Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 48 / Биз яшайдиган уй

Ҳисоблагичлар «шарпалар»га қарши ёки мавҳум қарздорликлар қаердан олинади?

 

Октябрь ойида пойтахтда ҳисоблагичсиз истеъмол қилинган совуқ сув учун асосланмаган қарздорликлар тўлқини авж олди. «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖнинг туман бўлинмаларида («Сувсоз») фуқаролар мавҳум қарздорликлар даври учун тўлаган квитанциялари билан тўп-тўп бўлиб туришди, асабийлашишди, вақт йўқотишди. Юзага келган муаммонинг сабабларидан бири – истеъмолчилар ҳисобининг нотўғри юритилиши. Етказиб берувчининг маълумотлар базасида «ўлик жонлар» ҳосил бўлган: абонентлар манзили бўйича яшамайдиган ва рўйхатдан ўтмаган шахслар рўйхатга киритилган. 

 

Ижтимоий тармоқлардаги шарҳлар ва газетамизга қилинган мурожаатларга қараганда, туман сув таъминоти ташкилотлари маҳалла қўмиталарига ҳавола қилган ҳолда, бу маълумотларни айнан шу қўмиталар берганини айтишган. Сув етказиб берувчилар бундай қарздорликлардан норози бўлган истеъмолчиларга 17-сонли шаклдаги маълумотномани тақдим этган ҳолда пропискани тасдиқлашларини айтишган. Яна вақт йўқот, сарсонгарчилик, асаббузарлик. Яна абонентнинг манзилида «кўринмас одамлар» йўқлигини исботлашга кириш…

Савол туғилади: маҳалла бу ерда нима қилиб юрибди? Ўзини ўзи бошқариш органининг уйда яшаётганлар ҳисобини юритиш, сув таъминоти ташкилотига маълумотлар бериш бўйича мажбурияти қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатда белгиланган?

 

Иккини ёзамиз – учни ёдда сақлаймиз

Истеъмолчиларга сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидаларида (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарорига 2-илова) ҳисобга олиш асбоблари билан таъминланмаган истеъмолчилар томонидан сарфланган сув ҳажмини аниқлаш учун зарур бўлган доимий ва вақтинчалик истиқомат қилувчилар сони ҳақидаги маълумотлар сув таъминоти ташкилотлари томонидан истеъмолчининг яшаш жойи бўйича ички ишлар органларидан мустақил равишда сўраб олиши назарда тутилган. (Қоидаларнинг 17-б.). Ҳаммаси очиқ-равшан тушунарли. Лекин етказиб берувчи истеъмолчиларни маълумотлар тўплаш учун югуртиришда давом этмоқда, ваҳоланки бу ишларни унинг ўзи, қонун ҳужжатларида белгиланган электрон ҳужжат айланиши механизмидан фойдаланган ҳолда амалга ошириши керак эди.

Юқорида келтирилган нормага мувофиқ маҳалла доимий ва вақтинча прописка қилинганлар тўғрисидаги маълумотни йиғиш-топшириш жараёнида иштирок этмайди. Амалда нима бўляпти? Кўп квартирали уйларда ҳозирда ижарадагилар кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг аксарияти вақтинчалик рўйхатдан ўтмаган бўлиб, етказиб берувчилар учун бош оғриғи бўлмоқда. Ҳисоблагич бўлмаган вақтда – бу ҳисобда йўқ истеъмолчилар дегани. Қоидаларда уйда вақтинча истиқомат қилувчи (ёлловчи)лар истиқомат қилганда тўловлар ҳақиқатда истиқомат қилаётганлар сонига қараб амалга оширилиши белгиланган. Истеъмолчи, ўзи яшаётган хонадонда турувчилар сонида ўзгаришлар содир бўлган вақтдан бошлаб 5 иш кунидан кечикмай бу ҳақда етказиб берувчини ёзма равишда огоҳлантириши лозим. Бунда истеъмолчи, Сувсоз ташкилоти, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакиллари ва уйнинг асосий эгаси томонидан – уч томонлама далолатнома тузилади (Қоидаларнинг 114-б.). Шундай далолатномалар қилиняптими, буни айтиш қийин. Лекин шуниси аниқки, маҳалла қўмитасини ҳисоб юритишга жалб этиш учун бу расмий асосга айланиб қолди. Бунга, албатта, ўзини ўзи бошқариш органи аҳолига энг яқин орган бўлганлиги сабаб бўлса ажаб эмас.

Бир қарашда, маҳалла ҳисоб билан шуғулланиши шартлигини белгилайдиган ҳужжат мавжуд эмас. Бу органнинг сув етказиб берувчиси билан ўзаро муносабатини тартибга солувчи регламент йўқ. Ишончли маълумотларни етказиб берганлик учун жавобгарлик ҳам белгиланмаган. Шундай экан, маҳалла бу ерда нима қилиб аралашади, масалани абонентлар эмас, ваколатли органлар ҳал қилиши керак эмасми.

Бугунги кунда маҳалла зиммасига баъзида у уддасидан чиқа олмайдиган даражадаги оғир вазифалар юклаб қўйилган. Баъзида маҳалла қўмитаси уй бошиларнинг ахборотидан фойдаланади, бу ахборотни эса доим ҳам ишончли деб бўлмайди. Қонунчиликда «уй боши», «домком» деган ҳуқуқий тушунчанинг ўзи мавжуд эмас, унинг ваколат ва мажбуриятлари белгиланмаган. Ишкалнинг боши ҳам шундан бошланади: истеъмолчи-«шарпалар», нореал ҳисобланмалар. Буларнинг ҳаммаси ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун замин яратади.

 

Тизим оқсамоқдами

Сув бўйича асосланмаган қарздорликлар тўлқинини ҳосил қиладиган яна бир нечта сабаб бор.

Жорий йилда сув етказиб берувчи абонентлар шахсий ҳисобварағини уларни оммавий хабардор қилмаган ҳолда ўзгартирди. Бу ҳам шартнома шартларини бузиш ҳисобланиб, совуқ сув тўловидаги муаммолар келиб чиқишига омил бўлган.

Истеъмолчиларнинг келтиришича, тўловлар тўғрисидаги квитанцияларни тўлдираётганда сув таъминоти ташкилотлари ходимлари томонидан кўпинча хатоликларга йўл қўйилади. Бунда улар ё тўғри ҳисоблай олишмайди ёхуд ўзларининг фойдаларига адашиб кетадилар. Шунинг учун квитанцияларни текшириш керак, янаям маъқулроғи, уларни истеъмолчининг ўзи тўлдирсин. Электрон тўлов тизимлари орқали ҳақ тўланганда – чекларни сақлаш ёки қоғозга чиқариб олиш зарур.

Аксарият ҳолларда сув учун нотўғри ҳисоблашлар бўлганда етказиб берувчи маълумотларнинг электрон тизимидаги узилишларни ёки хатоликларни рўкач қилади. Тизимдаги узилишлар нима дегани? Яна ўша инсон омили масаласи: ниманидир нотўғри босиб юборган, туртиб юборган, нотўғри ўрнатиб қўйган. Истеъмолчилар кўпинча савол беришади: сув узатишдаги узилишлар шу қадар мунтазам бўлиб турадики, бу етказиб берувчилар манфаатидаги иш эмасмикин? Коммунал хизматлар ҳисобининг интеграциялашган тизимига нотўғри ­маълумотларнинг киритилиши эса нималарга олиб келиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин.

Ҳисоблагичлар мавжуд бўлмаганда ортиқча одамларни қўшиб ёзиш, сув бўйича мавҳум қарздорликлар муаммосининг қатъий ечими ҳар жойда ҳисоблаш асбобларини ўрнатиш, уларни ҳисоб ва назоратнинг автоматик тизимига улашда кўринади. Бу вазиятларда сув ўлчагичларни ўрнатишга шошилмаётган истеъмолчиларнинг ўзлари ҳам қисман айбдордирлар.

 

Муаммолар бўлмаслиги учун

Истеъмолчиларда реал қарздорликлар юзага келмаслиги мақсадида улар сув таъминоти учун кейинги ойга ҳар ойнинг 10-санасига қадар 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлашлари лозимлигини эслатиб ўтамиз (Қоидаларнинг 108-б.).

Фуқаролар доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинмаган хонадонларда, сувни ҳисобга олиш асбоби мавжуд бўлмаганда, ичимлик сув ва канализация хизматлари учун тўловлар қонунчиликда кўрсатилган истеъмол нормаларига кўра, белгиланган тарифларнинг орттирилувчи коэффициентини қўллаш йўли билан: бир ва икки хонали уйларда – бир киши ҳисобидан; уч хонали уйларда – икки киши ҳисобидан; тўрт хонали уйларда – уч киши ҳисобидан; беш хонали уйларда – тўрт киши ҳисобидан ва ундан ортиқ хонали уйларда шу тартибда амалга оширилади (Қоидаларнинг 99-б.).

Истеъмолчилар етказиб берувчига ҳар ойда жорий ойнинг 23-25-санасида сувни ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичларини тақдим этишлари керак (Қоидаларнинг 123-б. 8-хатбошиси). Акс ҳолда сув таъминоти ташкилоти ушбу ва кейинги давр ҳисоб-китобларини сув сарфининг ўртача суткалик нормаси асосида амалга ошириш ҳуқуқига эга. Истеъмолчи томонидан кейинги кўрсаткичлар тақдим этилганда қайта ҳисоб-китоб амалга оширилади (Қоидаларнинг 100-б.).

Сув таъминоти ташкилоти, истеъмолчини 7 кун аввал ёзма равишда огоҳлантирган ҳолда, хизматлар учун белгиланган муддатларда ҳақ тўланмаганда сувни узатишни тўлиқ ва қисман тўхтатиши мумкин (Қоидаларнинг 127-б.).

Прочитано: 502 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2020-12-03 09:10:26, Гость_абдурауф андижондан:
№48 сондаги сув мауаммоси бутун Узбекистон буйича авж олган деб бемалол айтишимиз мумкин. Сувсозни таърифига кура тошкент шахрида кучадаги кранлардан сув ташиб истемол килинган сув учун 1 кишига 1 ойга 800 сум(24 соат давомида крандан сув олиш имкони булганда). Аммо туман марказларида ва уларга якин жойларда кучадаги крандан сув ташиб истемол килувчилар учун 1 кишига 2000-2500 сум этиб белгаланган. Куп вактдан буён сув эрталаб 2 соат, кечга якин 2 соатгина кранниги йуклиги учун чикиб туради.Ортикча сув тугри арикка окиб кетаверади хеч кимни иши йук.Уртача 2 соат чиккан сув учун туловни хисобласак 10 жон учун 1 ойга атиги 133 сум 33 тийиндан тугри келади халос(800сум:30кун:24соат х 4соат кун х 30кун урт=133 сум 33 тийин жон бошига).Килмаган ишлар учун хак олиш кимга хам ёкмайди бунга аниклик киритиш керак.

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика