Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 04 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида»

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

ЎзР ВМнинг 2021 йил 7 январдаги 1-сон қарорига

2-ИЛОВА**

 

СОЛИҚ ТЕКШИРУВЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Солиқ текширувлари солиқ тўловчилар, йиғимларни тўловчилар ва солиқ агентлари томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат қилиш мақсадида ўтказилади.

Солиқ текшируви солиқ тўловчи тўғрисида солиқ органларида мавжуд бўлган маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида амалга оширилади.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

далолатнома – текширув материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича қарор қабул қилиш учун асослардан бири бўлиб ҳисобланадиган, солиқ текширувини ўтказиш жараёнида ёки унинг натижаси бўйича солиқ органларининг ваколатли мансабдор шахслари томонидан тузиладиган ҳужжат;

солиқ ҳисоботидаги тафовутлар – солиқ тўловчи томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ солиқ ҳисоботларида акс эттирилиши лозим бўлган кўрсаткичлар ёки маълумотлар билан солиқ ҳисоботида акс эттирилган кўрсаткичлар ёки маълумотлар орасидаги фарқ ёки номувофиқликлар;

солиқ ҳисоботидаги хатолар – солиқ тўловчи томонидан солиқ ҳисоботида нотўғри маълумотлар ёки кўрсаткичлар акс эттирилиши;

солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишини видеотасвирга олиш – фуқаролар ёки солиқ органлари мансабдор шахслари томонидан видеокамера ва бошқа видеоёзиш қурилмаларидан фойдаланган ҳолда тасвирга олиш йўли билан олинган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари ҳақидаги видеоматериаллар;

талабнома – камерал солиқ текшируви якуни билан тақдим этилган солиқ ҳисоботида тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланганда, солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш зарурлиги ҳақида кўрсатма мавжуд бўлган, солиқ органи томонидан солиқ тўловчига юбориладиган ҳужжат;

тафовутларнинг асосномаси – солиқ тўловчи томонидан тақдим этиладиган солиқ органининг талабномасига жавобан аниқланган тафовутларга асос бўладиган тушунтиришлар ва ҳужжатлар;

хронометраж кўздан кечириш – ишлаб чиқаришнинг (хизматлар кўрсатишнинг) ҳақиқий ҳажмларини аниқлашга доир солиқ назорати тадбири.

хулоса – камерал солиқ текшируви доирасида амалга оширилган ҳаракатлар, солиқ текширувини ўтказиш учун асос бўлган ҳолатларнинг солиқ текширувида тасдиғини топганлиги ёки қисман тасдиғини топганлиги ёхуд тасдиғини топмаганлиги тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган текширувни ўтказган мансабдор шахс томонидан текширув натижаси бўйича тузиладиган ҳужжат.

4. Солиқ текширувлари доирасида ҳужжатлар алмашиш қуйидагича амалга оширилади:

солиқ тўловчига ҳужжатлар электрон шаклда солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилади. Юборилган ҳужжатлар солиқ тўловчи томонидан ўқиб чиқилганидан кейин, бироқ ушбу ҳужжат жўнатилган санадан эътиборан уч кундан кечиктирмай олинган деб ҳисобланади;

солиқ тўловчида солиқ тўловчининг шахсий кабинети мавжуд бўлмаса, ҳужжатлар буюртма хат қилиб почта орқали юборилади ва улар жўнатилганидан сўнг беш кундан кейин олинган деб ҳисобланади;

ҳужжатлар солиқ тўловчига ёки унинг вакилига шахсан мазкур ҳужжатлар олинган сана кўрсатилган ҳолда имзо қўйдириб топширилиши мумкин.

 

2-БОБ. СОЛИҚ ТЕКШИРУВЛАРИНИНГ ТУРЛАРИ ВА ХУСУСИЯТЛАРИ

5. Солиқ органлари солиқ текширувларининг қуйидаги турларини ўтказади:

камерал солиқ текшируви;

сайёр солиқ текшируви;

солиқ аудити.

6. Камерал солиқ текшируви – солиқ тўловчилар (солиқ агентлари) томонидан солиқлар ва йиғимлар (кейинги ўринларда – солиқлар) тўғри ҳисобланишини, ўз вақтида ва тўлиқ бюджет тизимига тўланишини текшириш мақсадида солиқ тўловчи, солиқ агентлари (кейинги ўринларда – солиқ тўловчи деб юритилади) томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботларини ва (ёки) солиқ органида мавжуд бўлган солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисидаги бошқа маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида солиқ органи томонидан ўтказиладиган текширув ҳисобланади.

Қўшилган қиймат солиғини қоплаш билан боғлиқ бўлган камерал солиқ текшируви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги 489-сон қарори билан тасдиқланган Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом асосида белгиланади.

7. Сайёр солиқ текшируви – солиқ органлари томонидан солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш соҳасида солиқ тўловчиларнинг айрим мажбуриятларини, шунингдек, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларини бажариш бўйича ўтказиладиган текширув бўлиб, унда ҳисобга олиш ҳужжатларининг, товар-моддий қимматликлар ва пул маблағлари ҳаракатининг, шунингдек, солиқ тўловчининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборотнинг таҳлили ўтказилади.

8. Солиқ аудити – солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) муайян даврдаги молия ва солиқ ҳисоботларининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига барча жиҳатлардан мувофиқлиги ва ҳаққонийлигини, солиқ солиш мақсадларида бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олишда солиқ мажбуриятларининг тўғри шакллантирилиши ва акс эттирилишини солиқ органи томонидан ўтказиладиган ўрганиш орқали солиқларни тўғри ҳисоблаш ва тўлашнинг тўғрилигини текширишдир.

9. Сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда амалга оширилади, давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахсларни текшириш бундан мустасно.

Солиқ тўловчиларда ўтказилган текширув натижалари солиқ органлари томонидан текширув тугатилганидан кейин уч кун ичида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади.

 

3-БОБ. СОЛИҚ ТЕКШИРУВЛАРИ ИШТИРОКЧИЛАРИ, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

10. Солиқ текширувини ўтказувчи солиқ органининг мансабдор шахси, солиқ тўловчи ва унинг вакиллари солиқ текширувининг иштирокчилари ҳисобланади.

11. Солиқ текширувларига зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг (кейинги ўринларда – Солиқ кодекси) 149-153-моддаларида белгиланган тартибда гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимон ва холислар жалб этилиши, шунингдек, экспертиза тайинланиши мумкин.

12. Эксперт, мутахассис ва таржимонни жалб қилиш учун солиқ органи томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат қилинади.

Мустақил эксперт, мутахассис ва таржимонлар шартнома асосида солиқ органининг маблағлари ҳисобидан жалб қилиниши мумкин, маблағ ажратиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси (кейинги ўринларда – Давлат солиқ қўмитаси) томонидан тасдиқланади.

13. Солиқ назоратини амалга ошириш учун аҳамиятга эга бирор-бир ҳолатлар ўзига маълум бўлган ҳар қандай вояга етган жисмоний шахс кўрсатмалар бериш учун гувоҳ сифатида чақирилиши мумкин.

Солиқ текшируви давомида кўрсатмалар олишдан аввал солиқ органининг мансабдор шахси гувоҳни кўрсатмалар беришни рад этганлик ёки бундан бош тортганлик ёхуд била туриб ёлғон кўрсатмалар берганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантиради.

Гувоҳнинг кўрсатмалари ушбу Низомга 1-иловага* мувофиқ шаклда тузиладиган баённомада қайд этилади.

14. Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарор солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан ушбу Низомга 2-иловага* мувофиқ шаклда солиқ текширувини ўтказадиган солиқ органи мансабдор шахсининг илтимосномаси асосида қабул қилинади.

15. Солиқ текширувини ўтказувчи солиқ органининг мансабдор шахси солиқ тўловчини экспертиза тайинланганлиги тўғрисидаги қарор билан таништиради ва ҳуқуқларини тушунтириб, бу ҳақида ушбу Низомга 3-иловага* мувофиқ шаклда баённома тузади.

16. Солиқ органлари мансабдор шахслари сайёр солиқ текширувида холис сифатида иштирок этишига йўл қўйилмайди.

17. Солиқ текширувларини ўтказишда солиқ тўловчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

солиқ органлари мансабдор шахсларининг текширув масалаларига алоқаси бўлмаган талабларини бажармаслик;

солиқ текширувларини ўтказишда шахсан ёки ўз вакили орқали иштирок этиш;

солиқ текширувини амалга оширувчи солиқ органларига солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижросига тааллуқли масалалар бўйича тушунтиришлар бериш;

солиқ тўловчи талаб қилиб олинаётган ҳужжатларни солиқ органига тақдим этмасликка ҳақли, агар ушбу ҳужжатлар ёки уларнинг нусхалари олдин солиқ органларига олдинги ўтказилган камерал ёки сайёр солиқ текширувларида ёхуд солиқ мониторингини ўтказиш жараёнида тақдим этилган бўлса;

экспертни рад этиш ва экспертни ўзи кўрсатган шахслар орасидан тайинлаш тўғрисида илтимос қилиш;

солиқ органи мансабдор шахсининг рухсати билан экспертиза ўтказишда иштирок этиш ва экспертга тушунтиришлар бериш, экспертнинг хулосаси билан танишиш;

солиқ текшируви материаллари билан танишиш ва текширув далолатномасини олиш;

солиқ органлари мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят қилиш;

камерал солиқ текшируви натижаси бўйича талабномада кўрсатилган тафовутларнинг асосномаси сифатида солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг хулосасини тақдим этиш.

Сайёр солиқ текширувлари ёки солиқ аудитини ўтказишда солиқ тўловчилар қуйидаги ҳолларда солиқ органи мансабдор шахсларини солиқ текширувини ўтказиш учун ҳудудга ва жойларга қўймасликка ҳақли, агар:

сайёр солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган ва буйруқ нусхаси солиқ тўловчига берилмаган бўлса, солиқ тўловчи уни олишдан бош тортган ҳоллар бундан мустасно;

текширувчи мансабдор шахс текширувни тайинлаш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилмаган, ўз хизмат гувоҳномасини кўрсатмаган бўлса;

солиқ текширувини ўтказишнинг буйруқда кўрсатилган муддатлари бошланмаган ёки ўтиб кетган бўлса.

Солиқ тўловчилар қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.

18. Солиқ текширувларини ўтказишда солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари:

солиқ органларининг текшириш билан боғлиқ қонуний талабларини бажариш, улар мансабдор шахсларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилмаслик.

текширувни ўтказаётган солиқ органларининг мансабдор шахсларига текширув билан боғлиқ, шу жумладан, электрон ахборот жисмларида сақланадиган, ҳужжатлар ва ахборотни ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш имкониятини таъминлаш;

текширувни ўтказувчи мансабдор шахснинг талабига кўра солиқ тўловчи электрон шаклда тузилган ҳужжатларнинг қоғоздаги кўчирма нусхаларини тақдим этиши шарт, электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизимида рўйхатга олинган электрон ҳисобварақ-фактуралар бундан мустасно;

камерал солиқ текшируви натижалари бўйича талабнома олинган кундан бошлаб ўн кун муддатда тегишли солиқлар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёхуд аниқланган тафовутларнинг асосларини тасдиқловчи ҳужжатлар билан тақдим этиш;

солиқ аудити бошлангунга қадар солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотларни тайёрлаб қўйиш.

Солиқ тўловчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.

19. Солиқ текширувларини ўтказишда солиқ органлари мансабдор шахсларининг ҳуқуқлари:

камерал солиқ текширувини ўтказишда:

ушбу Низомнинг 6-боби 3-параграфида кўрсатилган тартибда солиқ тўловчининг ҳудудлари ва биноларини кўздан кечириш;

солиқ текширувларини ўтказиш чоғида солиқ тўловчини ёзма билдириш асосида солиқ органига у томонидан солиқларни тўлаш (ушлаб қолиш ва ўтказиш) юзасидан ёхуд солиқ текшируви билан боғлиқ равишда тушунтиришлар беришга чақириш;

текширилаётган солиқ тўловчининг фаолиятига тааллуқли бўлган ҳужжатларни (ахборотни) учинчи шахслардан талаб қилиб олиш зарур бўлган ҳолларда ушбу ҳужжатларни (ахборотни) солиқ тўловчининг контрагентидан ёки ҳужжатларга (ахборотга) эга бўлган бошқа шахслардан талаб қилиб олиш;

товарларнинг (хизматларнинг) битимдаги нархи бозор нархидан паст ёки юқори бўлган ҳолларда, тегишли солиқлар бўйича солиқ базасига тузатиш киритиш;

камерал солиқ текшируви жараёнида текширилаётган солиқ тўловчи томонидан солиқ органи талаб қилган ҳужжатлар сўровнома олинган кундан эътиборан беш кун ичида тақдим этилмаганда, Солиқ кодексининг 111-моддасига асосан солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилиш;

сайёр солиқ текширувини ўтказишда:

солиқ тўловчилар томонидан аҳоли билан ҳисоб-китобларни амалга оширишда савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини, шу жумладан, назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминалларининг қўлланилишини текшириш;

профилактика тадбирларини ўтказиш;

солиқ тўловчининг текширув билан боғлиқ, шу жумладан, электрон ахборот жисмларида сақланадиган ҳисоб ҳужжатлари ва ахборотни талаб қилиб олиш ва ўрганиш;

солиқ тўловчининг ҳудудлари ва биноларини, шунингдек, ҳужжатлар ва буюмларини, шу жумладан, солиқ тўловчи даромад олиш учун фойдаланадиган ёхуд солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ жойларни ушбу Низомнинг 6-боби 3-параграфида белгиланган тартибда кўздан кечириш;

видеотасвирга олиш мосламаларидан мажбурий фойдаланган ҳолда мустақил равишда назорат харидини амалга ошириш;

асосий воситалар, товар-моддий бойликлар, пул маблағлари ва ҳисоб-китобларни инвентаризациядан ўтказиш;

солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар ҳисобга қўйилиши устидан солиқ назоратини амалга ошириш;

хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш;

сотилаётган товарлар нархини ва кўрсатилаётган хизматлар ҳақини сунъий равишда ошириш ёки пасайтиришни текшириш;

солиқ тўловчи ишчи-ходимлари ҳақиқий сонининг уларнинг солиқ ҳисоботидаги акс эттирилган сонига мувофиқлигини текшириш;

бозорлар, савдо комплекслари ҳудудларида ва уларга туташ бўлган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини текшириш;

ер қаъридан фойдаланувчи солиқ тўловчилар томонидан ҳақиқатда қазиб олинган фойдали қазилмалар ҳажмини текшириш;

банклар томонидан солиқ тўловчиларнинг тўлов топшириқномалари ва солиқ органларининг инкассо топшириқномалари ўз вақтида бажарилишини текшириш;

валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига резидентлар ва норезидентлар томонидан риоя этилиши юзасидан текширувларни амалга ошириш;

активлар ва мажбуриятларни инвентаризациядан ўтказиш;

автотранспорт воситаларида ташилаётган товарларга белгиланган тартибда расмийлаштирилган товар-кузатув ҳужжатлари мавжудлигини текшириш;

солиқ аудитини ўтказишда:

кўрсатилган объектлар тўғрисидаги аниқ маълумотларнинг текширилаётган шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатларга асосланган маълумотларга мувофиқлигини аниқлаш мақсадида текширилаётган шахснинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун фойдаланиладиган ҳудудларини ёки биносини ёхуд солиқ солиш объектларини кўздан кечириш;

текширилаётган шахсдан солиқ текшируви учун зарур бўлган ҳужжатларни талаб қилиб олиш;

солиқ текширувларини ўтказувчи шахс солиқ тўловчининг фаолиятига тааллуқли ҳужжатларга (ахборотга) эга бўлган контрагентдан ёки бошқа шахслардан ушбу ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олиш;

солиқларни ҳисоблаб чиқариш билан боғлиқ ҳужжатларни, буюмларни ва электрон ахборот сақловчи жисмларни (солиққа оид ахборотни сақловчи мосламалар, шу жумладан, компьютернинг қаттиқ диски, ноутбуклар ва бошқалар) Солиқ кодексининг 148-моддасида белгиланган тартибда олиб қўйиш;

агар битимнинг нархи товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, тегишли солиқлар бўйича солиқ базасига тузатиш киритиш.

Солиқ органлари қонунга мувофиқ бошқа ҳуқуқларни ҳам амалга ошириши мумкин.

20. Солиқ текширувларини ўтказишда солиқ органлари мансабдор шахслари қуйидагиларга мажбур:

сайёр солиқ текширувини ўтказишда:

солиқ тўловчига ўз хизмат гувоҳномасини кўрсатиш;

солиқ тўловчини солиқ текшируви мақсади, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари билан таништириш;

солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруқнинг бир нусхасини солиқ тўловчига тақдим этиши;

ўтказилган солиқ текшируви натижалари бўйича солиқ текшируви далолатномасини тузиш ва бир нусхасини солиқ тўловчига тақдим этиш;

ўтказилган солиқ текширувларининг натижалари текширув тамомлангандан кейин уч кун ичида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилишини таъминлаш;

солиқ аудити бошлангунга қадар:

солиқ тўловчини ёки унинг вакилини солиқ текшируви мақсади билан таништириш, унга ўз хизмат гувоҳномасини кўрсатиш;

солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруқнинг бир нусхасини солиқ тўловчига тақдим этиш;

солиқ тўловчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш.

Солиқ органлари мансабдор шахсларининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

 

II БЎЛИМ. КАМЕРАЛ СОЛИҚ ТЕКШИРУВИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

 

4-БОБ. КАМЕРАЛ СОЛИҚ ТЕКШИРУВИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

 

1-§. Камерал солиқ текширувини ташкил этиш

21. Камерал солиқ текшируви қуйидаги ҳолларда ўтказилади:

солиқ хавфини бошқариш тизими асосида аниқланган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши содир этилганлиги хавфи мавжудлигида;

солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботида тафовутлар ёки хатолар аниқланганда.

Солиқ органлари қуйидаги ҳолларда ҳам камерал солиқ текширувини ўтказишга ҳақли:

солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши ҳолатлари ҳақида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари солиқ органига тушганда;

солиқ тўловчи томонидан олдин тақдим этилган солиқ ҳисоботига нисбатан тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини камайтирадиган ёки кўрилган зарар суммасини кўпайтирадиган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилганда.

22. Камерал солиқ текшируви Солиқ кодексининг 88-моддасида белгиланган даъво муддати ўтмаган солиқ даврларига нисбатан ўтказилиши мумкин.

Агар солиқ (ҳисобот) даври учун солиқ мониторинги ўтказилаётган бўлса, бундай давр учун камерал солиқ текшируви ўтказилмайди. Кўрсатилган қоида солиқ мониторинги муддатидан олдин тугатилганда қўлланилмайди.

23. Камерал солиқ текшируви солиқ органи жойлашган жойда амалга оширилади, бундан солиқ тўловчининг ҳудудларини ва биноларини кўздан кечириш билан боғлиқ ҳолатлар мустасно.

Ҳудудларни ва биноларни кўздан кечириш солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботида акс эттирилган кўрсаткичлар ёки маълумотлар ҳамда солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида солиқ органида мавжуд бошқа ахборотнинг ҳаққонийлигини тасдиқлаш учун ўтказилади.

Ҳудудларни ва биноларни кўздан кечириш солиқ тўловчида белгиланган иш режимига асосан бир иш куни давомида ўтказилади.

24. Агар солиқ тўловчи томонидан аввал ҳисобланган солиқ суммаси ўзгартирилиб, камерал солиқ текшируви тугагунга қадар ўн кун олдин аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилса, камерал солиқ текшируви ушбу тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ҳисобга олган ҳолда ўтказилади.

 

2-§. Камерал солиқ текширувини ўтказиш

25. Камерал солиқ текшируви солиқ органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) ушбу Низомга 4-иловада* келтирилган шаклда расмийлаштириладиган буйруғи асосида ўтказилади.

26. Камерал солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ асосида фақат битта солиқ тўловчи текширувдан ўтказилади.

27. Камерал солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруқда солиқ тўловчининг номи ва унинг идентификация рақами, текширувчи шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими, камерал солиқ текширувини ўтказиш муддатлари, текширилаётган давр кўрсатилади.

28. Камерал солиқ текширувида солиқ органининг икки ва ундан ортиқ текширувчи мансабдор шахслари қатнашганда, текшириш жараёнини бошқариш ва натижаларини умумлаштиришга буйруқда фамилияси биринчи кўрсатилган текширувчи жавобгар шахс ҳисобланади.

29. Камерал солиқ текширувини ўтказиш муддати камерал солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган санадан бошланади.

Камерал солиқ текширувининг умумий муддати олтмиш кундан ошиши мумкин эмас.

30. Камерал солиқ текшируви давомида солиқ органи ушбу Низомга 5-иловада* келтирилган мувофиқ шаклда расмийлаштирилган сўровнома асосида солиқ тўловчидан:

солиқларни ҳисоблаб чиқариш учун асос бўлган бирламчи ҳужжатларни, бухгалтерия ҳисоби регистрларини ҳамда бошқа ҳисоб ҳужжатларини;

тақдим этилган солиқ ҳисоботи ва ҳисоб ҳужжатларига доир тушунтиришларни;

солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш билан боғлиқ бошқа ахборотни талаб қилиб олишга ҳақли.

31. Сўровномада кўрсатилган ҳужжатлар ва тушунтиришлар солиқ тўловчи томонидан солиқ органига сўровнома олинган кундан эътиборан беш кун ичида тақдим этилиши керак.

Ҳужжатларни тақдим этиш муддати солиқ тўловчининг ҳужжатлар тақдим этиш учун сабаблари ва зарур бўлган муддатлари кўрсатилган аризасига кўра солиқ органи томонидан узайтирилиши мумкин. Бунда ариза солиқ тўловчи томонидан солиқ органига сўровнома олинган кундан эътиборан кейинги кун давомида тақдим этилади.

32. Текширилаётган солиқ тўловчининг фаолиятига тааллуқли бўлган ҳужжатларни (ахборотни) учинчи шахслардан талаб қилиб олиш зарур бўлган ҳолларда, солиқ органлари ушбу ҳужжатларни (ахборотни) солиқ тўловчининг контрагентидан ёки ҳужжатларга (ахборотга) эга бўлган бошқа шахслардан талаб қилиб олади. Ҳужжатларни (ахборотни) учинчи шахслардан талаб қилиб олиш ушбу Низомнинг 6-боби 5-параграфида белгиланган тартибда амалга оширилади.

33. Камерал солиқ текширувини ўтказиш учун солиқ тўловчи томонидан ҳужжатлар тасдиқланган кўчирма нусха шаклида тақдим этилади. Зарурат бўлган ҳолларда солиқ органи ҳужжатларнинг асл нусхалари билан танишишга ҳақли.

34. Агар ҳужжатлар олдин солиқ органига асл нусхалар тарзида тақдим этилиб, кейинчалик текширилаётган солиқ тўловчига қайтарилган бўлса, шунингдек, солиқ органига тақдим этилиб, бартараф этиб бўлмайдиган куч ҳолатлари оқибатида йўқотилган тақдирда, ҳужжатлар текширилаётган солиқ тўловчидан қайта талаб қилиб олиниши мумкин.

35. Камерал солиқ текшируви натижалари бўйича текширувни ўтказувчи мансабдор шахс ушбу Низомга 6-иловада* келтирилган шаклга мувофиқ хулоса тузади.

Хулосада камерал солиқ текширувини бошлаш ташаббуси учун асос бўлиб хизмат қилган маълумотлар кўрсатилиб, солиққа оид ҳуқуқбузарликларнинг аниқланганлиги ёки аниқланмаганлиги, қисман тасдиғини топганлиги ёки топмаганлиги, солиқ ҳисоботларидаги тафовутлар ёки хатолар баён этилади.

Шунингдек, хулосада, агар бундай ҳаракатлар камерал солиқ текшируви доирасида амалга оширилган бўлса, солиқ тўловчидан ёки учинчи шахслардан талаб қилиб олинган ёхуд солиқ тўловчининг ҳудудларини ва биноларини кўздан кечиришда ҳамда ўтказилган сайёр солиқ текширувларида олинган ахборотни (ҳужжатларни) ўрганиш ва таҳлил қилиш натижалари ҳам кўрсатилади.

36. Камерал солиқ текшируви юзасидан тузилган хулоса солиқ органи раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан икки кун ичида кўриб чиқилади ва тасдиқланади.

37. Камерал солиқ текшируви материаллари, шу жумладан, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги далолатнома, текшириш якунларига кўра тафовутлар аниқланганлиги ёки солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши мавжуд эмаслиги тўғрисида тузилган хулоса Солиқ кодексининг ­135-моддаси олтинчи қисмига мувофиқ солиқ органида рўйхатдан ўтказилиши керак.

 

3-§. Камерал солиқ текшируви натижалари бўйича талабномани юбориш

38. Камерал солиқ текшируви натижалари бўйича тасдиқланган хулосага кўра солиқ ҳисоботидаги тафовутлар ёки хатолар аниқланган ҳолатлар юзасидан солиқ органи томонидан икки кун муддатда солиқ тўловчига уларни бартараф этиш тўғрисида ушбу Низомга 7-иловага* мувофиқ шаклда талабнома юборилади.

Талабнома юборилган сана камерал солиқ текшируви тугатилган сана ҳисобланади. Тақдим этилган солиқ ҳисоботларини ўрганиш ва таҳлил қилиш натижалари бўйича тафовутлар ёки хатолар аниқланмаган бўлса ҳам камерал солиқ текшируви якунланган деб ҳисобланади ва бу ҳақида солиқ органи томонидан солиқ тўловчининг шахсий кабинетига тегишли хабарнома юборилади.

39. Солиқ тўловчи талабнома олинган кундан бошлаб ўн кун муддатда тегишли солиқлар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёхуд аниқланган тафовутларнинг асосларини тасдиқловчи ҳужжатлар билан солиқ органига тақдим этиши шарт.

40. Солиқ тўловчи талабномада кўрсатилган тафовутларнинг асосномаси сифатида солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг хулосасини тақдим этишга ҳақли. Ушбу асосномани солиқ тўловчининг номидан солиқ маслаҳатчилари ташкилоти мустақил равишда солиқ тўловчи билан тузилган шартномага асосан тақдим этиши мумкин.

41. Солиқ тўловчининг тақдим этган асосномаси тегишли ҳужжатлар (асосномалар) олинган кундан эътиборан ўн беш кун ичида солиқ органининг раҳбари (раҳбари ўринбосари) томонидан кўриб чиқилади.

42. Аниқланган тафовутлар бўйича тақдим этилган асосномаларга тўлиқ ёки қисман розилик берилган тақдирда, солиқ органи олдин юборилган талабнома бекор қилинганлиги тўғрисидаги билдириш хатини ёхуд солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш тўғрисидаги аниқлаштирилган талабномани уч кун ичида солиқ тўловчига юборади.

43. Агар солиқ тўловчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаса ёки аниқланган тафовутлар бўйича асосномаларни тақдим этмаса ёхуд тақдим этган асосномалар етарли эмас деб топилса солиқ органи солиқ тўловчига солиқ аудитини тайинлашга ҳақли. Бунда солиқ аудити ушбу Низомнинг 6-бобида белгиланган тартибда ўтказилади.

 

4-§. Камерал солиқ текширувда аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритиш

44. Агар камерал солиқ текшируви пайтида солиқ тўловчи томонидан Солиқ кодексининг 28-бобига мувофиқ жавобгарлик белгиланган солиққа оид ҳуқуқбузарликнинг содир этилганлиги ҳолати аниқланса, камерал солиқ текширувини ўтказган мансабдор шахс солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳолатларини қайд этувчи далолатномани тузади.

45. Далолатнома ушбу Низомга 8-иловага* мувофиқ шаклда солиққа оид ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган кундан эътиборан ўн кун ичида, бироқ камерал солиқ текшируви муддати тугаши кунидан кечиктирмай тузилади. Мазкур далолатнома ушбу Низомнинг 35-бандида кўрсатилган хулоса тузилишидан олдин тузилиши керак.

Далолатнома камерал солиқ текширувини ўтказган мансабдор шахс ва солиқ тўловчи томонидан имзоланади.

46. Камерал солиқ текширувини ўтказган солиқ органи раҳбари (раҳбар ўринбосари) далолатномани ва камерал солиқ текширувининг бошқа материалларини ушбу далолатнома тузилган кундан эътиборан ўн кун ўтгач, бироқ ўн беш кундан кечиктирмасдан кўриб чиқади.

47. Солиқ органи мансабдор шахси томонидан солиқ текширувида олинган фотосуратлар, видеоёзувлар ва текширишда олинган бошқа материаллар хулосага ёки солиққа оид ҳуқуқбузарлик далолатномасига илова қилинади.

48. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар Солиқ кодексининг 165-моддаси еттинчи–ўн тўққизинчи қисмларида назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади, Солиқ кодексининг 223 ёки 224-моддаларида назарда тутилган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бундан мустасно ва кўриб чиқиш натижалари бўйича қарор Солиқ кодексининг 166-моддасида назарда тутилган тартибда қабул қилинади.

Солиқ кодексининг 223 ёки 224-моддаларида назарда тутилган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар Солиқ кодексининг 158-моддасида назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади ва кўриб чиқиш натижалари бўйича қарор Солиқ кодексининг 159-моддасида назарда тутилган тартибда қабул қилинади.

49. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги далолатнома ва камерал солиқ текширувининг бошқа материаллари кўриб чиқилганидан кейин натижалари бўйича беш кун ичида солиқ органи раҳбари (раҳбар ўринбосари) қуйидагиларни:

қўшимча солиқлар ва пеня ҳисоблаш ёки уларни рад этишни;

солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун солиқ тўловчини жавобгарликка тортиш ёки буни рад этишни назарда тутувчи қарор қабул қилади.

50. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун солиқ тўловчини жавобгарликка тортиш ва қўшимча солиқларни ҳисоблаш тўғрисидаги қарор, у қабул қилинган кундан кейин икки кун ичида юборилади.

51. Солиқ тўловчини солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор олинган кундан эътиборан ўн кун муддатда молиявий санкциялар суммаси ихтиёрий равишда тўланганда жарима миқдори Солиқ кодекси 28-бобининг тегишли моддасида белгиланган миқдорга нисбатан икки бараварга камайтирилади.

52. Солиқ органининг қарорининг бажарилиши солиқ органи ва солиқ тўловчи томонидан солиқ органининг қарори олинган санадан бошлаб бир ой муддат ўтгач амалга оширилади.

53. Солиқ тўловчи камерал солиқ текшируви натижалари бўйича қабул қилинган қарорни ихтиёрий бажармаган тақдирда, солиқ қарзини ундириш Солиқ кодексининг 120–124-моддаларида назарда тутилган тартибда солиқ органи томонидан мустақил равишда амалга оширилади.

54. Солиқ органлари томонидан ўтказилган камерал солиқ текшируви натижасида ундирилган солиқ, пеня ва молиявий жарималар суммаларининг 60 фоизи давлат бюджетига, 40 фоизи Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармасига йўналтирилади.

55. Солиқ органининг камерал солиқ текшируви натижалари бўйича қабул қилган қарори устидан юқори турувчи солиқ органига ёки судга шикоят қилиш мумкин.

Давлат солиқ қўмитасининг қарори устидан судга шикоят қилиш мумкин.

56. Юқори турувчи солиқ органига тушган шикоятларни кўриб чиқиш Солиқ кодексининг 30-бобида белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

5-БОБ. САЙЁР СОЛИҚ ТЕКШИРУВИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

 

1-§. Сайёр солиқ текширувини ташкил этиш

57. Сайёр солиқ текширувини ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:

солиқ хавфини бошқариш тизими орқали аниқланган, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш хавфи мавжудлиги;

жисмоний ёки юридик шахсларнинг солиқ ёхуд валюта тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари, шу жумладан, товарлар ва xизматларнинг нарxини асоссиз ошириб юбориш ҳолатлари тўғрисида, йўловчиларни енгил автотранспорт воситалари билан ташиш бўйича ноқонуний тадбиркорлик фаолияти;

оммавий ахборот воситаларида солиққа ва валютага оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинганда;

ўтказилаётган камерал солиқ текширувини холисона амалга ошириш мақсадида қўшимча маълумотлар олиш зарурати юзага келганда;

валюта операциялари амалга оширилишининг асосланганлиги юзасидан мониторинг олиб бориш жараёнида солиқ органи юборган сўровномага солиқ тўловчи томонидан ҳужжатлар ёки ахборот тақдим этилмаган ёхуд тўлиқ тақдим этилмаганда;

суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан солиқ ва валютага оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида далолат берувчи ахборот тушганда.

58. Сайёр солиқ текшируви ўн кундан кўп бўлмаган муддатда ўтказилади.

59. Сайёр солиқ текшируви солиқ органи раҳбарининг (ўринбосарининг) буйруғи асосида ўтказилади.

Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги буйруқда солиқ тўловчининг номи, текширувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда лавозими, текширувларни ўтказиш муддати ва мақсадлари, Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимидаги рўйхатга олиш рақами кўрсатилади.

Давлат рўйхатидан ўтмасдан, ноқонуний фаолият юритаётган жисмоний шахслар фаолияти бўйича сайёр солиқ текшируви ўтказиш тўғрисидаги буйруқда солиқ тўловчининг номи ва Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимидаги рўйхатга олиш рақами кўрсатилмайди.

60. Агар сайёр солиқ текширувида солиқ органининг икки ёки ундан ортиқ текширувчи мансабдор шахслари қатнашганда, буйруқда фамилияси биринчи кўрсатилган текширувчи текшириш жараёнини бошқариш ва натижаларини умумлаштиришга жавобгар шахс ҳисобланади.

61. Сайёр солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган сана ушбу текширувни ўтказиш муддатининг бошланиши деб ҳисобланади.

62. Сайёр солиқ текширувини ўтказишда солиқ тўловчилардан сайёр солиқ текшируви предметига алоқадор бўлмаган ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилишга йўл қўйилмайди.

63. Солиқ тўловчилар томонидан савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилиши, шу жумладан, улар томонидан назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилиши бўйича сайёр солиқ текширувларини ташкил этиш Давлат солиқ қўмитасининг «Soliq hamkor» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Фуқаролардан тушган мурожаатлар ва ўтказилган солиқ текширувлари тўғрисидаги маълумотлар Давлат солиқ қўмитасининг аxборотларни қайта ишлаш маркази тизимида жойлаштирилади.

«Soliq hamkor» автоматлаштирилган аxборот тизимини қайта ишлаш, ҳар йилги сақлаш ва модернизациялаш Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

64. Солиқ тўловчилар томонидан назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилиши масалалари бўйича сайёр солиқ текширувлари солиқ органлари томонидан хавфни бошқариш тизими маълумотларидан фойдаланган ҳолда чораклик режа-жадвал асосида амалга оширилиши мумкин.

65. Автотранспорт воситаларида ташилаётган товарларга белгиланган тартибда расмийлаштирилган товар-кузатув ҳужжатлари мавжудлигининг сайёр солиқ текширувлари солиқ органлари мансабдор шахслари томонидан блок-постларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа назорат органлари билан ҳамкорликда амалга оширилади. Мазкур текширишлар солиқ органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги органлари ҳамда бошқа назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан келишган ҳолда амалга оширилади.

66. Сайёр солиқ текшируви жараёнида солиқ органи мансабдор шахслари ушбу Низомнинг 6-боби 3 ва 6-параграфларида белгиланган тартибда солиқ тўловчининг биноларини ва ҳудудини кўздан кечиришга ҳамда ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйишга ҳақли. Мазкур тадбирлар зарурат юзага келганда холисларни жалб қилган ҳолда амалга оширилади.

 

2-§. Солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларнинг ҳисобга қўйилиши устидан солиқ назоратини амалга ошириш

67. Солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш сайёр солиқ текширувлари чоғида, кейинчалик солиқ солинадиган базага тузатишлар киритиш мақсадида ҳудудлар ва биноларни кўздан кечириш йўли билан амалга оширилади.

68. Солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштиришда қуйидагилар текширилади:

давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар, фаолият тури ва жойининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги;

солиқ тўловчига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулк негизида, шунингдек, ушбу мол-мулкка эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланишга йўл қўядиган ўзга ашёвий ҳуқуқ асосида мол-мулкка ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлиги.

69. Солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш натижасида олинган маълумотлар сайёр солиқ текшируви далолатномасида қайд этилади.

 

3-§. Хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш

70. Хронометраж кўздан кечириш солиқ тўловчиларнинг фаолият турлари бўйича ҳақиқий ишлаб чиқариш (ишлар, хизматлар) ҳажмларини, шунингдек, ҳақиқий харажатларини аниқлаш мақсадида ўтказилади.

71. Хронометраж кўздан кечириш солиқ тўловчининг фаолиятини тўхтатмасдан, унинг иш кунини тўлиқ қамраб олган ҳолда, унга тегишли бўлган барча объектларда, уларнинг жойлашган жойидан қатъи назар бир вақтнинг ўзида ўтказилади.

72. Хронометраж кўздан кечириш солиқ тўловчиларнинг текширишгача тасдиқланган иш режимидан келиб чиқиб, бироқ кетма-кет етти календарь кундан кам бўлмаган муддатда ўтказилади.

73. Агар солиқ тўловчининг турли ҳудудларда жойлашган (туман, шаҳар) бир нечта объектлари мавжуд бўлса, солиқ органи уларда хронометраж кўздан кечириш ўтказиш юзасидан объект жойлашган ҳудудий солиқ органига хронометраж кўздан кечириш бошланишидан камида бир кун олдин режалаштирилган хронометраж кўздан кечиришнинг аниқ санасини кўрсатган ҳолда ёзма хабарнома юборади.

Хронометраж кўздан кечириш натижаси бўйича расмийлаштирилган маълумотлар хронометраж кўздан кечириш якунланганидан сўнг ҳудудий солиқ органлари томонидан солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига бир кун ичида юборилиши шарт.

74. Хронометраж кўздан кечириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар (бажарилаётган ишлар, кўрсатилаётган хизматлар) тури ва миқдорини аниқлаш;

тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун фойдаланилаётган хом ашё ва ярим тайёр маҳсулотлар ҳажмини, ускуналарнинг ишлаб чиқариш қувватларини қайд этиш;

тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватлари учун сарфланаётган ресурслар (газ, электр энергияси, сув, ёқилғи-мойлаш материаллари ва бошқалар) ҳажмининг ишлаб чиқариш ҳажмига мувофиқлигини аниқлаш;

ишлаб чиқарилган маҳсулотларни (бажарилаётган ишларни, кўрсатилаётган хизматларни) реализация қилиш усулларини аниқлаш;

солиқ тўловчининг ҳақиқий харажатларини аниқлаш.

75. Хронометраж кўздан кечириш натижаси баённомаси икки нусхада расмийлаштирилади. Баённоманинг бир нусхаси текширилаётган шахсга баённома нусхасини олганлигини тасдиқловчи имзо қўйдирган ҳолда берилади.

Солиқ тўловчи баённомага имзо чекишдан ва (ёки) унинг бир нусхасини олишдан бош тортган ҳолларда сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс томонидан бу ҳақида баённомага тегишли ёзув киритилади.

76. Хронометраж кўздан кечириш натижаси камерал солиқ текшируви жараёнида солиқ тўловчиларга солиқлар ва йиғимларни қўшимча ҳисоблаш учун асос бўлиши мумкин.

 

4-§. Назорат касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилишини текшириш

77. Назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилишини текшириш бевосита солиқ тўловчи савдо ёки хизматлар амалга оширилаётган жойда ўтказилади.

Назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилишини текшириш назорат харидини амалга ошириш йўли билан ҳам ўтказилиши мумкин.

78. Назорат-касса техникаси ва (ёки) ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилиши назоратини амалга оширишда, жумладан, қуйидагилар текширилади:

cолиқ тўловчи томонидан фойдаланилаётган назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминали тегишли қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги;

харидорларга назорат-касса техникаси чеки ёки унга тенглаштирилган бошқа ҳужжатлар берилиши;

банк карталари орқали тўловлар қабул қилиниши, харидорларга ҳисоб-китоб терминаллари чеки ва назорат-касса техникаси чеки берилиши;

сотилаётган товарлар нархини ҳамда кўрсатилаётган ҳақини нақд пул маблағлари ёки банк карталар бўйича тўлаш шаклига қараб уларни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш масалалари.

79. Назорат харидини амалга оширишда қуйидаги шахслар жалб қилиниши мумкин:

солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги тўғрисида мурожаат қилган жисмоний шахс (юридик шахснинг вакили);

«холис харидор» хизматини кўрсатувчи юридик шахс ишчи-ходимлари;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солик кўмитаси томонидан белгиланган тартибда фуқаролик тусидаги шартномалар асосида солиқ органлари томонидан жалб қилинган жисмоний шаxслар;

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вакиллари.

Сайёр солиқ текширувини ўтказишда назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилиши бўйича кўрсатма бериш учун товар ёки хизматни харид қилган, текширув натижасидан манфаатдор бўлмаган ҳар қандай мустақил вояга етган ва солиқ назоратини амалга ошириш учун аҳамиятга эга ҳолатлар ўзига маълум бўлган шахслар жалб қилиниши мумкин.

80. Сайёр солиқ текширувида солиқ органларининг текширувчи мансабдор шахслари томонидан назорат хариди жараёнини видеотасвирга олиш учун видеотасвирга олиш мосламаларидан мажбурий фойдаланиш шарти билан мустақил равишда назорат хариди амалга оширилиши мумкин.

81. Назорат харидини амалга оширган шахслар сотиб олинган товарларни назорат хариди якунланиши билан солиқ органининг сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахсларига топшириши шарт.

82. Ўтказилган назорат хариди натижаси бўйича ушбу Низомга 9-иловага* мувофиқ шаклда баённома расмийлаштирилади ва сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс, назорат харидини амалга оширган шахс ва текширилаётган шахс томонидан имзоланади.

Назорат харидини ўтказиш баённомасининг бир нусхаси солиқ тўловчига баённома нусхасини олганлигини тасдиқловчи имзо қўйдирган ҳолда берилади. Бунда солиқ тўловчи назорат харидини ўтказиш баённомасига имзо чекишдан ва (ёки) унинг нусхасини олишдан бош тортган ҳолларда, сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс томонидан баённомага бу ҳақида тегишли ёзув киритилади.

83. Назорат харидини ўтказишда нақд пул маблағлари ва банк пластик карталаридаги маблағлардан ҳам фойдаланиш мумкин.

Назорат харидини ўтказишда фойдаланиш учун нақд пул маблағлари Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилади.

Сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс назорат харидини ўтказиш учун нақд пул маблағларини тегишли солиқ органи кассасидан олади.

Нақд пул маблағларини сайёр текширувини ўтказиш учун мансабдор шахсга беришда уларнинг қиймати, банкнота серияси ва рақамлари алоҳида варақда қайд этилиб, чиқим касса ордерига илова қилинади. Мазкур варақ нусхаси сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахсга берилади.

84. Назорат хариди ўтказилиб ва ўзаро ҳисоб-китоблар якунлангач назорат харидини ўтказишда фойдаланилган пул маблағлари текширилган солиқ тўловчи (унинг вакили) томонидан сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахсга қайтарилади, харид қилинган товарлар солиқ тўловчига (унинг вакили) қайтариб берилиши шарт, бундан қайтариш имкони бўлмаган ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ олиб қўйилиши лозим бўлган назорат хариди предметлари мустасно.

Сайёр солиқ текшируви якунлангандан сўнг назорат харидини ўтказишда фойдаланиш учун олинган нақд пул маблағлари бир кун ичида тегишли солиқ органи кассасига тўлиқ ҳажмда топширилади. Пул маблағларининг қиймати, банкнота серияси ва рақамлари ёзилган варақ нусхаси кирим касса ордерига илова қилинади.

85. Солиқ органларига назорат-касса техникаси ёки ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш билан боғлиқ солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳақида жисмоний шахслардан тушган мурожаатларга видеоёзувлар илова қилинганда назорат харидини амалга ошириш талаб қилинмайди.

Жисмоний шахслардан тушган видеоёзувлар илова қилинган мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари солиқ органи томонидан сайёр солиқ текшируви натижаси бўйича тузиладиган далолатномада акс эттирилади, бунда ушбу Низомнинг 82-бандида кўрсатиб ўтилган баённома тузилмайди.

86. Жисмоний шахслар томонидан солиқ органларига тақдим қилинган солиқ тўловчилар томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши тўғрисидаги видеоёзувлар қуйидаги талабларга мос бўлиши керак:

видеофайлнинг намойиш этиш имконияти 720х480 пикселдан кам бўлмаслиги;

видеоёзув давомийлиги 30 секунддан кам бўлмаслиги ва 10 дақиқадан ошмаслиги;

видеоёзув маълумотларида сана ва вақт кўрсатилиши.

Солиқ органлари жисмоний шахслар томонидан амалга оширилган видеотасвирларни солиққа оид ҳуқуқбузарликлар ҳолати аниқланган кундан бошлаб ўн кундан кечиктирмай кўриб чиқиш учун қабул қилади.

Ўзгартириш киритилган видеоёзувлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди, бевосита солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатларини акс эттириш юзасидан ҳажмини қисқартириш мақсадида ажратиб олинган ҳоллар бундан мустасно.

87. Сайёр солиқ текшируви жараёнида солиқ тўловчининг кассасида мавжуд нақд пул қолдиғи саноқдан ўтказилади ва ушбу Низомга 10-иловага* мувофиқ шаклда нақд пул қолдиғини саноқдан ўтказиш далолатномаси тузилади.

Солиқ тўловчининг кассасидаги нақд пул қолдиғи суммасини назорат-касса техникасида акс эттирилган пул тушумлари суммаси билан солиштириш натижалари сайёр солиқ текшируви далолатномасига киритилади.

88. Солиқ тўловчи томонидан бошқа солиқ тўловчига тегишли назорат-касса техникаси ёки ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланиш ҳолати аниқланган тақдирда, сайёр солиқ текшируви далолатномасида уларнинг русуми ва завод рақами тўғрисидаги маълумот акс эттирилади, шунингдек, харид чеки илова қилинади.

89. Техник талабларга жавоб бермайдиган назорат-касса техникаси мавжудлиги аниқланган тақдирда, сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс томонидан белгиланган тартибда баённома тузилади ва ушбу назорат-касса техникаси экспертизадан ўтказиш учун вақтинча олиб қўйилади.

 

5-§. Солиқ тўловчи ишчи-ходимларининг ҳақиқий сони ва солиқ ҳисоботидаги акс эттирилган ишчи-ходимлар сонига мувофиқлигини текшириш

90. Сайёр солиқ текшируви доирасида солиқ тўловчи – юридик шахслар ишчи-ходимларининг ҳақиқий сони ва солиқ ҳисоботдаги акс эттирилган ишчи-ходимлар сонига мувофиқлиги текшируви амалга оширилиши мумкин. Мазкур текширув қуйидагиларни ўз ичига олади:

солиқ тўловчининг ҳақиқатда фаолият юритаётган ишчи-ходимлари сонини аниқлаш ва ушбу Низомга 11-иловага* мувофиқ шаклда баённома тузиш;

текширувда аниқланган солиқ тўловчининг ҳақиқатда фаолият юритаётган ишчи-ходимлари охирги ҳисобот даври учун солиқ органига тақдим этган солиқ ҳисоботларида акс эттирилган ишчи-ходимлар билан солиштирилади;

солиқ ҳисоботларида мавжуд бўлмаган ишчи-ходимлардан уларнинг ишлаш даври ҳамда олаётган даромадлари суммаси (иш ҳақи) тўғрисида ёзма равишда тушунтиришлар олинади.

91. Солиқ тўловчи ишчи-ходимларининг ҳақиқий сони ва солиқ ҳисоботида акс эттирилган ишчи-ходимлар сонига мувофиқлиги текшируви натижалари сайёр солиқ текшируви далолатномасида акс эттирилади.

92. Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ёлланган ходимлар билан меҳнат шартномалари ва (ёки) ёлланган ходимни ҳисобга қўйиш карточкалари мавжуд бўлмаган ҳолатлар аниқланганда, ушбу қоидабузарликлар сайёр солиқ текшируви далолатномасида акс эттирилади.

 

6-§. Бозорлар, савдо комплекслари ва уларга туташ бўлган автотранспорт воситаларининг тўхташ жойларида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини текшириш

93. Бозорлар, савдо комплекслари ва уларга туташ бўлган автотранспорт воситаларининг тўхташ жойларида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини текшириш қуйидагиларни ўз ичига олади:

бир марталик йиғимларнинг тўлиқ ва ўз вақтида ундирилиши ҳамда уларни тўлашда назорат-касса техникаси қўлланилишини назорат қилиш;

бозорлар, савдо комплекслари ва уларнинг филиалларида сотувчи ва харидорларга кўрсатилган хизматлар учун тўловларнинг ҳамда бино ва иншоотларни, шунингдек, буюмларни ижарага бериш бўйича ижара тўловларининг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини назорат қилиш;

савдо ва xизматлар кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини текшириш.

94. Бозорлар, савдо комплекслари, уларга туташ бўлган автотранспорт воситаларининг тўхташ жойларида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини текшириш натижалари сайёр солиқ текшируви далолатномасида акс эттирилади.

 

7-§. Савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини текшириш

95. Савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилишда, шу жумладан, қуйидагилар текширилади:

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш ҳамда маркировка қилиш қоидаларига риоя этилганлиги ва тегишли рухсатнома ёки лицензиялар мавжудлиги;

ҳисоб-китоб терминали, назорат-касса техникалари мавжудлиги ҳамда солиқ тўловчининг номига расмийлаштирилганлиги;

савдо шохобчасида сотувчи – юридик шахс тўғрисидаги маълумотлар, яъни корхонанинг номи, унинг жойлашган ери (почта манзили), иш режими, солиқ тўловчининг идентификация рақами, агар сотувчи якка тартибдаги тадбиркор бўлса, унинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ва рўйхатдан ўтказган органнинг номи, солиқ тўловчининг идентификация рақами тўғрисидаги маълумотлар харидорлар танишиши учун қулай тарзда жойлаштирилганлиги;

сақланаётган, фойдаланилаётган ва реализация қилинаётган товарларга уларнинг қонуний келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлиги;

агар солиқ тўловчи амалга оширадиган фаолият лицензияланиши шарт бўлса, лицензиянинг тартиб рақами ва амал қилиш муддати тўғрисидаги, шунингдек, уни берган орган ҳақидаги маълумотлар харидорлар (истеъмолчилар) танишиши учун қулай тарзда жойлаштирилганлиги;

қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари ҳамда бошқа буюмлар билан савдони амалга оширадиган сотувчи томонидан қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмларни сотиш қоидаларига риоя этилиши, заргарлик буюмларининг асиллик даражаси белгиланганлиги ва тамғаланганлиги;

умумий овқатланиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш (хизматлар кўрсатиш) ва сотиш қоидаларига риоя этилиши;

алкоголь маҳсулотлари реализациясини амалга оширишни бошлаш тўғрисида солиқ органлари хабардор қилинганлиги, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдони ва умумий овқатланишни амалга ошириш шартларига мувофиқлик текширилади.

96. Савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини текшириш натижалари сайёр солиқ текшируви далолатномасида акс эттирилади.

 

8-§. Ер қаъридан фойдаланувчи солиқ тўловчилар томонидан ҳақиқатда қазиб олинган фойдали қазилмалар ҳажмини текшириш

97. Ер қаъридан фойдаланувчи солиқ тўловчилар томонидан ҳақиқатда қазиб олинган (ажратиб олинган) фойдали қазилмалар ҳажмини текшириш солиқ органлари мансабдор шахслари томонидан кончилик муносабатлари соҳасидаги ваколатли давлат органлари мутахассисларини жалб қилган ҳолда ўтказилади.

98. Ер қаъридан фойдаланувчиларнинг геологик, маркшейдерлик ёки техник хизматларидан олинган хулосалар солиқ органлари томонидан ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ базасини аниқлашда фойдаланилади.

99. Солиқ органлари томонидан ер қаъридан фойдаланувчилар ҳақиқатда қазиб олган (ажратиб олган) фойдали қазилмалар ҳажмини текшириш учун кончилик муносабатлари соҳасидаги ваколатли давлат органлари мутахассисларини жалб қилиш йилига икки мартадан кўп бўлмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

 

9-§. Солиқ тўловчиларнинг тўлов топшириқномалари ва солиқ органларининг инкассо топшириқномалари банклар томонидан ўз вақтида бажарилишини текшириш

100. Солиқ тўловчиларнинг тўлов топшириқномалари ва солиқ органларининг инкассо топшириқномалари банклар томонидан ўз вақтида бажарилишини текшириш қуйидагиларни ўз ичига олади, жумладан:

солиқ тўловчининг пул маблағлари ҳисобидан солиқни бюджет тизимига ўтказишга доир тўлов топшириқномаси банклар томонидан унинг банкдаги ҳисобварағида мавжуд пул маблағлари ҳисобидан ўз вақтида бажарилишини текшириш;

солиқ органининг солиқни бюджет тизимига ўтказишга доир инкассо топшириқномаси банклар томонидан солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағида мавжуд пул маблағлари ҳисобидан ўз вақтида бажарилишини текшириш.

101. Текширишда солиқ тўловчининг топшириқномалари ва солиқ органининг инкассо топшириқномалари банк томонидан фуқаролик қонун ҳужжатларида белгиланган навбат бўйича бажарилиши ўрганилади, жумладан:

солиқдан қарздор мижознинг банк ҳисобварағида пул маблағлари мавжуд бўлганда солиқ органларининг инкассо топшириқномалари, солиқ тўловчиларнинг тўлов топшириқномалари банклар томонидан ижро қилинишини текшириш;

солиқ тўловчининг ҳисобварақларидаги миллий валютадаги маблағлар тўланиши лозим бўлган талабларни қондириш учун етарли бўлмаганда солиқ органларининг тақдимномасига асосан мижозларининг чет эл валютасидаги ҳисобварағида мавжуд бўлган маблағларнинг инкассо талабномаларини қондириш учун етарли бўлган миқдордаги қисми банк томонидан Республика валюта биржасига сотувга чиқарилганлигини текшириш;

мижознинг пул маблағлари етарли бўлмаганда тижорат банклари томонидан ижро тўлов ҳужжатлари бўйича мутаносиб равишда ҳисобдан чиқариш тартибига риоя қилинаётганлигини текшириш.

102. Солиқ органининг инкассо топшириқномаси ҳамда солиқ тўловчиларнинг тўлов топшириқномаси тижорат банклари томонидан бажарилишини текшириш натижалари сайёр солиқ текшируви далолатномасида акс эттирилади.

 

10-§. Валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига резидентлар ва норезидентлар томонидан риоя этилишини текшириш

103. Валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига резидентлар ва норезидентлар томонидан риоя этилиши юзасидан текширув қуйидагиларни ўз ичига олади, жумладан:

валюта операциясини амалга ошириш учун асос бўлган ҳужжатлар (шартномалар), ушбу ҳужжатлар (шартномалар) асосида амалга оширилган барча операцияларни тасдиқловчи ҳужжатлар текширилади;

экспорт-импорт операциялари бўйича муддати ўтган дебиторлик ва кредиторлик қарздорликлар мавжудлиги текширилади.

104. Валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига резидентлар ва норезидентлар томонидан риоя этилиши юзасидан текширув натижалари сайёр солиқ текшируви далолатномасида акс эттирилади.

 

11-§. Активлар ва мажбуриятларни инвентаризациядан ўтказиш

105. Асосий воситалар, товар-моддий бойликлар, пул маблағлари ва ҳисоб-китобларни инвентаризациядан ўтказиш мол-мулкнинг ҳақиқатда мавжудлигини аниқлаш, ҳақиқатда мавжуд мол-мулкни бухгалтерия ҳисоби маълумотлари билан солиштириш, мажбуриятлар ҳисобда тўғри акс эттирилганлигини текшириш мақсадида ўтказилади.

106. Сайёр солиқ текширувларини ўтказишда солиқ тўловчининг актив ва мажбуриятларини инвентаризациядан ўтказиш ушбу Низомнинг 6-боби 7-параграфида белгиланган тартибда амалга оширилади.

107. Активлар ва мажбуриятларни инвентаризациядан ўтказиш натижалари сайёр солиқ текшируви далолатномасида акс эттирилади.

 

12-§. Ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйиш

108. Ҳужжатлар ва (ёки) буюмларни олиб қўйиш улар солиққа оид ҳуқуқбузарлик предмети бўлган ҳолларда сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс томонидан қабул қилинган қарор асосида амалга оширилиши мумкин. Мазкур қарор ушбу Низомга 12-иловага* мувофиқ шаклда расмийлаштирилади.

109. Сайёр солиқ текшируви жараёнида ҳужжатлар ва (ёки) буюмларни тунги вақтларда (соат 23.00 дан 06.00 га қадар бўлган вақт оралиғида) олиб қўйишга йўл қўйилмайди.

110. Ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйиш холислар ҳамда ҳужжатлари ва буюмларини олиб қўйиш амалга оширилаётган шахслар иштирокида ўтказилади. Зарур бўлган ҳолларда олиб қўйишни амалга оширишда иштирок этиш учун мутахассис таклиф этилади.

111. Ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйиш бошлангунига қадар сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс солиқ тўловчига ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйишни амалга ошириш тўғрисидаги қарорни тақдим этади ҳамда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради.

Сайёр солиқ текширувида солиқ тўловчининг фаолиятининг тўхтаб қолишига олиб келадиган ҳужжатлар ва буюмларни (нусхалари, шунингдек, асл нусхалари), шу жумладан электрон ҳужжатлари, предметларини (товарлар, буюмлар, хом ашёлар, материаллар ва ярим тайёр маҳсулотлар намуналари) олиб қўйиш фақат суд қарори асосида амалга оширилади.

112. Сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс ҳужжатлари ва (ёки) буюмлари олиб қўйилаётган шахсга уларни ўз ихтиёри билан топширишни таклиф этади, таклиф рад этилган тақдирда эса – олиб қўйишни мажбурий тарзда амалга оширади.

Ўзига нисбатан олиб қўйиш амалга оширилаётган шахс олиб қўйилиши лозим бўлган ҳужжатлар ва буюмлар сақланиши мумкин бўлган биноларни ёки бошқа жойларни очишдан бош тортганда, сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс тамбаларга, эшикларга ва бошқа буюмларга зарурат сабабли имкон қадар шикаст етказмаган ҳолда олиб қўйишни мустақил тарзда бажаришга ҳақли.

113. Сайёр солиқ текшируви жараёнида ҳужжатлар ва буюмларни олишда ушбу Низомга 13-иловага* мувофиқ шаклда икки нусхада ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйиш тўғрисида баённома расмийлаштирилади.

Ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйиш тўғрисидаги баённоманинг бир нусхаси солиқ тўловчига имзо қўйдириб топширилади.

Солиқ тўловчи ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйиш тўғрисидаги баённомани имзолаш ва (ёки) олишдан бош тортган ҳолларда бу ҳақида баённомага тегишли ёзув киритилади ва солиқ тўловчига почта орқали буюртма хат билан юборилади.

114. Солиқ тўловчи талаб қилинган ҳужжатлар ва буюмларни тақдим этишдан, биноларни ёки бошқа жойларни очишдан бош тортган тақдирда, бу ҳақида сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс томонидан тузилган ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйиш тўғрисида баённомада қайд этилади.

Солиқ органлари томонидан сайёр солиқ текшируви жараёнида олиб қўйилган буюмларни ҳисобга олиш, сақлаш, баҳолаш ва сотиш, шунингдек, йўқ қилиб ташлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2009 йил 15 июлдаги 200-сон қарори билан белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

13-§. Сайёр солиқ текшируви натижаларини расмийлаштириш

115. Сайёр солиқ текширувида солиқ тўловчи томонидан сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахснинг ҳудуди ва биноларига киришига тўсқинлик қилинган тақдирда, сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс томонидан ушбу Низомга 14-иловага* мувофиқ шаклда далолатнома тузилади.

Бундай далолатнома асосида солиқ органи текширилаётган шахс тўғрисида ўзида мавжуд бўлган маълумотлар ёки худди шундай солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотлар асосида тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини мустақил тарзда аниқлашга ҳақли. Далолатнома сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс ва текширилаётган шахс томонидан имзоланади. Текширилаётган шахс кўрсатилган далолатномани имзолашни рад этган тақдирда, мазкур далолатномага бу ҳақида тегишли ёзув киритилади.

116. Сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс томонидан ушбу Низомга 15-иловага* мувофиқ шаклда сайёр солиқ текшируви далолатномаси тузилади.

117. Сайёр солиқ текшируви далолатномаси икки нусхада тузилади ва солиқ органи мансабдор шахслари ҳамда солиқ тўловчи томонидан имзоланади.

Сайёр солиқ текшируви далолатномасининг бир нусхаси солиқ тўловчига далолатнома билан танишиб чиқиб, уни олганлиги ва санаси кўрсатилган имзоси орқали топширилади.

118. Солиқ тўловчи сайёр солиқ текшируви далолатномасини олишдан бош тортганда, солиқ текшируви далолатномасига тегишли ёзув киритилади ва унинг бир нусхаси солиқ тўловчига солиқ тўловчининг шахсий кабинети ёки почта орқали буюртма хат билан юборилади.

119. Сайёр солиқ текшируви далолатномаси солиқ тўловчига топширилган кун ёки унга юборилган кун солиқ текшируви якунланган кун ҳисобланади.

120. Сайёр солиқ текширувини ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатларнинг нусхалари, текширув давомида расмийлаштирилган ҳужжатлар, эксперт ва мутахассислар хулосалари, сайёр солиқ текшируви давомида олинган материаллар, шунингдек, сайёр солиқ текшируви доирасидаги ҳаракатларнинг бажарилишини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар сайёр солиқ текшируви далолатномасига илова қилинади.

121. Сайёр солиқ текшируви давомида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда, аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритиш Солиқ кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда молиявий санкциялар Солиқ кодексининг 28 ва 29-бобларида назарда тутилган миқдорларда белгиланади ва пул ундириш (жарималар) тарзида қўлланилади.

 

6-БОБ. СОЛИҚ АУДИТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

 

1-§. Солиқ аудитини ташкил этиш

122. Солиқ аудити қуйидаги солиқ тўловчиларда ўтказилади:

солиқ таваккалчилигининг юқори тоифасига мансуб бўлган;

камерал солиқ текшируви натижаси бўйича солиқ тўловчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаса (шу жумладан, аниқлаштирилган талабномадан кейин), ёхуд аниқланган тафовутлар бўйича асосномаларни тақдим этмаса, ёки у тақдим этган асосномалар етарли эмас деб топилган ҳолларда;

ихтиёрий тугатилаётган юридик шахсларда (солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг солиқлар бўйича хулосалари мавжуд бўлган солиқ тўловчилар бундан мустасно);

солиқ тўловчиларнинг жиноий ишлар бўйича молия-хўжалик фаолияти тафтиш қилиниши доирасида;

фаолиятини тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорлар, қатъий белгиланган миқдорда ёки декларация асосида жисмоний шахслардан даромад солиғини тўлайдиганлардан ташқари.

Давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахслари назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан фақат солиқ ва валюта тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилишга доир текширувларни ўтказиш учун ҳафтасига 16 иш соатидан кўп бўлмаган муддатга жалб қилиниши мумкин.

123. Солиқ органлари солиқ аудити ўтказилиши бошланишидан камида ўттиз календарь кун олдин солиқ тўловчига солиқ аудити ўтказилиши тўғрисида хабарнома юборади.

Агар солиқларни тўлашдан бўйин товлаш белгилари мавжуд бўлса, солиқ органи Давлат солиқ қўмитаси билан келишган ҳолда солиқ тўловчини олдиндан хабардор этмасдан солиқ аудитини бошлашга ҳақлидир.

124. Солиқ аудитини ўтказиш учун солиқ органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) буйруғи солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботларини ва (ёки) солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида солиқ органида мавжуд бошқа маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида солиқ аудитини ўтказиш дастури тайёрлангандан кейин чиқарилади.

Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ билан уни ўтказиш дастури ҳам тасдиқланади.

Жиноят иши юзасидан буйруқ терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими солиқ органига тушган кундан бошлаб икки иш куни мобайнида чиқарилади.

125. Ихтиёрий тугатилаётган юридик шахслар ва фаолиятини тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорлар бўйича рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан солиқ органи хабардор қилинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида солиқ аудитини амалга оширишга киришилади.

Доимий муассаса орқали фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикасининг норезидентларида солиқ аудити уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти тугаган кундан бошлаб уч иш куни ичида бошланиши лозим.

126. Солиқ аудити солиқ органи томонидан амалга оширилади.

Солиқ аудитида иштирок этиш учун Давлат солиқ қўмитаси билан келишилган ҳолда бошқа солиқ органларининг мансабдор шахслари жалб этилиши мумкин.

127. Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги буйруқда қуйидагилар кўрсатилади:

солиқ аудити ўтказиш учун асослар;

солиқ тўловчининг номи ва идентификация рақами;

солиқ аудитини ўтказувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;

солиқ аудитининг мақсади (текшириладиган битта ёки бир нечта солиқ турлари);

солиқ аудитини ўтказиш муддати;

солиқ аудити ўтказиш даври;

Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимидаги рўйхатга олиш рақами.

128. Солиқ аудити ўтказилаётган даврда текширилаётган даврнинг солиқ ҳисоботига солиқ тўловчи томонидан ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.

Солиқ аудитини ўтказиш муддати ўтказилган солиқ аудити тўғрисида далолатнома тузилган (имзоланган) кунда тугайди.

Солиқ аудитида икки ва ундан ортиқ текширувчилар қатнашганда текшириш жараёнини бошқариш ва натижаларини умумлаштириш мақсадида буйруқда биринчи кўрсатилган текширувчи гуруҳ раҳбари ҳисобланади.

Солиқ аудитини ўтказиш жараёнида солиқ аудитида қатнашиш учун қўшимча равишда текширувчи ходимлар жалб этилиши, текширувчилар алмаштирилиши, шунингдек, текширувчини буйруқдан чиқариш зарурати туғилганда олдинги буйруқнинг рўйхатга олиш рақами ва санаси кўрсатилган ҳолда солиқ органи раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан қўшимча буйруқ чиқарилади.

129. Солиқ органи солиқ аудити бошланишидан олдин солиқ тўловчига солиқ аудити ўтказилиши тўғрисида ушбу Низомга 16-иловага* мувофиқ шаклда хабарнома юборади, бундан солиқдан бўйин товлаш белгилари мавжуд бўлган, ихтиёрий тугатилаётган юридик шахслар ва фаолиятини ўз ташаббуси билан тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда жиноят иши доирасида тафтиш ўтказиладиган солиқ тўловчилар мустасно.

Хабарномада солиқ аудитининг бошланиш санаси, текширилиши лозим бўлган масалаларнинг рўйхати, зарур ҳужжатларнинг дастлабки рўйхати, шунингдек, солиқ аудитини ўтказиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар кўрсатилади.

Солиқ тўловчи солиқ аудити бошлангунга қадар хабарномада кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотларни тайёрлаб қўйишга мажбурдир.

130. Солиқ тўловчига солиқ аудити ўтказилиши тўғрисидаги хабарнома солиқ тўловчининг шахсий кабинети ёки буюртма хат қилиб почта орқали юборилади.

131. Солиқ аудити фақат Солиқ кодексининг 88-моддасида белгиланган даъво қилиш муддати ўтмаган охирги солиқ аудитидан кейинги даврни қамраб олиши мумкин.

132. Солиқ органлари солиқ тўловчининг айнан битта давр учун айнан бир хил солиқлар бўйича бир мартадан ортиқ солиқ аудитини ўтказишга ҳақли эмас, бундан солиқ аудитини ўтказиш чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган ҳоллар мустасно. Янги ҳолатлар аниқланган тақдирда солиқ органи такрорий солиқ аудитини тайинлашга ҳақли.

133. Солиқ аудитини ўтказиш муддати ўттиз иш кунини ташкил қилади, бундан ушбу Низомнинг 134-бандида назарда тутилган ҳолатлар мустасно.

134. Қуйидаги ҳолларда солиқ аудитини ўтказиш муддати икки ойдан олти ойгача узайтирилиши мумкин:

солиқ аудити жараёнида текширилиши лозим бўлган ҳужжатлар ҳажмининг кўплиги сабабли солиқ аудитини ўтказиш учун буйруқда кўрсатилган муддатнинг етарли эмаслиги;

яроқсиз ҳолга келган ҳужжатларнинг ҳамда солиқларни ҳисоблаб чиқариш билан боғлиқ электрон ахборотни сақловчи жисмлар қайта тикланиши;

мутахассис фикри олиниши;

эксперт жалб қилиниши;

табиий офат ёки бошқа фавқулодда ва бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар.

Солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) солиқ аудити ўтказилишини қуйидаги ҳолларда ҳам узайтиришга ҳақли:

талаб қилинган ҳужжатлар (ахборот) беш иш куни ичида тақдим қилинмаслиги (узайтириш ҳужжатлар талаб қилинаётган ҳар бир шахс бўйича кўпи билан бир марта йўл қўйилади);

чет эл давлат органларидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари доирасида ахборот олиниши;

экспертизалар ўтказиш;

чет тилида тақдим этилган ҳужжатларни таржима қилиш.

135. Солиқ аудитини ўтказишнинг умумий муддати олти ойдан ошиши мумкин эмас.

136. Cолиқ аудитининг муддатини узайтириш солиқ аудитини ўтказувчи шахснинг илтимосномасига асосан амалга оширилади. Бунда илтимоснома солиқ аудитининг муддати тугашидан беш иш кун олдин берилиши керак.

137. Солиқ аудитининг муддати узайтирилганда олдинги буйруқнинг рўйхатга олиш рақами ва санаси кўрсатилган ҳолда солиқ органи раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан қўшимча буйруқ чиқарилади.

138. Солиқ аудитини ўтказиш муддати солиқ тўловчига (солиқ агентига) солиқ аудитини тайинлаш тўғрисидаги буйруқ топширилган кунда бошланади.

139. Солиқ аудитини тайинлаш тўғрисидаги буйруқ нусхаси солиқ тўловчига ёки унинг вакилига буйруқнинг иккинчи нусхасига уни олганлиги тўғрисида имзо қўйдирган ҳолда топширилади.

Текширув бошланишидан олдин текширувни амалга оширувчи мансабдор шахс томонидан солиқ тўловчининг ваколатли вакилига унинг текширувда иштирок этиш учун юридик хизмат вакилларини ва (ёки) адвокатни жалб этиш ёки уларнинг иштирокини рад этиш ҳуқуқи ёзма шаклда тушунтирилиб, бу ҳақида баённома тузилади. Бунда адвокат хизматларини рад этганлик солиқ тўловчи томонидан адвокатни текширувнинг кейинги босқичларида жалб этиш учун монелик қилмайди.

Агар солиқ тўловчи маълум қилган манзилида жойлашмаганлиги ёки бошқа сабабларга кўра буйруқни тақдим қилишнинг имкони бўлмаганда, буйруқ электрон ҳужжат шаклида солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилади.

Солиқ тўловчининг шахсий кабинети мавжуд бўлмаса, буйруқ нусхаси буюртма хат қилиб почта орқали юборилади.

140. Солиқ аудити натижалари солиқ органлари томонидан текширув тамомлангандан кейин уч иш кун ичида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади.

141. Солиқ аудитини солиқ тўловчининг ҳудудида ўтказишнинг имкони бўлмаганида, солиқ аудити солиқ органи жойлашган жойда ўтказилади. Бунда солиқ аудитини ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатлар солиқ тўловчи томонидан солиқ органига тақдим этилади.

 

2-§. Ихтиёрий тугатилаётган юридик шахслар ва фаолиятини тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорларда солиқ аудитини ўтказиш хусусиятлари

142. Ихтиёрий равишда тугатилаётган юридик шахслар, ваколатхоналар ва якка тартибдаги тадбиркорларда солиқ аудити рўйхатдан ўтказувчи органнинг хабарномаси асосида амалга оширилади.

Солиқ органида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйилган Ўзбекистон Республикаси норезидентининг доимий муассасасида солиқ аудити унинг солиқ органида ҳисобга қўйилишига асос бўлган аризада ёки унга илова қилинган шартномада кўрсатилган муддат тугаганда ўтказилади.

143. Давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган ҳамда солиқ қарзи мавжуд бўлмаган тижорат ташкилотларида солиқ аудити ўтказилмайди.

144. Ихтиёрий равишда тугатилаётган солиқ тўловчида солиқ аудити охирги солиқ аудитидан кейинги солиқ даврини, бироқ солиқ аудити ўтказилаётган йилдан олдинги уч йилдан ошмаган даврни қамраб олиши мумкин.

 

3-§. Ҳудуд ва биноларни кўздан кечириш

145. Солиқ органларининг бевосита солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахслари кўрсатилган объектлар тўғрисидаги аниқ маълумотларнинг текширилаётган шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатларга асосланган маълумотларга мувофиқлигини аниқлаш мақсадида текширилаётган шахснинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун фойдаланиладиган ҳудудларини ёки биносини ёхуд солиқ солиш объектларини кўздан кечириши мумкин.

Кўздан кечириш давомида суратга олиш ва видеоёзувлар амалга оширилади, ҳужжатлардан нусxа олинади ёки текшириш билан боғлиқ бошқа ҳаракатлар амалга оширилади.

Солиқ тўловчининг талабига биноан кўздан кечириш холислар иштирокида амалга оширилади.

146. Бевосита солиқ аудитини ўтказувчи солиқ органлари мансабдор шахсларининг текширилаётган шахснинг ҳудудига ёки биносига кириши ушбу мансабдор шахслар томонидан хизмат гувоҳномалари кўрсатилган ва солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) ушбу шахснинг солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи тақдим этилган тақдирда амалга оширилади.

Солиқ органларининг солиқ аудитини ўтказувчи мансабдор шахсларига мазкур ҳудудларга ёки биноларга (бундан турар жой бинолари мустасно) киришига тўсқинлик қилинган тақдирда, солиқ органининг мансабдор шахси ўзи ва текширилаётган шахс томонидан имзоланадиган далолатномани ушбу Низомга 17-иловага* мувофиқ шаклда тузади. Бундай далолатнома асосида солиқ органи текширилаётган шахс тўғрисида ўзида мавжуд бўлган маълумотлар ёки худди шундай солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотлар асосида тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини мустақил тарзда аниқлашга ҳақли.

147. Солиқларни ҳисоблаш учун буxгалтерия ҳужжатлари йўқотилган ёки йўқ қилинган тақдирда, биринчи навбатда, солиқ органларида мавжуд бўлган ва солиқ тўловчидан олинган маълумотлар ўрганилади.

Бундай ахборотга қуйидагилар киради:

солиқ тўловчининг ўтган даврлар учун тақдим этилган солиқ ва молиявий ҳисоботи;

солиқ тўловчи тўғрисидаги ҳисоб маълумотлари;

давлат солиқ хизмати органларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ахборот тақдим этадиган органлар ва ташкилотлардан олинган маълумотлар.

148. Агар солиқ тўловчи томонидан солиқлар ҳисоблаш учун зарур бўлган буxгалтерия ҳужжатлари йўқотилган ёки йўқ қилинган ёхуд ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда солиқ органлари мустақил равишда солиқларни ялпи ҳудудий маҳсулот дефлятори миқдорида мос даврига нисбатан ҳисоблайди.

Мол-мулк солиғининг ҳисоб-китоби мол-мулкнинг қиймати тўғрисидаги маълумотлар, амортизация нормалари ва белгиланган ставкалар асосида амалга оширилади.

Ер солиғи суммасининг ҳисоб-китоби ер участкасининг майдони тўғрисидаги маълумотлар ва белгиланган ставкалар асосида амалга оширилади.

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг ҳисоб-китоби фойдаланилган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотлар ва белгиланган ставкалар асосида амалга оширилади.

149. Солиқ тўловчи давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб бир йил ўтмаган тақдирда, солиқларни ҳисоб-китоб қилиш орқали ҳисоблаб чиқариш солиқ органларида мавжуд бўлган маълумотлар асосида амалга оширилади. Бундай ахборотга қуйидагилар киради:

солиқ органларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ахборот тақдим этадиган органлар ва ташкилотлардан олинган маълумотлар;

солиқ ҳисоботини мунтазам тақдим этадиган ва ўхшаш фаолият билан шуғулланадиган солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотлар.

150. Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа ваколатли органлар ва ташкилотлардан олинган маълумотлар асосида солиқларни ҳисоблаб чиқариш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

солиқ органлари олинган маълумотлар асосида солиқларнинг ҳисобот даврига белгиланган ставкаларини қўллаган ҳолда солиқ солиш объектини ва солиқ солинадиган базани аниқлайди;

агар олинган маълумотлар асосида солиқ солиш объектини ва солиқ солинадиган базани аниқлаш имконияти бўлмаган тақдирда, солиқлар солиқ ҳисоботини мунтазам тақдим этадиган ва ўхшаш фаолият билан шуғулланадиган солиқ тўловчилар тўғрисидаги ахборот асосида ҳисоблаб чиқарилади.

Шунга асосан солиқ тўловчиларнинг ўхшаш фаолияти қуйидаги ўхшаш кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда аниқланади:

фаолият тури;

фойдали қазилмаларнинг рўйхати ва кавлаб чиқариш ҳажмлари;

ишлаб чиқариладиган товарларнинг (хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш) рўйхати ва ҳажмлари, товар айланмаси ҳажмлари;

хизмат кўрсатиладиган мижозлар, ўқитилган шахслар (битирувчилар), амалга ошириладиган битимларда жалб этилган шахслар сони;

меҳнат шартномалари бўйича, фуқаролик ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишлаётган шахслар сони, шунингдек, ўртача ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди;

маҳсулот ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш учун ресурслар ва хом ашё истеъмоли ҳажми;

соф фойданинг соф тушумга (товарлар ва хизматларни реализация қилишда олинган даромад акциз ва қўшилган қиймат солиғисиз ҳисобланган сумма) нисбати сифатида аниқланадиган рентабеллик кўрсаткичи ёки соф фойданинг харажатларга нисбати каби рентабеллик кўрсаткичлари;

солиқ тўловчининг жойлашган жойи.

151. Солиқ тўловчи фақат нақд пулсиз тартибда товарларни (хизматларни) реализация қилиш билан шуғулланган тақдирда, солиқларни ҳисоб-китоб қилиш орқали ҳисоблаб чиқариш реализация қилинган товарлар (хизматлар) учун тушган маблағлар қисмида солиқ тўловчининг банк ҳисобварақлари бўйича пул маблағларининг ҳаракати тўғрисидаги хизмат кўрсатувчи банкнинг ахбороти асосида амалга оширилади.

152. Фақат чакана савдо, умумий овқатланиш ва нақд пулга хизматлар кўрсатиш билан шуғулланадиган солиқ тўловчилар учун солиқ органлари олинган даромадларни хизмат кўрсатувчи банкларнинг ҳисобварақларига тушган нақд пул тушуми маълумотлари асосида аниқлайди.

153. Меҳнатга ҳақ тўлаш фондини ҳисоб-китоб қилиш орқали аниқлаш молиявий-хўжалик фаолияти натижаларидан қатъи назар, ўхшаш солиқ тўловчиларда ишчи-ходимлар сони ва таркиб топган ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар асосида амалга оширилади.

154. Текширилаётган шахс кўрсатилган далолатномани имзолашни рад этган тақдирда, мазкур далолатномага тегишли қайд киритилади.

Солиқ аудитини ўтказувчи шахсга ҳудудларга ёки биноларга (бундан турар жой бинолари мустасно) киришига тўсқинлик қилинган ёки солиқ тўловчи рўйхатга олиш маълумотларида кўрсатилган манзилида жойлашмаган тақдирда, солиқ органлари Солиқ кодексининг 111-моддасига мувофиқ солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриши мумкин.

155. Ҳудуд ва биноларни кўздан кечириш учун уларга киришга тўсқинлик қилинган ҳолат бўйича далолатнома тузилганидан кейин солиқ тўловчи томонидан ҳудуд ва биноларга киришга рухсат берилган тақдирда, солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор бекор қилинади ҳамда кўздан кечириш белгиланган тартибда амалга оширилади.

156. Ҳудуд ва биноларни кўздан кечириш натижасида ушбу Низомга 18-иловага* мувофиқ шаклда баённома тузилади.

157. Агар мазкур солиқ солиш билан боғлиқ объектлар бошқа вилоят ҳудудида жойлашган тақдирда, ушбу объектларни кўздан кечириш, мол-мулкни инвентаризациядан ўтказиш ҳамда савдо қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш солиқ текширувини ўтказувчи солиқ органи мансабдор шахсининг мурожаати асосида объект жойлашган жойдаги солиқ органи раҳбарининг (ўринбосарининг) буйруғига биноан амалга оширилади.

 

4-§. Ҳужжатларни талаб қилиб олиш

158. Солиқ аудитини ўтказувчи шахс солиқ тўловчидан солиқ аудити учун зарур бўлган ҳужжатларни талаб қилиб олишга ҳақли. Бунда солиқ тўловчига ушбу Низомга 19-иловага* мувофиқ шаклда расмийлаштирилган ҳужжатларни тақдим этиш тўғрисидаги талабнома юборилади.

Талабнома солиқ тўловчига (унинг вакилига) шахсан имзо қўйдирган ҳолда топширилади. Агар талабномани мазкур усулда топшириш имкони бўлмаса, солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилади ёки почта орқали буюртма хат билан жўнатилади.

159. Солиқ аудити давомида талаб қилинган ҳужжатлар талабнома олинган кундан эътиборан беш иш куни мобайнида тақдим этилади. Агар текширилаётган шахс талаб қилинаётган ҳужжатларни ушбу муддатда тақдим этиш имконига эга бўлмаса, у солиқ аудитини ўтказувчи шахсни бу ҳақида ёзма равишда хабардор қилади.

Солиқ тўловчи талаб қилинган ҳужжатларни белгиланган муддатларда тақдим этишнинг имкони йўқлиги тўғрисида унинг сабаблари кўрсатилган ёзма шаклдаги хабарномани талабнома олинган кундан кейинги кун давомида юбориши керак. Ушбу хабарномада солиқ тўловчи талаб қилинган ҳужжатларни тақдим эта олиши мумкин бўлган муддатлар кўрсатилиши лозим.

160. Солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) солиқ тўловчидан хабарномани олган кундан эътиборан икки кун мобайнида ушбу хабарнома асосида ҳужжатларни тақдим этиш муддатларини узайтириш ёки муддатларни узайтиришни рад этишга ҳақли бўлиб, бу ҳақида алоҳида қарор чиқаради.

161. Текширилаётган шахснинг талаб қилинаётган ҳужжатларни тақдим этишни рад этганлиги солиқ органининг мансабдор шахси томонидан ушбу Низомга 20-иловага* мувофиқ шаклда тузиладиган баённомада қайд этилади.

Текширилаётган шахс баённомани имзолашни рад этган тақдирда, бу ҳақида тегишли қайд киритилади. Кўрсатилган ҳужжатларни тақдим этиш солиқ тўловчи томонидан рад этилганлиги ёки белгиланган муддатларда тақдим этилмаганлиги ушбу ҳужжатларни олиб қўйиш учун асос бўлади.

162. Солиқ аудити жараёнида солиқ органларига текширилаётган шахснинг камерал ёки сайёр солиқ текширувлари ўтказилганда олдин тақдим этилган ҳужжатларни, шунингдек, солиқ мониторингини ўтказиш жараёнида тасдиқланган кўчирма нусхалар шаклида тақдим этилган ҳужжатларни текширилаётган шахсдан талаб қилиб олишга ҳақли эмас.

Агар ҳужжатлар олдин солиқ органига асл нусхалар тарзида тақдим этилиб, кейинчалик текширилаётган шахсга қайтарилган бўлса, шунингдек, солиқ органига тақдим этилиб, бартараф этиб бўлмайдиган куч ҳолатлари оқибатида йўқотилган тақдирда, ҳужжатлар текширилаётган шахсдан қайта талаб қилиб олиниши мумкин.

 

5-§. Учинчи шахслардан ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олиш

163. Солиқ текширувини ўтказувчи шахс солиқ тўловчининг фаолиятига тааллуқли ҳужжатларга (ахборотга) эга бўлган контрагентдан ёки бошқа шахслардан ушбу ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олишга ҳақли.

164. Агар текширилаётган солиқ тўловчининг фаолиятига тааллуқли ҳужжатларни (ахборотни) бошқа ҳудудда ҳисобда турган солиқ тўловчидан (учинчи шахсдан) олиш талаб этилса, солиқ текширувини ўтказувчи солиқ органи тегишли ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олиш тўғрисида солиқ тўловчи (учинчи шахс) ҳисобда турган жойдаги солиқ органига топшириқнома юборади. Бунда топшириқномада солиқ назоратининг қайси тадбирини ўтказиш чоғида ҳужжатларни (ахборотни) тақдим этиш зарурати юзага келганлиги кўрсатилади, муайян битимга тааллуқли ахборот талаб қилиб олинаётганда эса ушбу битимни идентификациялаш имконини берувчи маълумотлар кўрсатилади.

Топшириқнома олинган кундан эътиборан уч иш куни мобайнида ҳужжатлар (ахборот) қайси шахсдан талаб қилинаётган бўлса, ўша шахснинг ҳисобда турган жойидаги солиқ органи томонидан учинчи шахсга талабнома юборилади.

Талабномага ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олиш тўғрисидаги топшириқноманинг кўчирма нусхаси илова қилинади.

165. Талабномани олган шахс талабнома олинган кундан эътиборан беш иш куни мобайнида уни бажаради ёки талаб қилиб олинаётган ҳужжатларга (ахборотга) эга эмаслигини ҳабар қилади.

Агар талаб этиладиган ҳужжатларни (ахборотни) мазкур муддатда тақдим этиш имкони бўлмаса, солиқ органи учинчи шахснинг илтимосномасига кўра ушбу ҳужжатларни (ахборотни) тақдим этиш муддатини узайтиришга ҳақли.

 

6-§. Ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйиш

166. Солиқ аудитини ўтказувчи шахс солиқларни ҳисоблаб чиқариш билан боғлиқ ҳужжатларни, буюмларни ва электрон ахборотни сақловчи жисмларни (солиққа оид ахборотни сақловчи мосламалар, шу жумладан, компьютернинг қаттиқ диски, ноутбуклар ва бошқалар) Солиқ кодексининг 148-моддасида белгиланган тартибда олиб қўйишга ҳақли.

167. Ҳужжатлар, буюмлар ва электрон ахборотни сақловчи жисмлар қуйидаги ҳолларда олиб қўйилади:

солиқ аудитини ўтказиш жараёнида ҳужжатларни тақдим этиш солиқ тўловчи томонидан рад этилган ёки белгиланган муддатларда тақдим этилмаганда;

ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари етарли бўлмаса ҳамда солиқ органларида ҳужжатларнинг асл нусхалари йўқ қилиниши, яширилиши, ўзгартирилиши ёки алмаштириб қўйилиши мумкинлиги тўғрисида тахмин қилиш учун етарлича асослар мавжуд бўлганда.

168. Олиб қўйилган ҳужжатлар, буюмлар ва электрон ахборотни сақловчи жисмлар сақлаш зарурати тугагунга қадар сақлаб турилади.

Солиқ аудити учун аҳамияти бўлмаган ҳужжатлар, буюмлар ва электрон ахборотни сақловчи жисмлар солиқ аудитини ўтказувчи шахс томонидан кўздан кечириб бўлганидан кейин эгаларига дарҳол қайтариб берилади.

Қайтарилган ҳужжатлар, буюмлар ва электрон ахборотни сақловчи жисмлар солиқ тўловчидан қабул қилиб олганлиги тўғрисида тилхат олинади.

169. Ҳужжатларнинг асл нусхалари олиб қўйилганда солиқ органлари уларнинг сақланишини таъминлаши шарт.

170. Ҳужжатлар, буюмлар ва электрон ахборотни сақловчи жисмларни олиб қўйиш ушбу Низомга 21-иловага* мувофиқ шаклдаги солиқ аудитини ўтказувчи шахснинг асосланган қарори асосида амалга оширилади.

171. Ҳужжатлар ва электрон ахборотни сақловчи жисмларни тунги пайтда (соат 23.00 дан 06.00 га қадар бўлган вақт оралиғида) олиб қўйишга йўл қўйилмайди.

Солиқ текшируви предметига алоқаси бўлмаган ҳужжатлар ва буюмлар олиб қўйилмайди.

172. Ҳужжатлар, буюмлар ва электрон ахборотни сақловчи жисмларни олиб қўйиш холислар ҳамда ҳужжатлари ва электрон ахборотни сақловчи жисмлари олиб қўйилаётган шахслар иштирокида ўтказилади. Барча олиб қўйиладиган ҳужжатлар, буюмлар ва электрон ахборотни сақловчи жисмлар холисларга ҳамда олиб қўйишда иштирок этувчи бошқа шахсларга кўрсатилади ва зарур бўлган тақдирда олиб қўйилган жойда ўралади.

173. Ҳужжатлар, буюмлар ва электрон ахборотни сақловчи жисмларни олиб қўйиш тўғрисида ушбу Низомга 22-иловага* мувофиқ шаклда баённома тузилади ва унинг кўчирма нусхаси солиқ тўловчига имзо қўйдирилган ҳолда тақдим этилади.

174. Солиқ тўловчи баённомани олишдан бош тортса, баённомага тегишли ёзув киритилади ва бир нусхаси солиқ тўловчининг шахсий кабинетига ёки почта орқали буюртма хат билан юборилади.

 

7-§. Инвентаризацияни ўтказиш тартиби

175. Текширилаётган солиқ тўловчида солиқ аудитини ўтказиш жараёнида солиқ органларининг мансабдор шахслари мол-мулкнинг ҳақиқатда мавжудлигини аниқлаш, ҳақиқатда мавжуд мол-мулкни бухгалтерия ҳисоби маълумотлари билан қиёслаш, мажбуриятлар ҳисобда тўғри акс эттирилганлиги юзасидан инвентаризация тайинлаш ва ўтказиш ҳуқуқига эга.

176. Жойлашган жойи ва барча турдаги молиявий мажбуриятларидан қатъи назар, солиқ тўловчининг барча мол-мулки инвентаризация қилиниши керак.

Шунингдек, ишлаб чиқариш захиралари ва солиқ тўловчига қарашли бўлмаган, бироқ бухгалтерия ҳисобида қайд этилган (масъулиятли сақлашда бўлган, ижарага олинган, қайта ишлаш учун олинган) бошқа турдаги мол-мулк, шунингдек, бирор-бир сабабга кўра ҳисобга олинмаган мол-мулк инвентаризация қилиниши лозим.

177. Инвентаризацияни ўтказиш учун солиқ органи раҳбари ушбу Низомга 23-иловага* мувофиқ шаклда буйруқ чиқаради, унда уни амалга ошириш учун асослар ва маxсус инвентаризация комиссиясининг таркиби, шу жумладан, солиқ органларининг мансабдор шаxслари, жалб қилинган мутаxассислар ва солиқ тўловчининг ишчи-ходимлари (келишилган ҳолда) кўрсатилади.

178. Махсус инвентаризация комиссияси аъзолари қуйидагилар учун жавобгар:

а) инвентаризацияни ўз вақтида ўтказиш ва уни ўтказиш тартибига риоя қилишга;

б) ҳисоб-китобларда текширилаётган асосий воситалар, товар-моддий бойликлар, пул маблағлари ва воситаларнинг ҳақиқатдаги қолдиқлари тўғрисидаги маълумотлар рўйхатга тўлиқ ва аниқ қайд этилишига;

в) товар-моддий бойликларнинг улар нархи белгиланадиган фарқловчи белгилари (тури, нави, русуми, ҳажми, прейскурант бўйича тартиб рақами, артикули ва ҳ.к.) рўйхатда тўғри кўрсатилишига;

г) белгиланган тартибга мувофиқ инвентаризация материаллари тўғри ва ўз вақтида расмийлаштирилишига.

Мол-мулкнинг ҳақиқатда мавжудлигини текширишни бошлашдан олдин инвентаризация комиссияси инвентаризация пайтидаги энг сўнгги кирим-чиқим ҳужжатларини ёки моддий воситалар ва пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботларни олиши керак.

Солиқ тўловчининг мансабдор шахси ҳисоботларга илова қилинган барча кирим-чиқим ҳужжатларига «инвентаризациягача ...да (сана)» деб кўрсатган ҳолда виза қўяди, бу эса ҳисоб маълумотлари бўйича инвентаризацияни бошлаш пайтида мол-мулк қолдиқларини аниқлаш учун асос бўлиб хизмат қилиши лозим.

Солиқ тўловчининг моддий жавобгар шахслари инвентаризация бошланишига қадар мол-мулкка доир барча кирим-чиқим ҳужжатлари бухгалтерия ёки комиссияга топширилгани ва улар жавобгарлигига олинган барча бойликлар кирим қилингани, чиқиб кетганлари эса чиқимга ҳисобдан ўчирилгани тўғрисида тилхат берадилар. Мол-мулкни сотиб олишга ҳисобот бериладиган суммалари ёки уни олиш учун ишончномалари бўлган шахслар ҳам шундай тилхат берадилар.

179. Агар мол-мулкни инвентаризация қилиш бир неча кун мобайнида ўтказилса, моддий бойликлар сақланаётган хона махсус инвентаризация комиссияси кетаётганида муҳрланиши керак. Махсус инвентаризация комиссиялари ишида танаффус бўлганда (тушлик вақти, тунда, бошқа сабабларга кўра) рўйхатлар инвентаризация ўтказилаётган ёпиқ хонадаги яшикда (жавон, сейфда) сақланиши шарт.

180. Товар-моддий бойликларнинг ҳақиқатда мавжудлигини текширишга киришишдан олдин махсус инвентаризация комиссияси:

ёрдамчи бинолар, ертўлалар ва бойликлар сақланадиган, алоҳида кириш-чиқиш эшиклари бўлган бошқа жойларни пломбалаши;

оғирликни ўлчайдиган барча асбоблар созланганини текшириши ва уларни тамғалашнинг белгиланган муддатларига риоя қилиши шарт.

181. Тўсатдан ўтказиладиган инвентаризацияда барча товар-моддий бойликлар махсус инвентаризация комиссияси ҳозирлигида, қолган ҳолларда эса – олдиндан тайёрлаб қўйилади. Бойликлар гуруҳларга бўлиниши, навларга ажратилиши ва улар миқдорини санаш учун қулай бўлган маълум тартибда номлари, навлари, ҳажмлари бўйича жойлаштирилиши керак.

182. Асосий воситалар, хом ашё, материаллар, тайёр маҳсулот, товарлар, пул маблағлари ва бошқа бойликларни инвентаризация қилиш уларнинг ҳар бир жойлашган жойи ва ана шу бойликларни сақлаётган жавобгар шахс бўйича ўтказилади.

Ҳақиқатдаги қолдиқларни текшириш солиқ тўловчининг моддий жавобгар шахсларининг (кассирлар, хўжалик, савдо корхонаси, омборхона, тайёрлов пункти ва ҳоказолар мудирлари) албатта иштирок этиши билан амалга оширилади.

Инвентаризация пайтида бойликларнинг мавжудлиги албатта санаш, тарозида тортиш, ўлчаш йўли билан аниқланади.

Етказиб берувчининг очилмаган ўрамида сақланаётган материаллар ва товарлар бўйича ушбу бойликлар миқдори, истисно тариқасида, ҳужжатлар асосида, ушбу бойликлар бир қисмини албатта натурада (танлаб олиб) текшириш билан аниқланиши мумкин. Қопланмаган маҳсулотлар оғирлиги (ёки ҳажми)ни ўлчаш ва техник ҳисоб-китоблар асосида аниқлашга йўл қўйилади; ўлчаш далолатномалари ва ҳисоб-китоблар рўйхатга илова қилинади. Тарозида тортиладиган кўп миқдордаги товарларни инвентаризация қилиш тарозида тортиш қайдномаларини ишчи инвентаризация комиссиясининг аъзоларидан бири ва моддий жавобгар шахс юритади. Иш куни охирида (ёки тарозида тортиш тугагач) ана шу қайдномалар маълумотлари солиштирилади ва чиқарилган якун инвентаризация рўйхатига қайд этилади. Тарозида тортиш қайдномалари рўйхатга илова қилинади.

183. Инвентаризация қилинадиган бойликлар ва объектларнинг номлари ва уларнинг миқдори рўйхатларда номенклатура бўйича ва ҳисобда қабул қилинган ўлчов бирликларида кўрсатилади.

184. Рўйхатларга махсус инвентаризация комиссиясининг барча аъзолари ва моддий жавобгар шахслар имзо чекадилар. Рўйхат охирида моддий жавобгар шахслар комиссия бойликларни уларнинг ҳозирлигида текширганини, комиссия аъзоларига нисбатан ҳеч қандай даъволар йўқлиги ва рўйхатда саналган бойликлар масъулиятли сақлашга қабул қилинганини тасдиқлайдиган тилхатга имзо чекадилар.

Бойликларнинг ҳақиқатда мавжудлигини текшириш пайтида моддий жавобгар шахслар ўзгарган тақдирда бойликларни қабул қилган шахс инвентаризация рўйхатларига уларни олганлиги, топширган шахслар эса уларни топширганлиги хусусида имзо чекадилар.

Хўжаликка тегишли бўлмаган, бироқ унда жойлашган бойликларга алоҳида рўйхатлар тузилади.

185. Инвентаризация рўйхатлари техник воситалар, ахборот тизими ва ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ҳамда қўлда тўлдирилиши мумкин.

186. Махсус инвентарзация комиссияси товар-моддий бойликларни инвентаризация қилиш билан бир вақтда хўжалик юритувчи субъектнинг бухгалтерияси тегишли барча счётлар бўйича ёзувларни корреспонденцияланувчи счётлар билан қиёслаган ҳолда текшириши керак.

Масалан, асосий воситалар бўйича (капитал маблағларнинг тегишли счётлари билан солиштирилган ҳолда) фойдаланишга қабул қилинган барча объектлар ҳисобга олинган-олинмагани; товар-моддий бойликлар бўйича – барча келиб тушган бойликлар кирим қилинган-қилинмагани, чиқиб кетганлари эса ҳисобдан ўчирилгани ва унда акс эттирилгани, тугалланмаган ишлаб чиқариш бўйича – барча харажатлар чиқарилган маҳсулотга ҳисобдан ўчирилган-ўчирилмагани ва ҳоказолар аниқланиши зарур.

187. Асосий воситаларни инвентаризация қилишдан ўтказаётганда комиссия мажбурий тартибда объектларни натурада кўздан кечиради ва инвентаризация рўйхатларига уларнинг тўлиқ номи, вазифаси, инвентарь рақамлари ва асосий техник ёки фойдаланиш кўрсаткичларини қайд этади.

Ҳисобга қабул қилинмаган объектлар, шунингдек, ҳисоб регистрларида уларни тавсифлайдиган маълумотлар бўлмаган ёки нотўғри маълумотлар кўрсатилган объектлар аниқланган тақдирда, комиссия инвентаризация рўйхатига ана шу объектлар бўйича етишмайдиган ёки тўғри маълумотларни ва техник кўрсаткичларни киритиши керак, масалан: бинолар бўйича – уларнинг вазифаси, уларни қуришда ишлатилган асосий материаллар, ҳажми (ташқи ёки ички томондан ўлчаб), майдони (умумий фойдали майдони), қаватлар сони (ертўла, ярим ертўла ва ҳоказоларсиз), қурилган йили ва ҳоказолар; каналлар бўйича – узунлиги, чуқурлиги ва эни (туби ва юзаси бўйича), сунъий иншоотлар, туби ва ёнларини маҳкамлаш материаллари, кўприклар бўйича – жойлашган жойи, материаллар тури ва асосий ўлчамлари; йўллар бўйича – йўл тури (тош йўл, профилли йўл), узунлиги, қоплаш материаллари ва машина қатнайдиган эни ва ҳоказолар кўрсатилиши керак.

Инвентаризацияда аниқланган ҳисобга олинмаган объектларни баҳолаш жорий қиймат бўйича ўтказилиши, эскириш эса объектларнинг ҳақиқий техник ҳолати бўйича белгиланиши, бунда баҳолаш ва эскириш тўғрисидаги маълумотлар тегишли далолатномалар билан расмийлаштирилиши керак.

Махсус инвентаризация комиссияси инвентаризация вақтида аниқланган ҳисобга олинмаган объектлар қачон ва кимнинг фармойиши билан барпо этилганини, уларни барпо этиш харажатлари ҳисобдан чиқарилганини аниқлаши ва буни баённомада акс эттириши шарт.

Асосий воситалар рўйхатга объектнинг асосий вазифасига мувофиқ номлари бўйича қайд этилади. Агар объект тикланган, таъмирланган, кенгайтирилган ёки қайта жиҳозланган ва бунинг оқибатида унинг асосий вазифаси ўзгарган бўлса, у рўйхатга янги вазифасига мувофиқ келадиган ном билан киритилади.

Агар махсус инвентаризация комиссияси капитал тусда қилинган ишлар (қават қуриш, янги хоналар қуриш ва ҳоказолар) ёки иморат ва иншоотларни қисман тугатиш (айрим конструктив унсурларни бузиш) бухгалтерия ҳисобида акс эттирилмаган деб топса, у тегишли ҳужжатлар бўйича объект дастлабки қийматининг кўпайиш ёки камайиш суммасини аниқлаши ва рўйхатда қилинган ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни келтириши керак.

188. Машиналар, ускуналар ва куч қурилмалари инвентаризация рўйхатларига якка тартибда, инвентарь рақами, тайёрлаган заводи, чиқарилган йили, вазифаси, қувватлари ва ҳоказолар кўрсатилган ҳолда киритилади.

Бир вақтда бир цех ёки бўлимга жойлаштирилган ва гуруҳ ҳисобининг намунавий инвентарь варақчасида қайд этиладиган бир хил қийматдаги хўжалик анжомлари, асбоблар, дастгоҳлар ва ҳоказо бир турдаги буюмлар инвентаризация рўйхатларида номлари бўйича келтирилиб, ушбу буюмлар миқдори кўрсатилади.

Асосий воситаларнинг инвентарь объектларига берилган рақамлар, қоидага кўра, ўзгармаслиги керак. Объектлар ўзларининг техник-ишлаб чиқариш вазифасига кўра киритилиши керак бўлган асосий воситалар гуруҳидан бошқа гуруҳга хато равишда киритилган ҳолларда, шунингдек, нотўғри рақам қўйилганлиги аниқланган ҳолларда рақамлар ўзгартирилиши мумкин.

189. Фойдаланишга яроқсиз ва тиклаб бўлмайдиган асосий воситалар инвентаризация рўйхатига киритилмайди. Ана шу объектларга инвентаризация комиссияси алоҳида рўйхат тузиб, уларни фойдаланишга топшириш вақти ва ушбу объектларни яроқсиз ҳолга келтирган сабаблар (шикастланиш, тўлиқ эскириш ва ҳоказолар) кўрсатилади. Бундай объектларни ҳисобдан чиқариш умумий белгиланган тартибда амалга оширилади.

190. Ўзининг асосий воситаларини инвентаризация қилиш билан бир қаторда ижарага олинган ва масъулиятли сақлашда бўлган асосий воситалар ҳам текширилади.

Кўрсатилган объектлар бўйича алоҳида рўйхат тузилади, унда ана шу объектлар масъулиятли сақлаш ёки ижарага қабул қилинганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларга ҳавола берилади.

191. Номоддий активларни инвентаризация қилишда қуйидагилар текширилиши зарур:

солиқ тўловчининг улардан фойдаланишга доир ҳуқуқларини тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг мавжудлиги;

номоддий активлар балансда тўғри ва ўз вақтида акс эттирилганлиги.

192. Молиявий қўйилмаларни инвентаризация қилишда қимматли қоғозларга доир ҳақиқатдаги харажатлар ва бошқа солиқ тўловчининг устав капиталлари, шунингдек, бошқа солиқ тўловчиларга берилган қарзлар текширилади.

193. Қимматли қоғозларнинг ҳақиқатда мавжудлиги текширилганда қуйидагилар аниқланади:

қимматли қоғозлар тўғри расмийлаштирилгани;

қимматли қоғозлар бутлиги;

қимматли қоғозлар бўйича олинган даромадларнинг бухгалтерия ҳисобида ўз вақтида ва тўлиқ акс эттирилиши.

194. Солиқ тўловчида қимматли қоғозлар сақланганида уларни инвентаризация қилиш кассадаги пул маблағларини инвентаризация қилиш билан бир вақтда ўтказилади.

195. Қимматли қоғозларни инвентаризация қилиш алоҳида эмитентлар бўйича ўтказилиб, далолатномада номи, серияси, рақами, номинал ва ҳақиқий қиймати, узиш муддатлари ва умумий суммаси кўрсатилади.

196. Махсус ташкилотларга (депозитарий банк – қимматли қоғозларни сақлайдиган махсус жой ва ҳ.к.) сақлаш учун топширилган қимматли қоғозларни инвентаризация қилиш солиқ тўловчининг бухгалтерия ҳисобида тегишли счётларида қайд этилган суммалар қолдиқларини ушбу махсус ташкилотлар кўчирмалари маълумотлари билан солиштиришдан иборат бўлади.

197. Бошқа ташкилотларнинг устав капиталларига молиявий қўйилмалар, шунингдек, бошқа хўжалик юритувчи субъектларга берилган қарзлар инвентаризация пайтида ҳужжатлар билан тасдиқланиши керак.

198. Товар-моддий бойликларни инвентаризация қилиш, қоидага кўра, мазкур хонада бойликларнинг жойлашиш тартибида бажарилиши керак. Инвентаризация вақтида бир турдаги товар-моддий бойликлардан бошқасига тартибсиз ўтишга йўл қўйиб бўлмайди.

Товар-моддий бойликлар турли алоҳида хоналарда битта моддий жавобгар шахсда сақланганда инвентаризация қилиш сақлаш жойлари бўйича кетма-кетликда ўтказилади. Бойликлар текширилганидан кейин хона эшиги пломбаланади ва комиссия ишлаш учун кейинги хонага ўтади.

199. Товар-моддий бойликлар инвентаризация рўйхатига ҳар бир ном бўйича киритилади, бунда номенклатура рақами, тури, гуруҳи, артикули, нави ва миқдори кўрсатилади.

200. Махсус инвентаризация комиссияси раиси ёки унинг топшириғига кўра комиссия аъзолари омбор (омборхона) мудири ва бошқа моддий жавобгар шахслар ҳозирлигида товар-моддий бойликларнинг ҳақиқатда мавжудлигини уларни албатта санаш, тарозида тортиш ёки қайта ўлчаш йўли билан текширадилар. Рўйхатларга бойликлар қолдиғи ҳақидаги маълумотларни моддий жавобгар шахслар оғзидан ёки ҳақиқатда мавжудлигини текширмасдан туриб ҳисоб маълумотлари бўйича қайд этиш қатъиян тақиқланади.

201. Инвентаризация вақтида олинадиган товар-моддий бойликлар моддий жавобгар шахслар томонидан инвентаризация комиссияси аъзолари ҳозирлигида қабул қилинади ва инвентаризациядан сўнг реестр ёки товар ҳисоботи бўйича кирим қилинади. Ушбу товар-моддий бойликлар «Инвентаризация пайтида тушган товар-моддий бойликлар» номи билан алоҳида рўйхатга киритилади. Рўйхатда улар қачон, кимдан тушгани, кирим ҳужжатининг санаси ва рақами, номи, миқдори, нархи ва суммаси кўрсатилади. Айни вақтда кирим ҳужжатида инвентаризация комиссияси раисининг имзоси билан ана шу бойликлар қайд этилган рўйхат санасига ҳавола қилган ҳолда «инвентаризациядан сўнг» белгиси қўйилади.

202. Инвентаризация узоқ вақт ўтказилган тақдирда фавқулодда ҳолларда ва фақат хўжалик юритувчи субъект раҳбари ва бош бухгалтерининг ёзма рухсати билан инвентаризация жараёнида товар-моддий бойликлар моддий жавобгар шахсларга инвентаризация комиссияси аъзолари ҳозирлигида берилиши мумкин.

Ушбу бойликлар «Инвентаризация пайтида берилган товар-моддий бойликлар» деб номланган алоҳида инвентарь рўйхатига киритилади. Бу ёзув инвентаризация пайтида тушган товар-моддий бойликларга оид ҳужжатларга ўхшаб расмийлаштирилиши керак. Чиқим ҳужжатларида инвентаризация комиссияси раисининг имзоси билан белги қўйилади.

203. Бошқа хўжалик юритувчи субъектларга тегишли бўлган ва масъулиятли сақланишда бўлган товар-моддий бойликлар ўзининг товар-моддий бойликлари билан бир вақтда инвентаризация қилинади. Ана шу бойликларга алоҳида инвентаризация рўйхати тузилади, унда ушбу бойликларни масъулиятли сақлашга қабул қилингани тасдиқланадиган тегишли ҳужжатларга ҳавола берилади.

204. Йўлда бўлган, юклаб жўнатилган, харидорлар томонидан ҳақи муддатида тўланмаган, бошқа хўжалик юритувчи субъектлар омборларида бўлган товар-моддий бойликларни инвентаризация қилиш тегишли счётларда кўрсатилган суммаларнинг асослилигини синчиклаб текширишни ўз ичига олади.

Ушбу товар-моддий бойликларни (йўлдаги, юклаб жўнатилган ва ҳоказо товарлар) ҳисобга олиш счётларида тегишлича расмийлаштирилган ҳужжатлар билан тасдиқланган суммаларгина қолиши мумкин:

йўлда бўлганлари бўйича – товар етказиб берувчиларнинг счёт – тўлов талабномалари ёки уларнинг ўрнини босадиган ҳужжатлар билан;

юклаб жўнатилганлари бўйича – харидорлар тақдим этган ҳисобварақ-фактуралар нусхалари ва тўлов талабномалари нусхалари билан;

тўлаш муддати ўтган ҳужжатлар бўйича эса – банк муассасасининг картотекаларда тўлов талабномалари мавжудлигини албатта тасдиқлаши билан;

бошқа ташкилотларнинг омборларида жойлашганлари бўйича – инвентаризация қилиш санасига яқин бўлган санага қайта расмийлаштирилган сақланган тилхатлар билан;

битта шаҳардаги товар етказиб берувчиларнинг омборларида бўлганлари бўйича – инвентаризация қилишни ўтказиш санасида қайта расмийлаштирилган сақланган тилхатлар билан.

Ушбу счётлар (талабномалар) бошқа корреспонденцияланувчи счётлар билан олдиндан солиштирилиши керак.

205. Йўлда бўлган, юклаб жўнатилган, харидорлар томонидан муддатида тўланмаган ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг омборларида бўлган товар-моддий бойликларга алоҳида-алоҳида инвентаризация рўйхатлари (далолатномалар) тузилади.

Йўлда бўлган товар-моддий бойликларга доир рўйхатларда ҳар бир жўнатма бўйича қуйидаги маълумотлар келтирилади: номи (ҳужжат бўйича), миқдори ва қиймати (ҳисоб маълумотларига биноан), юклаб жўнатиш санаси, шунингдек, ушбу бойликлар тегишли счётларда ҳисобга олинишига асос бўлган ҳужжатларнинг рўйхати ва рақамлари. Бунда белгиланган муддатда тушмаган ҳамда ҳисобда йўлдаги материаллар ва товарлар сифатида қайд этилган юклар бўйича уларни қидириб топиш учун қандай чоралар кўрилганлигини текшириш зарур.

206. Юклаб жўнатилган ва харидорлар ҳақини муддатида тўламаган товар-моддий бойликларга доир рўйхатларда ҳар бир алоҳида жўнатма бўйича харидорнинг номи, товар-моддий бойликларнинг номи, юклаб жўнатиш санаси, ҳисобварақ-фактура ёзилган сана, ҳисобварақ-фактуранинг рақами ва ҳисобварақ-фактурага доир сумма келтирилади.

207. Хўжалик юритувчи бошқа субъектларнинг омборларида сақланаётган товар-моддий бойликлар рўйхатларга ушбу бойликлар масъулиятли сақлашга топширилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар асосида киритилади. Ушбу бойликларга доир рўйхатларда уларнинг номи, миқдори, нави, ҳақиқатдаги қиймати (ҳисоб ҳужжатлари бўйича), юкни сақлашга қабул қилиш санаси, сақлаш жойи, ҳужжатларнинг рақамлари ва санаси кўрсатилади.

Ушбу бойликлар масъулиятли сақланишида бўлган хўжалик юритувчи субъектлардан инвентаризация рўйхатларининг нусхалари олинганда комиссия бойликларнинг ҳақиқатда мавжудлигини (инвентаризация рўйхатлари нусхаларининг маълумотлари асосида) ҳужжатларга биноан белгиланган миқдор билан таққослайди.

208. Бошқа хўжалик юритувчи субъектларда қайта ишлашда бўлган товар-моддий бойликларга доир рўйхатларда қайта ишловчи корхонанинг номи, бойликлар номи, миқдори, ҳисоб маълумотлари бўйича ҳақиқий қиймати, бойликларни қайта ишлашга бериш санаси, ҳужжатларнинг рақамлари ва санаси кўрсатилади.

209. Фойдаланишда бўлган арзон баҳоли ва тез эскирувчан буюмлар улар жойлашган жой ва масъулиятли сақланишида бўлган шахслар бўйича инвентаризация қилинади.

Инвентаризация қилиш ҳар бир буюмни кўздан кечириш йўли билан ўтказилади. Инвентаризация рўйхатларига арзон баҳоли ва тез эскирувчан буюмлар бухгалтерия ҳисобида қабул қилинган номенклатурага мувофиқ номлари бўйича киритилади.

Шахсан фойдаланиш учун ходимларга берилган арзон баҳо ва тез эскирувчан буюмлар инвентаризация қилинганда гуруҳли инвентаризация рўйхатларини тузишга йўл қўйилади, уларда ушбу буюмлар учун масъул бўлган, уларга шахсий варақчалар очилган шахслар кўрсатилиб, рўйхатларда тилхатга имзо чектирилади.

Рўйхатларда буюмларнинг дастлабки қиймати кўрсатилади.

Ювиш ва тузатишга юборилган махсус кийим (коржома) ва сочиқ-дастурхонлар инвентаризация рўйхатига маиший хизмат кўрсатиш корхоналарининг қайднома-юкхатлари ёки квитанциялари асосида ёзилиши керак.

Яроқсиз ҳолга келган ва ҳисобдан ўчирилмаган арзонбаҳо ва тез эскирувчан буюмларга ишчи инвентаризация комиссияси томонидан белгиланган шаклда далолатномалар тузилиб, фойдаланиш вақти, яроқсиз бўлиш сабаблари, ушбу буюмлардан хўжалик мақсадларида фойдаланиш имкониятлари кўрсатилади.

210. Идиш рўйхатларга турлари, мақсадли вазифаси ва сифат ҳолатига (янги, ишлатилган, тузатишни тақозо этадиган ва ҳ.к.) биноан киритилади.

Текшириш олдидан бўш идиш (тара) турлари бўйича танланиши керак, яъни:

ёғоч идишлар (яшиклар, бочкалар);

картон идишлар;

металл идишлар (флягалар, барабанлар);

тўқимачилик идишлари (қоплар).

Яроқсиз ҳолга келган идишларга ишчи инвентаризация комиссияси томонидан далолатнома тузилиб, сабаблари ва идиш учун масъул шахслар кўрсатилади.

211. Тугалланмаган ишлаб чиқаришни инвентаризация қилиш унинг ҳажмлари ва ҳақиқий таннархини Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби тўғрисидаги низом билан белгиланган тартибга ва унинг асосида ишлаб чиқилган тармоқ йўриқномаларига мувофиқ белгилашни тақозо этади.

212. Инвентаризация бошланишидан олдин цехлар учун зарур бўлмаган барча металлар, харид қилинган деталлар, шунингдек, ишлов берилиши мазкур босқичда тугалланган барча деталлар, узеллар ва агрегатлар омборларга топширилиши лозим.

Цехларда бўлган тугалланмаган ишлаб чиқариш захиралари ва ярим тайёр маҳсулотлар уларнинг миқдорини тўғри ва қулай усулда санашни таъминлайдиган тартибга келтирилиши керак.

213. Тугалланмаган ишлаб чиқариш захиралари (деталлар, узеллар, агрегатлар) қолдиғини текшириш амалда санаш, тарозида тортиш, ўлчаш йўли билан амалга оширилади.

Рўйхатлар:

ҳар бир цех (участка, бўлим) бўйича – захиралар номи, уларнинг тайёрлик босқичи ёки даражаси, миқдори ёки ҳажмини кўрсатиб;

қурилиш-монтаж ишлари бўйича – уларга доир ҳисоб-китоблар уларга доир ишлар тўла тугалланганидан кейин, оралиқ тўловларсиз амалга ошириладиган тугалланмаган корхоналар, уларнинг навбатлари, объектлари, ишга тушириладиган мажмуалар бўйича ишлар ҳажмини кўрсатиб конструктив элементлар ва иш турларининг тугалланмаган қисмлари бўйича тузилади.

Иш жойларида бўлган, ишлов берилмаган хом ашё, материаллар ва харид қилинадиган ярим тайёр маҳсулотлар тугалланмаган ишлаб чиқариш рўйхатига киритилмайди, балки алоҳида инвентаризация қилинади ва алоҳида рўйхатларда қайд этилади.

Узил-кесил брак қилинган деталлар тугалланмаган ишлаб чиқариш таркибига киритилмайди.

214. Бир хилдаги масса бўлмаган ёки аралашма бўлган (тегишли саноат тармоқларида) тугалланмаган ишлаб чиқариш бўйича инвентаризация рўйхатларида, шунингдек, солиштириш қайдномаларида иккита миқдорий кўрсаткич келтирилади: ана шу масса ёки аралашма миқдори ва унинг таркибига кирадиган хом ашё ёхуд материаллар (алоҳида номлар бўйича) миқдори. Хом ашё ёки материаллар миқдори техник ҳисоб-китоблар билан тармоқ йўриқномаларида белгиланган тартибда белгиланади.

215. Тугалланмаган капитал қурилишнинг мавжудлиги ва ҳажми инвентаризация пайтида унинг тўланган қисмини натурада текшириш йўли билан белгиланади. Инвентаризация далолатномаларида объект номи ва ана шу объектга доир бажарилган ишлар ҳажми ҳар бир алоҳида иш тури, конструктив унсурлар, ускуналар ва ҳоказолар бўйича кўрсатилади.

Инвентаризация комиссияси қуйидагиларни:

тугалланмаган капитал қурилиш таркибида монтажга берилган, бироқ ҳақиқатда монтажи бошланмаган ускуна бор-йўқлигини;

консервацияланган ва вақтинча қурилиши тўхтатилган объектларнинг ҳолатини текшириши керак.

Ана шу объектлар бўйича, хусусан, уларни консервациялаш учун сабаблар ва асосни аниқлаш зарур.

216. Қабул қилиниши ва фойдаланишга топширилиши тегишли ҳужжатлар билан расмийлаштирилмаган, қурилиши тугалланган, тўлиқ ёки қисман амалда фойдаланишга топширилган объектларга алоҳида далолатномалар тузилади. Тугалланган, бироқ нимагадир фойдаланишга топширилмаган объектларга ҳам алоҳида далолатномалар тузилади. Далолатномаларда кўрсатилган объектларни фойдаланишга топширишни расмийлаштириш нимага чўзилганлиги сабабларини ҳам кўрсатиш лозим.

217. Қурилиши тугалланган объектларга, шунингдек, амалга оширилмаган, балансдан ўчирилиши керак бўлган қурилиш бўйича лойиҳалаш-тадқиқот ишларига далолатномалар тузилади, уларда қурилишни тўхтатиш сабаблари кўрсатилган ҳолда бажарилган ишлар хусусияти ва уларнинг қиймати тўғрисида маълумотлар келтирилади.

Бунинг учун тегишли техник ҳужжатлар, ишлар, босқичларни топшириш далолатномаларидан, қурилиш объектларида бажарилган ишларни ҳисобга олиш журналлари ва бошқа ҳужжатлардан фойдаланилиши керак.

218. Бинолар, иншоотлар, машиналар, ускуналар, энергетик қурилмалар ва бошқа объектларнинг тугалланмаган капитал таъмирларини инвентаризация қилиш натурада ишлар ҳолатини текшириш йўли билан амалга оширилади.

Тугалланмаган капитал таъмирга далолатнома тузилади, унда таъмирланаётган объект номи, ишлар номи ва бажариш фоизи, бажарилган ишларнинг сметадаги ва ҳақиқий қийматлари кўрсатилади.

219. Ҳайвонлар ва ёш ҳайвонларни инвентаризация қилиш вақтида катта ёшли маҳсулдор ва иш ҳайвонлари инвентаризация рўйхатларида қайд этилади, уларда: ҳайвоннинг рақами (бирка, тамғаси), ҳайвоннинг лақаби, туғилган йили, насли, семизлиги, ҳайвоннинг тирик вазни (оғирлиги) (вазни (оғирлиги) кўрсатилмайдиган отлар, туялар, хачирлар, буғулардан ташқари) ва дастлабки қиймати кўрсатилади.

Ҳайвоннинг насли уни бонитировкалаш маълумотлари асосида кўрсатилади.

Қорамол, иш ҳайвони, чўчқалар (урғочи чўчқа ва эркак чўчқалар), қўй ва бошқа ҳайвонларнинг алоҳида қимматли нусхалари (наслдор ўзаги) рўйхатларга якка тартибда киритилади. Гуруҳ тартибида ҳисобга олинадиган асосий поданинг бошқа ҳайвонлари рўйхатларга ёш ва жинс гуруҳлари бўйича киритилиб, ҳар бир гуруҳ бўйича туёқлар сони ва жонли вазни (оғирлиги) кўрсатилади.

220. Ёш қорамоллар, ёш наслдор отлар ва иш ҳайвонлари инвентаризация рўйхатларига якка тартибда киритилиб, инвентарь рақамлари, лақаблари, жинси, насли ва ҳоказолар кўрсатилади.

Сўқимга боқиладиган ҳайвонлар, ёш чўчқалар, қўй ва эчкилар, парранда ҳамда гуруҳ тартибида ҳисобга олинадиган бошқа хил ҳайвонлар рўйхатларга ҳисоб регистрларида қабул қилинган номенклатурага кўра киритилиб, ҳар бир гуруҳ бўйича туёқлар сони ва жонли вазн (оғирлик) кўрсатилади.

Рўйхатлар ҳайвон турлари бўйича цехлар, фермалар, бўлимлар, бригадалар бўйича, ҳисоб гуруҳлари ва моддий жавобгар шахсларга ажратиб тузилади.

221. Касса инвентаризация қилинганда пул маблағлари ва кассада бўлган бошқа бойликларнинг ҳақиқатда мавжудлиги текширилади. Қатъий ҳисобдаги бланкалар ҳам текширувдан ўтказилади.

Кассада пул маблағларининг ҳақиқатда мавжудлиги ҳисоб-китоб қилинганда пул белгилари, почта маркалари ва давлат божи маркалари ҳисобга қабул қилинади.

Ҳеч қандай ҳужжатлар ёки тилхатлар кассадаги нақд пул қолдиғига киритилмайди. Кассирнинг кассада мазкур хўжалик юритувчи субъектга тегишли бўлмаган пул маблағлари ва бошқа бойликлар борлиги тўғрисидаги баёнотлари эътиборга олинмайди.

222. Нақд пул маблағларини инвентаризация қилиш далолатномасида бойликлар қолдиғи инвентаризация кунида натурада ва ҳисоб маълумотлари бўйича кўрсатилади ва инвентаризация натижаси белгиланади.

Қатъий ҳисобдаги бланкаларнинг ҳақиқатда мавжудлигини текшириш бланк турлари бўйича у ёки бу бланкаларнинг бошланғич ва охирги рақамларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Мазкур текшириш натижалари махсус рўйхат билан расмийлаштирилади.

223. Йўлдаги пул маблағларини инвентаризация қилиш бухгалтерия ҳисоби счётларида қайд этилган суммаларни банк муассасалари, почта бўлими ва ҳоказоларнинг квитанциялари маълумотлари билан солиштириш воситасида амалга оширилади.

224. Банкда ҳисоб-китоб ва жорий счётлар, аккредитивлар, махсус, алоҳида ва бошқа счётларда бўлган пул маблағларини инвентаризация қилиш хўжалик юритувчи субъект бухгалтериясининг маълумотлари бўйича тегишли счётларда қайд этилган суммалар қолдиғини банк кўчирмасидаги маълумотлар билан солиштириш орқали амалга оширилади.

225. Банклар билан ссудалар бўйича, бюджет, харидорлар, товар етказиб берувчилар, ҳисобдор шахслар, ишчи ва хизматчилар, депонентлар ҳамда бошқа дебитор ва кредиторлар билан ҳисоб-китобларни инвентаризация қилиш тегишли ҳужжатлар бўйича қолдиқларни аниқлаш ва бухгалтерия ҳисоби счётларида қайд этилган суммаларнинг асослилигини синчиклаб текширишга асосланади. Комиссия дебитор ва кредиторлар счётлари бўйича қарзларнинг пайдо бўлиши, уларнинг реаллиги ва шундай бўлган тақдирда, даъво этиш муддатларини ўтказиб юборишда айбдор шахсларни аниқлайди.

«Мол етказиб берувчилар ва пудратчилар билан ҳисоб-китоблар» счётининг йўлдаги товарлар ва фактура қилинмаган товарлар бўйича товар етказиб берувчилар билан ҳисоб-китоблар суммаларига доир қисми алоҳида синчиклаб текширилиши керак. У ҳужжатлар бўйича, шунингдек, корреспонденцияланувчи счётлар билан солиштирилган ҳолда текширилади. Бунда фактура қилинмаган товарлар таркибида тўланиши «Турли дебитор ва кредиторлар билан ҳисоб-китоблар» счётида акс эттирилган суммалар ёки ҳақиқатда тўланган ва олинган, бироқ йўлда деб ҳисобланувчи материаллар ва товарлар суммалари акс эттирилгани ёки эттирилмагани аниқлаштирилади.

Товар етказиб берувчиларнинг счётларида фактура қилинмаган товарлар бўйича қолган суммаларга, ана шу счёт бухгалтерия томонидан текширилгач, товар етказиб берувчилардан ҳисобварақ-фактуралар талаб қилиниши керак. Товар етказиб берувчилар харидорларга ҳисобварақ-фактуралар тақдим этишлари ёки уларни тақдим этмаслик сабабларини маълум қилишлари шарт. Агар товар етказиб берувчида қарз бўлмаса, у буни харидорга маълум қилиши керак.

226. Ишчи ва хизматчиларга қарзлар бўйича ўз вақтида талаб қилиб олинмаган, депонентлар счётига ўтказилиши керак бўлган иш ҳақи суммалари, шунингдек, ишчи ва хизматчиларга ортиқча тўлашлар суммалари ва бунинг пайдо бўлиш сабаблари аниқланиши керак.

227. Ҳисобот бериладиган суммалар инвентаризация қилинганда мақсадли фойдаланилишини ҳисобга олган ҳолда ҳисобдор шахсларнинг берилган бўнаклар бўйича ҳисоботлари, шунингдек, ҳар бир ҳисобдор шахс бўйича берилган бўнаклар суммалари, уларни бериш саналари ва мақсадли фойдаланилиши текширилади.

228. Махсус инвентаризация комиссияси ҳужжатли текшириш йўли билан қуйидагиларни ҳам аниқлаши керак:

– банклар, хўжалик юритувчи субъект қисмлари билан ҳисоб-китобларнинг айнанлиги;

– баланс бўйича қайд этилган камомад ва ўғирликларга доир қарз суммалари тўғрилиги ва асослилиги ҳамда ана шу қарзни ундириш учун қабул қилинган чоралар;

– баланс бўйича қайд этилган дебиторлик, кредиторлик ва депонентлик қарзлари суммаларининг тўғрилиги ва асослангани, шунингдек, дебиторлик қарзини мажбурий тартибда ундиришга даъволар тақдим этилган ёки этилмагани;

– муддати ўтган дебиторлик қарзи мавжудлиги сабаблари.

229. Солиштириш қайдномалари инвентаризация пайтида ҳисоб маълумотларида тафовутлар аниқланган бойликлар бўйича тузилади.

Солиштириш қайдномаларида инвентаризация натижалари, яъни бухгалтерия ҳисоби маълумотлари бўйича кўрсаткичлар ва инвентаризация рўйхатлари (далолатномалари) маълумотлари ўртасидаги тафовутлар акс эттирилади.

Ортиқча ва кам чиққан товар-моддий бойликларнинг қиймати солиштириш қайдномаларида уларнинг бухгалтерия ҳисобидаги баҳосига мувофиқ келтирилади.

Инвентаризация натижаларини расмийлаштириш учун ягона регистрлар қўлланиши мумкин, уларда инвентаризация рўйхатлари (далолатномалари) ва солиштириш қайдномаларининг кўрсаткичлари бирлаштирилади.

Корхонага тегишли бўлмаган, бироқ бухгалтерия ҳисобида қайд этилган (масъулиятли сақланишда бўлган, ижарага олинган, қайта ишлаш учун олинган) бойликларга алоҳида солиштириш қайдномалари тузилади.

Солиштириш қайдномалари ҳисоблаш ва бошқа техника воситаларидан фойдаланиб, шунингдек, қўлда тузилиши мумкин.

230. Қайта навларга ажратиш натижасида ортиқча чиқиш ва камомадларнинг ўзаро ҳисобга олинишига биргина текширилаётган давр учун, биргина текширилаётган шахсда, биргина номдаги товар-моддий бойликларга нисбатан ва ишончли шахс рухсатига кўра айнан бир хил миқдорларда истисно тарзида йўл қўйилиши мумкин.

8-§. Солиқ аудити натижаларини расмийлаштириш

231. Солиқ аудити натижасига кўра солиқ аудитини ўтказувчи шахс томонидан ушбу Низомга 24-иловага* мувофиқ шаклда уч нусхада солиқ аудити далолатномаси тузилади.

232. Солиқ аудити далолатномасига текшириш давомида аниқланган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишлари ҳолатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Агар солиқ аудити натижасида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишлари аниқланмаган бўлса, бу ҳақида солиқ аудити далолатномасида қайд этилади.

233. Солиқ аудити далолатномасининг барча нусхалари солиқ аудитини ўтказувчи шахслар томонидан имзоланади. Солиқ аудити далолатномасининг бир нусхаси солиқ тўловчига солиқ аудити тугаганидан кейин уч иш кун ичида топширилади.

234. Солиқ тўловчининг солиқ аудити далолатномасидаги имзоси унинг солиқ аудити натижаларига розилигини билдирмайди.

235. Солиқ тўловчи солиқ аудити далолатномасини олишдан бош тортган тақдирда, солиқ аудитини ўтказувчи шахс бу ҳақда солиқ аудити далолатномасига тегишли ёзувни киритади.

Бундай ҳолда солиқ аудити далолатномасининг бир нусхаси солиқ тўловчига почта орқали буюртма хат билан юборилади.

236. Солиқ аудити ўтказилган шахс (унинг вакили) солиқ текшируви далолатномасида баён этилган ҳолатларга ва (ёки) текширувчиларнинг хулосалари ҳамда таклифларига рози бўлмаган тақдирда, солиқ аудити далолатномасини олган кундан эътиборан ўн кун ичида тегишли солиқ органига мазкур далолатнома бўйича умуман ёки унинг айрим ҳолатлари юзасидан ёзма эътирозларини тақдим этишга ҳақли.

237. Солиқ тўловчи ўз эътирозларининг асосланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни (уларнинг тасдиқланган кўчирма нусхаларини) ёзма эътирозларга илова қилишга ёки келишилган муддатда солиқ органига топширишга ҳақли.

238. Солиқ аудити материаллари солиқ тўловчи ҳисобда турган жойдаги солиқ органига юборилади ҳамда солиқ аудити тугаган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай рўйхатдан ўтказилади. Солиқ аудити натижаси бўйича маълумотлар солиқ текширувлари ҳисобини юритиш ахборот тизимига киритилади.

239. Солиқ аудити материалларини кўриб чиқиш ва натижаси бўйича қарор қабул қилиш Солиқ кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Жиноий иш доирасида ўтказилган солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш ва натижаси бўйича қарор қабул қилиш учун солиқ тўловчи рўйхатдан ўтган солиқ органига юборилади.

 

9-§. Ҳуқуқни суиистеъмол қилган ёки сохта битимларга асосан қўшилган қиймат солиғини ҳисобга  оладиган, аммо тўламайдиган солиқ тўловчиларда текширишларни амалга ошириш

240. Солиқ аудитини ўтказиш жараёнида солиқ тўловчининг мақсади асоссиз солиқ нафи олишга ёхуд тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини камайтиришга қаратилган операцияларни амалга ошириш эканлиги аниқланган тақдирда, бундай ҳаракатлар ҳуқуқни суиистеъмол қилиш сифатида баҳоланади.

Солиқ аудити натижасида солиқ тўловчи томонидан қонун ҳужжатлари билан берилган ҳуқуқ суиистеъмол қилинганлиги ва (ёки) битимнинг сохталиги, яъни қўшилган қиймат солиғини ҳисобга оладиган, аммо тўламайдиган корхоналар аниқланган тақдирда, қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ базаси товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиқиб аниқланади.

241. Қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ базасини аниқлаш мақсадида товарларнинг (хизматларнинг) бозор қиймати деганда товарларнинг (хизматларнинг) эҳтимолга энг яқин ва адолатли қиймати, шу жумладан, ваколатли органлар, баҳолаш ташкилотлари томонидан аниқланадиган ва (ёки) белгиланган, бу ёки бошқа товар ёхуд товарлар (хизматлар) бозорида реализация қилиниши (кўрсатилиши) мумкин бўлган қиймат тушунилади.

Солиқ органлари ҚҚС тўлиқ ҳисобланишини назорат қилиш чоғида битимлар (операциялар) бўйича товарларнинг (хизматларнинг) қиймати тўғри қўлланилганини қуйидагилар асосида аниқлаши мумкин:

ўзининг нархга доир маълумотлари (прайс-варақлар);

ахборот-нарх агентликлари маълумотлари;

оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотлар;

Давлат солиқ қўмитаси веб-сайтида нархлар тўғрисида маълумотлар;

биржа хабарлари;

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан тузилиб, ҳар ойда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинадиган импорт қилинадиган товарларга нарх маълумотлари бюллетени;

статистика органларининг ёхуд қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда нархларни белгилаш учун нормативларни белгилайдиган ваколатли органларнинг маълумотлари;

сайёр солиқ текширувларида ўтказилган хронометраж кўздан кечириш маълумотлари.

Ўтказилган солиқ аудити материаллари ҳар ойда солиқ органининг ваколатли бўлинмаси томонидан таҳлил қилинади ва умумлаштирилади. Солиқ тўловчи томонидан қонун ҳужжатлари билан берилган ҳуқуқ суиистеъмол қилинганлиги ва (ёки) битимнинг сохталиги, яъни қўшилган қиймат солиғини ноқонуний равишда ҳисобга олган солиқ тўловчилар аниқланган тақдирда, ушбу маълумотлардан кейинчалик солиқ хавфини бошқариш тизимида таҳлил қилишда фойдаланилади.

 

III БЎЛИМ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

242. Солиқ текширувлари натижалари бўйича текширув материаллари давлат солик xизмати органи раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан кўриб чиқилади ва кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат солик xизмати органи томонидан Солиқ кодексида белгиланган тартибда ва муддатларда ижро қилиниши юзасидан тегишли қарор қабул қилади.

Солик тўловчи солиқ текшируви натижасида қабул қилинган карорни ихтиёрий тартибда бажармаган ҳолларда солиқ органи томонидан мустақил равишда Солиқ кодексининг 120-124-моддаларида назарда тутилган тартибда солиқ қарзларини ундириш амалга оширилади.

243. Қайси қоидабузарликлар учун жисмоний шахслар ёки юридик шахсларнинг мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилиши лозим бўлса, солиқ органи томонидан аниқланган шундай қоидабузарликлар юзасидан солиқ органининг солиқ текширувини ўтказган ваколатли мансабдор шахси ўз ваколатлари доирасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади.

244. Мазкур Низом талабларига асосан ўтказилган сайёр солиқ текширувлари натижалари бўйича солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида солиқ органларига маълумот берган шахсларни рағбатлантириш тартиби Давлат солиқ қўмитасининг буйруғи асосида белгиланади.

 

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 8.01.2021 йилдан кучга кирди.

**Ушбу қарорга 1 ва 3-иловалар «СБХ»нинг 19.01.2021 йилдаги 3 (1379)-сонида берилган. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

*Низомга 1-24-иловалар «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 683 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика