг асослилигини текшириш, қарздорлик юзага келишининг ҳуқуқий асосларини таҳлил қилиш.

Бунда асосланган дебитор қарздорлик ҳақидаги маълумотларни тўлиқ ҳолда тегишли ҳужжатлар* билан биргаликда Ташқи ишлар вазирлигига киритилади.

2. Хўжалик юритувчи субъектларнинг мазкур Низомнинг 5-бандида назарда тутилган қарздорликларини (Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ўрганилаётган маълумотлардан ташқари) ТСОЯЭАТдан чиқариш юзасидан қабул қилинган хулосаларни Давлат солиқ қўмитасига тақдим этиш.


Ҳар ойнинг

20-санасига қадар











Ташқи ишлар вазирлиги



1. Асосланган дебитор қарздорликлар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистоннинг хориждаги тегишли дипломатик ваколатхоналари (элчихоналар ва консуллик муассасалари) орқали хорижий мамлакатларнинг ваколатли органларига етказиш ва амалий ёрдам бериш чораларини кўриш.

2. Чет элдаги корхонага боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра яроқсиз бўлиб қолган ёки импорт қилувчи давлат органи томонидан мусодара қилинган ёхуд божхона назорати остида йўқ қилинган товарларга хориждаги тегишли ваколатли органлар томонидан зарур ҳужжатлар хўжалик юритувчи субъектларга тақдим этилишида кўмаклашиш.

3. Амалга оширилган ишлар ҳақида тегишли ҳудудий комиссияга маълумотларни тақдим этиб бориш.


Ҳар ойнинг

1-санасига қадар











Ҳудудий комиссиялар



Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар юзасидан қабул қилинган хулосаларни Давлат солиқ қўмитасига тақдим этиш.



Ҳар ойнинг

5-санасига қадар












3-босқич



Давлат солиқ қўмитаси



ТСОЯЭАТдан қарздорликларни чиқариш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва Ҳукумат комиссиясига тегишли қарор қабул қилиш учун киритиш.



Ҳар ойнинг

10-санасига қадар












4-босқич



Ҳукумат комиссияси



1. Давлат солиқ қўмитаси таклифлари асосида қарздорликларни ТСОЯЭАТдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш.

2. Қабул қилинган қарор ижросини таъминлаш учун Давлат солиқ қўмитасига юбориш.


Ҳар ойда

бир марта












5-босқич



Давлат солиқ қўмитаси



Ҳукумат комиссияси қарорини тегишли тижорат банкларига етказиш.



Қарор қабул қилинганидан кейин

5 календарь кун давомида












6-босқич



Тижорат банклари



Ҳукумат комиссиясининг қарорлари асосида қарздорликларни ТСОЯЭАТдан ҳисобдан чиқариш.



Ҳукумат комиссиясининг қарори келиб тушган кундан бошлаб бир иш куни давомида





* – тасдиқланган солиштирма далолатнома;

хўжалик юритувчи субъект томонидан қарздорлик мавжудлиги юзасидан имзоланган тасдиқнома;

хорижий ҳамкорга шартнома шартлари бажарилмаганлиги юзасидан эътирознома ва даъво аризаси;

шартнома нусхаси;

маҳаллий ва хорижий ҳамкорнинг алоқа манзиллари;

суд қарорлари;

солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);

ташқи савдо шартномасининг идентификация рақами;

юзага келган муддати ўтган дебитор қарздорликлар санаси ва миқдори;

дебитор қарздорликлар билан ишлаш бўйича компанияда қабул қилинган қоидалар;

дебитор қарздорликлар билан ишлаш учун масъул шахсни тайинлаш тўғрисида экспорт қилувчининг буйруғи;

экспорт шартномаси ва халқаро шартномаларга мувофиқ хўжалик юритувчи субъект томонидан кўриладиган чоралар;

дебитор қарздорликларни ундириш бўйича кўрилган чоралар (судгача ва суд ишларини бажариш тартиби ижро ишлари, банкротлик);

экспорт шартномаси тарафлари томонидан имзоланган яраштириш далолатномаси (акти).

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 15.04.2021 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 2–3-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 46 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика