Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 14 / Биз яшайдиган уй

Дежавю эффекти: таниш, олдиндан кутилган, жазодан четда қолиш ҳолати

 

Уй-жой соҳасида юз бераётган ҳодисалар худди олдин бўлиб ўтгандек, французча таъбир билан айтганда дежавю ҳиссиётини уйғотади: гўё булар қачондир юз бергандек, уларни кўрган, эшитган, ҳис этгандекмиз. Гап туманлар ва шаҳарлардаги барча кўп квартирали уй-жой фондини бошқарувчи ташкилотлар (БТ) ихтиёрига топшириш бўйича ҳокимиятларнинг ноқонуний қарорлари ва хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ бир қатор воқеликлар хусусида кетмоқда. Бу борадаги ҳуқуқбузарликлар шу қадар ойдинлашиб кетдики, ҳатто, мазкур машмашалардан узоқ бўлган фуқаролар ҳам унинг «шовқин-сурони»ни ўзларида деярли ҳис қила бошлашди.

 

Бир томондан олиб қараганда, орадан машмашали йилларнинг бир нечтаси ўтиб кетди: лекин УМШ ишига босим ўтказиш, ўзбошимчалик, турли аралашувлар, мулкдорларни БТга ўтишга мажбурлаш ҳоллари тўхтагани йўқ. Ҳали ҳам умуммажбурий тартибда ижро этилиши лозим бўлмаган, ҳеч қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмаган аллақандай баённома-қарор-хабарномаларга ҳаволалардан уёғига ўтилмаяпти. Ҳали-ҳануз Юнусобод туманида ККУ фондини профессионал бошқарув компаниялари томонидан бошқариш бўйича тажриба ўтказиш хусусидаги Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳрининг уй-жой коммунал инфратузилмасини бошқаришни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (4.01.2019 йилдаги 5-сон) аслида кучини йўқотган, эндиликда эса у бекор қилинганлиги тўғрисида махсус ҳужжат чиқишини талаб қилаётгандек гўё. Аслида қарор 2019 йил учун мўлжалланган бўлиб, унинг амал қилиш муддати аллақачон тугаган ва уни бутун республикага татбиқ этиш назарда тутилган эмас. Яна ўша нотўғри ахборот тарқатиш, фуқароларни адаштириш. Буларнинг барчаси ўта таниш, ўхшаш, олдиндан башорат қилинадиган жазосиз қолдирилаётган хатти-ҳаракатлардир.

 

Қоронғуликдан қачон чиқамиз?

Сўнгги вақтларда ижобий ўзгаришлар шабадаси эса бошлади. Адлия вазирлиги БТни кўп квартирали уйларни бошқаришнинг ягона усули сифатида илгари суриш масаласи бўйича ўзининг аниқ ҳуқуқий ёндашувини белгилаб олди. Вазирлик кўп квартирали уйларнинг бошқарувчи ташкилотга ёки бошқарувчига топширилиши, умумий йиғилиш, очиқ танловларнинг ўтказилиши жой мулкдорларининг хабардорлигисиз амалга оширилиши «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонун талабларига зид эканлиги тўғрисида маълум қилди. Бундай ҳолларда Адлия вазирлиги фуқароларга 10-08 рақамли ишонч телефони орқали мурожаат қилиш ёки info@adliya.uz электрон почта манзилига хабарларни жўнатиш мумкинлигини эслатади.

Адлия вазирлигининг пойтахтдаги Яккасарой тумани ҳокимининг кўп квартирали уй-жой фондларини бошқарувчи компанияларга топшириш тўғрисидаги қарорини баҳолагани ҳам кишида умид учқунларини уйғотади. Вазиятни ўрганиб чиққандан кейин Адлия вазирлиги Яккасарой тумани ҳокимиятига бу тажриба амалдаги қонун ҳужжатлари меъёрларига мувофиқ келмаслиги сабабли қарорни бекор қилиш бўйича чоралари кўрилиши ҳақида тақдимнома киритди. Бунга қадар худди шундай тақдимнома собиқ Олмалиқ ҳокимига ҳам юборилган эди.

Бу ҳаракатлар кўпчиликка ҳокимиятлар ва янги БТлар томонидан ўтказиладиган босимдан ўзни янада ҳимоялангандек ҳис қилиш имкониятини берди. Туннелнинг охирида ожизгина ёруғлик милтирагандек бўлди, лекин ҳали туннелнинг адоғи кўрингани йўқ. Фуқаролар вазият бироз юмшаганини айтишади. Кўп квартирали уйларни БТ ёрдамида бошқариш ягона усул эканлигини илгари сураётганлар ўз стратегияларини ўзгартира бошлашди. Олдинлари аҳоли билан мулоқот қатъий маъмурий бошқарув руҳида ўтган, шартномаларни тузишга ҳамма мажбурлиги, бориб-бориб барча уйлар БТга ўтиб кетиши айтилган эди. Ҳозир эса муносабатлар анчайин юмшаган, низоларга бориш камайган. Лекин бу уларнинг бирданига маданийлашиб қолганидан дарак бермайди – балки, барча амалдаги шахслар қонун ҳужжатларига риоя этиши зарурлигини назарда тутади холос. Балки бу уларнинг қичқача танаффусга чиққанидан даракдир, ким билсин…

Балки назорат қилувчи органлар фаолроқ ишлаганда янги бошқарувчилар ва улар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ҳокимият вакилларининг ноқонуний ҳаракатларига тўсқинлик қилиш имкони туғилган бўлармиди... Прокуратура органлари фуқароларнинг мурожаатларига доим ҳам белгиланган муддатларда жавоб бермайди ёхуд керакли даражада эътиборли бўлмайди. Ваҳоланки, айнан шу органлар қонунчиликка риоя этилишини назоратга олиши ҳамда қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда биринчи бўлиб прокурорлик таъсир чораларини кўриши лозим.

Мана, Яккасарой тумани ҳокимининг БТни ҳар жойда илгари суриш бўйича юқорида кўрсатилган ноқонуний қарори билан боғлиқ вазиятни кўринг. Мазкур далил бўйича туман прокуратурасининг жавобида айтилишича, аризачи олдинроқ бу масалада Адлия вазирлигига мурожаат қилган бўлиб, вазирлик Яккасарой туман ҳокимиятига ҳокимнинг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ келмайдиган қарорини бекор қилиш тўғрисида тақдимнома юборган. Шунинг учун прокуратура ушбу чоранинг ўзини етарли деб ҳисоблайди ҳамда айнан ўша қарорни бекор қилиш учун такрорий прокурорлик таъсир чорасини қабул қилишга зарурат йўқ деб билади. Нима учун зарурат бўлмасин? Шундай йўл тутиш қонунчиликда тақиқланганми? Муайян бир идоранинг хатти-ҳаракатларидан қатъи назар, назорат қилувчи органнинг бу масала бўйича муносабат билдириши, балки, ижобий роль ўйнаган бўлармиди. Айниқса уй-жой фонди соҳасидаги ислоҳотларни қонун ҳужжатлари бўйича эмас, ўз тушунчалари бўйича илгари сураётган шахсларга бу таъсир айни муддао бўларди балки.

 

Қани, ҳаммамиз бирлашайлик-чи!

Барчанинг ҳиқилдоғига келган бу эски муаммонинг давоси – фаол фуқаролик позицияда туриш. Бу позиция ҳозирча фақат ижтимоий тармоқларда акс этмоқда. Интернетда жойлаштирилаётган постлар жўяли ва ишга тааллуқли бўлса – бу яхши. Сабаби, бу билан муаммони аниқлаштириб олиш, унга кўпчиликнинг эътиборини қаратиш, унинг ҳал этилишига кўмаклашиш имконияти яратилади, ваҳоланки, бу ҳам фуқаролик позицияси.

Жамоатчилик назорати ва фуқаролар маърифатини оширишда фейсбукдаги «УМШ ва у билан қандай яшалади» («ТЧСЖ и как с ним жить?») интернет-ҳамжамияти ўз фаоллигини кўрсатмоқда, уни машҳур блогер Максим Черников олиб боради. Гуруҳ администраторининг турли инстанцияларга юборган сўров ва мурожаатлари бир қатор ғайриқонуний тажрибалар ўтказилишининг олдини олди. Хусусан, Олмалиқ ва пойтахтимизнинг Яккасарой туман ҳокимларининг кўп квартирали уй-жой фондини БТ бошқарувига бериш, Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг жой мулкдорларининг умумий мол-мулкни сақлаш учун мажбурий бадалларининг минимал миқдорини киритиш тўғрисидаги ғайриқонуний қарори, етказиб берувчи истеъмолчини олдиндан хабардор қилмаган тақдирда, ҳисоблагични кўздан кечирувдан ўтказиш муддати ўтган ҳолларда иссиқ сув учун «Тошиссиққуввати» ДУКка ноқонуний ўтказмалар тўлаш ва бошқа кўплаб масалалар бор. Бундай фаол позиция уй-жой соҳасига оид қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга ҳам кўмак беради албатта.

Прочитано: 27 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика