Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 41 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган иқтисодий вазиятда туризм соҳаси субъектларини қўллаб-қувватлаш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш тўғрисида»

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 28 майдаги ПФ-6002-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 19 июндаги ПҚ-4755-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Туроператорлар, турагентлар ва жойлаштириш воситалари харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар беришнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Туризм соҳасининг алоҳида субъектлари фаолияти билан боғлиқ харажатларни қисман компенсация қилиш ва хўжалик субъектларининг эпидемияга қарши курашиш профилактик тадбирларини амалга оширишга йўналтирилган харажатларини қоплашнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага** мувофиқ;

Туризм ва ёндош инфратузилма объектлари ҳамда туристик хизматларни санитар-гигиения жиҳатдан хавфсиз хизмат кўрсатиш талаблари асосида сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага** мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Хавфсиз туризм жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага** мувофиқ;

Ўзбекистон Республикасида туристик зоналарга автотранспорт воситалари билан кириш учун йиғимни ундириш тартиби тўғрисидаги низом 5-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ туризм соҳаси субъектларининг кредитлари бўйича фоиз харажатлари, истисно тариқасида, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 январдаги 28-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тўғрисидаги низом асосида қуйидаги ҳажм ва шартларда компенсация қилинади:

жойлаштириш воситаларини қуриш учун тижорат банклари томонидан олдин берилган кредитлар бўйича 2020 йил 1 мартдан 1 июнгача бўлган даврда туризм соҳаси субъектларининг фоиз харажатлари тўлиқ ҳажмда;

жойлаштириш воситаларини қуриш учун туризм соҳаси субъектларига олдин берилган кредитлар бўйича 2020 йил 1 июндан 2022 йил 1 январгача бўлган даврда фоиз харажатларининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисми;

янги санитария-гигиена талабларига мувофиқлаштириш учун туризм соҳаси субъектларига бериладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисми;

айланма маблағларни тўлдириш учун туризм соҳаси субъектларига бериладиган 1 миллиард сўмгача миқдордаги кредитлар бўйича 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар бўлган даврда фоиз харажатларининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисми.

Туризм соҳаси субъектларининг мазкур бандда кўзда тутилган фоиз харажатлари бўйича компенсациялар уларнинг кредитлари сони ва ҳажмидан, шунингдек, олдин берилган ва/ёки берилаётган компенсациялар сонидан қатъи назар ажратилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси:

а) ҳар ой якуни билан кейинги ойнинг 20-кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 28 майдаги ПФ-6002-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 19 июндаги ПҚ-4755-сон қарори ҳамда мазкур қарорга мувофиқ тадбиркорлик субъектларига ажратилган маблағлар ҳисоб-китоби асосида кейинги ой учун ажратилиши режалаштирилаётган маблағлар бўйича буюртманомани Молия вазирлигига тақдим қилиб борсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг буюртманомасига биноан ҳар ойнинг якунига қадар буюртманомада келтирилган маблағларни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобига ўтказсин;

б) бир ой муддатда ўзининг расмий веб-саҳифасида субсидия, давлат субсидияси ва грант олганлар сони ҳамда тақдим этилган маблағлар миқдори тўғрисидаги маълумотлар янгилаб борилишини таъминласин.

4. Белгилансинки:

а) туристик зонада замонавий автотураргоҳ ташкил этиш, унга киришда тўлов операцияларини амалга ошириш ва текшириб бориш учун мўлжалланган дастурий-аппаратли таъминот мажмуаси ва унинг тўлиқ жорий қилиниши ва ишлаши учун зарур бўлган ускуналарни ўрнатиш маҳаллий бюджет манбалари ҳисобига қопланади;

б) туристик зонага киришдан тушган маблағлар қуйидаги тартибда тақсимланади:

80 фоизи – Туристик зона дирекцияси махсус ҳисобрақамига;

20 фоизи – маҳаллий бюджет ҳисобрақамига ўтказилади.

Бунда, туристик зонада замонавий автотураргоҳ ташкил этиш ва унга киришда тўлов операцияларини амалга ошириш учун мўлжалланган дастурий-аппаратли таъминот мажмуасини ўрнатишга оид харажатлар қоплангандан сўнг туристик зонага киришда тушадиган маблағларнинг 100 фоизи Туристик зона дирекцияси махсус ҳисобига йўналтирилади.

в) Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги «Туризм хизматларини сертификатлаш маркази» ДУК, истисно тариқасида, туризм ва ёндош инфратузилма объектлари ҳамда туристик хизматларни санитар-гигиеник хавфсиз хизмат кўрсатиш талаблари асосида сертификатлаш фаолияти билан шуғулланишга аккредитация қилинмайди.

5. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, манфаатдор вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.А.Абдухакимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 6 октябрь

602-сон.

ЎзР ВМнинг 2020 йил 6 октябрдаги 602-сон қарорига
1-ИЛОВА

ТУРОПЕРАТОРЛАР, ТУРАГЕНТЛАР ВА ЖОЙЛАШТИРИШ ВОСИТАЛАРИ
ХАРАЖАТЛАРИНИНГ БИР ҚИСМИНИ ҚОПЛАШ УЧУН СУБСИДИЯЛАР
БЕРИШНИНГ ВАҚТИНЧАЛИК ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) маблағлари ҳисобига субсидиялар ажратишнинг вақтинчалик тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:

субсидия – туроператорлар, турагентлар ва жойлаштириш воситаларининг Жамғармадан тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш учун ажратилган маблағлар;

туроператор – туристик маҳсулотларни шакллантириш, илгари суриш ва реализация қилиш юзасидан туристик фаолият билан шуғулланадиган юридик шахс – Ўзбекистон Республикаси резиденти;

турагент – туристик маҳсулотни илгари суриш ва реализация қилиш учун туризм фаолияти билан шуғулланувчи юридик ёки жисмоний шахс – Ўзбекистон Республикаси резиденти;

жойлаштириш воситалари – меҳмонхоналар, туристик базалар ва мажмуалар, дам олиш уйлари ва зоналари, пансионатлар, кемпинглар, мотеллар, меҳмон уйлари, ўтов ва чодирли оромгоҳлар, санаторийлар ҳамда меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш бўйича хизматлар) кўрсатиладиган бошқа объектлар, шунингдек, жойлаштириш воситаси сифатида тунаб қолиш учун жиҳозланган ер усти транспорти;

3. Субсидиялар қуйидагиларга:

туроператорларга – авиа ва темир йўл чипталари харажатларининг бир қисмини қоплаш учун;

туроператор ва турагентларга – Ўзбекистон Республикасига олиб келинган ва хизмат кўрсатилган ҳар бир хорижий турист учун;

жойлаштириш воситаларига – жойлаштириш хизматлари (меҳмонхона хизматлари) учун ажратилади.

4. Туроператорлар, турагентлар ва жойлаштириш воситалари ҳар ой якуни билан (келгуси ойнинг 10-кунига қадар) субсидиялар ажратилиши учун Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига (кейинги ўринларда – Қўмита) маълумотлар тақдим этади.

5. Туроператорлар, турагентлар ва жойлаштириш воситалари аризани топшириш вақтида қайта ташкил этиш ёки тугатиш жараёнида бўлмаслиги керак ва фаолияти Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда вақтинча тўхтатилган бўлмаслиги лозим.

 

2-БОБ. АВИА ВА ТЕМИР ЙЎЛ ЧИПТАЛАРИ ХАРАЖАТЛАРИНИНГ БИР ҚИСМИНИ ҚОПЛАШ БЎЙИЧА ТУРОПЕРАТОРЛАРГА СУБСИДИЯЛАР АЖРАТИШ ТАРТИБИ

6. Субсидия кириш туризмини қайта тиклаш бошланганидан эътиборан 2020 йил 31 декабргача ажратилади.

7. Субсидия қуйидаги шартларда берилади:

а) хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар (хорижий туристлар) учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги жойлаштириш воситаларида камида 5 кеча тунашни ўз ичига олган турни ташкил қилиш;

б) ҳар бир туристик гуруҳ камида 10 нафар хорижий туристлардан иборат бўлиши.

8. Субсидия ҳар бир ташкил қилинган тур учун сотиб олинган авиа ва темир йўл чипталарининг умумий қийматининг 30 фоизи миқдорида ажратилади.

9. Туроператор субсидия олиш мақсадида Қўмитага ушбу Низомга 1-иловага*** мувофиқ шаклда субсидия ажратиш тўғрисидаги ариза билан ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.

10. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

а) авиа ва темир йўл чипталари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари;

б) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган жойлаштириш воситаларида туристларга кўрсатилган хизматлар учун тузилган шартномалар бўйича ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари (касса чеклари, бажарилган ишлар далолатномалари ва бошқалар);

в) туристик ваучерларнинг нусхалари;

г) ушбу Низомга 2-иловага*** мувофиқ ҳисобот шакли.

3-БОБ. ТУРОПЕРАТОРЛАР ВА ТУРАГЕНТЛАРГА ОЛИБ КЕЛИНГАН ВА ХИЗМАТ КЎРСАТИЛГАН ҲАР БИР ТУРИСТ УЧУН СУБСИДИЯЛАР АЖРАТИШ ТАРТИБИ

11. Субсидия кириш туризми бошланган кундан эътиборан кириб келувчи хорижий туристларнинг умумий сони 500 минг нафарга етгунга қадар ажратилади.

Қўмита кириш туризми бошланган кундан эътиборан кириб келувчи хорижий туристларнинг ҳисобини юритади ва ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилиб боради.

12. Субсидия туроператорлар ва турагентларга – Ўзбекистон Республикаси резидентларига Ўзбекистон Республикасига олиб келинган ва хизмат кўрсатилган ҳар бир хорижий турист учун, камида беш сутка давомида республикадаги жойлаштириш воситаларида бўлиш шарти билан 15 АҚШ доллари миқдорида ажратилади.

Субсидия миллий валютада тўлов кунидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича ажратилади.

13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 13 августдаги ПФ-5781-сон Фармонига асосан харажатлари қопланадиган чартер рейслар орқали олиб келинган ва хизмат кўрсатилган турлар ташкилотчиси бўлган туроператорларга субсидия ажратилмайди.

14. Субсидиялар олиш учун туроператор ёки турагент Қўмитага ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шаклда маблағ ажратиш тўғрисидаги ариза билан ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.

15. Аризага қуйидаги ҳужжатлар:

а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги жойлаштириш воситаларида туристларга кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари (касса чеклари, бажарилган ишлар далолатномалари ва бошқалар);

б) туристик ваучерларнинг нусхалари;

в) ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ ҳисобот шакли илова қилинади.

 

4-БОБ. ЖОЙЛАШТИРИШ ХИЗМАТЛАРИ (МЕҲМОНХОНА ХИЗМАТЛАРИ) УЧУН ЖОЙЛАШТИРИШ ВОСИТАЛАРИГА СУБСИДИЯЛАР АЖРАТИШ ТАРТИБИ

16. Жойлаштириш хизматлари (меҳмонхона хизматлари) учун жойлаштириш воситаларига субсидиялар 2021 йил 31 декабргача ажратилади.

17. Субсидиялар жойлаштириш хизматлари (меҳмонхона хизматлари) нархининг 10 фоизи миқдорида ажратилади.

Бунда жойлаштириш хизматлари (меҳмонхона хизматлари)га номер (жой) нархига киритиладиган хизматлар ҳисобга олинади ҳамда жойлаштириш воситаси томонидан кўрсатилган қўшимча хизматлар (бар хизмати, ресторан хизмати ва бошқалар) киритилмайди.

Жойлаштириш воситаси ҳар бир ташриф буюрувчи ҳақидаги маълумотларни автоматлаштирилган махсус электрон дастур («E-MEHMON»)га киритиш чоғида у жойлашган номер (жой) нархини қўшимча равишда киритиб бориши шарт.

18. Субсидия олиш учун жойлаштириш воситалари Қўмитага ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шаклда маблағ ажратилиши тўғрисидаги ариза билан ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.

19. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

а) жойлаштириш воситасида жойлаштириш хизматлари кўрсатилган ташриф буюрувчилар рўйхати ва уларга кўрсатилган жойлаштириш хизматлари ҳажми тўғрисида маълумот;

б) жойлаштириш хизматлари кўрсатиш шартномалари (инвойс) ва/ёки жойлаштириш хизматларига ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари;

в) номер (жой) нархини шакллантириш тартибини белгиловчи жойлаштириш воситасининг ички қоидалари нусхаси.

20. Қўмита жойлаштириш воситаларида ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатилганлигининг ҳаққонийлигини автоматлаштирилган махсус электрон дастур («E-MEHMON») орқали текширади.

 

5-БОБ. АРИЗАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ

21. Қўмита ариза олинган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида ҳужжатларнинг ушбу Низом талабларига мувофиқлигини текширади.

22. Аризани ўрганиб чиқишда қўшимча ўрганишлар ўтказиш талаб этилса, Қўмита ариза берувчини ёзма шаклда ёки электрон ахборот тизими орқали хабардор қилади ҳамда аризани ўрганиб чиқишни қўшимча 5 календарь кунга узайтириши мумкин.

Бунда қўшимча ўрганиш ҳудудларга чиқиб ўрганиш зарурати туғилганда амалга оширилади.

23. Аризани ўрганиб чиққандан сўнг, бир иш куни мобайнида субсидияларни ажратиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Қарорнинг нусхаси қабул қилинган кунда ариза берувчига юборилади.

24. Субсидия ажратиш рад этилган тақдирда, рад этиш учун асос бўлган сабаблар аниқ кўрсатиб ўтилган қарор ариза берувчига ушбу қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш кунида юборилади.

Ариза берувчи қарорни олган кундан бошлаб кўпи билан икки ҳафта муддатда кўрсатиб ўтилган камчиликлар бартараф этилганини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда Қўмитага такроран ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

25. Субсидия бериш қуйидаги асосларга кўра рад этилиши мумкин:

а) ушбу Низомнинг 10, 15 ва 19-бандларида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар тақдим қилинмаган ёки тўлиқ ҳажмда тақдим қилинмаганлиги;

б) тақдим қилинган ҳужжатларнинг нотўғрилиги;

в) ушбу Низомнинг 11-бандида белгиланган туристлар сони лимитининг тугаши;

г) ушбу Низомнинг 6 ва 16-бандларида белгиланган маблағлар ажратиш муддатининг тугаши.

Субсидия беришни ушбу бандда кўрсатиб ўтилмаган асослар бўйича рад этиш мумкин эмас.

26. Ариза такроран тақдим этилган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида Қўмита томонидан қайта кўриб чиқилади.

Бунда янги асослар бўйича субсидия беришни рад этиш мумкин эмас.

27. Ушбу Низомнинг 24-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган муддат тугагандан кейин тақдим қилинган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.

28. Ушбу Низомнинг 24-банди «в» ва «г» кичик бандларида кўрсатилган сабабларга кўра янгидан тақдим қилинган аризалар кўриб чиқилмайди.

29. Аризаларни қабул қилиш ва кўриб чиқишнинг якуний муддатлари:

авиа ва темир йўл чипталари харажатларининг бир қисмини қоплаш бўйича туроператорларнинг аризаларини қабул қилиш 2020 йил 15 декабрга қадар, уларни кўриб чиқиш эса 2020 йил 31 декабрга қадар амалга оширилади;

жойлаштириш хизматлари (меҳмонхона хизматлари) учун жойлаштириш воситаларининг аризаларини қабул қилиш 2021 йил 15 декабрга қадар, уларни кўриб чиқиш эса 2021 йил 31 декабрга қадар амалга оширилади;

олиб келинган ва хизмат кўрсатилган ҳар бир турист учун туроператорлар ва турагентларнинг аризаларини қабул қилиш кириш туризми бошланган кундан эътиборан кириб келувчи хорижий туристлар сони 500 мингга етганлиги эълон қилинган кунгача, уларни кўриб чиқиш эса кириб келувчи хорижий туристлар сони Қўмита томонидан 500 мингга етганлиги эълон қилинган кундан бошлаб 10 кун ичида амалга оширилади.

 

6-БОБ. СУБСИДИЯ АЖРАТИШ ТАРТИБИ ВА МУДДАТЛАРИ

30. Субсидия туроператор, турагент ва жойлаштириш воситаларига ҳар ой якуни бўйича, уларнинг ҳар ойда (ой якуни билан кейинги ойнинг 5-кунига қадар) тақдим этадиган аризалари асосида ажратилади.

31. Субсидия ажратиш учун Қўмита Молия вазирлигига тадбиркорлик субъектларига ажратилаётган маблағлар ҳисоб-китоби акс эттирилган буюртманомани тақдим этади.

32. Молия вазирлиги Қўмита томонидан тақдим этилган буюртманомани уч иш кунида кўриб чиқади ва тегишли маблағларни Қўмитанинг шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказади.

Бунда тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратиш учун Молия вазирлиги томонидан Қўмитага белгиланган тартибда шахсий ғазна ҳисобварақлари очилади.

33. Маблағлар ўтказилгандан сўнг уларни Қўмита уч иш кунида тадбиркорлик субъектларининг уларга хизмат кўрсатувчи тижорат банклардаги ҳисобрақамларига ўтказиб беради.

 

7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

34. Субсидия олиш учун тақдим этилган маълумотлар ва ҳужжатларнинг тўғрилигига тегишли тадбиркорлик субъектлари масъул ҳисобланади.

35. Қўмита субсидия бериш ишларини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва мониторинг олиб бориш, ажратилган маблағларнинг етказилиши юзасидан масъул ҳисобланади.

36. Субсидия маблағларининг тадбиркорлик субъектларига ўтказилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан амалга оширилади.

37. Тақдим этилган маълумотлар сохталиги аниқланган ҳолларда Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаментига тақдимнома киритилади ва ажратилган субсидия мазкур департамент томонидан белгиланган тартибда Давлат бюджетига қайтарилади.

38. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 7.10.2020 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 2–5-иловалар «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

***Низомга 1–2-иловалар «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 408 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика