Олдинги йилларда корхонада фойда солиғи ҳисоб-китобида зарар кўрилган, 2020 йилда эса фойда кўрилди. 2020 йилнинг фойдасини олдинги йиллар зарарлари суммасига камайтириш мумкинми? Буни хатоларсиз қандай амалга оширишни «Norma» компанияси эксперти Олег ЦОЙ тушунтириб берди:
– Зарарларни келгуси даврларга ўтказиш қоидалари СКнинг 333-моддасида белгиланган.
Агар чегириладиган харажатлар жами даромаддан ошиб кетса (даромадлар ва харажатларга киритилган тузатишларни инобатга олган ҳолда), солиқ солиш мақсадида зарар юзага келади.
Чегирилмайдиган харажатлар солиқ солинадиган фойдани камайтирмайди, демак, ўтказиладиган зарар суммасини оширмайди.
Агар корхонада олдинги солиқ даврида (календарь йилда) зарар ҳосил бўлган бўлса, сиз жорий йил фойдасини зарарнинг бутун суммага ёки унинг бир қисмига камайтиришга ҳақлисиз.
Зарарни ушбу зарар кўрилган йилдан кейинги 10 йил мобайнида келгусига ўтказишни амалга ошириш мумкин. Бунда ўтказилаётган зарарнинг жами суммаси жорий йил солиқ базасининг 60%идан ошиб кетиши мумкин эмас.
Солиқ базасини олдинги солиқ даврида (даврларида) кўрилган зарар суммасига фақат жорий солиқ даврининг якунлари бўйича камайтириш мумкин (йиллик солиқ ҳисоботини тўлдиришда). Агар зарарлар бир календарь йилдан ортиқ йилларда кўрилган бўлса, улар кўрилган кетма-кетликда ўтказилади.
2020 йил 1 январга қадар ҳосил бўлган зарарни келгусига 5 йилдан кўп бўлмаган муддатда кўчириш мумкин. Ўтказилаётган зарарнинг жами суммаси жорий йилдаги солиқ базасининг 50%идан ошиши мумкин эмас (30.12.2019 йилдаги ЎРҚ-599-сон Қонуннинг 6-б.).
Яъни 2020 йилнинг солиқ солинадиган фойдасини сиз 2015-2019 йиллар зарарларига 50% доирасида камайтиришингиз мумкин.
Корхонанинг фойда солиғини тўлашдан озод қилинган солиқ даврида кўрган зарарлари кейинги солиқ даврларига ўтказилиши мумкин эмас (Ҳисоб-китобга 7-илованинг 4-изоҳи, 3-илова, АВ томонидан 24.02.2020 йилда 3221-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Агар сизда 2020 йил бошига бўлган ҳолатда ўтказилмаган зарар қолдиғи мавжуд бўлса ёки зарар жорий йилда кўрилган бўлса, 2020 йил учун Фойда солиғи ҳисоб-китобига 7-«Жорий солиқ давридаги солиқ солинадиган фойдани камайтирадиган ўтган йиллар зарари суммасининг ҳисоб-китоби» иловасини тўлдиринг. Бу иловада сиз олдинги 5 йилдаги сўндирилмаган зарарларни босқичма-босқич ўтказиш ҳисобига солиқ базасини 50% ортиқ бўлмаган миқдорда камайтиришни акс эттиришингиз мумкин.
2020 йил якунлари бўйича кўрилган зарар 2021 йилдан бошлаб 10 йил мобайнида ўтказилиши мумкин.
Мисол. 2020 йил учун фойда солиғи ҳисоб-китобида олдинги йиллар зарарларини ўтказиш
Фойда солиғи ҳисоб-китобига 7-иловани шартли мисолда тўлдирамиз.
Корхона 2020 йилнинг бошига бўлган ҳолатда ўтказилмаган зарар қолдиғига эга:
● 2018 йил учун – 15 200 минг сўм (Ҳисоб-китобнинг 0101-сатри 3-устунида кўрсатилади);
● 2019 йил учун – 17 300 минг сўм (Ҳисоб-китобнинг 0102-сатри 3-устунида кўрсатилади).
Солиқ базаси (030-сатр) автоматик тарзда ҳисоблаб чиқарилади, бизнинг мисолимизда у 23 600 минг сўмга (фойда) тенг.
Олдинги йиллар зарарларини 2020 йилга 11 800 минг сўмдан (23 600 х 50%) ортиқ бўлмаган миқдорда ўтказиш мумкин. Ушбу сумма автоматик тарзда 040-сатрда акс эттирилади.
Олдинги йилларнинг ўтказилмаган зарарининг умумий суммаси 32 500 минг сўм (15 200 + 17 300) энг юқори суммадан (11 800 минг сўм) кўп бўлганлиги боис, 050-сатрда автоматик тарзда 11 800 минг сўм акс эттирилади.
2020 йилнинг якунига бўлган ҳолатда ўтказилмаган зарарнинг қолдиғи қуйидагини ташкил этади:
2018 йил учун – 3 400 минг сўм (15 200 – 11 800) (Ҳисоб-китобнинг 0601-сатри 3-устунида кўрсатилади);
2019 йил учун – 17 300 минг сўм (Ҳисоб-китобнинг 0602-сатри 3-устунида кўрсатилади).
Шу тариқа, 2020 йилнинг солиқ базасини биз 2018 йил зарарининг бир қисми ҳисобига 11 800 минг сўмга камайтирдик.
СКнинг 336-моддаси операцияларнинг айрим турлари бўйича қуйидаги зарарларни ўтказишнинг ўзига хос хусусиятларини белгилайди:
● юридик шахснинг мол-мулк мажмуи сифатидаги корхонани устав фондида иштирок этиш улушини реализация қилишдан ёки унинг бошқача тарзда чиқиб кетишидан;
● ишончли бошқарув шартномаси бўйича;
● оддий ширкат шартномаси (биргаликдаги фаолият тўғрисида) бўйича;
● хизмат кўрсатувчи хўжаликлардан кўрилган;
● муомалада бўлмаган қимматли қоғозлар ва муддатли битимларнинг муомалада бўлмаган молиявий воситаларига доир операциялар бўйича.
Бундай операциялар бўйича даромадлар ва харажатларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритинг.
Сиз улар бўйича зарарларни улар кўрилган календарь йилдан кейинги 10 мобайнида суммаси бўйича чекловларсиз ўтказишингиз мумкин. Бунинг учун Фойда солиғи ҳисоб-китобига 8-«Операцияларнинг айрим турлари бўйича зарарларни ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари» иловасини тўлдиринг.