Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 3 / Бухгалтерга ёрдам

Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотнома қандай тўлдирилади 2021 йил учун

 

Солиқ тўловчилар

Қуйидагилар мол-мулк солиғи тўловчилар ҳисобланади:

● Ўзбекистон ҳудудида ушбу солиқ солиш объекти ҳисобланувчи мол-мулкка эга бўлган Ўзбекистон юридик шахслари;

● Ўзбекистонда кўчмас мулкка эга бўлган норезидентлар бўлган юридик шахслар.

Агар кўчмас мулк мулкдорининг жойлашган ерини аниқлашнинг имкони бўлмаса, ушбу мулкка эгалик қилувчи ва (ёки) ундан фойдаланувчи шахс солиқ тўловчи деб эътироф этилади.

Кўчмас мулк молиявий ижарага (лизинг) олинган тақдирда, ижарага олувчи (лизинг олувчи) солиқ тўловчи ҳисобланади (СК 410-м.). 

 

Бўнак тўловлари тўғрисида маълумотномани тақдим этиш ва уларни тўлаш муддатлари

Солиқ даври – календарь йил мобайнида солиқ тўловчилар солиқ бўйича бўнак тўловларни тўлайдилар. Ушбу норма Ўзбекистонда фаолиятни доимий муассасалар орқали амалга оширмайдиган норезидентлар бўлган юридик шахсларга татбиқ этилмайди (СК 417-м. 4-қ.).

 

Бўнак тўловлар суммаси Ҳисоб-китоб бўйича бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммасига нисбатан 10%дан ортиқ камайтирилган тақдирда, солиқ органи бўнак тўловларни солиқнинг ҳақиқий суммасидан келиб чиқиб, пеня ҳисоблаган ҳолда қайтадан ҳисоблаб чиқади.

 

Солиқ тўловчилар бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани (7-илова, АВ рақами 3221, 24.02.2020 йил) қуйидаги муддатларда тақдим этадилар:

● жорий йилнинг 10 январига қадар. 2021 йил 9 январь – дам олиш куни бўлганлиги боис, ҳисоб-китобни топширишнинг сўнгги куни ундан кейинги иш кунига – 11 январга кўчирилади (СК 5-м. 8-қ.);

● янги ташкил қилинган юридик шахслар – давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан 30 кундан кечиктирмай;

● солиқ бўйича мажбуриятлари календарь йил мобайнида юзага келган юридик шахслар – солиқ мажбурияти юзага келган санадан эътиборан 30 кундан кечиктирмай (СК 417-м. 5-қ.).

 

Солиқ даври мобайнида мўлжалланаётган солиқ базаси ўзгарган тақдирда солиқ тўловчи солиқ суммаси тўғрисида аниқлаштирилган маълумотнома тақдим этишга ҳақли. Бунда календарь йилнинг қолган қисми учун бўнак тўловларга солиқнинг ўзгариш суммасига тенг улушларда тузатиш киритилади.

 

Бўнак тўловлар қуйидагича тўланади:

● айланмадан солиқ тўловчилар томонидан – йиллик солиқ суммасининг 1/4 қисми миқдорида йилнинг ҳар чораги учинчи ойининг 10-кунидан кечиктирмай;

● қолган солиқ тўловчилар томонидан – йиллик солиқ суммасининг 1/12 қисми миқдорида ҳар ойнинг 10-кунидан кечиктирмай (СК 417-м. 6-қ.).

Календарь йил якуни бўйича якуний ҳисоб-китобни йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этинг (норезидентлар бўлган юридик шахслар уни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралига қадар бўлган муддатда тақдим этади). Шу муддатда бўнак тўловларни ҳисобга олган ҳолда солиқни тўланг.

 

Маълумотнома қандай шаклда тақдим этилади

my.soliq.uz порталида мол-мулк солиғи бўйича бўнак тўловлар тўғрисидаги маълумотноманинг 2 та шакли жойлаштирилган:

1) айланмадан солиқ тўловчилар учун;

2) қолган солиқ тўловчилар учун.

Шаклларда изоҳ мавжуд: «Маълумотномани кўчмас мулк жойлашган жойдаги давлат солиқ хизмати органларига тақдим этишда Маълумотнома фақат кўчмас мол-мулк объектлари қисмида тўлдирилади, бунда мазкур кўчмас мол-мулк Маълумотномани солиқ бўйича ҳисобга олиш жойи бўйича тақдим этишда ҳисобга олинмайди.

Яъни агар сизда солиқ бўйича ҳисобга олиш жойи бўйича жойлашмаган кўчмас мулк объектлари мавжуд бўлса, уларни фақат улар жойлашган жойдаги солиқ органига тақдим этиладиган Маълумотномада акс эттиринг.

 

Маълумотномани тўлдириш учун ахборот қандай тайёрланади

Бўнак тўловлар мўлжалланаётган солиқ базасидан ва тегишли солиқ ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Маълумотномани тўлдириш учун қуйидаги кўрсаткичларни ҳисоблаб чиқаринг:

кадастр органларида рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган бино ва иншоотларнинг мўлжалланаётган ўртача йиллик қолдиқ қийматини.

Ҳисоб-китобларига қуйидаги мол-мулкни киритманг:

● солиқ солиш объекти ҳисобланмайдиган (СК 411-м. 3-қ.);

● Солиқ кодексининг 414-моддаси ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича улар бўйича имтиёзлар тақдим этилган.

1-қадам: бино ва иншоотларнинг қолдиқ қийматини қуйидагича формула бўйича аниқланг:

Қолдиқ қиймати = Бошланғич (тикланиш) қиймати – ҳисоб сиёсатида белгиланган усуллардан фойдаланилган ҳолда ҳисоблаб чиқилган Амортизация

Қолдиқ қийматни 2021 йилдаги ҳар бир ойнинг охирги кунидаги ҳолатга кўра, яъни 31 январь, 28 февраль, 31 март <…> 31 декабрь ҳолати бўйича аниқланг.

Қолдиқ қийматни аниқлаш учун қуйидагилар талаб қилинади:

● 2021 йил 1 январь ҳолати бўйича 0120-«Бинолар, иншоотлар ва ўтказувчи қурилмалар» счётида ҳисобда турган бино ва иншоотларнинг бошланғич (тикланиш) қиймати. Изоҳ: 2021 йил 1 январдан бошлаб асосий воситаларни ҳар йиллик мажбурий қайта баҳолаш бекор қилинган (30.12.2020 йилдаги ПФ-4938-сон Фармон 9-б.);

● ҳар бир ой якуни ҳолати бўйича жамғарилган амортизация суммаси.

 

2-қадам: ўртача йиллик қолдиқ қийматни қуйидаги формула бўйича аниқланг:

Ўртача йиллик қолдиқ қиймат = (2021 йил 31 январь ҳолати бўйича Қолдиқ қиймат + 28 февраль ҳолати бўйича Қолдиқ қиймат + 31 март ҳолати бўйича Қолдиқ қиймат + ... + 31 декабрь ҳолати бўйича Қолдиқ қиймат) / 12.

 

Тўлиқ амортизация қилинган бинолар бўйича уларнинг 3 йилда камида 1 марта аниқланадиган қайта баҳоланган (бозор) қиймати солиқ базаси ҳисобланади.

 

2) қуйидагиларнинг мўлжалланаётган ўртача йиллик қолдиқ қийматини:

темир йўллар;

магистраль қувурлар;

алоқа ва электр узатиш линиялари;

мазкур объектларнинг ажралмас технологик қисми бўлган иншоотлар.

Мазкур кўрсаткични бино ва иншоотлар учун белгиланган ўша тартибда ҳисоблаб чиқаринг;

 

3) тугалланмаган қурилишнинг мўлжалланаётган ўртача йиллик қийматини.

Қурилиши тугалланмаган объектлар – бу лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган норматив муддатда қурилиши тугалланмаган объектлар. Агар қурилишнинг норматив муддати белгиланмаган бўлса – объектнинг қурилишига ваколатли бўлган органнинг рухсатномаси олинган ойдан эътиборан 24 ой ичида (СК 411-м. 2-қ.).

1-қадам: объектларнинг тугалланмаган қурилиш таркибида бўлиш муддатини аниқланг. Бу ахборотни сиз лойиҳа-смета ҳужжатларидан, шунингдек ташкилотингизнинг қурилишга масъул бўлган мутахассисларидан олишингиз мумкин.

Агар қурилиши тугалланмаган объект 2021 йил давомида асосий воситалар таркибига ўтказилса, бўнак тўловларни тегишли даврлар бўйича ҳисоблаб чиқариш зарур. Яъни қайсидир ойларда ушбу объектнинг ҳисоби тугалланмаган қурилиш сифатида юритилади, қайсидир ойларда эса – асосий восита (бино ёки иншоот) сифатида юритилади.

2-қадам: ўртача йиллик қийматни қуйидаги формула бўйича аниқланг:

Ўртача йиллик қиймат = (2021 йил 31 январь ҳолати бўйича Қиймат + 28 февраль ҳолати бўйича Қиймат + 31 март ҳолати бўйича Қиймат + ... + 31 декабрь ҳолати бўйича Қиймат) / 12

 

4) объект фойдаланишга топширилгандан кейин 6 ой ўтгач қурилиш ташкилотлари ёки иморатларни қурувчилар балансида ҳисобда турган турар жой кўчмас мулк ­объектларининг мўлжалланаётган ўртача йиллик қийматини.

Ўртача йиллик қийматни аниқлаш учун:

● ҳар бир ой якуни ҳолати бўйича реализация қилинмаган объектлар қийматини прогноз қилинг;

● ҳар бир ой якуни ҳолати бўйича реализация қилинмаган объектлар қийматини қўшинг;

● олинган суммадан 1/12 ни аниқланг.

 

Норезидентларнинг кўчмас мулк объектларига нисбатан солиқ базаси мол-мулкнинг ўртача йиллик қийматидир (СК 412-м. 2-қ.).

 

Солиқ қандай ставкалар бўйича тўланади

Умумий солиқ ставкаси – 2% .

Қурилиши норматив муддатда тугалланмаган объектлар бўйича – 4%.

Қуйидагиларга нисбатан оширилган ставкалар қўлланилиши мумкин:

● бўш турган бинолар;

● фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари;

● яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар;

● тугалланмаган қурилиш объектлари.

Бунда СКнинг 414-моддасида кўрсатилган солиқ имтиёзлари уларга татбиқ этилмайди.

Қуйидагиларга нисбатан 0,4% ставка белгиланган:

● умумий фойдаланишдаги темир йўллар, магистраль қувурлар, алоқа ва электр узатиш линиялари, шунингдек мазкур объектларнинг ажралмас технологик қисми бўлган иншоотлар;

● консервация қилиниши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган кўчмас мулк ва тугалланмаган қурилиш объектлари (СК 415-м. 3-қ.).

 

Олег ЦОЙ,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 553 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика