Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 07 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Қонун ҳужжатларини ижро этиш бўйича давлат органлари раҳбарларининг жавобгарлиги кучайтирилди

 

Президентнинг 1.02.2021 йилдаги 6166-сон Фармони билан қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

 

Ушбу ҳужжат қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни пухта ишлаб чиқиш ва қабул қилишнинг таъсирчан амалиётини шакллантириш, уларни аниқ ижрочилар, кенг жамоатчилик ва аҳолига тезкор етказиш, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни чуқурлаштириш, жорий, ўрта муддатли ва истиқболдаги вазифаларни самарали амалга ошириш бўйича шошилинч ҳамда тезкор чоралар кўриш мақсадида ишлаб чиқилган.

Ҳужжат билан Ташкилий, ижро ва назорат фаолиятининг ягона тизими, шунингдек «Ijro.gov.uz» тизими орқали қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилишнинг мутлақо янги тизими жорий қилинади. Унда қуйидагилар назарда тутилади:

1) Адлия вазирлиги:

● қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ўз вақтида ижро этилишининг назоратини олиб боради ва тизимни юритади;

● Тизимда назоратга олинадиган топшириқларни киритади, мазкур топшириқлардан келиб чиққан ҳолда масъул ижрочилар ва бажариш муддатларини белгилайди, улар томонидан киритилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, шунингдек қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларда белгиланган ижро муддатларини узайтириш ҳақидаги таклифлар асослилигини ўрганади;

● қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолати тўғрисидаги маълумотни ҳар ойда Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритиб боради;

2) Вазирлар Маҳкамаси:

● қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар Вазирлар Маҳкамаси тизимидаги давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан ўз вақтида ижро этилишининг назоратини олиб боради, ҳар ойда Раёсат мажлисларида уларнинг ижроси натижадорлигини кўриб чиқади ҳамда Президент Администрациясига тегишли таклифлар билан биргаликда умумлаштирилган маълумот киритади;

● Тизимда Вазирлар Маҳкамаси тизимидаги давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар – масъул ижрочилар томонидан киритилиб, Адлия вазирлиги томонидан текширилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, шунингдек қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларда белгиланган ижро муддатларини узайтириш ҳақидаги Адлия вазирлиги томонидан кўриб чиқилган таклифлар асослилигини ўрганади;

3) Ҳисоб палатаси:

● Тизимда масъул ижрочилар томонидан киритилиб, Адлия вазирлиги ва Ҳукумат томонидан текширилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади ҳамда уларни назоратдан ечади;

● ижро муддатларини узайтириш ҳақидаги Адлия вазирлиги ва Ҳукумат томонидан кўриб чиқилган таклифлар бўйича Президент Администрациясига хулосаларни киритади;

● қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолати бўйича ҳар чоракда Президент Администрациясига ахборот киритиб боради;

4) Президент Администрацияси:

● қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради;

● зарурат бўлганда, назоратдан ечилган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни қайта назоратга қўяди, уларнинг айримларини алоҳида назоратга олади (назоратдан фақат Президент Администрацияси томонидан ечилади);

● ижро муддатларини узайтириш ҳақидаги таклифлар бўйича Ҳисоб палатаси томонидан берилган хулосаларни кўриб чиқади;

● қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро этилишини ташкил этиш борасидаги фаолият самарадорлигини ошириш, шунингдек давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини таъминлашдаги масъулиятини кучайтириш юзасидан Президентга таклифлар киритиб боради;

5) Президентнинг олий даражадаги ташрифлари давомида имзоланган ҳужжатлари ва инвестиция лойиҳалари бўйича топшириқлар ижросини назорат қилиш Президентнинг 18.08.2020 йилдаги ПФ-6042-сон Фармонида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Қуйидагилар тасдиқланди:

● Қонунлар, Президентнинг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқларининг амалга оширилиши бўйича назорат ва ҳисобдорликни ташкил этиш тартиби;

● Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати, давлат бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туман ва шаҳарлар ҳокимликларида ишларни ташкил қилиш ва ижро интизомини мустаҳкамлашнинг асосий йўналишларини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»;

● «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимига қонунлар, Президентнинг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқларининг ижроси бўйича назорат ва ҳисобдорликни ташкил этиш схемаси.

Президентнинг маслаҳатчилари, Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, давлат қўмиталари раислари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, туман ва шаҳарлар ҳокимлари ушбу ҳужжатларда белгиланган талабларнинг сўзсиз, ўз вақтида ва натижали бажарилиши учун шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирилди.

2021 йил 1 майдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ижрони назорат қилиш, назорат картотекаларини юритиш ва ҳисоботларни шакллантириш фақат «Ijro.gov.uz» тизимида амалга оширилади. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича йиллик манзилли ва тематик таҳлилий ўрганишлар дастури Адлия вазирлиги томонидан Ҳисоб палатаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар таклифлари асосида ишлаб чиқилади ва Президент Администрацияси раҳбари томонидан тасдиқланади.

Адлия вазирлигига қўшимча вазифалар юкланади. Унинг марказий аппарати тузилмасида Президент ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини назорат қилиш бошқармаси ташкил этилади. Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида Президент ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини назорат қилиш бошқармасининг ҳудудий бўлимлари ташкил этилади.

2021 йил 1 апрелдан бошлаб, барча республика даражасидаги давлат органлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ижро интизомига масъул бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масалалари мажбурий тартибда Президент Администрациясининг Ижро интизомини таъминлаш шуъбаси билан келишилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 11.02.2021 йилдан кучга кирди.

 

Эльмира Сиразиева.

Прочитано: 349 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика