Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 52 / Кадрлар бўлими

Ходимни мунтазам «касаллик варақаси»да бўлгани учун ишдан бўшатиш мумкинми?

 

Ходим тез-тез касал бўлади ва деярли «касаллик варақаси»да ўтирибди. Табиийки, у ўз функцияларини барқарор бажара олмайди. Шахс қанча узоқ муддат «бюллетенда» бўлиши мумкин? Биз уни соғлиғи ҳолатига кўра ишдан бўшатишимиз мумкинми? 

 

Иш берувчи қандай асосларга биноан «сурункали-лаёқатсиз» ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкинлиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан «Norma» компаниясининг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара Хикматова сўзлаб берди:

 

– Касаллик ва шикастланганлик бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақалари меҳнатга лаёқатсиз шахс мурожаат қилган ёхуд даволанган даволаш-профилактика муассасаси (ДПМ) томонидан меҳнатга лаёқатсизлик аниқланган кундан бошлаб берилади (Йўриқноманинг 9-б., АВ рақами 2667, 17.04.2015 й.).

Амбулатория шароитида даволанишда даволовчи шифокор якка ўзи 5 календарь кунигача «касаллик варақаси» беришга ҳақли. Кейинчалик унинг муддати даволовчи шифокор ва бўлим мудири томонидан ҳар сафар 10 календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади (Йўриқноманинг 10-б.). Бироқ бу бюллетенни чексиз узайтириш мумкинлигини англатмайди. Муайян муддатлардан кейин бемор тиббий-меҳнат эксперт комиссиясига (ТМЭК) юборилади:

  • айнан бир касаллик бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври узлуксиз 4 ойни ташкил қилса (сил касаллиги биринчи марта аниқланганда – 10 ой, у кучайганда – 6 ой);
  • айнан бир касаллик бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври танаффус билан бир йил мобайнида жами 6 ойни ташкил қилса.

Ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган шахслар, шунингдек нохуш клиник прогнозли беморлар ушбу муддатлар ўтмасдан туриб ҳам ТМЭКга юборилиши мумкин (Йўриқноманинг 22-б.).

Бемор ТМЭКга юборилганда меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг муддати тўхтатилади. Бемор ҳужжатлари ТМЭКда қабул қилинган кундан бошлаб 2 ҳафта муддатда тиббий кўрик ўтказилади. ТМЭК томонидан ногиронлик белгиланмаган бўлса, лекин у ҳануз меҳнатга лаёқатсиз бўлса, «касаллик варақаси» ДПМ томонидан унинг меҳнат қобилияти тиклангунга қадар, аммо 2 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади (Йўриқноманинг 24-б.).

 

Агар сизнинг ходимингиз тез-тез ва узоқ касалланса, ДПМ бош шифокорининг буйруғи асосида у муайян шифокорга бириктирилади, ушбу шифокор томонидан бюллетень берилади. Бу ҳақда ДПМ сизнинг ташкилотингизни хабардор қилади (Йўриқноманинг 16-б.).

 

Агар сизда мунтазам касалланадиган ходим  бўлса ёки сизнинг у «касаллик варақаси»ни суиистеъмол қилаётганлиги юзасидан гумонингиз бўлса, сиз ҳар доим тегишли ДПМга иш берувчи ташкилот номидан ёзма ёки электрон мурожаат юборишингиз мумкин. Мурожаатда касалликнинг тавсифи, «касаллик варақаси»ни узайтириш муддатлари ва ходим ТМЭКга юборилиши юзасидан саволлар беринг. ДПМ сизнинг аризангизни 15 кун ичида кўриб чиқиши ва жавоб бериши шарт («Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 28-м.).

Агар ходим ТМЭКга юборилган бўлса, хулосани олинг ва тавсия берилган қисмини диққат билан ўрганинг. Ва агар у ерда ходимга эгаллаб турган лавозими, касби ёки мутахассислиги бўйича ишларни бажаришига қарши кўрсатма мавжуд бўлса ёки меҳнат жамоаси аъзолари ёхуд улар хизмат кўрсатаётган фуқаролар учун хавфли бўлса, бу – МКнинг 100-моддаси 2-қисми 2-бандига биноан ишдан бўшатиш учун асос – «ходимнинг соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши (17.04.1998 йилдаги ­12-сон ОСПҚнинг 28-б. 5-хатбошиси).

 

Ходим соғлиғининг ёмонлашишининг ўзи (жумладан тез-тез ва узоқ давр вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик) ёки ногиронлик белгиланиши МКнинг ­100-моддаси 2-қисми 2-бандига биноан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун етарли сабаб бўлиб хизмат қилмайди.

 

«Соғлиғи ҳолатига кўра» ишдан бўшатишдан олдин, иш берувчи ходимга тиббий тавсияга мувофиқ у бажара оладиган ишни таклиф қилиши шарт (12-сон ОСПҚнинг 42-б. 2-хатбошиси).

Ходим бошқа ишга ўтишдан бош тортган ёки корхонада мувофиқ келадиган иш бўлмаган тақдирда, меҳнат шартномаси умумий асосларда бекор қилиниши мумкин (МКнинг 92-м. 2-қ.).

Прочитано: 455 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика