Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 40 / Биз яшайдиган уй

Яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорлари УМШ аъзоси бўлишди: қайси томон ютуқда?

 

«Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги янги Қонун кўп квартирали уйлардаги мулкдорлар – юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини тенглаштирди. Эндиликда яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорлари ҳам УМШ аъзоси бўлишлари мумкин (Қонун 30-м. 5-қ.). Олдинлари ширкат аъзолиги фақатгина турар жой мулкдорларига нисбатан татбиқ этилар эди. Кўпинча бу улар ўртасидаги қарама-қаршиликларга сабаб бўлган. Кўплаб «четнинг одамлари» ушбу ҳудуддаги уйларда яшамагани ва УМШ аъзоси бўлмагани важидан умумий мол-мулкка худди ўзиникидек муносабатда бўлмайди, бу мулкларга ғамхўрлик қилиш, уни сақлаб туриш учун бадаллар киритиш, шартномалар тузиш фақат ширкат аъзоларининг ишидир, деб ҳисоблашар эди. Бу нотўғри фикр, чунки улар ҳам умумий уй мол-мулкининг худди шундай мулкдорлари ҳисобланади. Ҳозирда УМШга аъзолик ва шундан келиб чиқадиган муаммолар қонун ҳужжати билан тартибга солинган. Бу ҳар икки тарафга нима беради? 

 

УМШ шартнома тузсинми?

Ширкат билан яшаш учун мўлжалланмаган жойнинг мулкдори ўртасида шартнома тузиш янги қонунчиликда назарда тутилмаган. Қонуннинг 30-моддасида УМШ ўзининг уставига мувофиқ ўзини ўзи бошқариш асосида ҳаракат қилиши белгиланган. Ўз кучини йўқотган «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонунда шартнома тузиш зарурлиги мажбурий тартибда белгиланган эди. Акс ҳолда ширкат шартнома тузишга мажбурлаш талаби билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган. Бу яшаш учун мўлжалланмаган жойнинг мулкдори учун унинг мажбуриятлари ва ҳуқуқлари поймол бўлишига олиб келган. Янги Қонун ана шу мувозанатсизликни бартараф этди.

 

Яшаш учун мўлжалланмаган жойнинг мулкдори УМШ раиси бўла оладими?

Эндиликда яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорлари кўп квартирали уйларнинг умумий мол-мулкини бошқаришда тенг асосларда иштирок эта оладилар. Улар УМШ фаолияти тўғрисидаги ахборот ва ҳисоботларни олиш, таклифлар киритиш, УМШ аъзоларининг умумий йиғилишида қатнашиш ва қарорлар қабул қилиш, ширкатнинг бошқарув, тафтиш коммиссиясига ва ҳатто УМШ раислигига сайланишлари мумкин. Бизнес тузилманинг раҳбари ширкат раиси бўлар экан, уй хўжалигидаги нозик жиҳатларни қай даражада тушунади, одамлар билан мулоқотни эплаб кетадими ва уй учун шу жойда яшайдиганлар каби жонини куйдириб ишлай оладими – бу алоҳида масала. Лекин ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай тадбиркор вақтининг кўп қисми ўтадиган жойнинг шинам, ҳар томонлама пухта таъмирдан чиққан бўлишини, албатта, хоҳлайди.

 

Ягона бадалми ёки уларга бошқачами?

Бу масалага ёндашув ўз кучини йўқотган қонунда ҳам, янги уй-жой қонунчилигида ҳам бир хил талқин қилинади. Жой мулкдорлари умумий мол-мулкдаги улушли мулк иштирокчиси ҳисобланади ва уни сақлаб туриш бўйича умумий харажатларни зиммаларига оладилар. Ҳар бир мулкдорнинг умумий мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқидаги улуши мазкур кўп квартирали уй барча мулкдорларининг турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг умумий майдонида ўзига тегишли бўлган жой майдони улушига мутаносиб белгиланади (Қонуннинг 14-м.). Яъни мажбурий бадалнинг миқдори мулкдорлар қандай жой – турар жойми ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойми, қандай жойга эгалик қилишидан қатъи назар, бир хил этиб белгиланади.

Лекин олдинлари кўплаб «четнинг одамлари»га белгиланганидан ортиқ бадаллар ҳисобланган. Модомики ХУМШ бизнес тузилма билан шартнома тузаётган экан, демак бунга келишиш мумкинлиги деб қаралган. Ширкат оширилган бадал миқдорини асослаб бериши, умумий йиғилиш эса уни қарори билан тасдиқлаши лозим бўлган. ХУМШ раҳбарлари тадбиркорлар уйнинг умумий мол-мулкига ширкат аъзоларига нисбатан кўпроқ юк бўлаётганларини рўкач қилишган. Бу иддао ҳеч бир ҳисоб-китобсиз, номигагина қилинган. Баъзида бадал миқдорини ХУМШникидан 2–3 бараварга ошириб, шу ўринда бу бизнес тузилма, у фойда олаётган экан, кўпроқ тўлайверсин, деган важ-карсонни далил қилиб кўрсатишган. Бу, албатта, қонуний эмас, балки синфий ёндашув. Айримлар бундай талабга розилик билдирган бўлса, айримлар эътироз билдирган, яна бошқалар эса ўз манфаатларини судда ҳимоя қилишгача боришган. Эндиликда эса жойларнинг барча мулкдорлари УМШ аъзолари ҳисобланади ва уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам тенг бўлади.

 

УМШ норози

Баъзи УМШ раҳбарлари бундай ёндашувга рози эмаслар. Тўғри, айрим жойларда «четнинг одамлари» ортиқча юкка ўхшайдилар – уйнинг умумий мол-мулки тезда ишдан чиқишига сабабчи бўладилар. Авваллари бизнес тузилмалар бундай йўқотишни орттирилган бадал миқдори билан қоплаган бўлсалар, ҳозир энди ҳамма тенг. Масалан, кўп квартирали уйда жойлашган сартарошхона, кимёвий тозалаш хонаси, кирхоналар, гўзаллик салонларида сув сарфи кўпроқ бўлиши мумкин. Агар уларга уйдагидан кўра каттароқ диаметрдаги қувурлар тортилган бўлса, у ҳолда бу уй ичидаги совуқ сув таъминоти босимини пасайтириши мумкин. Фараз қилайлик, улар канализацияга оқизиладиган кимёвий моддалардан фойдаланишади. Агар қувурлар эски бўлса, бу канализация тизимини ишдан чиқариши ва бошқа ишкалликлар бўлишига олиб келади. Бундай ҳолларда ширкат бизнес тузилмага бадал миқдорини ошириб белгилаши мумкин.

 

БУ МУҲИМ! Агар гап яшашга мўлжалланмаган жой фаолияти натижасида аҳолига етказиладиган ноқулайликлар – шовқин, бадбўй ҳид ва бошқалар хусусида кетса, булар бадални оширишга асос бўлиб хизмат қила олмайди. Бу санитария ва соғлиқни сақлашга доир масалалар бўлиб, улар билан тегишли идоралар, масалан, СЭС шуғулланиши керак.

Умумий ёндашув қуйидагича бўлиши лозим. Модомики нотурар жойдан фойдаланиш оқибатида мулкдорларнинг умумий мол-мулкига зарар етказилаётган ёки унинг эскириши тезлаштирилаётган экан, у ҳолда ширкатнинг уставига муайян вазиятдан келиб чиққан тарзда шу даврга яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорлари учун бадал миқдорини ошириш тўғрисидаги бандни киритса бўлади. Кейин ҳар бир алоҳида нотурар жой бўйича далилларга қараб масалани ҳал қилиш мумкин. Умумий мол-мулкка зарар етказилганлигининг сўзсиз далолатлари мавжуд бўлган тақдирда, ширкат оширилган миқдордаги бадални тўлаш талабини қўйиши мумкин. Бунда ҳар бир муайян нотурар жой бўйича зарарнинг (эскиришнинг) миқдори пул кўринишида белгиланиши ва асосланиши лозим.

Прочитано: 384 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика