Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 05 / Бухгалтерга тавсиялар

Ишлаб чиқариш учун мўлжалланган асосий воситалар ва номоддий активлар амортизацияси қандай ҳисобланади

 

Амортизация учун харажатлар таркиби

Амортизация – узоқ муддатли активлар қийматининг аста-секин харажатларга ўтказилиши фойда солиғи базасини қисқартириш имконини беради. Ишлаб чиқариш учун мўлжалланган асосий воситалар (АВ) ва номоддий активлар (НМА) амортизацияси учун харажатлар – ишлаб чиқариш таннархининг таркибий қисмларидан бири, у Фойда солиғи ҳисоб-китобига (3-илова, АВ томонидан 24.02.2020 йилда 3221-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 2-илованинг 020-сатрида акс эттирилади.

Амортизация учун харажатларни Ҳисоб-китобга 2-илованинг 0106-сатрида ҳам акс эттиринг.

Амортизация учун харажатлар таркибига қуйидагиларни киритинг:

● ишлаб чиқаришга оид, шу жумладан молиявий ижара (лизинг) бўйича олинган асосий воситалар амортизация ажратмалари суммалари

● ишлаб чиқариш учун мўлжалланган номоддий активлар амортизация ажратмалари суммалари

 

Амортизация қандай ҳисобланади

Амортизация ҳисоблаш қоидалари 5-сон БҲМС «Асосий воситалар» (АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ва 7-сон БҲМС «Номоддий активлар»да (АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1485-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган. Ушбу қоидалар молиявий ижара (лизинг) бўйича олинган активларга ҳам татбиқ этилади.

Актив фойдаланишга жорий этилган ойдан кейинги ойдан бошлаб амортизация ҳисобланг. Амортизация қилинаётган қиймат тўлиқ сўндирилгунга ёки балансдан ҳисобдан чиқарилгунга қадар шундай қилишда давом этинг.

 

 

Мисол. Амортизация ҳисоблаш даврини аниқлаш

Узоқ муддатли актив 2020 йил 25 июнда фойдаланишга жорий этилган. Ундан фойдали тарзда фойдаланиш муддати – 5 йил. Амортизация ҳисоблаш 2020 йил июлдан бошланиб, 2025 йил июнда тугайди. 2025 йил июлдан ушбу объект бўйича амортизация ҳисобланмайди. 

 

Активдан фойдали тарзда фойдаланиш муддатини аниқлаётганда қуйидагиларни инобатга олинг:

● унинг техник тавсифлари (асосий воситалар учун), техник паспорт маълумотлари бўйича унумдорлиги ва ресурси;

● ишлаб чиқаришнинг ўзгартирилиши ва яхшиланиши натижасида ёки мазкур актив ишлаб чиқарадиган маҳсулотга (ишларга, хизматларга) бозор талабларининг ўзгариши натижасида маънавий эскириши;

● фойдаланиш учун юридик чекловлар. Масалан, патент, гувоҳноманинг амал қилиш муддати (номоддий активлар учун).

Асосий воситалардан фойдали тарзда фойдаланиш муддатини аниқлаш мушкул бўлса, солиқ солиш мақсадида СК 306-моддасида келтирилган амортизация нормаларини асос қилиб олишингаз мумкин. Масалан, сотиб олинган компьютер учун амортизация нормасини 20% этиб белгиланг (СК 306-м. 9-қ. IV гуруҳ 1-кичик гуруҳи).

Фойдали хизмат муддатини аниқлаш мумкин бўлмаган номоддий активлар бўйича амортизация ажратмалари нормаларини 5 йил ҳисобида, бироқ корхона фаолият юритадиган муддатдан ортиқ бўлмаган муддатга белгиланг (7-сон БҲМС 45-б.).

Бухгалтерия ҳисобида ҳисобланган амортизацияни қуйидаги счётларда акс эттиринг:

● 0200 – асосий воситаларнинг эскиришини ҳисобга олувчи счётлар;

● 0500 – номоддий активлар амортизациясини ҳисобга олувчи счётлар.

 

Мисол. Ишлаб чиқариш учун мўлжалланган активлар бўйича амортизация ҳисоблаш

Босмахонада китоб чиқариш учун босма машина ва босма жараёнини назорат қиладиган ДТдан фойдаланилади. Бундан ташқари, босмахона лизинг бўйича олинган қоғоз кесиш машинасидан фойдаланади.

Бир ойдаги амортизация суммаси қуйидаги миқдорни ташкил этади:

босма машина бўйича – 3 000 минг сўм;

дастурий таъминот бўйича – 500 минг сўм;

кесиш машинаси бўйича – 1 000 минг сўм.

Бухгалтерия ҳисоби:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма, минг сўмда

 

Счётлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Босма машина бўйича амортизация ҳисобланган

 

3 000

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

0230-«Машина ва асбоб-ускуналарнинг эскириши»

 

Дастурий таъминот бўйича амортизация ҳисобланган

 

500

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

0530-«Дастурий таъминотнинг амортизацияси»

 

Қоғоз кесиш машинаси бўйича амортизация ҳисобланган

 

1 000

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

0299-«Молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситаларнинг эскириши»

 

 

 

Барча активлардан ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланилиши сабабли амортизацияни 2010-счётининг дебети бўйича акс эттиринг ва китобларнинг ишлаб чиқариш таннархига киритинг.

 

Қуйидагилар бўйича амортизация ҳисобламанг:

● ер участкалари ва табиатдан фойдаланишга доир бошқа объектлар (сув, ер ости бойликлари ва бошқа табиий ресурслар);

● маҳсулдор чорва моллари;

● ахборот-кутубхона фонди;

● консервация қилинган асосий воситалар;

● музей ашёлари;

● моддий маданий мерос объектлари;

● умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, йўлкалар, сайилгоҳлар, хиёбонлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлган ободонлаштириш иншоотлари;

● тўлиқ амортизация қилинган активлар (5-сон БҲМС 35-б.).

Солиқ солиш мақсадида амортизация қилинмайдиган активлар рўйхатига қуйидагилар ҳам киритилган:

● асосий воситалар ва номоддий активлар таркибига ўтказилмаган капитал қўйилмалар;

● нотижорат ташкилотларнинг солиқ солинмайдиган маблағлар ҳисобидан сотиб олинган мол-мулки;

Президентнинг ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида, шунингдек халқаро шартномаларга мувофиқ текинга олинган мол-мулк;

● грантлар, инсонпарварлик ёрдами ва мақсадли тушумлар маблағлари ҳисобидан олинган (барпо этилган) мол-мулк;

● телекоммуникация тармоқларидаги тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг текин олинган техник воситалари;

● инвестор ва давлат мулкини бошқариш бўйича ваколатли давлат органи ўртасида тузилган шартномага биноан инвестиция мажбуриятлари сифатида киритиладиган мол-мулк;

● концессия битими бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ олинган мол-мулк;

● солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилиши натижасида бўшаган маблағлар ҳисобидан олинган (барпо этилган) мол-мулк (СК 306-м. 2-қ.).

 

Маҳсулотнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ишлаб чиқариш таннархига фақат ишлаб чиқариш учун мўлжалланган асосий воситалар амортизациясини қўшинг. Ишлаб чиқариш жараёнига тааллуқли бўлмаган харажатларни киритиш ҳисобига ишлаб чиқариш таннархининг оширилиши фойда солиғи суммасини бузиб кўрсатиши мумкин. Бу ҳисобот даври учун фойда солиғини ҳисоб-китоб қилиш чоғида қуйидагиларнинг таркибига киритилган амортизация учун харажатлар чегириб ташланиши билан боғлиқ:

● таннарх – реализация қилинган товарга тўғри келадиган улушда;

● давр харажатлари – тўлиқ.

 

 

Мисол. Таннархнинг солиқ базасига таъсири

Ҳисобот даврида:

маҳсулотни реализация қилишдан олинган даромад – 120 000 минг сўм;

ишлаб чиқарилган – 100 та маҳсулот бирлиги;

реализация қилинган – 70 та маҳсулот бирлиги.

1-вариант: ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг ишлаб чиқариш таннархи 70 000 минг сўмни ташкил этади; маъмурий мақсадга мўлжалланган асосий воситалар амортизацияси давр харажатларига киритилган – 10 000 минг сўм.

2-вариант: маъмурий мақсадга мўлжалланган асосий воситалар амортизацияси – 10 000 минг сўм – ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг ишлаб чиқариш таннархига киритилган: 70 000 + 10 000 = 80 000 минг сўм.

Кўрсаткич

 

Тўғри

 

Нотўғри

 

Реализация қилишдан олинган даромад

 

120 000

 

120 000

 

Реализация қилинган маҳсулот таннархи

 

70 000 / 100 х 70 = 49 000

 

80 000 / 100 х 70 = 56 000

 

Давр харажатлари

 

10 000

 

 

Солиқ солинадиган фойда

 

61 000

 

64 000

 

 

 

Маъмурий мақсадга мўлжалланган асосий воситалар амортизацияси ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг (100 та бирлик) ишлаб чиқариш таннархига нотўғри киритилганлиги сабабли фарқ юзага келган, у реализация қилинган маҳсулотга (70 та бирлик) тўғри келадиган улушда чегирилади. Маъмурий мақсадга мўлжалланган асосий воситалар амортизацияси ҳисобот даврида тўлиқ чегириб ташланадиган давр харажатларига киритилиши тўғри бўлади.

 

 

Амортизация ҳисоблаш усуллари

Амортизация ҳисоблаётганда қуйидаги усулларни қўллашингиз мумкин:

● амортизацияни тенг маромли (тўғри чизиқли) ҳисоблаш;

● бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда ҳисоблаш (ишлаб чиқариш);

● икки карра амортизация нормаси билан қолдиқни камайтириш;

● йиллар суммаси (кумулятив).

Қўллайдиган амортизацияни ҳисоблаш усулини албатта корхонанинг ҳисоб сиёсатида акс эттиринг, сабаби ҳар хил усуллардан фойдаланиш турлича молиявий натижа беради.

Узоқ муддатли активларнинг ҳар хил турлари ёки гуруҳларига турли амортизация ҳисоблаш усулларини қўллашингиз мумкин. Бунда бир турдаги активлар бўйича фақат битта усулни қўлланг (5-сон БҲМС 42-б., 7-сон БҲМС 51-б.).

Ушбу усулларни батафсил кўриб чиқамиз.

 

Амортизацияни тенг маромли ҳисоблаш усулидан қандай фойдаланилади

Ишлаб чиқариш жараёни барқарор бўлиб, кафолатли даромад олишга ишонсангиз, ушбу усулдан фойдаланинг.

Амортизацияни тенг маромда, активларни фойдали ишлатиш муддати мобайнида уларнинг амортизацияланадиган қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳар ойда тенг улушларда ҳисобланг.

Амортизацияланадиган қийматни активнинг баланс ва тугатиш қиймати ўртасидаги фарқ сифатида аниқланг.

Активнинг тугатиш қиймати – чиқиб кетиш бўйича кутилаётган харажатларни чегирган ҳолда кутилаётган фойдали хизмат муддати охирида асосий воситаларни тугатиш чоғида олинадиган активларнинг фараз қилинаётган суммаси (5-сон БҲМС 3-б., 7-сон БҲМС 4-б.).

Асосий воситалар учун – активдан фойдали тарзда фойдаланиш муддати тугаганда унинг тугатилиши натижасида кирим қилиниши мумкин бўлган эҳтиёт қисмлар, деталлар ва бошқа материалларнинг эҳтимолий қиймати. Чиқиб кетиш бўйича харажатлар – демонтаж қилиш ва тугатиш учун харажатлар.

Тугатиш қиймати арзимас бўлса, уни ҳисобга олманг, амортизацияни эса тўлиқ эскиргунга қадар баланс қийматидан ҳисобланг.

Номоддий активдан фойдали тарзда фойдаланиш муддати тугаганда уни сотиш эҳтимоли кам бўлса, унинг тугатиш қийматини ҳам нолга тенглаштиринг.

Кейинги мисолларда активнинг тугатиш қиймати шартда қайд этилмаган бўлса, уни нолга тенг деб оламиз.

 

Мисол. Амортизацияни тенг маромли усулда ҳисоблаш

Узоқ муддатли активнинг қиймати – 60 000 минг сўм. Фойдали тарзда фойдаланиш муддати – 5 йил. Ҳисоб сиёсатида активларнинг ушбу гуруҳи бўйича амортизация тенг маромли ҳисоблаш усули билан ҳисобланиши белгиланган. Бинобарин, ушбу актив бўйича ҳар ойда қуйидаги суммада амортизация ҳисобланади: 60 000 минг / 5 / 12 = 1 000 минг сўм. Йиллик амортизация нормаси: 100% / 5 йил = 20%. Ҳар ой 20%дан 1/12 қисми ҳисобланади.

 

 

Амортизация ҳисоблашнинг ишлаб чиқариш усулидан қандай фойдаланилади

Қуйидаги ҳолларда ушбу усулдан фойдаланинг:

● ишлаб чиқариш жараёни барқарор тусда бўлмаса;

● мавсумий тусга эга бўлса;

● узоқ муддатли активлардан мунтазам равишда фойдаланилмаса;

● реализация қилишдан барқарор даромад олинмаса.

Ушбу усул бўйича ишлаб чиқариш активи амортизациясини у ишлаб чиқарган маҳсулотдан келиб чиқиб ҳисобланг. У қанча кўп ишласа, амортизация суммаси шунча кўп бўлади. Актив ишламай турганда амортизация ҳисобланмайди.

Ҳар бир ишлаб чиқариш активи учун бутун фойдали тарзда фойдаланиш муддатида ишлаб чиқарган маҳсулотнинг эҳтимолий ҳажмини баҳоланг. Ушбу ҳажм қуйидаги миқдорда ифодаланган бўлиши мумкин:

● ишлаб чиқарган маҳсулот бирликлари;

● ишланган соатлар;

● босиб ўтилган тонна-километр ва ҳ.к.

Ҳисобот давридаги амортизация суммасини (Аҳд) қуйидаги формула бўйича аниқланг:

Аҳд = АҚ / М х Мҳд,

бунда:

АҚ – амортизация қилинадиган (баланс) қиймат;

М – бутун фойдали тарзда фойдаланиш муддатида ишлаб чиқарилган маҳсулот;

Мҳд – ҳисобот даврида ишлаб чиқарилган маҳсулот.

 

Мисол. Амортизацияни ишлаб чиқариш усулида ҳисоблаш

Узоқ муддатли активнинг қиймати – 60 000 минг сўм. Фойдали тарзда фойдаланиш муддати – 5 йил. Ушбу даврда актив ишлаб чиқариши тахмин қилинаётган ҳажм – 30 000 мингта маҳсулот бирлиги. Ишлаб чиқарилган:

январь ойида – 600 мингта маҳсулот бирлиги;

февраль ойида – 400 мингта маҳсулот бирлиги;

март ойида маҳсулот ишлаб чиқарилмаган, сабаби актив таъмирланган.

Амортизацияни аниқлаймиз:

январь: 60 000 минг сўм / 30 000 минг х 600 минг = 1 200 минг сўм;

февраль: 60 000 минг сўм / 30 000 минг х 400 минг = 800 минг сўм.

Март ойида маҳсулот ишлаб чиқарилмаганлиги сабабли амортизация ҳисобланмайди.

 

 

Қолдиқни камайтириш усулидан қандай фойдаланилади

Бу жадаллаштирилган амортизация усули бўлиб, унда икки карра нормадан фойдаланилади. Ишлаб чиқаришингиз муваффақиятли бўлиши энг замонавий технологиялар, асбоб-ускуналар ва бошқаларни қўллашга боғлиқ бўлса, айнан уни қўлланг. Бу ҳолда активлар жуда тез маънан эскиради. Асбоб-ускуналарни ўз вақтида янгилаш учун уларнинг қийматини имкон қадар тезроқ ҳисобдан чиқариш лозим.

Икки карра амортизация нормасини активнинг қолдиқ қийматига нисбатан қўлланг. Қолдиқ қиймат эскириш ҳисобланишига қараб камайиши боис амортизация суммаси ҳам камайиб боради. Яъни актив энг маҳсулдор ва фойдаланишда самарали бўлган фойдали тарзда фойдаланиш муддатининг аввалида амортизация максимал даражада бўлади.

Тўғри чизиқли усул бўйича амортизация нормасини активнинг амортизация қилинадиган (баланс) қиймати ва ундан фойдали тарзда фойдаланиш муддатидан келиб чиқиб аниқланг. Бир йиллик амортизация суммасини ҳисобот йили бошидаги активнинг қолдиқ қийматидан келиб чиқиб ҳисобланг (5-сон БҲМС 38-б., 7-сон БҲМС 48-б.).

Ушбу усулдан фойдаланаётганда тугатиш қийматини аниқланг, сабаби қолдиқ қийматдан норма бўйича амортизация ҳисоблаш ҳеч қачон унинг нолга тенг бўлишига олиб келмайди.

Тугатиш қиймати актив ўз вақтида чиқиб кетиши учун ҳам муҳим. Шу сабабли қолдиқ қиймат тугатиш қийматига тенглашиб қолмагунча уни аниқлаб, амортизация ҳисобланг.

 

Мисол. Амортизацияни қолдиқни камайтириш усулида ҳисоблаш

2019 йил декабрда ишга туширилган узоқ муддатли активнинг қиймати – 60 000 минг сўм.

Фойдали тарзда фойдаланиш муддати – 5 йил.

Тугатиш қиймати – 5 000 минг сўм.

Амортизация нормасини ҳисоблаймиз: 100% / 5 йил = 20%.

Амортизациянинг икки карра нормаси, тегишинча, қуйидаги миқдорга тенг бўлади: 20 х 2 = 40%.

Йил

 

Қолдиқ қиймат, минг сўмда

 

Амортизациянинг йиллик суммаси, минг сўмда

 

Амортизациянинг ойлик суммаси, минг сўмда

 

2020

 

60 000

 

60 000 х 40% = 24 000

 

24 000 / 12 = 2 000

 

2021

 

60 000 – 24 000 = 36 000

 

36 000 х 40% = 14 400

 

14 400 / 12 = 1 200

 

2022

 

36 000 – 14 400 = 21 600

 

21 600 х 40% = 8 640

 

8 640 / 12 = 720

 

2023

 

21 600 – 8 640 = 12 960

 

12 960 х 40% = 5 184

 

5 184 / 12 = 432

 

2024

 

12 960 – 5 184 = 7 776

 

7 776 – 5 000 = 2 776

 

7 776 х 40% / 12 = 259,2

 

Жами

 

 

 

55 000

 

 

 

 

 

Қолдиқ қиймат тугатиш қийматига (5 000 минг сўм) тенглашмагунча 2024 йилда ҳар ой 259,2 минг сўм ҳисоблаймиз.

 

 

Кумулятив усулдан қандай фойдаланилади

Кумулятив, ёки йиллар суммаси усули ҳам жадаллаштирилган амортизация усулидир.

Ҳар йил учун амортизация нормасини фойдали тарзда фойдаланиш муддатининг охиригача қолган йиллар сонининг йиллар суммасига нисбати сифатида аниқланг (5-сон БҲМС 38-б., 7-сон БҲМС 49-б.).

 

Мисол. Амортизацияни кумулятив усулда ҳисоблаш

Узоқ муддатли активнинг қиймати – 60 000 минг сўм. Ундан фойдали тарзда фойдаланиш муддати – 5 йил.

Йиллар суммаси: 1 + 2 + 3 + 4 + 5 = 15.

Йил

 

Амортизация коэффициенти

 

Амортизациянинг йиллик суммаси, минг сўмда

 

Амортизациянинг ойлик суммаси, минг сўмда

 

1-нчи

 

5 /15 = 0,33

 

60 000 х 0,33 = 19 800

 

19 800 / 12 = 1 650

 

2-нчи

 

4 / 15 = 0,27

 

60 000 х 0,27 = 16 200

 

16 200 / 12 = 1 350

 

3-нчи

 

3 / 15 = 0,2

 

60 000 х 0,2 = 12 000

 

12 000 / 12 = 1 000

 

4-нчи

 

2 / 15 = 0,13

 

60 000 х 0,13 = 7 800

 

7 800 / 12 = 650

 

5-нчи

 

1 : 15 =0 ,07

 

60 000 х 0,07 = 4 200

 

4 200 / 12 = 350

 

Жами

 

1

 

60 000

 

 

 

 

 

 

Илгари фойдаланишда бўлган активлар амортизацияси

Ишлаб чиқариш мақсадлари учун илгари фойдаланишда бўлган активни сотиб олсангиз, ундан фойдали тарзда фойдаланиш муддатини белгилашингиз мумкин:

● уни аввалги мулкдори (фойдаланувчиси) фойдаланган муддатга камайтириб;

● актив тўлиқ эскирганда камида уч йил;

● аввалги мулкдори фойдаланган муддатни аниқлаш имкони бўлмаганда, худди янги актив учун бўлганидек (СК 306-м. 13-15-қ.).

 

Мисол. Илгари фойдаланишда бўлган автомобиль бўйича амортизация ҳисоблаш

1. Корхона илгари фойдаланишда бўлган автомобилни ҚҚСсиз 24 000 минг сўмга сотиб олган. Шартномада ва қабул қилиш-топшириш далолатномасида кўрсатилишича, сотувчи автомобилни бир йил аввал сотиб олган. Ушбу маълумотларни, шунингдек автомобилнинг техник ҳолатини ҳисобга олган ҳолда корхона қуйидагиларни белгилади:

автомобилдан фойдали тарзда фойдаланиш муддати – 4 йил;

амортизациянинг йиллик нормаси: 100% / 4 = 25%;

тенг маромли ҳисоблашда бир ойдаги амортизация суммаси:

24 000 / 4 / 12 = 500 минг сўм.

2. Корхона илгари фойдаланишда бўлган автомобилни ҚҚСсиз 3 600 минг сўмга сотиб олган. Шартномада ва қабул қилиш-топшириш далолатномасида кўрсатилишича, сотувчи автомобилни 6 йил аввал сотиб олган. Ушбу маълумотлардан, автомобилнинг техник ҳолатидан ва солиқ қонунчилиги нормаларидан келиб чиққан ҳолда корхона қуйидагиларни белгилади:

автомобилдан фойдали тарзда фойдаланиш муддати – 3 йил;

амортизациянинг йиллик нормаси: 100% / 3 = 33,33%;

тенг маромли ҳисоблашда бир ойдаги амортизация суммаси: 3 600 / 3 / 12 = 100 минг сўм.

3. Корхона илгари фойдаланишда бўлган автомобилни ҚҚСсиз 12 000 минг сўмга сотиб олган. Сотиб олиш ҳужжатларида сотувчи автомобилдан фойдаланилган муддатни кўрсатмаган. Автомобилнинг техник ҳолатидан келиб чиққан ҳолда корхона қуйидагиларни белгилади:

автомобилдан фойдали тарзда фойдаланиш муддати – 5 йил;

амортизациянинг йиллик нормаси: 100% / 5 = 20%;

тенг маромли ҳисоблашда бир ойдаги амортизация суммаси: 12 000 / 5 / 12 = 200 минг сўм.

 

 

Солиқ солиш мақсадида амортизация ҳисоби қандай юритилади

Асосий воситалар амортизацияси учун харажатлар нормаланган харажатдир, яъни солиқ солиш мақсадида харажатларга киритишнинг чекланган нормалари белгиланган (СК 306-м.).

Қуйидаги ҳолларда бухгалтерия ва солиқ ҳисоби мақсадида ҳисоблаб чиқарилган суммалар ўртасида фарқ юзага келади:

● СКда белгиланганидан ортиқ нормалар бўйича амортизация ҳисобласангиз,

ёки

● амортизация ҳисоблаш усулларини (ишлаб чиқариш, қолдиқни камайтириш ёки кумулятив) қўлласангиз.

Солиқ солиш мақсадлари учун белгиланганидан ортиқ нормалар бўйича амортизация ҳисобланганда ошган суммани:

● солиқ базасини ҳисоб-китоб қилиш чоғида чегириб ташламанг (СК 317-м. 22-б.);

● 012-«Келгуси даврларда солиқ солинадиган базадан чиқариладиган харажатлар» балансдан ташқари счётида акс эттиринг;

● Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-иловада акс эттирманг.

● Ошган суммани келгуси ҳисобот даврларида чегириб ташлашингиз мумкин.

 

Мисол. Амортизация ҳисобини Солиқ кодексида белгиланганидан ошган норма бўйича юритиш

2020 йил январда корхона қиймати 150 000 минг сўмлик технологик ускунани ишга туширган. Ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланилади. Корхона ускунанинг мўлжалланаётган хизмат муддати 5 йил эканлигидан келиб чиқиб унинг учун амортизация нормасини 20% миқдорида белгилади. Амортизация тўғри чизиқли усулда ҳисобланади. Солиқ солиш мақсадлари учун назарда тутилган йиллик чекланган норма – 15% (СК 306-м. 9-қ.). Солиқ ва бухгалтерия амортизацияси ўртасидаги фарқ ҳисобини корхона 012-балансдан ташқари счётида юритади. Тушуниш осон бўлиши учун актив қайта баҳоланиши лозим бўлмаган, унинг тугатиш қиймати нолга тенг бўлган деб оламиз.

Корхона февраль ойидан амортизация ҳисоблай бошлайди, бухгалтерия ва солиқ ҳисобида уни қуйидагича акс эттиради:

Давр

 

Бухгалтерия ҳисоби (20%)

 

Солиқ ҳисоби

 

чегириб ташланадиган харажат (15%)

 

кейинга қолдирилган харажат (012-счёт)

 

жами кейинга қолдирилган

 

2020 йил февраль–декабрь

 

150 000 х 20% / 12 х 11 = 27 500

 

150 000 х 15% / 12 х 11= 20 625

 

27500 – 20 625 = 6 875

 

6 875

 

2021 йил

 

150 000 х 20% = 30 000

 

150 000 х 15% = 22 500

 

30 000 – 22 500 = 7 500

 

6 875 + 7 500 = 14 375

 

2022 йил

 

30 000

 

22 500

 

7 500

 

14 375 + 7 500 = 21 875

 

2023 йил

 

30 000

 

22 500

 

7 500

 

21 875 + 7 500 = 29 375

 

2024 йил

 

30 000

 

22 500

 

7 500

 

29 375 + 7 500 = 36 875

 

2025 йил

 

150 000 х 20% / 12 = 2 500

 

22 500

 

2 500 – 22 500 =

–20 000

36 875 – 20 000 = 16 875

 

2026 йил

 

 

16 875

 

16 875

 

16 875 – 16 875 = 0

 

Жами:

 

150 000

 

150 000

 

 

 

 

 

 

 

2020 йилда корхона қуйидагиларни акс эттиради:

бухгалтерия ҳисобида 0230-«Машина ва асбоб-ускуналарнинг эскириши» счётида – 27 500 минг сўм;

чегириб ташланадиган харажат сифатида Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илованинг 0106-«Асосий воситалар ва номоддий активлар амортизацияси» сатри 3-устунида – 20 625 минг сўм;

012-балансдан ташқари счётида бухгалтерия ва солиқ ҳисобидаги тафовутлар суммаси – 6 875 минг сўм (27 500 – 20 625). У 2020 йил солиқ ҳисоботида акс эттирилмайди.

Жадвалдан кўринганидек, ускунанинг амортизацияси учун харажатлар умуман олганда ускунанинг ҳақиқий қийматидан ошмайди – 150 000 минг сўм. Бироқ бухгалтерия ва солиқ ҳисоби мақсадларида харажатлар турли вақтда ҳисобдан чиқарилади.

 

 

2021 йилдан бошлаб асосий воситалар ҳисобини юритишдаги ўзгартиришлар

2021 йил 1 январдан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар учун асосий фондларни мажбурий қайта баҳолаш тартиби бекор қилинди (30.12.220 йилдаги ПҚ-4938-сон қарорнинг 9-б.).

Қонун ҳужжатларидаги ўзгартиришларни ҳисобга олган ҳолда 2021 йил 1 январдан бошлаб:

● солиқ солиш мақсадларида амортизация учун харажатларни бошланғич қийматдан уларнинг қайта баҳоланишини ҳисобга олмасдан аниқланг. 2021 йил 1 январгача сотиб олинган АВ учун у илгари 2021 йил 1 январгача ўтказилган қайта баҳолаш ҳисобга олинган АВ қийматидир. 2021 йил 1 январдан кейин сотиб олинган АВнинг бошланғич қийматини бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланг;

● амортизация ҳисоблашда солиқ солиш мақсадида келгуси қайта баҳолаш натижаларини ҳисобга олманг;

● амортизация қилинадиган активларнинг бошланғич қийматини фақат бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ капитал қўйилмалар амалга оширилган тақдирда ўзгартиринг.

Асосий фондларни мажбурий қайта баҳолаш тартибининг бекор қилиниши барча хўжалик юритувчи субъектларга, шу жумладан уч йилда бир марта мажбурий қайта баҳолашни амалга оширган микрофирма ва кичик корхоналарга тааллуқли.

Қайта баҳолаш асосий воситалар қийматини замонавий бозор нархлари даражасига мослаш мақсадида ўтказилади. Шу сабабли бухгалтерия ҳисоби мақсадларида корхонанинг ҳисоб сиёсатида белгиланган ҳисоб юритишнинг танланган моделлари шуни талаб этса, қайта баҳолашни ўтказишингиз мумкин (5-сон БҲМС 24, 25-б.).

Молиявий ҳисоботда активларнинг реал адолатли қиймати, у инвесторларга ёхуд ички таҳлил учун тақдим этилса, акс эттирилиши муҳим аҳамиятга эга. Ана шу мақсадда молиявий ҳисобот тайёрлаётган бўлсангиз, у ҳолда бухгалтерия ҳисоби мақсадлари учун ҳисоб сиёсатида активларнинг вақти-вақти билан қайта баҳоланишини назарда тутишингиз лозим.

Бундай мақсадингиз бўлмаса, қонун ҳужжати билан бекор қилингани муносабати билан асосий воситаларни мажбурий қайта баҳолаш тартибини чиқариб ташлаб, ҳисоб сиёсатига ўзгартириш киритинг (АВ томонидан 14.08.1998 йилда 474-сон билан рўйхатдан ўтказилган 1-сон БҲМС 55, 56-б.).

Бу ҳолда 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра тиклаш қийматидан амортизация ҳисоблайсиз. Амортизацияни тенг маромли ҳисоблаш усули, нолга тенг тугатиш қиймати қўлланганда ва солиқ солиш мақсадлари учун чекланган нормаларга мос келувчи нормалардан фойдаланилганда, бухгалтерия ва солиқ ҳисобида амортизация бўйича харажатлар мос келади.

Ҳисоб стандартлари талабларига кўра ёки молиявий ҳисоботда мақбул ва ишончли ахборотни акс эттириш зарурати туфайли қайта баҳолашни ўтказадиган бўлсангиз, амортизация ҳисоблаш чоғида солиқ солиш мақсадида унинг натижасини ҳисобга олманг.

Бу бухгалтерия ва солиқ ҳисобида амортизация бўйича харажатлар фарқланишини англатади.

 

Мисол. Қайта баҳолаш ўтказилганда амортизация бўйича харажатларни тан олиш

Корхона балансида асбоб-ускуна мавжуд, 2021 йил 1 январга унинг тиклаш қиймати – 100 000 минг сўм.

Ҳисоб сиёсатига кўра корхона 2021 йил январда қайта баҳолашни ўтказди, бунинг натижасида асбоб-ускунанинг тиклаш қиймати 10%га ошиб, 110 000 минг сўмни ташкил этди.

Корхона амортизацияни тенг маромли ҳисоблаш усулини ва 15%лик нормани қўллайди. Қайта баҳолашдан кейин амортизация бўйича ҳар ойлик харажатлар қуйидаги миқдорни ташкил этади:

бухгалтерия ҳисобида қайта баҳолаш ҳисобга олинган қийматдан келиб чиққанда 110 000 х 15% / 12 = 1 375 минг сўм;

солиқ солиш мақсадида фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра қийматдан келиб чиққанда 100 000 х 15% / 12 = 1 250 минг сўм. 125 минг сўмлик (1 375 – 1 250) фарқ фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш чоғида чегириб ташланадиган харажат ҳисобланмайди.

 

 

2021 йилгача ишлаб чиқарилган товарларни реализация қилсангиз, солиқ солиш мақсадида уларнинг ишлаб чиқариш таннархи таркибидаги амортизацияни тўлиқ чегириб ташлашингиз мумкин. 2021 йил 1 январдан ишлаб чиқарилган товарларни реализация қилиш чоғида амортизацияни солиқ солиш мақсадида келгуси қайта баҳолашларни ҳисобга олмасдан, яъни фақат 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра АВ қийматидан ҳисоблаш қисмида ёки АВ 2021 йил 1 январдан кейин сотиб олинган бўлса, бошланғич қийматидан чегириб ташланг.

 

 

Мисол. 2021 йилгача ишлаб чиқарилган товарлар реализация қилинганда амортизация бўйича харажатларни тан олиш

Корхона балансида асбоб-ускуна мавжуд, 2020 йилда унинг тиклаш қиймати – 100 000 минг сўм. Корхона амортизацияни тенг маромли ҳисоблаш усулини ва 15%лик нормани қўллайди. 2020 йил декабрь ойида 100 та маҳсулот бирлиги ишлаб чиқарилган, шундан 2021 йил январда 70 та бирлиги реализация қилинган. Ҳисоб сиёсатига кўра корхона 2021 йил январда қайта баҳолашни ўтказди, бунинг натижасида асбоб-ускунанинг тиклаш қиймати 10%га ошиб, 110 000 минг сўмни ташкил этди. Бу ҳолда қайта баҳолаш декабрь ойида ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархига таъсир кўрсатмайди, сабаби декабрь ойида ҳисобланган асбоб-ускуна амортизацияси таннарх таркибига киритилган. 2020 йил декабрда корхона амортизация бўйича харажатларни 2010-«Асосий ишлаб чиқариш» счётида ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархи таркибида акс эттиради: 100 000 х 15% / 12 = 1 250 минг сўм. 2021 йил январда корхона 9110-«Сотилган тайёр маҳсулотларнинг таннархи» счётида реализация қилинган маҳсулот таннархини тан олади. Амортизация унинг таркибида: 1 250 / 100 х 70 = 875 минг сўм. Худди шу сумма 2021 йил I чораги учун Фойда солиғи ҳисоб-китобининг 2-иловаси 020 ва 0106-сатрларига киритилади.

 

Мисол. 2021 йилда ишлаб чиқарилган товарлар реализация қилинганда амортизация бўйича харажатларни тан олиш

Корхона балансида асбоб-ускуна мавжуд, 2021 йил 1 январга унинг тиклаш қиймати – 100 000 минг сўм. Ҳисоб сиёсатига кўра корхона 2021 йил январь ойининг бошида қайта баҳолашни ўтказди, бунинг натижасида асбоб-ускунанинг тиклаш қиймати 10%га ошиб, 110 000 минг сўмни ташкил этди. Корхона амортизацияни тенг маромли ҳисоблаш усулини ва 15%лик нормани қўллайди. 2021 йил январь ойида 100 та маҳсулот бирлиги ишлаб чиқарилган, шундан ушбу ойда 70 та бирлиги реализация қилинган. Бу ҳолда қайта баҳолаш январь ойида ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархига таъсир кўрсатади, сабаби январь ойида ҳисобланган асбоб-ускуна амортизацияси таннарх таркибига киритилган. 2021 йил январда корхона амортизация бўйича харажатларни қайта баҳолашни ҳисобга олган ҳолда асбоб-ускуна қийматидан келиб чиқиб ­2010-«Асосий ишлаб чиқариш» счётида ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархи таркибида акс эттиради: 110 000 х 15% / 12 = 1 375 минг сўм. Шу ойда корхона 9110-счётда реализация қилинган маҳсулот таннархини тан олади. Амортизация унинг таркибида: 1 375 / 100 х 70 = 962,5 минг сўм. Фойда солиғини ҳисоб-китоб қилиш чоғида амортизация қайта баҳолашни ҳисобга олмаган ҳолда, яъни 2021 йил 1 январга асбоб-ускуна қиймати – 100 минг сўмдан чегириб ташланади: (100 000 х 15% / 12) / 100 х 70 = 875 минг сўм. Худди шу сумма 2021 йил I чораги учун Фойда солиғи ҳисоб-китобининг ­2-иловаси 020 ва 0106-сатрларига киритилади.

 

Мисол. 2020 йил декабрдан 2021 йил январгача ишлаб чиқарилган товарлар реализация қилинганда амортизация бўйича харажатларни тан олиш

Корхона балансида асбоб-ускуна мавжуд, 2021 йил 1 январга унинг тиклаш қиймати – 100 000 минг сўм. Ҳисоб сиёсатига кўра корхона 2021 йил январь ойининг бошида қайта баҳолашни ўтказди, бунинг натижасида асбоб-ускунанинг тиклаш қиймати 10%га ошиб, 110 000 минг сўмни ташкил этди. Корхона амортизацияни тенг маромли ҳисоблаш усулини ва ­15%лик нормани қўллайди. 2020 йил декабрь – 2021 йил январь ойларида 100 та маҳсулот бирлиги ишлаб чиқарилган, шундан февраль ойида 70 та бирлиги реализация қилинган. Бу ҳолда қайта баҳолаш маҳсулот таннархига таъсир кўрсатади, сабаби уни ишлаб чиқариш 2 ой (декабрдан январгача) давом этган, демак, қайта баҳолашни ҳисобга олган ҳолда декабрь ва январь ойларида ҳисобланган асбоб-ускуна амортизацияси маҳсулот таннархи таркибига киритилган. Корхона амортизация бўйича харажатларни 2010-счётда ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархи таркибида акс эттиради: – декабрда: 100 000 х 15% / 12 = 1 250 минг сўм; – январда: 110 000 х 15% / 12 = 1 375 минг сўм – қайта баҳолашни ҳисобга олган ҳолда асбоб-ускуна қийматидан келиб чиқиб. Ишлаб чиқарилган маҳсулот таркибида амортизация бўйича жами харажатлар: 1 250 + 1 375 = 2 625 минг сўм. Февралда корхона 9110-счётда реализация қилинган маҳсулот таннархини тан олади. Амортизация унинг таркибида: 2 625 / 100 х 70 = 1 837,5 минг сўм. Фойда солиғини ҳисоб-китоб қилиш чоғида амортизация қайта баҳолашни ҳисобга олмаган ҳолда, яъни 2021 йил 1 январга асбоб-ускуна қиймати – 100 минг сўмдан чегириб ташланади: (100 000 х 15% / 12 х 2) / 100 х 70 = 1 750 минг сўм. Худди шу сумма 2021 йил I чораги учун Фойда солиғи ҳисоб-китобининг 2-иловаси 020 ва 0106-сатрларига киритилади.

 

 

Солиқ солиш мақсадида АВ нархининг қадрсизланиш суммалари чегириб ташланмайдиган харажатларга киритилади (СК 305-м. 10-қ., 317-м. 31-б.).

 

 

Капитал қўйилмалар

Асосий воситаларнинг бошланғич қийматини капитал қўйилмалар ошириши мумкин.

Улар асосий воситаларни қуриб битказиш, қўшимча жиҳозлаш, реконструкция қилиш, модернизация қилиш ва техник қайта қуроллантиришга доир харажатлардир.

Улар натижасида АВ фаолият юритишининг норматив кўрсаткичлари яхшиланса, уларни АВнинг бошланғич қийматига киритинг. Масалан, фойдали тарзда фойдаланиш муддати, қуввати, қўллаш сифати (5-сон БҲМС 23-б.).

Солиқ солиш мақсадида амортизация бўйича харажатларни бошланғич қийматдан қўшимча капитал қўйилмаларни ҳисобга олган ҳолда аниқланг.

 

Мисол. Капитал қўйилмалар амалга оширилганда амортизация бўйича харажатларни тан олиш

Корхона балансида бино мавжуд, 2021 йил 1 январга унинг тиклаш қиймати – 3 000 млн сўм. 2021 йил давомида бино реконструкция қилинди. 600 млн сўм миқдоридаги реконструкция харажатлари бино қийматига киритилди. Корхона амортизацияни тенг маромли ҳисоблаш усулини ва 3%лик нормани қўллайди. Харажатлар капиталлаштирилгандан кейин амортизация бўйича ҳар ойлик харажатлар бухгалтерия ва солиқ ҳисобида қуйидаги миқдорни ташкил этади: (3 000 + 600) х 3% / 12 = 9 млн сўм.

 

 

АВни қуриб битказиш, қўшимча жиҳозлаш, реконструкция қилиш, модернизация қилиш ва техник қайта қуроллантиришда ёки бошқа АВни барпо этишда иштирок этувчи АВнинг амортизацияси бўйича харажатларни бухгалтерия тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларига мувофиқ капитал қўйилмалар таркибига киритинг.

 

 

МИСОЛ. Амортизация бўйича харажатларни капиталлаштириш

Ўз эҳтиёжлари учун бино қурилишида 2021 йил 1 январга қиймати 700 млн сўмни ташкил этган қурилиш техникасидан, унинг амортизация бўйича харажатларини капиталлаштирган ҳолда, фойдаланилмоқда. Ҳисоб сиёсатига кўра корхона 2021 йил январь ойида қайта баҳолашни ўтказди, бунинг натижасида қурилиш техникасининг қиймати 5%га ошиб, 735 млн сўмни ташкил этди. Корхона амортизацияни тенг маромли ҳисоблаш усулини ва 15%лик нормани қўллайди. Қайта баҳолаш ҳисобга олинган қийматдан келиб чиққанда ҳар ойлик амортизация ажратмалари қуйидаги миқдорни ташкил этади: 735 х 15% / 12 = 9,2 млн сўм. Ушбу сумма капитал қўйилмаларга киритилади.

 

 

Айланмадан олинадиган солиқни тўловчи фойда солиғи тўловчисига айланса

Амортизация бўйича харажатлар айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базасига таъсир кўрсатмайди. Уларни бухгалтерия ҳисоби мақсадларида ҳисоб сиёсатида белгиланган усулларга мувофиқ бухгалтерия ҳисобида акс эттиринг.

Фойда солиғини тўлашга ўтган ойдан бошлаб ушбу солиқни тўловчилар учун назарда тутилган СК нормаларини қўлланг.

Шу жумладан шу ойдан фойда солиғини ҳисоб-китоб қилиш чоғида амортизация учун харажатларни тан олинг:

● 2021 йил 1 январга балансда бўлган АВ учун – ушбу санадаги қийматидан келиб чиқиб;

● 2021 йил 1 январдан кейин балансга қабул қилинган АВ учун – келгуси қайта баҳолашларни ҳисобга олмасдан уларнинг бошланғич қийматидан келиб чиқиб.

Бунда бухгалтерия ҳисобида амортизация бўйича харажатларни бухгалтерия тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва корхонанинг ҳисоб сиёсатига мувофиқ тан олинг.

 

Дилшод СУЛТОНОВ,

молия вазирининг ўринбосари.

 

Наталья МЕМЕТОВА,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 1319 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика