Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 46 / Солиқ солиш

Таълим олиш учун тўлов: солиқ чегирмасидан тўлиқ ҳажмда қандай фойдаланиш мумкин

 

Солиқ тўловчининг Ўзбекистон Республикасининг олий ўқув юртларида таълим олиш (ўзининг, 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун тўловга йўналтириладиган даромадларига солиқ солинмайди (СК 378-м. 16-б.). Қандай ҳолатларда мазкур имтиёздан тўлиқ ҳажмда, қандай ҳолатларда эса қисман фойдаланиш мумкин? ДСҚнинг солиқ солиш бўйича маслаҳатлар бошқармаси катта инспектори Евгения ГУСАКОВА ва «Norma» компанияси эксперти Ольга БУСАРОВА амалиётда қўлланилиши мумкин бўлган вариантларни тушунтириб бердилар. 

 

– Ушбу масалага оид барча амаллар Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ рўйхат рақами 2107, 27.05.2010 й.) асосланади.

Амалиётда кўпинча жавоб излашда Низомнинг 8-бандига амал қилинади. Унда шундай дейилган: ҳисобот солиқ даврида солиқ чегирмасини тўлиқ қўллашнинг имкони бўлмаса (жами йиллик даромад суммаси таълим олиш учун ҳақиқатда амалга оширилган харажатлар суммасидан кам бўлса), унинг қолдиғи кейинги солиқ даврларига кўчирилмайди. Бироқ, Низомни эътибор билан ўқиладиган бўлса, вариантларни топиш мумкин…

Низомнинг 4-бандини оладиган бўлсак, унда ўқиш учун тўлов қуйидагилар ҳисобидан амалга оширилганда солиқ чегирмаси қўлланилиши назарда тутилган:

● ўз маблағлари;

● жисмоний шахсга тижорат банклари томонидан берилган таълим кредитлари;

● юридик шахслар томонидан жисмоний шахсларга қайтариш шарти билан берилган маблағлари (ссудалар).

 

Ходимнинг таълим тўловини бирйўла ўз ҳисобидан тўлаганда

У ўқиш учун харажатларни жисмоний шахсларнинг нақд пуллари, банклардаги омонатлари ва бошқа ҳисобрақамларидаги маблағлари ҳисобига ёки пластик карталарни қўллаган ҳолда қоплаши мумкин. Мазкур ҳолатда солиқ чегирмаси декларация асосида қўлланилади. У муайян йил (солиқ даври) учун ушбу даврда олинган (ҳисобланган) жами даромадга асосан ҳисобланади. Шу боис ҳисобот йилида фойдаланилмаган солиқ чегирмаси (имтиёзи) қолдиғи кейинги йилларга кўчирилмайди.

 

МИСОЛ. Таълим олиш учун тўлов тўлашда имтиёзни қўллаш

Ходим 2020–2021 ўқув йилида ўғлининг олий ўқув юртида таълим олиши учун 12 227 940 сўм тўлаши лозим. Бунда 2020 йил учун унинг солиқ солинадиган жами даромади 10 млн сўмни ташкил этиши кўриниб турибди.

Айтайлик, ходимда жами даромадининг ҳаммасини фарзандининг ўқиши учун йўналтириш имконияти мавжуд. Мазкур ҳолатда 2020 йилда фойдаланилмаган, 2 227 940 сўм миқдоридаги солиқ чегирмаси (имтиёзи) қолдиғи кейинги йилларга кўчирилмайди.

 

Бироқ, оила бюджетини тўғри режалаштирилса, имтиёздан тўлиқ ҳажмда фойдаланиш мумкин бўлади.

 

Ходим ўқиш учун тўловни бўлиб-бўлиб тўлаганда

Олий ўқув юртида ўқиш учун тўлов тўлаш тизимида 2020 йил мобайнида тўловнинг ярмини, ўқишнинг 2-семестрида эса иккинчи ярмини тўлаш имконияти назарда тутилган. Ҳақиқатан ҳам, мазкур ҳолатда кейинги йилда ҳам имтиёздан фойдаланиш учун 2021–2022 ўқув йили учун тўлов бўйича харажатларни ҳам ҳисобга олиш лозим.

 

Талабанинг ўқиши учун тўловни қариндошлари тўлаганда

26 ёшгача бўлган талабанинг таълим олиши учун тўлов чегирма олиш ҳуқуқига эга бўлган барча оила аъзолари: талабанинг ўзи, отаси, онаси, эри/хотини томонидан тўланиши мумкин (СК 378-м. 16-б.). Мазкур ҳолатда декларацияни имтиёзни қўллаган шахснинг ўзи (ҳар бир шахс ўзи учун) топшириши лозим.

Солиқ органи ўзида мавжуд маълумотлар ва тақдим этилган ҳужжатлар асосида мустақил равишда солиқ чегирмасини олиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа жисмоний шахслар томонидан солиқ чегирмаси кўринишидаги имтиёз суммаси қўлланилганлигини аниқлайди (Низомнинг 18-банди).

Солиқ чегирмасини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар битта ДСИда ҳисобда турмаган тақдирда, улар декларацияни тақдим этиш билан бир вақтда солиқ чегирмасини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа жисмоний шахслар томонидан солиқ чегирмаси тариқасидаги имтиёз суммаси қўлланилмаганлиги тўғрисидаги маълумотномани (маълумотномаларни) тақдим этадилар (Низомнинг 19-банди).

 

Талабанинг ўқиши учун тўловни бир вақтнинг ўзида бир неча шахс тўлаганда қандай йўл тутилади?

Амалиётда амалга оширишнинг имкони бўлган вариант – талабанинг ўқиши учун бир вақтнинг ўзида бир неча шахс (масалан, 50%ини – отаси, 50%ини – эри ёки хотини) томонидан тўлов тўланиши, афсуски, қонун ҳужжатларида қайд этилмаган. Бундай қилиб бўлмайди, чунки таълим учун тўлов тўлаган ҳар бир шахснинг улушини ҳисобга олиш масаласи очиқлигича қолмоқда. Улардан қай бири ўзи ўтказган суммага имтиёз қўлланилмаганлигини қандай исботлаб бериши мумкин?

Солиқ идорасидаги манбадан маълум бўладики, мазкур ҳолатда имтиёзни қўллаш механизми пухта ишлаб чиқилиши лозим. Келгусида у бўйича алоҳида тушунтиришлар берилади.

 

Ходим ўқиш учун тўловни банк кредити ёки юридик шахсдан олинган қарз ҳисобига тўлаганда

Низомнинг 8-бандида назарда тутилган норма ушбу иккала вариантга татбиқ этилмайди, бинобарин, қолдиқни кейинги йилларга кўчириш мумкин. Бу иш ҳақи ҳисобидан таълим учун ҳақ тўлашга олинган таълим кредитлари ва (ёки) ссудаларни бериш бўйича шартномаларда, хусусан, кредит ва ссудаларни 1 йилдан (солиқ давридан) ортиқ давом этадиган сўндириш графиги назарда тутилиши билан изоҳланади.

Бундай хулосани Низомнинг ­6-банди ҳам тасдиқлайди, унда шундай дейилган: солиқ чегирмаси 2010 йилнинг 1 январидан кейин ўтказилган ўқиш учун тўлов суммаларига берилади. Ўқиш учун тўлов юридик шахслар томонидан жисмоний шахсларга қайтариш шарти билан берилган маблағлар ҳисобига 2010 йилнинг 1 январига қадар амалга оширилган ҳолларда, солиқ чегирмаси 2010 йилнинг 1 январидан кейин юридик шахслар томонидан берилган ссудаларни қоплаш ҳисобига ушлаб қолинган маблағлар суммасига берилади.

 

МИСОЛ. Ўқиш учун тўловни банк кредити ҳисобидан тўлаш

2020 йил сентябрда талаба банкдан 12 227 940 сўм миқдорида таълим кредитини олган, ушбу кредит талабанинг отасининг иш ҳақи ҳисобидан сўндирилади.

2020 йил охирига қадар 5 млн сўм миқдоридаги кредит суммаси сўндирилади ва ушбу суммага солиқ чегирмаси қўлланилади. 2020 йилда сўндирилмаган 7 227 940 сўмлик кредит суммаси кейинги йилларда сўндирилади.

 

МИСОЛ. Ўқиш учун тўловни корхонадан олинган қарз ҳисобига тўлаш

2020 йилда корхона томонидан ходимга қизининг ўқишига тўлов тўлаш учун 12 227 940 сўм миқдорида қайтариш шарти билан фоизсиз қарз берилди.

Шу йилнинг ўзидаёқ бухгалтерия томонидан ходимнинг иш ҳақидан 5 млн сўм ушлаб қолинади. Сўндирилмаган қарз қолдиғи кейинги йилларда сўндирилади.

 

Юқорида келтирилган иккала мисолда ҳам бухгалтерия тақдим этилган кредит ёки қарзни сўндириш ҳисобига юридик шахслардан ушлаб қолинган маблағлар суммасига солиқ чегирмасини (имтиёзни) солиқ давридан қатъи назар, иш ҳақидан бундай ушланмалар ушлаб қолинган ойда қўллайди.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.

Прочитано: 445 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика