Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 19 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»; «Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

 

Дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилиги юзага келиши мумкин бўлган шароитда қишлоқ хўжалигидаги мавжуд ресурслар ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, озиқ-овқат экинларини икки баробарга кўпайтириш, юқори ҳосил олиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида янги иш ўринларини яратиш ва манфаатдорликни ошириш борасида замонавий ёндашувларни жорий этиш мақсадида:

1. Фойдаланишдан чиқиб кетган ва ер ости сувлари захираси мавжуд бўлган ерларни фойдаланишга киритиш, уларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун аҳолига имтиёзли шартлар асосида ажратиб беришнинг қуйидаги тартиби жорий қилинсин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ва Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 10 майга қадар 1-иловада** келтирилган ҳудудларда экинларни суғориш учун яроқли сув чиқариш имконияти ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига хулоса тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда табиий-тупроқ ҳамда иқлим шароитидан келиб чиқиб фойдаланишга киритиладиган ерларга экин турларини жойлаштириш бўйича илмий асосланган тавсия беради;

туман ҳокимлиги фойдаланишга киритиладиган ер майдонларини контурлар кесимида ҳисоб-китоб қилади ҳамда лойиҳаларни шакллантириб, келишиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига тақдим этади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари уч кун ичида ушбу лойиҳаларни кўриб чиққан ҳолда умумлаштириб, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги беш кун ичида тақдим этилган лойиҳаларни ўрганиб, Вазирлар Маҳкамасининг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари котибиятига хулоса тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари беш кун муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳаларни ўрганиш асосида Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан ажратиладиган маблағларни туманлар кесимида тақсимлайди;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарининг тақсимотига асосан Молия вазирлиги беш кун муддатда туман бюджетига ер майдонларини фойдаланишга киритиш учун зарур маблағларни ажратади;

туман ҳокимлиги қудуқ қазиш, суғориш тармоқларини тиклаш орқали ер майдонларини сув билан таъминлаш, электр энергиясини тортиш, сув тежовчи технологияларни жорий этишнинг техник ва молиявий кўрсаткичларини белгилайди ва ушбу ишларни амалга оширувчи пудратчи ташкилотларни танлов асосида аниқлайди;

танлов қоида тариқасида, туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари раислигида, туман қишлоқ хўжалиги, архитектура ва қурилиш, молия, статистика, ер ресурслари ва давлат кадастри, ирригация бўлимлари, солиқ инспекцияси, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман инспекцияси ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раҳбарларидан иборат таркибда тузиладиган комиссия томонидан амалга оширилади;

туман ҳокимлиги фойдаланишга киритилган ер майдонларини деҳқончилик соҳасида билим ва кўникмага эга бўлган, биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга 1 гектаргача деҳқон хўжалигини юритиш учун, истисно тариқасида, 10 йилгача муддатга ижарага беради ёки тажриба-синов тариқасида маҳаллий тадбиркорлик субъектларига барча харажатларни олдиндан тўлаш шарти билан 5 гектаргача бўлган ер майдонларини 10 йилгача муддатга ижара ҳуқуқини электрон аукцион асосида сотади;

ушбу ер майдонларини ажратиш бўйича ташаббускор ва туман ҳокимлиги ўртасида тузилган ижара шартномасига асосан туман ҳокимининг қарори қабул қилинади, бунда ер майдонларида сув тежовчи технологияларни қўллаш ва устувор равишда сабзавот, полиз, картошка, дуккакли ва мойли экинларни экиш, боғ ва токзорлар барпо этиш назарда тутилади;

ер майдонларини ижарага бериш ҳамда ижара ҳуқуқини сотишдан тушадиган маблағлар туман ҳокимлигининг сабзавотчиликни ривожлантириш бўйича махсус ҳисобрақамида жамғариб борилади ҳамда янги ер майдонларини фойдаланишга киритиш мақсадларида ишлатилади;

ердан фойдаланиш давомида белгиланган экин турларини экиб, иш ўринларини яратган, ижара харажатларини ўз вақтида қоплаган тадбиркорлик субъектларига ердан фойдаланиш муддатини узайтиришда устуворлик ҳуқуқи берилади.

Туман ҳокимликлари фойдаланишга киритиладиган ер майдонларининг яхлитлиги, бир маҳсулот турига ихтисослашиши, мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперациялари орқали деҳқон хўжаликларига уруғлик ва кўчатлар етказиш, илғор агротехнологияларни ўргатиш, етиштирилган маҳсулотларни реализация қилишда кўмаклашсин, шунингдек, минерал ўғитлар ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотларини етарли ҳажмда ва ҳамёнбоп нархларда харид қилишлари учун зарур инфратузилмани яратсин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

мазкур қарор доирасида ижарага бериладиган ер майдонларида енгил конструкциядаги дала шийпон ва суғориш иншоотларини жойлаштиришга рухсат берилади, бошқа турдаги, шу жумладан турар жой, бино ва иншоотлар қуриш қатъиян ман этилади;

ижарага бериладиган ер майдонларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) иштирокидаги «Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжири яратишни ривожлантириш» лойиҳаси, Жаҳон банкининг кредит линиялари ҳисобидан кредитлар ажратилади. Бунда тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган қисми Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;

мазкур қарор доирасида фойдаланишга киритилган ер майдонлари мақбуллаштирилмайди, ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига ердан фойдаланувчи розилиги асосида сарф этилган маблағларнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан сўнггина рухсат этилади;

қишлоқ хўжалиги кооперацияларида иштирок этадиган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилалар тоифасига кирувчи ҳар бир оила парранда боққан даври (40 кун) учун Жамоат ишлари жамғармасидан қўшимча 500 минг сўмдан рағбатлантирилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:

янги фойдаланишга киритиладиган ерларнинг ижара ҳуқуқини электрон аукцион асосида сотишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини;

қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларнинг йўналишлари ва мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, деҳқон хўжаликлари, шахсий томорқалардан самарали фойдаланиш, маҳсулот етиштириш ҳажмини ҳамда аҳоли бандлиги ва даромадини оширишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонунини, шунингдек, «Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда янги фойдаланишга киритиладиган ерларнинг ижара ҳуқуқини «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида сотишга имконият яратсин.

5. Маълумот учун қабул қилинсинки:

а) Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ:

ушбу кодекснинг 57-моддасида назарда тутилган шартларга жавоб берувчи қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ўзи ишлаб чиқарган ўз қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойдаси бўйича фойда солиғи ставкаси 0 фоиз миқдорида белгиланган;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сақлаш учун, шунингдек, ипак қурти етиштириш учун фойдаланиладиган қишлоқ хўжалиги корхоналари балансида бўлган мол-мулкининг ўртача йиллик қолдиқ қиймати юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблашда солиқ базасидан камайтирилади;

томчилатиб суғориш тизими қўлланиладиган ерлар – томчилатиб суғориш тизими жорий этилган ойнинг бошидан эътиборан беш йил муддатга, қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун янги ўзлаштирилаётган ерлар – ваколатли орган томонидан тасдиқланган лойиҳага мувофиқ, уларни ўзлаштириш ишлари бажариладиган даврда ва улар ўзлаштирилган вақтдан эътиборан беш йил мобайнида ҳамда янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар, дарахтларнинг қатор ораларидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун фойдаланишдан қатъи назар, уч йил муддатга ер солиғидан озод қилинган;

б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ­ПФ-5969-сон Фармонига асосан қишлоқ хўжалигидаги ерларни суғориш учун фойдаланиладиган ҳажмлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга пасайтирилган.

6. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.Қўчқоров Молия вазирлиги билан бирга бир ой муддатда Инқирозга қарши курашиш дастури доирасида ажратилган маблағлардан ер майдонларини фойдаланишга киритиш учун туман бюджетларига Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарининг тақсимотига асосан 300 миллиард сўм ажратилишини таъминласин.

7. Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» 2-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

8. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банкларининг:

2020 йилда ажратилиши режалаштирилган 30 триллион сўмлик револьвер кредитларнинг 2 триллион сўмини мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчилар ва унинг экспорти билан шуғулланувчи корхоналарга йўналтириш;

экспорт шартномаси бўйича келгусидаги тушум таъминоти асосида шахсий томорқа ер эгалари ва хўжалик юритувчи субъектларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун бўнак ажратиш ҳамда маҳсулотларни сотиб олиш мақсадларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчилар ва экспорт қилувчиларга қисқа муддатли кредитлар ажратиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин. Бунда, кредитлар яхши кредит тарихига эга, камида 2 йил давомида мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти фаолияти билан шуғулланган қайта ишловчилар ва экспорт қилувчиларга ажратилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги «Ўзпахтасаноат» АЖ тизимидаги корхоналарнинг ипак қурти боқиш иншоотларини «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси таркибидаги ташкилотларга тўловларни йигирма йилгача муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти билан баланс (қолдиқ) қийматда инвестиция киритиш шарти билан сотиш чораларини кўрсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига қарорда белгиланган вазифалар юзасидан тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоят ва туманлар ҳокимларининг ҳисоботларини эшитиш ва тегишли баҳо бериб бориш тавсия этилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлиги мазкур қарорда кўзда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун ажратиладиган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши устидан назорат ўрнатсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ў.И.Барноев ва Ж.А.Қўчқоров зиммаларига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 1 май

ПҚ-4700-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 2.05.2020 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 1–2-иловалар «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

 

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида*

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

 

Мамлакатда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш, аҳоли билан мулоқот тизимини йўлга қўйиш, аҳоли турмуш даражаси ва бандлигини ошириш, ҳудудларни жадал ва комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлашда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолатини чуқур таҳлил қилишда истиқболга йўналтирилган мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш учун уни комплекс баҳолашнинг ҳамда юзага келаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиққан ҳолда уларга тезкорлик билан ва лозим даражада жавоб қайтаришнинг ягона мувофиқлаштирилган механизми йўқлиги тўсқинлик қилмоқда.

Ҳудудларни барқарор ва жадал ривожлантириш учун уларнинг комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожланишини, табиий хом ашё ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини, иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятини, шунингдек, ҳудудларнинг бошқа қиёсий устунликларини баҳолашнинг ягона тизимини жорий этиш мақсадида:

1. Статистик кўрсаткичлар ва сўровномалар натижалари асосида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рейтинг баҳолаш тизими (бундан буён матнда – рейтинг баҳолаш) жорий этилсин ва бунда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилсин:

барқарор ва мутаносиб иқтисодий тараққиётни таъминлаш, иқтисодий ислоҳотлар самарадорлиги;

янги иш ўринлари яратиш, ишсизликни камайтириш ва меҳнат бозори самарадорлигини таъминлаш;

ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш ва аҳоли турмуш сифатини яхшилаш;

аҳоли ва бизнес учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ишлаб чиқариш инфратузилмасининг барқарорлиги ҳамда ишончлилигини таъминлаш;

ҳудудларнинг рақобатбардошлик даражасини ошириш, уларнинг иқтисодиётини янада диверсификация қилиш;

ишбилармонлик муҳити сифатини яхшилаш, тадбиркорликни доимий қўллаб-қувватлаш ва жадал ривожлантириш;

ҳудудларнинг молиявий мустақиллигига эришиш ҳамда банк-молия соҳасини ривожлантириш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги ва маълумотларнинг очиқлигини ошириш.

2. Рейтинг кўрсаткичлари асосида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилансинки:

рейтинг баҳолаш ушбу қарорнинг 6-бандида назарда тутилган ахборот тизими ишлаб чиқилгандан сўнг 2019 йил учун синов режимида амалга оширилади;

рейтинг баҳолаш натижалари асосида рейтинг кўрсаткичларини аниқлаш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар кесимида амалга оширилади;

ўтган йил учун рейтинг баҳолаш натижалари ҳар йили 1 февраль (тезкор баҳолаш) ва 15 июнга (якуний натижалар) қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ва давлат ҳокимияти вакиллик органларига киритилади;

рейтинг баҳолаш натижалари ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси ва давлат ҳокимияти вакиллик органлари йиғилишларида танқидий муҳокама қилиниши шарт.

4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига рейтинг баҳолаш натижаларини умумлаштириш, шунингдек, рейтинг баҳолашни амалга оширишда иштирок этувчи тегишли органлар, ташкилотлар ва муассасалар фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш ҳамда мувофиқлаштириш вазифаси юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига, зарурат бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда рейтинг кўрсаткичлари тизими ҳамда уларни ҳисоблаш усулларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ваколати берилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (кейинги ўринларда – Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти), «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (кейинги ўринларда – «Ижтимоий фикр» маркази), Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (кейинги ўринларда – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази), Давлат статистика қўмитаси, Савдо-саноат палатаси:

икки ой муддатда илғор хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда ҳудудларни рейтинг баҳолаш учун аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида сўровнома ўтказиш методологиясини ишлаб чиқсин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига келишиш учун киритсин;

тасдиқланган методология асосида ҳар йили туман ҳамда шаҳарларда аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида сўровнома ўтказсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан бирга 2020 йил 1 июнга қадар масъул органлар, ташкилотлар ва муассасалар томонидан ҳудудлар рейтингини тузиш учун маълумотларни онлайн режимда киритиш имконини берувчи ахборот тизими (кейинги ўринларда – ахборот тизими) ишлаб чиқилишини, шунингдек, 2019 йил якунлари бўйича ўтказилган синов режимидаги рейтинг баҳолаш натижалари асосида унинг такомиллаштирилишини таъминласин.

7. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги – ахборот тизимининг буюртмачиси;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар – ахборот тизимини яратиш ҳамда уни келгусида қўллаб-қувватлаш, шунингдек, сўровномаларни ташкил этиш ва ўтказишнинг молиялаштириш манбалари ҳисобланади.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига унинг асослантирилган ҳисоб-китобларига мувофиқ ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек, сўровномаларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармаси ҳисобидан зарур маблағларни;

2020 йилдан бошлаб ҳар йили ахборот тизимини техник ва дастурий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, сўровномаларни ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги буюртманомаларига асосан зарур маблағларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари параметрларида назарда тутган ҳолда ажратсин.

9. Белгилаб қўйилсинки:

давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳисобот йилидан кейинги 15 январь (тезкор) ва 1 июндан (якуний) кечиктирмай ҳисобот йили якуни бўйича тегишли ­маълумотларни ахборот тизимига ҳаққоний ва ўз вақтида киритишни таъминлайди;

рейтинг жараёнига жалб этилган давлат органлари, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари сўровномаларни шаффоф ва холисона ўтказиш ҳамда тегишли маълумотларни ахборот тизимига киритиш учун шахсан жавобгардир;

давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ахборот тизимига ишончсиз ёки нотўғри маълумотларни киритиш, шунингдек, уларни ўз вақтида киритмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда, тегишли раҳбарларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилади.

10. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорлари 2-иловага** мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

11. Мазкур қарор ижросини ташкил этишнинг қуйидаги тартиби белгилансин:

а) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров:

мазкур қарор ижросини сифатли таъминласин, белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишга масъул вазирлик ва идораларнинг самарали фаолиятини ташкил этсин ҳамда мувофиқлаштирсин, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этсин;

ахборот тизимига киритилган статистик кўрсаткичлар ва сўровнома натижаларини ўз вақтида умумлаштирсин ҳамда ҳудудлар рейтингини аниқласин;

ушбу қарорнинг мақсад ва вазифаларига эришиш, шунингдек, баҳолаш мезонлари ва таҳлил усулларини аниқлаш мақсадида Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, «Ижтимоий фикр» маркази, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Давлат статистика қўмитаси ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг масъул ходимлари учун даврий семинарлар ташкил этсин;

рейтинг кўрсаткичларининг мониторингини ва оммавий ахборот воситалари, шу жумладан расмий веб-сайтда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолаш натижалари тўғрисидаги маълумотлар мунтазам равишда кенг ёритилишини таъминласин;

б) Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари Б.Т.Турабов – ҳудудларнинг рейтинг кўрсаткичлари шакллантирилишини мониторинг қилсин;

в) масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари – ахборот тизимига маълумотларнинг ўз вақтида, сифатли ва тўлақонли киритилиши ҳамда сўровномалар ўтказилиши учун барча зарур чораларни кўрсин;

г) Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.К.Кўчимов ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси А.Д.Хаджаев – мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти, унинг амалий аҳамиятини ёритиб бериш бўйича мақолалар чоп этилишини ҳамда матбуот анжуманлари, тематик телекўрсатувлар ўтказилишини ташкил этсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 1 май

ПҚ-4702-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 2.05.2020 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 1–2-иловалар «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 564 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика