Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 12 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

 

Ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оилаларни ижтимоий ва молиявий қўллаб-қувватлаш, хусусий пудрат ташкилотларини уй-жой қурилиши соҳасига кенг жалб этиш бўйича шарт-шароитлар яратишга қаратилган ислоҳотларнинг кўламини кенгайтириш мақсадида:

1. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5886-сон Фармонига асосан жорий этилган бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби (кейинги ўринларда – янги тартиб) доирасида:

кўп квартирали уй-жойлар Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларнинг қишлоқ жойларида (шаҳарларга ва туман маъмурий марказларига туташ ҳудудларда) қурилади;

Молия вазирлиги тижорат банкларига пул маблағларини ҳамда тижорат банклари аҳолига ипотека кредитларини 6 ойлик имтиёзли давр (мижознинг хоҳишига кўра) билан 20 йил (йигирманчи йилни ҳам қўшган ҳолда) муддатга ажратади;

шаҳарларда ва қишлоқ жойларда ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадал сотиб олинадиган квартира қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади. Бунда, мазкур Фармон қабул қилингунига қадар субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномаларни олган шахслар ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадални 2020 йилда амалда бўлган миқдорда тўлайдилар;

уй-жойларнинг ҳисобланган қиймати ҳар йили квартира хоналари сонидан қатъи назар унинг бир квадрат метрининг тегишли ҳудуддаги ўртача бозор қиймати ҳамда майдонининг энг кўп меъёридан келиб чиқиб белгиланади;

шаҳарларда ва қишлоқ жойларда даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджетидан субсидиялар уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида ажратилади;

ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар сотиб олинаётган квартиранинг майдони ва нархи квартира майдонининг энг кўп меъёри ва уй-жойнинг ҳисобланган қийматидан ошмаган тақдирда тўланади;

қарз олувчиларга уларнинг хоҳишига кўра ипотека кредити бўйича тўловларни аннуитет ёки дифференциал усулида амалга ошириш ҳуқуқи берилади.

2. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги томонидан Қурилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ишлаб чиқилган:

2021 йилда янги тартиб доирасида ипотека кредитлари ажратишнинг мақсадли параметрлари 1-иловага** мувофиқ;

2021 йилда янги тартиб доирасида ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратишнинг мақсадли параметрлари 2-иловага** мувофиқ;

2021 йил учун уй-жойларнинг ҳисобланган қиймати, бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредити ва дастлабки бадалнинг бир қисми учун Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидияларнинг энг кўп миқдори 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Қурилиш вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йилда:

«Қишлоқ қурилиш инвест» ИК» МЧЖ иштирокида қишлоқ жойларда 8 336 та квартирадан иборат бўлган кўп қаватли арзон уй-жойлар қурилишини 4-иловага** мувофиқ;

«Ўзшаҳар қурилиш инвест» ИК» МЧЖ иштирокида фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун 3 550 та квартирадан иборат бўлган кўп қаватли уй-жойлар қурилишини таъминласин.

4. Белгилансинки:

мазкур Фармоннинг 4-иловасида кўрсатилган уй-жойлар қурилиши – «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК» МЧЖ иштирокида қишлоқ жойларда арзон уй-жойларни қуриш дастурининг 2020 йилдаги талабларига мувофиқ Осиё тараққиёт банки ва Ислом тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан;

мазкур Фармоннинг 3-банди учинчи хатбошисида кўрсатилган уй-жойлар қурилиши – «Ўзшаҳар қурилиш инвест» ИК» МЧЖ иштирокида шаҳарларда фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун кўп квартирали уй-жойларни қуриш дастури талабларига мувофиқ Молия вазирлиги томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

5. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда 2021 йилда «Ўзшаҳар қурилиш инвест» ИК» МЧЖ иштирокида фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун кўп квартирали уй-жойлар қуришнинг асосий параметрларини тасдиқласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги ПҚ-4701-сон қарорига мувофиқ Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида жорий этилган жисмоний шахсларга якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун кредитларни ажратиш тартиби барча ҳудудларда жорий этилсин.

Бунда:

кредитлар Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятда 500 та, жами 6 500 та якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) учун ажратилади;

кредитлар ипотека кредитининг энг кўп миқдорларидан ошмайдиган ва дастлабки бадали якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) ишлари қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда, 6 ойлик имтиёзли давр билан 20 йил (йигирманчи йилни ҳам қўшган ҳолда) муддатга ажратилади;

кредитлар қурилиш материалларини сотиб олиш ва якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) ишларини амалга ошириш бўйича харажатларни қоплашга берилади. Бунда, қурилиш ишлари қонун ҳужжатларига мувофиқ қарз олувчининг ўз кучи билан, хусусий пудрат ташкилотларини ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёлланма ишчиларни жалб этган ҳолда амалга оширилиши мумкин;

кредитлар бўйича таъминот сифатида жисмоний шахсларга тегишли бўлган якка тартибдаги уй-жой гарови ёки бошқа таъминот турлари тақдим этилади;

агар қарз олувчи томонидан кредит олиш вақтида бошқа таъминот тури тақдим этилган бўлса, якка тартибдаги уй-жой қурилиши (реконструкция қилиниши) якунланиб кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилганидан сўнг, кредит бўйича таъминот ушбу уй-жойнинг ипотекасига алмаштирилади;

даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларга якка тартибдаги уй-жойларга ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки беш йил мобайнида фоиз ставкасининг 10 фоизлик пунктдан ошган қисмини қоплаш учун Давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади;

субсидиялар қурилган (реконструкция қилинган) якка тартибдаги уй-жойнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган ойнинг кейинги ойидан бошлаб тўланади.

7. 2021 йил 1 июндан бошлаб ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар тўлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилинсин, унга мувофиқ:

фуқаролар томонидан субсидия олиш учун аризалар йил давомида топширилиши мумкин;

субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчининг даромадларига у билан бирга яшамаётган яқин қариндошларининг даромадлари ҳам киритилиши мумкин;

субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчидан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали олиш мумкин бўлган ҳужжатларни (маълумотларни) талаб қилиш ман этилади;

уй-жой сотиб олиш учун субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарнома улар берилган вақтдан бошлаб 12 ой давомида амал қилади.

8. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 июнга қадар:

субсидия тўланадиган фуқароларни танлаб олиш ҳамда субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномаларни бериш жараёнларининг муддатини етти кунгача қисқартириш ва тўлиқ автоматлаштириш, мазкур ишларни амалга ошириш учун Давлат бюджетидан маблағлар ажратиш;

даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларнинг ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизигача субсидиялар тўлашнинг табақалаштирилган тартибини жорий этиш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

9. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар, шу жумладан хотин-қизларни ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштириш учун уй-жойларни сотиб олиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Белгилансинки:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Давлат бюджети параметрларида Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан 5-иловага** мувофиқ 1 000 та квартира сотиб олинади;

уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар, шу жумладан хотин-қизлар сотиб олинган уй-жойларга давлат уй-жой фондидаги турар жойларни ижарага бериш тартибига мувофиқ жойлаштирилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига маҳаллий бюджет даромадларининг ошириб бажарилган қисми ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан мазкур Фармоннинг 5-иловасида тегишли ҳудуд учун белгиланган квартиралар сонини ошириш ҳуқуқи берилади.

10. 2021 йил 1 июндан бошлаб Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида бошпанасиз, оғир турмуш шароитига тушиб қолган ҳамда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган фуқароларга ижара харажатларининг бир қисмини қоплаш учун маҳаллий бюджет маблағларидан олти ой давомида ойлик ижара тўловининг 50 фоизи миқдорида, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг икки ярим бараваридан ошмаган ҳолда ойлик пул компенсациясини тўлаш тартиби жорий қилинсин.

Молия вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда 2021 йил 31 декабрга қадар тажриба натижаларидан келиб чиқиб ижара харажатларининг бир қисмини қоплаш учун пул компенсациясини тўлаш тартибини бошқа ҳудудларда татбиқ этиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ижтимоий ҳамкорликни янада кучайтириш, компенсация, субсидиялар ва давлат томонидан тақдим этиладиган бошқа имтиёзларни адолатли тақсимлаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш мақсадида ҳудудларда сенаторлар, депутатлар ва жамоат фаоллари иштирокида «Халқпарвар» комиссияларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

«Халқпарвар» комиссияларига маҳаллий ҳокимликлар ҳамда масъул давлат идораларининг уй-жойлар қуриш учун ер участкаларини ажратиш, қурилиш ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, субсидия тўланадиган фуқароларни танлаб олиш, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар рўйхатини шакллантириш фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда мазкур соҳада бюрократия, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларнинг олдини олишга қаратилган аниқ чораларни амалга ошириш тавсия этилсин.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Ш.Хидоятов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг биринчи ўринбосари Э.Арипов, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Садиков «Халқпарвар» комиссияларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйишда халқ депутатлари Кенгашларига амалий ёрдам кўрсатсин.

12. Қуйидагилар 2021 йил 1 майга қадар:

а) Молия вазирлиги аҳолига қулай шаклда қуйидаги маълумотларни тақдим этувчи ипотека бозори веб-порталини ишга туширсин:

ипотека кредитларини бериш ва субсидиялар тўлаш тартиби;

уй-жойлар қурилишини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари, улар томонидан қурилаётган кўп квартирали уй-жойлар, улардаги квартиралар сони, майдони, қиймати ва жойлашуви;

кредит олиш мумкин бўлган тижорат банклари ва улар томонидан бериладиган кредитларнинг шартлари;

б) Қурилиш вазирлиги уй-жойлар қурилишини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари ва лойиҳавий техник кўрсаткичларни (уй-жойлар қуриш давлат мақсадли дастурлари, кўп квартирали уй-жойлар қурилиши нархи, сони, жойлашуви ва бошқалар) ўз ичига олган электрон маълумотлар базасининг ишга туширилишини ҳамда ипотека бозори веб-портали билан интеграциялашувини таъминласин;

в) Марказий банк қонун билан ҳимояланган маълумотлар махфийлигини таъминлаган ҳолда, қарз олувчилар, ипотека кредитларининг сони, тури, ҳажми, гаровга қўйилган мулкнинг нархи, кредитлар қиймати, кредит қарзлари тўланмаганлиги тўғрисидаги консолидациялашган маълумотларни Молия вазирлигига ипотека бозори веб-порталида жойлаштириш учун идоралараро электрон ахборот алмашинуви орқали доимий равишда тақдим этиб борсин.

13. Молия вазирлигига:

«Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» АЖ билан қайта молиялаштириш битимини имзолаган тижорат банкларига кейинчалик Осиё тараққиёт банки томонидан белгиланган мувофиқлик мезон ва талаблари асосида аҳолига ипотека кредитларини бериш учун 2021 йилда 13 ой муддатга бозор (фоиз) ставкасида маблағлар ажратиш;

вақтинча бўш турган манбалар ҳисобидан «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» АЖга қисқа муддатга Марказий банкнинг асосий ставкасида маблағлар ажратиш ҳуқуқи берилсин.

14. Уй-жойлар нархини арзонлаштириш мақсадида 2021 йил 1 апрелдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ янги тартиб доирасида:

а) кўп квартирали уй-жойлар қишлоқ жойларда 5 ва ундан юқори қаватли, шаҳарларда 9 ва ундан юқори қаватли, монолит темир-бетон ва йирик панелли конструкциялар ҳамда бошқа қурилиш материаллари асосида, шунингдек, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ иккинчи даражадан паст бўлмаган иссиқлик ҳимояси билан таъминланган ҳолда массив шаклида қурилади;

б) ташқи муҳандислик-транспорт коммуникацияларини қуриш ва массивларни қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқиш:

шаҳарларда – кўп квартирали уй-жойлар қуриш учун ер участкаларини «E-IJRO AUKSION»да электрон аукцион орқали сотишдан тушган маблағлар, зарур ҳолларда маҳаллий бюджет ёки бошқа маблағлар ҳисобидан;

қишлоқ жойларда – Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

в) кўп квартирали уй-жойлар қурилиши учун ташқи муҳандислик- коммуникация тармоқларига улашни ҳамда геологик жиҳатдан энг мақбул вариантларни ҳисобга олган ҳолда, ҳудудларнинг қуриш лойиҳаларига мувофиқ бўлган яхлит массив шаклидаги ер участкалари танланади;

г) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашларига кўп квартирали уй-жойлар қурилиши учун шаҳарлардаги (Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоят марказлари бундан мустасно) ер участкаларини танлов асосида электрон аукцион савдоларисиз бепул ажратиш ҳуқуқи берилади;

д) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига кўп квартирали уй-жойларни қуришга аҳоли пунктларининг истиқболда ривожлантириш ҳудудлари чегарасидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган (суғорилмайдиган) ер участкаларини ажратишга рухсат берилади;

е) уй-жой қурувчи ташкилотлар учун мўлжалланган цемент ҳамда металл прокати бўйича алоҳида биржа савдо секцияси жорий қилинади;

ж) 2021 йил 1 октябрга қадар цемент маҳсулотини (ТИФ ТН коди 2523) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади.

15. Белгилансинки, янги тартибга мувофиқ кўп квартирали уй-жойлар қурилишида:

«СС» ва ундан юқори рейтинг баҳосига эга бўлган қурилиш ташкилотлари қатнашиш ҳуқуқига эга;

ташқи муҳандислик-транспорт коммуникацияларини қуриш ҳамда массивларни қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича буюртмачи вазифаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниялари ва тегишли фойдаланувчи ташкилотлар томонидан амалга оширилади;

ички муҳандислик-транспорт коммуникацияларини қуриш – тадбиркорлик субъекти томонидан ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ва мазкур харажатлар уй-жойнинг нархига киритилади;

қурилаётган уй-жойларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ишлари – маҳаллий бюджет ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан бажарилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниялари томонидан қурилиш ташкилотлари билан тузилган шартномалар асосида кўп квартирали уй-жойлар қурилиши бўйича инжиниринг хизматлари, шу жумладан техник назорат амалга оширилади.

16. Вазирлар Маҳкамаси 2021 йил 1 апрелга қадар 2021 йилда кўп квартирали уй-жойлар қуриладиган ер участкаларининг манзилли рўйхатини тасдиқласин.

17. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2021 йил 1 апрелга қадар:

Қурилиш вазирлиги билан биргаликда қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар қурилишини амалга оширадиган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш бўйича танлов савдолари ўтказилиши ва ҳудудий танлов комиссиялари фаолиятининг шаффофлиги ва ошкоралигини таъминлаш устидан тизимли назорат ўрнатсин;

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда шаҳарларда кўп квартирали уй-жойларни қуриш учун ер участкаларини «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасидаги электрон аукционга қўйилишини таъминласин.

18. 2021 йил 15 мартдан бошлаб тижорат банкларига ўз ресурслари ҳисобидан улушдор-жисмоний шахсларга берилган ипотека кредитларини Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига ажратилган маблағлар ҳисобидан қайта молиялаштиришга рухсат этилсин.

Бунда, улушдор-жисмоний шахсларнинг ипотека кредитлари улуш киритиш асосида қурилган кўп қаватли уй-жойлардаги квартиралар давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг мазкур Фармоннинг 3-иловасида белгиланган ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ошмаган миқдорда қайта молиялаштирилади.

19. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги ПҚ-4701-сон қарори билан жорий этилган хусусий пудрат ташкилотларининг тижорат банкларидан олинган кредитлари бўйича Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан кафиллик ва компенсация тўлаш тартиби 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилсин.

20. Қурилиш вазирлиги:

2021 йил 1 майга қадар шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ якка тартибдаги уй-жойларнинг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштирсин;

бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда лойиҳа институтларининг ҳудудлардаги филиалларини ташкил этиш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва уларни амалга оширсин.

21. Вазирлар Маҳкамаси:

а) бир ҳафта муддатда импорт ўрнини босувчи, рақобатбардош, сифатли ва ҳудудларда маҳаллийлаштирилган қурилиш материалларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда уларнинг қиймати кескин ўсишига йўл қўймаслик орқали уй-жойлар нархини мақбуллаштириш ҳамда қурувчи ташкилотларга қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча таклифларни;

б) 2021 йил 1 июнга қадар:

фуқароларга уларнинг давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи юзага келишидан қатъи назар жамғариб бориладиган мажбурий пенсия бадалларини ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадал ёки асосий қарзни қоплашга йўналтириш ҳуқуқини бериш;

тадбиркорлик субъектлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ўртасида тузилган шартномалар асосида кўп квартирали уй-жойларни қуриш амалиётини жорий этиш;

ижобий халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда «мақсадли ипотека омонати» механизмини жорий қилиш юзасидан асосланган таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.

22. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги бир ой муддатда кўп квартирали уй-жойларга хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларнинг фаолиятини рағбатлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

23. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Қурилиш вазирлиги ва «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ билан биргаликда бир ой муддатда алоҳида биржа савдо секциясида уй-жой қурувчи ташкилотларга цемент ҳамда металл прокатини сотиш тартибини ишлаб чиқсин.

24. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 6-иловага*** мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

25. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мазкур Фармоннинг мазмун, моҳияти ва натижаларини оммавий ахборот воситалари орқали мунтазам ёритилишини таъминласин.

26. Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

27. Мазкур Фармоннинг ижросини ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Ж.Раматов ва Ж.А.Қўчқоров, молия вазири Т.А.Ишметов ва қурилиш вазири Б.И.Закиров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

Фармоннинг ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 11 март

ПФ-6186-сон.

ЎзР Президентининг 2021 йил 11 мартдаги ПФ-6186-сон Фармонига
3-ИЛОВА

2021 ЙИЛ УЧУН УЙ-ЖОЙЛАРНИНГ ҲИСОБЛАНГАН ҚИЙМАТИ, БИР ҚАРЗ ОЛУВЧИГА АЖРАТИЛАДИГАН ИПОТЕКА КРЕДИТИ ВА ИПОТЕКА КРЕДИТИ БЎЙИЧА ДАСТЛАБКИ БАДАЛНИНГ БИР ҚИСМИНИ ҚОПЛАШ УЧУН ДАВЛАТ БЮДЖЕТИДАН АЖРАТИЛАДИГАН СУБСИДИЯЛАРНИНГ ЭНГ КЎП МИҚДОРИ*










минг сўм


Т/р


Ҳудуд


Квартира майдонининг энг кўп меъёри (кв.м)


Уй-жойнинг 1 метр квадрат нархи


Уй-жойнинг ҳисобланган қиймати


Ипотека кредитининг энг кўп миқдори


Бошланғич бадалнинг энг кам миқдори


Бошланғич бадал учун субсидиянинг энг кўп миқдори**


фоиз


қиймати


фоиз


қиймати


фоиз


қиймати


1.


Қишлоқ жойларида


70


4 000


280 000


85%


238 000


15%


42 000


10%


28 000


2.


Шаҳарларда


70


5 200


364 000


85%


309 400


15%


54 600


10%


36 400


3.


Тошкент шаҳрида


70


5 700


399 000


85%


339 150


15%


59 850


10%


39 900


 

 

*2021 йил учун уй-жойларнинг ҳисобланган қиймати, бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредити ва дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун ажратиладиган субсидияларнинг энг кўп миқдорига, зарур ҳолларда Вазирлар Маҳкамаси томонидан Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги таклифлари асосида тегишли ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

**Сотиб олинадиган уй-жойнинг шартномадаги қиймати уй-жой ҳисобланган қийматидан кам бўлган тақдирда, бошланғич бадалнинг бир қисми учун субсидиялар шартномада кўрсатилган қийматнинг 10 фоизи миқдорида ажратилади.

 

ЎзР Президентининг 2021 йил 11 мартдаги ПФ-6186-сон Фармонига
6-ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ АЙРИМ ҲУЖЖАТЛАРИГА КИРИТИЛАЁТГАН ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 2 августдаги «Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4459-сон Фармонининг 2-бандидан «имтиёзли шартлар асосида» сўзлари чиқариб ташлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги ПФ-5414-сон Фармони билан тасдиқланган Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурининг рус тилидаги матни 43-позициясидан «льготных» сўзи чиқариб ташлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5482-сон Фармонининг 9-банди «б» кичик бандидан «имтиёзли» сўзи чиқариб ташлансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 майдаги «Ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5715-сон Фармонида:

а) 12-бандда:

биринчи хатбошисидаги «Арзон уй-жойлар қуриш давлат мақсадли дастурларини мувофиқлаштириш ва молия бозори воситаларини ривожлантириш бошқармаси» сўзлари «Ипотека кредити бозорини молиялаштириш ва ривожлантириш департаменти» сўзлари билан алмаштирилсин;

иккинчи хатбошисидаги «Бошқарманинг» сўзи «Департаментнинг» сўзлари билан алмаштирилсин;

бешинчи хатбошиси «ҳамкорликда» сўзидан кейин «ипотека» сўзи билан тўлдирилсин;

б) 1-илованинг 13-позицияси «Тадбир номи» устунидаги «Арзон уй-жойлар қуриш давлат мақсадли дастурларини мувофиқлаштириш ва молия бозори воситаларини ривожлантириш бошқармаси» сўзлари «Ипотека кредити бозорини молиялаштириш ва ривожлантириш департаменти» сўзлари билан алмаштирилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5886-сон Фармонида:

а) 1-бандда:

иккинчи хатбошисидаги «15 йил» сўзлари «20 йил» сўзлари билан алмаштирилсин;

бешинчи хатбошисидаги «кам таъминланган» сўзлари «даромади юқори бўлмаган» сўзлари билан алмаштирилсин;

б) 2-банднинг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«қишлоқ жойларда – Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларига ва туман маъмурий марказларига туташ ҳудудларда;»;

в) 4-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Белгилаб қўйилсинки, янги тартиб доирасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига ажратилган маблағлар ҳисобидан ипотека кредитлари бирламчи уй-жой бозорида сотиладиган квартираларни (шу жумладан, янги тартиб доирасидан ташқари қурилган ва бирламчи уй-жой бозорида сотиладиган квартираларни) сотиб олиш учун шаҳарларда ва қишлоқ жойларда уй-жой ҳисобланган қийматининг 85 фоизидан ошмайдиган миқдорда 20 йил муддатга ва дастлабки бадали сотиб олинадиган квартира қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда берилади.

Бунда:

уй-жойларнинг ҳисобланган қиймати ҳар йили Молия вазирлиги томонидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги билан биргаликда квартира хоналари сонидан қатъи назар унинг бир квадрат метрининг тегишли ҳудуддаги ўртача бозор қиймати ҳамда майдонининг энг кўп меъёридан келиб чиқиб белгиланади;

сотиб олинадиган квартиранинг қиймати уй-жойнинг ҳисобланган қийматидан ошиб кетган тақдирда, қийматнинг қолган қисми қарз олувчи томонидан ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўланади;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, Молия вазирлиги томонидан ажратилган маблағлар ва тижорат банкларининг ипотека кредитлари бўйича фоизлар мутаносиб равишда камаяди, оширилган тақдирда эса ўзгаришсиз қолади».

г) 6-банднинг иккинчи хатбошиси «жойларда –» сўзларидан кейин «дастлабки бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида ва» сўзлари билан тўлдирилсин;

д) 8-банднинг тўртинчи–олтинчи хатбошилари чиқариб ташлансин;

е) 11-банд учинчи хатбошисидаги «дастурлари) муддатлари тугагунига қадар ушбу дастурларни сақлаб қолиш» сўзлари «дастурлари)ни 2020–2021 йилларда ҳам амалга ошириш» сўзлари билан алмаштирилсин;

ж) 20-бандда:

учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига – субсидиялар тўланадиган шахсларни танлаб олишда шаффофлик ва ошкораликни, жумладан мазкур жараёнга талабгорларнинг ўзларини, кенг жамоатчилик ва фуқаролик жамияти институтларини фаол жалб этиш орқали таъминлаш юзасидан;»;

бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Ўзбекистон Республикаси молия вазири Т.А.Ишметов зиммасига – ушбу Фармонда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан зарур маблағларни ўз вақтида ажратиш ва бошқа молиявий ресурсларни жалб қилиш юзасидан»;

з) 3–5-иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги «Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5975-сон Фармонининг 1-банди «з» кичик бандида:

иккинчи хатбошисидаги «шаҳарларни» сўзи «республика ҳудудларида уй-жой қурилиш бозори ва шаҳарларни» сўзлари билан алмаштирилсин;

қуйидаги таҳрирдаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларга ипотека кредити бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратилишини мувофиқлаштириш;».

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 майдаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5996-сон Фармонининг 6-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 майдаги «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3022-сон қарорининг 7-банди тўртинчи хатбошисидан «имтиёзли» сўзи чиқариб ташлансин.

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги «Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3151-сон қарорининг 6-бандида «имтиёзли ипотека кредитини 25 йил» сўзлари «ипотека кредитини 20 йил» сўзлари билан алмаштирилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги «Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3178-сон қарорининг 6-бандидан «имтиёзли» сўзи чиқариб ташлансин.

15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 июлдаги «2018 йилда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3863-сон қарорининг 2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

а) иштирок этувчи тижорат банкларининг буюртманомалари бўйича турар жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар учун арзон уйлар қуриш учун 20 йил муддатга:

2018–2019 йиллар дастурларини амалга ошириш доирасида 2 йиллик имтиёзли давр билан ҳамда дастлабки 5 йил мобайнида йиллик 4 фоизли ставка бўйича ва кейинги даврда иштирок этувчи тижорат банкларининг йиллик 3 фоиз миқдоридаги маржасини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкаси миқдорида;

2020 йилдан бошлаб дастурларни амалга ошириш доирасида – бир йиллик имтиёзли давр билан ҳамда дастлабки 5 йил мобайнида ҳар йили фоиз ставкаси қатъий белгиланган 4 фоиздан тижорат банкларининг 3 фоиз миқдоридаги маржасини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкаси даражасигача бир меъёрда ошиб борадиган фоиз ставкасида ва кейинги даврда иштирок этувчи тижорат банкларининг йиллик 3 фоиз миқдоридаги маржасини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкаси миқдорида, кредит линияси маблағларини Қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури доирасида уй-жойлар қуришга мақсадли йўналтирган ҳолда миллий валютада кредит линиялари очсин;

б) ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиришларни ҳисобга олган ҳолда, қишлоқ жойларда уй-жойлар қуришни молиялаштириш учун 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча маблағлар йўналтирсин.».

16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги «Қишлоқ жойларда ва фуқароларнинг айрим тоифалари учун арзон уй-жойлар қуришни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4028-сон қарорининг 10-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

а) Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда ичимлик суви, канализация ва иссиқлик таъминоти иншоотлари ва тармоқлари ҳамда автомобиль йўллари қуриш учун марказлаштирилган манбалар ҳисобидан зарур маблағлар ажратсин;

б) иштирок этувчи тижорат банкларининг буюртманомалари бўйича:

2018–2019 йиллар дастурларини амалга ошириш доирасида 2 йиллик имтиёзли давр билан ҳамда дастлабки 5 йил мобайнида йиллик 4 фоизли ставка бўйича ва кейинги даврда иштирок этувчи тижорат банкларининг маржаси йилига 3 фоиз миқдорида бўлишини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкаси миқдорида;

2020 йилдан бошлаб дастурларни амалга ошириш доирасида – бир йиллик имтиёзли давр билан ҳамда дастлабки 5 йил мобайнида ҳар йили фоиз ставкаси қатъий белгиланган 4 фоиздан тижорат банкларининг маржаси йилига 3 фоиз миқдорида бўлишини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкаси даражасигача бир меъёрда ошиб борадиган фоиз ставкаси миқдорида ва кейинги даврда иштирок этувчи тижорат банкларининг маржаси йилига 3 фоиз миқдорида бўлишини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкаси миқдорида қишлоқ жойларда яшовчи шахслар учун – 20 йил, фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун – 15 йил муддатларга миллий валютада кредит линияларини очсин, ушбу маблағлар арзон уй-жойлар қурилишига мақсадли йўналтирилсин.».

17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 февралдаги «Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4185-сон қарорининг 9-банди биринчи хатбошисидан ва 10-бандидан «имтиёзли» сўзи чиқариб ташлансин.

18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги ПҚ-4653-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги тўғрисидаги низомда:

а) 11-банди «з» кичик бандида:

иккинчи хатбошисидаги «шаҳарларни» сўзи «республика ҳудудларида уй-жой қурилиш бозори ва шаҳарларни» сўзлари билан алмаштирилсин;

қуйидаги таҳрирдаги саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларга ипотека кредити бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратилишини мувофиқлаштириш;»;

б) 12-банд 8-кичик бандининг ўн учинчи хатбошидаги «шаҳарларни» сўзи «республика ҳудудларида уй-жой қурилиш бозори, шаҳарларни» сўзлари билан алмаштирилсин.

19. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги «Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4701-сон қарорида:

а) 6-бандида:

иккинчи хатбошисидаги «2–4-бандларида» ва «2022 йил 1 январга» сўзлари тегишинча «3, 31 ва 4-бандларида» ва «2021 йил 11 мартга» сўзлари билан алмаштирилсин;

тўртинчи хатбошисидаги «2020 ва 2021 йил учун» сўзлари «2021 йил 11 мартга қадар» сўзлари билан алмаштирилсин;

б) 7-банднинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи хатбошилари чиқариб ташлансин;

в) 10-бандида:

биринчи хатбошиси «1 майдан» сўзларидан кейин «2021 йил» сўзлари билан тўлдирилсин;

тўртинчи хатбошисидан «1 ва 2 хонали, 3 ва ундан кўп хонали» сўзлари чиқариб ташлансин.

 

*Ушбу Фармон Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 11.03.2021 йилдан кучга кирди.

**Фармонга 1–2 ва 4–5-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

***Фармонга 6-илова «СБХ»да кўчирмада берилмоқда. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 842 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика