Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 20 / Долзарб мавзу

Прописка тизими ислоҳоти: кўчмас мулк бозорида қандай ўзгаришлар бўлади

 

Мутахассисларнинг ҳисоблашича, яқин орада пойтахт кўчмас мулк бозорида фаоллашув кутилмоқда. Бу эпидемиологик вазиятнинг нормаллашувидан кўра, кўпроқ доимий прописка қилиш ва рўйхатга олиш тизимининг ислоҳотлари билан боғлиқдир. Бу ислоҳотлар шу пайтгача қатор чекловлар амал қилган Тошкент уй-жой бозорига қандай таъсир кўрсатади? Қандай истиқбол, тенденциялар кутилмоқда? Бу ҳақда ЎзЛиДеП партиясидан Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгаши депутати, «MMG Facility Management Group» МЧЖ компанияси директори Фаррух РАҲМАТОВ сўзлаб берди. 

 

– Тошкент шаҳридаги кўчмас мулк бозорида кутилаётган фаоллашувда Президентнинг «Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (22.04.2020 йилдаги ПФ-5984-сон) Фармони асосий омил бўлди (дарвоқе, бу борада 13.05.2020 йилда ЎРҚ-616-сон Қонун ҳам қабул қилиндитаҳр.). Ҳужжатда рухсат бериш хусусиятига эга бўлган доимий прописка қилиш тизимидан босқичма-босқич хабар бериш хусусиятидаги рўйхатдан ўтказиш тизимига ўтиш назарда тутилган. «Доимий прописка қилиш» ва «турган жойи бўйича ҳисобга олиш» тушунчалари босқичма-босқич «доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш» ва «вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш» тушунчаларига ўзгартирилади.

Прописка тизими ислоҳ қилиниши фуқароларнинг эркин ҳаракатланиши, яшаш жойи, иш жойини танлашидаги бир қатор тўсиқларни бартараф этади. Бу мамлакатимиз иқтисодий ривожи, шу жумладан кўчмас мулк бозорининг ривожланишига, фуқароларнинг кўчмас мулк объектларидан фойдалана олишига имкон яратади.

Президентнинг мазкур Фармони Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида бир қатор қонун ҳужжатлари, шу жумладан Президентнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш Давлат дастурини (7.02.2017 йилдаги ПФ-4947-сон Фармонга 1-илова) бажаришга қаратилган ҳужжатлар жумласидандир.

Ҳужжатдаги энг муҳим янгилик шундан иборатки, 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида қурилган вақтидан қатъи назар, турар жой ва нотурар жой кўчмас мулкини олишда Ўзбекистон фуқароларида ҳеч қандай муаммолар бўлмайди. Бундан буён ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлик талаб қилинмайди.

Ушбу ҳужжат кўчмас мулк бозорини ривожлантириш, фаол рақобатчилик муҳитини, бозор субъектлари – ҳам сотувчи, ҳам харидор учун тенг шарт-шароитлар ва имкониятлар яратиш мақсадида қабул қилинган. Ҳужжат билан ҳам янги қурилган, ҳам иккиламчи бозорда турар жой ва нотурар жой кўчмас мулкини сотиб олишда бошқа шаҳарлик фуқаролар ва пойтахт аҳли учун тенг шароитлар яратилди.

 

Тўсиқлар ва чекловлар олиб ташланди

 

Илгари бошқа шаҳарлик фуқаролар пропискасиз фақат пойтахтдаги янги уй-жойлардан квартира олишларига рухсат этилган эди. Улар иккиламчи уй-жой бозорида квартира сотиб ололмас, бу эса харидорлар, шунингдек кўчмас мулк сотувчилари ўртасида тенгсизликни юзага келтирган. Бундай ҳолат фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини чеклаб қўяр, бозор ривожига тўсқинлик қиларди.

Қурилиш саноати, уй-жой қурилиши жадал ривожланишининг бошланғич босқичида уй-жой секторида устувор лойиҳаларни амалга оширадиган тадбиркорлар давлат томонидан қўллаб-қувватланган. Ушбу даврда вақтинчалик чора сифатида уй-жой бозорини давлат томонидан тартибга солиш дастаги белгиланган. Ушбу амалиёт нормал ҳисобланган, бунда давлат иштирокида кўчмас мулк бозорида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни амалга ошириш тартиби белгиланган.

Уй-жой бозоридаги барча субъектлар учун тенг шарт-шароитларни яратиш бозор фаолиятини либераллаштириш бўйича ўта муҳим ва кутилаётган қадам бўлади. Мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаро учун пойтахтдан уй-жой ва нотурар жойларни пропискага боғлиқ бўлмаган шароитда эркин сотиб олиш имконияти бозорни ривожлантириш, унинг ҳажми ва иштирокчилари сонини ошириш, фаол рақобатчилик муҳитини шакллантириш механизмлари йўлга қўйилишига олиб келадиган бир дастак ҳисобланади. Бу кўчмас мулк объектларининг эркин олди-сотдисига ғов бўлаётган тўсиқларни олиб ташлайди.

Прописка қилиш тизимининг такомиллаштирилмаганлиги бозор имкониятларини ва фуқароларнинг ҳуқуқларини чеклаб қўйганига бир нечта мисоллар келтириш мумкин. Масалан, илгари тегишли лавозимга сайланган, тайинланган, тасдиқланган ёки республика миқёсидаги давлат ташкилотларига ишга таклиф этилган бошқа ҳудудлардан бўлган шахсларга пойтахтда рўйхатдан ўтиш ҳуқуқи тақдим этилган. Бинобарин уларга мазкур ҳуқуқ фақат ушбу лавозимда бўлган даврларига берилар эди.

Тўсиқ бўладиган жиҳатлардан яна бири эр-хотинларнинг биргаликда камида 1 йил Тошкентда яшаган бўлиши ва бундан кейин уларни прописка қилиш имконияти кўриб чиқилиши талаб этилганлигидир. Ёки аввал Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида прописка қилинган, мамлакатдан кўчиб кетган фуқаролар доимий яшаш учун қайтганларида прописка билан боғлиқ муаммоларга дуч келганлар. Ҳозир улар ҳеч бир тўсиқларсиз қайта рўйхатдан ўтишлари мумкин.

 

Бозор субъектларининг тенглиги: кимдир йўқотади, кимдир топади

 

Ҳозир кўчмас мулк бозорида барча шахслар тенг шароитларда фаолият юритмоқдалар. Бироқ тенгликнинг оқибатлари турлича бўлиши мумкин. «Иккиламчи» уй-жойлар анча талабгир бўлиши мумкин. Қурувчилар учун эса бундай янги воқелик пандемия оқибатлари ҳамда бир қатор устунликларни йўқотиш билан боғлиқ хатарларни юзага келтириши мумкин. Карантин бекор қилинганидан кейин аҳолининг тўлов қобилияти пасайиши эҳтимолдан холи эмас. Тегишинча, янги уй-жойларга бўлган талаб ҳам камайиши мумкин. Харидор нарх диапазонидан келиб чиққан ҳолда, иккиламчи уй-жой фондини афзал кўриши мумкин.

Илгари асосан пойтахтда пропискага эга бўлиш мақсадида бир нечта шахслар ёки оилалар томонидан кўчмас мулк объектига инвестиция киритилган ҳолда, бошқа ҳудудликлар биргаликда янги қурилган уй-жойлардан квартира сотиб олар эдилар. Ушбу тамойил прописка тизими ислоҳ қилиниши билан якун топади. Қурувчи учун бу йўқотиш ҳисобланади. Бироқ ўйлашимизча, бу кейинчалик кўчмас мулкка узоқ муддатли маблағларни биргаликда киритиш кўринишида намоён бўлади.

Яна бир жиҳат. Илгари, янги уй-жойдан квартира сотиб олган бошқа ҳудудлик мулкдор алоҳида давлат божи ставкаси юқори бўлганлиги, яъни 400 БҲМни ташкил этганлиги сабабли 3 йил мобайнида квартирани сота олмас эди. Ҳозир бу бож бекор қилинган ва мулкдорлар Тошкент шаҳрида олди-сотди шартномасини тасдиқлаш учун белгиланган ставка бўйича давлат божини тўлаган ҳолда квартирани қайта сотишлари мумкин. Улар квартирани янги уй-жойдаги квартиралар нархидан паст нархда сотадиган бўлсалар, бу қурувчилар учун йўқотиш бўлади.

Талабни рағбатлантириш мақсадида Президентнинг Фармони билан бошқа ҳудудлик шахслар томонидан янги қурилган уй-жойлардан квартира сотиб олишда сотув суммасининг 5%и миқдорида белгиланган давлат божи ставкаси бекор қилинади.

Ҳуқуқий янгиликлар тижорат фаолиятига мўлжалланган нотурар жойлар бозорини ривожлантиришга туртки бериши жуда муҳимдир. Бозор тадбиркорларни кутмоқда. Илгари бошқа ҳудудлик фуқаролар пропискасиз Тошкент шаҳрида нотурар жой кўчмас мулкини умуман сотиб ололмас эдилар. Ҳатто янги қурилган уй-жойдан квартира сотиб олиш қоидалари бўйича ҳам бунинг иложи бўлмаган. Энди эса бу сегмент порлоқ истиқболга юз тутмоқда. Яқин кунларда бозорга ҳудудлардан истиқболли харидорлар келадилар. Бу Тошкент шаҳрида бизнесни ривожлантириш ва нотурар жой кўчмас мулкига бўлган талабни ошириш учун яхшигина рағбат бўлади.

 

Инқироз кўчмас мулк бозорига таъсир кўрсатадими?

Албатта, пандемия билан боғлиқ инқироз қандай бўлмасин, барибир кўчмас мулк бозори, квартира нархларига таъсир кўрсатади. Бироқ нархларнинг кескин тушиб кетиши кузатилмаса керак. Биринчидан, пойтахтда турар жойларга талаб ҳар доим нисбатан юқори бўлган. Иккинчидан, уй-жой сотиб олиш учун аҳолига кредит ажратиш дастаклари кенгайтирилмоқда ва такомиллаштирилмоқда. Прописка тизимини ислоҳ қилиш ҳам инқироз оқибатларини маълум даражада юмшатиши мумкин.

Прогнозларга кўра, турар жойлар нархи бироз тушиши мумкин. Янги қурилаётган уй-жойларга келсак, бу ерда нарх-навонинг пасайиши янги қурилаётган объектлар сифатининг пасайишига олиб келиши мумкин. Сабаби аксарият қурувчи ташкилотлар импорт қилинган замонавий материаллар ва технологиялардан фойдаланадилар ва бу квартира қийматида ўз аксини топади.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш жойи ва вақтинча бўлиш жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низом ишлаб чиқилади. 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб фуқаролар рўйхатга олинади. Шу вақтга келиб эпидемиянинг салбий иқтисодий оқибатлари анча изга тушиб қолади. Уй-жой бозори жонланади. Янги қурилаётган ва иккиламчи уй-жойлар ўртасидаги рақобатда қурувчилар томонидан мақбул нархларда сифат ва қулайлик таъминланиши лозим.

Кўчмас мулк бозорида фаолият юритиш қоидаларини белгилайдиган қонун ҳужжатларида тартибга солиниши лозим бўлган яна бир қанча жиҳатлар мавжуд. Булар фуқароларнинг, шу жумладан чет элликларнинг қурилишда улушли иштирок этиш тартибидир. Бозорга фаолият юритадиган янги шахслар – чет элликларни улушли иштирок этишга жалб қилиш мамлакатимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг кириб келишини таъминлайди.

 

Ирина Гребенюк,  

махсус мухбиримиз.

Прочитано: 313 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика