Вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилган товар олиб қўйилганда, даврий тўловлар тўланиши лозимми?
– Қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда, божхона режимида турган товарлар белгиланган тартибда олиб қўйилиши мумкин.
Тегишли божхона режимида турган товар олиб қўйилаётганда ушбу божхона режимининг амал қилиши товар олиб қўйилган куннинг эртасидан бошлаб тўхтатиб турилади ва ушбу товарни давлат даромадига ўтказиш назарда тутилмаган қарор (ҳал қилув қарори) кучга кирган куннинг эртасидан бошлаб қайта тикланади.
Олиб қўйилган товарлар даврий божхона тўлови тўланган ҳолда вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилган бўлса, божхона режими тўхтатиб турилган давр учун даврий божхона тўлови тўланмайди.
Божхона режимининг амал қилиши қуйидаги ҳолларда божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлигига доир иш бўйича тегишли қарор (ҳал қилув қарори) кучга кирган куннинг эртасидан бошлаб 15 иш куни ичида тугатилиши керак, агар:
● товарнинг олиб қўйилиши божхона режими талаблари ва шартларига риоя этмаслик билан боғлиқ бўлса ва бу уни келгусида қўллашнинг имконияти бўлмаслигига олиб келса;
● жисмоний шахснинг маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши божхона режими талаблари ва шартларига риоя этмаслик билан боғлиқ бўлса ва бу уни келгусида қўллашнинг имконияти бўлмаслигига олиб келса (БК 27-м.).
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.