Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 27 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

ЎзР ДСҚнинг «Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори

 

Идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжати

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида*

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 18 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3247 

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 139-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси қарор қилади:

1. Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Давлат солиқ қўмитаси раиси

Ш.КУДБИЕВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 18 май

2020-16-сон.

 

ЎзР ДСҚнинг 2020 йил 18 майдаги 2020-16-сон қарорига
ИЛОВА

 

Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига (бундан буён матнда Солиқ кодекси деб юритилади) мувофиқ сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартибини белгилайди.

 

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

сайёр солиқ текширувисолиқ тўловчиларнинг солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш соҳасидаги айрим мажбуриятларини, шунингдек, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларини бажарилишини текшириш;

хронометраж кузатувихронометраж ўтказиладиган даврда тушумларнинг ҳақиқий ҳажмларини, пул тушуми суммаларини, ишлаб чиқариш ва товарларни (хизматларни) реализация қилиш ҳажмларини аниқлаш мақсадида амалга ошириладиган, товарларни (хизматларни) ҳақиқий реализация ҳажмларини аниқлашга доир тадбир.

2. Солиқ органлари сайёр солиқ текшируви доирасида қуйидагиларни амалга оширади:

солиқ солиш объектларини аниқлаш;

хронометраж кузатувларини ўтказиш;

назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилишини текшириш;

солиқ тўловчи ходимларининг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сони мувофиқлиги юзасидан мониторингни амалга ошириш;

бозорлар, савдо комплекслари, уларга туташ бўлган автомобиль воситаларининг тўхташ жойларида солиқ қонунчилигига риоя этилишини текшириш;

савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини текшириш;

солиқ тўловчидан асосий воситалар, товар-моддий бойликлар, пул маблағлари ва ҳисоб-китобларни солиқ тўловчи (солиқ агентлари) томонидан хатловдан ўтказишни талаб қилиш.

3. Сайёр солиқ текширувида ҳисобга олиш ҳужжатларининг, товар-моддий бойликлар ва пул маблағлари ҳаракатининг, шунингдек, солиқ тўловчининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборотнинг таҳлили ўтказилади.

Сайёр солиқ текширувини ўтказишда солиқ тўловчилардан сайёр солиқ текшируви предметига алоқаси бўлмаган ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилишга йўл қўйилмайди.

4. Сайёр солиқ текшируви ўн иш кунигача бўлган муддатда ўтказилади.

5. Сайёр солиқ текшируви натижаси бўйича солиқ органлари томонидан солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаш амалга оширилмайди.

Бунда, сайёр солиқ текшируви натижаси бўйича олинган ҳужжатлар ва ахборотлар камерал солиқ текширувини ўтказишда фойдаланилиши мумкин.

6. Сайёр солиқ текшируви қуйидаги асослар бўлганда ўтказилади:

«Таҳлика-таҳлил» дастурий маҳсулоти натижасига кўра аниқланган, юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига мансуб бўлмаган солиқ тўловчилар (солиқ агентлари) фаолиятидаги солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлганда;

жисмоний ва юридик шахслардан, шунингдек, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан солиқ тўловчилар фаолиятида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисида мурожаатлар келиб тушганда, бундан аноним мурожаатлар мустасно;

оммавий ахборот воситаларида солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинганда;

камерал солиқ текшируви жараёнида аниқланган тафовут ва хатоларни солиқ органи жойлашган жойдан ташқарида ўрганиш зарурати юзага келганда.

7. Сайёр солиқ текшируви солиқ органи раҳбарининг (ўринбосарининг) буйруғи асосида ўтказилади. Буйруқда солиқ тўловчининг номи, текширувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда лавозими, текширувни ўтказиш муддати ва мақсади кўрсатилади.

Сайёр солиқ текшируви ўтказиш учун солиқ органининг икки ёки ундан ортиқ мансабдор шахслари жалб этилган тақдирда, буйруқда бир нафар ходим текширишда вазифаларни тақсимлаш бўйича гуруҳ раҳбари этиб белгиланади.

8. Ўтказиладиган сайёр солиқ текширувлари Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган ҳолда «Текширувларни рўйхатга олиш китоби» тўлдирилганидан сўнг ўтказилади.

Сайёр солиқ текшируви далолатномасига «Текширувларни рўйхатга олиш китоби»нинг тўлдирилган шакли (қоғоз шакли тўлдирилгандаэлектрон шакли тўлдирилмаганлиги сабаби) ёки китоб тақдим этилмагандаунинг тақдим этилмаганлиги тўғрисида текширувчи томонидан тегишли ёзув киритилади.

Сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс «Текширувларни рўйхатга олиш китоби»ни тўлдиришдан бош тортган тақдирда, солиқ тўловчи ўзининг сайёр солиқ текширувидан ўтказилишига йўл қўймасликка ҳақли.

Ўтказилган текширувларнинг натижалари солиқ органлари томонидан текширув тамомлангандан кейин уч кун ичида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади.

9. Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган сана ушбу текширувни ўтказиш муддатининг бошланиши деб ҳисобланади.

10. Сайёр солиқ текшируви жараёнида солиқ органи Солиқ кодексининг 145 ва 148-моддаларида белгиланган тартибда солиқ тўловчининг бинолари ва ҳудудларни кўздан кечиришга ҳамда ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйишга ҳақли. Бунда, ушбу тадбирлар холислар иштирокида амалга оширилади.

Солиқ органларининг ходимлари холислар сифатида иштирок этишига йўл қўйилмайди.

 

2-БОБ. САЙЁР СОЛИҚ ТЕКШИРУВИНИ ЎТКАЗИШДА СОЛИҚ ОРГАНИ МАНСАБДОР ШАХСИНИНГ ҲАМДА СОЛИҚ ТЎЛОВЧИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

11. Солиқ органларининг мансабдор шахслари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

солиқ тўловчининг сайёр солиқ текширувига тааллуқли маълумотлари ва ҳужжатларини ўрганиш ҳамда ушбу ҳужжатлардан солиқ органи ҳисобидан нусха олиш;

солиқ тўловчи томонидан бухгалтерия, товарлар (хизматлар) ҳаракати ҳисобини юритишда фойдаланилаётган дастурий таъминотлардаги маълумотлар билан танишиш ва солиққа оид ҳуқуқбузарликлар аниқланган ҳолларда улардан солиқ органи ҳисобидан нусха олиш;

солиқ тўловчининг ҳудудини, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини ва бошқа биноларини, шу жумладан, солиқ тўловчи даромад олиш учун фойдаланадиган ёки солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ жойларни кўздан кечириш ҳамда фото ва видеотасвирга тушириш;

мол-мулкларни хатловдан ўтказиш;

текширувга мутахассислар, экспертлар, таржимон, холисларни жалб этиш ҳамда улардан тегишли хулосалар, таржималар ва кўрсатмалар олиш;

ишлаб чиқарилаётган ҳамда реализация қилинаётган товарларнинг (хизматларнинг) ҳақиқий ҳажмларини аниқлаш;

ҳисоб-китобларни амалга оширишда савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини, шунингдек, назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминалларининг қўлланилишини текшириш;

солиқ тўловчи томонидан солиқ органларининг мансабдор шахсларини сайёр солиқ текшируви ўтказилаётган ҳудуд ва (ёки) бинога (бундан турар жойлар мустасно) киришига тўсқинлик қилинганда, солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш чораларини кўриш;

солиқ тўловчининг фаолиятига тааллуқли ҳужжатларга (ахборотга) эга бўлган контрагентдан ёки бошқа шахслардан ушбу ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олиш.

12. Солиқ органларининг мансабдор шахслари қуйидаги мажбуриятларга эга:

солиқ текшируви бошлангунига қадар (назорат касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилишини текширишдатекширув жараёнида) солиқ тўловчини ёки унинг вакилини сайёр солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ билан таништириш ва буйруқ нусхасини уни олганлигини тасдиқловчи имзо қўйдирган ҳолда тақдим этиш;

солиқ тўловчини ёки унинг вакилини текширув мақсади билан таништириш, унга ўз хизмат гувоҳномаси ва текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномасини кўрсатиш;

тадбиркорлик субъектида «Текширувларни рўйхатга олиш китоби» мавжуд бўлган ҳолларда, унинг электрон ёки қоғоз шаклини тўлдириш;

сайёр солиқ текширувини ўтказиш вақтида солиқ тўловчиларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шу жумладан, текширув устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ёки тадбиркорлик субъектларининг бошқа тегишли бирлашмаларини жалб қилишга ҳақли эканлигини тушунтириш;

ўтказилган текширув натижалари билан солиқ тўловчини таништириш;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширувларнинг натижалари текширув тамомлангандан кейин уч кун ичида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилишини таъминлаш;

ўз ваколатлари ва текширув буйруғида белгиланган текширув мақсадлари доирасидан чиқмаслик.

Солиқ органларининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

13. Солиқ тўловчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

сайёр солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ нусхасини олиш, ходимларнинг хизмат гувоҳномаси ва текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномаси билан танишиш;

сайёр солиқ текширувини ўтказиш жараёнида вакил орқали ёки шахсан иштирок этиш;

сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахсдан «Текширувларни рўйхатга олиш китоби»нинг электрон ёки қоғоз шаклини тўлдиришни талаб қилиш, тўлдиришдан бош тортган тақдирда эсаўзининг ҳудуди ва биноларига киришга йўл қўймаслик;

сайёр солиқ текшируви жараёнини фото ва видеотасвирга олиш;

сайёр солиқ текшируви материаллари билан танишиш ва нусха олиш;

сайёр солиқ текширувини амалга ошираётган солиқ органлари мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят қилиш;

сайёр солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш жараёнида иштирок этиш;

ўз манфаатларини шахсан, солиқ маслаҳатчилари ташкилоти ёки бошқа вакиллари орқали ҳимоя қилиш.

Солиқ тўловчилар Солиқ кодекси ва солиқ тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган ўзга ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

14. Солиқ тўловчилар қуйидаги мажбуриятларга эга:

cайёр солиқ текширувини ўтказаётган солиқ органларининг мансабдор шахсларига текширув билан боғлиқ ҳужжатлар, шунингдек, электрон манбаларда сақланадиган тегишли ахборот билан танишиш имкониятини таъминлаш;

солиқ органларининг текшириш билан боғлиқ қонуний талабларини бажариш, улар мансабдор шахсларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилмаслик.

Солиқ тўловчиларнинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

 

3-БОБ. СОЛИҚ СОЛИШ ОБЪЕКТЛАРИНИ АНИҚЛАШ

15. Солиқ солиш объектларини аниқлаш солиқ органларида мавжуд бўлган солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш мақсадида ўтказилади.

16. Солиқ солиш объектларини аниқлаш бўйича қуйидагилар текширилади:

давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар, фаолият тури ва жойининг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги;

кўчмас мулкка ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар, шу жумладан, кадастр ҳужжатлари, ижара шартномалари мавжудлиги.

17. Солиқ солиш объектларини аниқлаш бўйича ўтказилган текширув натижасида олинган маълумотлар сайёр солиқ текшируви далолатномасида қайд этилади.

 

4-БОБ. ХРОНОМЕТРАЖ КУЗАТУВЛАРИНИ ЎТКАЗИШ

18. Хронометраж кузатувлари солиқ тўловчиларнинг айрим тоифалари ёки фаолият турлари бўйича тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳақиқатдаги даромадлари ҳамда уларнинг шаклланиш манбалари ва (ёки) харажатлари, шунингдек, солиқ режимини аниқлаш мақсадида ўтказилади.

19. Хронометраж кузатуви солиқ тўловчининг фаолиятини тўхтатмасдан кунлик иш режимини тўлиқ қамраб олган ҳолда, жойлашган жойидан қатъи назар барча объектларида бир вақтнинг ўзида ўтказилади.

Хронометраж кузатуви солик тўловчи (вакили) иштирокида ўтказилади.

20. Хронометраж кузатуви солиқ тўловчиларнинг текширувгача тасдиқланган иш режимидан келиб чиқиб, етти иш кунидан кам бўлмаган муддатда ўтказилади.

21. Солиқ органи солиқ тўловчининг бошқа ҳудудлардаги объектларида хронометраж кузатуви ўтказиш юзасидан объект жойлашган ҳудудий солиқ органига хронометраж кузатуви бошланишидан камида бир кун олдин ўтказиладиган хронометраж кузатувининг аниқ санасини кўрсатган ҳолда ёзма хабарнома юборади.

Бунда, хронометраж кузатуви натижаси бўйича расмийлаштирилган маълумотлар кузатув якунланганидан сўнг солиқ тўловчи жойлашган ҳудудий солиқ органига бир иш куни ичида юборилиши шарт.

22. Хронометраж кузатуви жараёнида солиқ тўловчининг амалдаги даромадлари ва харажатларини ҳамда солиқ режимини аниқлаш мақсадида мутахассислар жалб этилиши мумкин.

23. Хронометраж кузатуви қуйидаги тартибда амалга оширилади:

а) чакана савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳасида:

хронометраж кузатуви бошланишида солиқ тўловчининг пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишдан тушган пулларни сақлаш учун мўлжалланган кассаларидаги (бундан буён матнда солиқ тўловчининг кассалари деб юритилади) мавжуд нақд пул қолдиғини назорат-касса техникасининг кунлик ҳисоботи билан солиштириш ва ижобий фарқ суммасини солиқ тўловчи (унинг вакили) томонидан назорат-касса техникасининг хотирасига киритилишини талаб қилиш;

савдо ва (ёки) хизмат кўрсатишдан тушган пул маблағларининг тўлиқ назорат-касса техникаси хотирасига киритилиши ёки тўлов терминалларидан тўлиқ фойдаланилиши, харидорларга (мижозларга) харид чеки берилишини назорат қилиб бориш;

реализация қилинган товарлар ва хизматларнинг ҳақиқий ҳажмини аниқлаш ҳамда кунлик пул маблағлари тушумини кузатиш ва қайд этиш;

хронометраж кузатуви якунида назорат-касса техникасидан «Z» ҳисобот чиқариш ва маълумотномага илова қилиш;

хронометраж кузатуви якунида солиқ тўловчининг кассаларидаги мавжуд кунлик пул тушуми билан қайд этиш варақасидаги тушумлар миқдори ўртасидаги ижобий фарқ суммасини назорат-касса техникасининг хотирасига киритилишини талаб қилиш;

маҳсулотларнинг ҳисоб ҳужжатларидаги (ҳисобварақ-фактуралар, юкхатлари, назорат-касса техникаси чеки ёки унга тенглаштирилган бошқа ҳужжатлар) нархлари ҳамда сотиш нархларини таққослаш;

солиқ тўловчининг даромадлари ва харажатларини таҳлил қилиш;

б) ишлаб чиқариш соҳасида:

ишлаб чиқариш учун сарфланаётган товар хом ашёлар (ярим тайёр маҳсулотлар) ҳажмини, ишлаб чиқариш ускуналарининг сонини ва уларнинг қувватларини қайд этиш;

ишлаб чиқариш қувватлари учун сарфланаётган табиий ресурслар (газ, электр энергияси, сув, ёқилғи-мойлаш материаллари) ҳажмининг ишлаб чиқариш ҳажмига мувофиқлигини аниқлаш;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури ва миқдорини аниқлаш;

ишлаб чиқарилган маҳсулотларни реализация қилиш усулларини аниқлаш ва жараёнини қайд этиш;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг таннархи, сотиш нархи, сотилган ҳажми ҳамда омборхоналаридаги тайёр маҳсулотлар миқдорини аниқлаш;

хронометраж кузатуви натижасида аниқланган солиқ тўловчининг ҳақиқатдаги даромадлари, уларнинг шаклланиш манбалари ва харажатларини қайд этиш.

24. Хронометраж кузатуви натижаси бўйича ушбу Низомнинг   1-иловасига** мувофиқ икки нусхада баённома расмийлаштирилади. Баённоманинг бир нусхаси солиқ тўловчига баённома нусхасини олганлигини тасдиқловчи имзо қўйдирган ҳолда берилади. Бунда баённомага имзолашдан ва (ёки) унинг бир нусхасини олишдан солиқ тўловчи бош тортган ҳолларда, сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс томонидан баённомага бу ҳақда тегишли ёзув киритилади.

 

5-БОБ. НАЗОРАТ КАССА ТЕХНИКАСИ ВА ҲИСОБ-КИТОБ ТЕРМИНАЛЛАРИ ҚЎЛЛАНИЛИШИНИ ТЕКШИРИШ

25. Назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилишини текшириш назорат харидини амалга ошириш йўли билан ва (ёки) савдо, умумий овқатланиш ёки хизмат кўрсатиш шохобчасида бевосита текширув ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

26. Назорат хариди назорат-касса техникалари ва (ёки) ҳисоб-китоб терминалларидан харидорларга касса чеки берилиши, банк карталари орқали тўловлар қабул қилиниши ҳамда нақд пул маблағлари ва банк карталари орқали амалга ошириладиган тўловлар шаклига қараб нархлар сунъий равишда оширилиши ёки пасайтирилиши ҳолатлари мавжудлигини текшириш мақсадида амалга оширилади.

27. Назорат харидини амалга оширишда қуйидагилар жалб қилиниши мумкин:

солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги тўғрисида мурожаат этган жисмоний шахс (юридик шахснинг ишончли вакили);

«Холис харидор» хизматини кўрсатувчи юридик шахс вакиллари;

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вакиллари.

28. Назорат харидини амалга оширган шахслар томонидан назорат харидида кузатилган ҳолатлар бўйича маълумотлар (ҳужжатлар, предметлар) харид якунланиши билан сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахсга тақдим этилади.

29. Ўтказилган назорат хариди натижаси бўйича мазкур Низомнинг 2-иловасига** мувофиқ шаклда баённома расмийлаштирилади ва сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс, назорат харидини амалга оширган шахс ва солиқ тўловчи томонидан имзоланади.

Назорат харидини ўтказиш баённомасининг бир нусхаси солиқ тўловчига баённома нусхасини олганлигини тасдиқловчи имзо қўйдирган ҳолда берилади. Бунда назорат харидини ўтказиш баённомасини имзолашдан ва (ёки) унинг бир нусхасини олишдан бош тортган ҳолларда, сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс томонидан баённомага бу ҳақда тегишли ёзув киритилади.

30. Назорат харидини ўтказишда фойдаланиш учун нақд пул маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан ажратилади.

Сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс назорат харидини ўтказиш учун нақд пул маблағларини тегишли солиқ органи кассасидан олади.

Нақд пул маблағларини сайёр текширувини ўтказиш учун мансабдор шахсга беришда уларнинг қиймати, банкнота серияси ва рақамлари алоҳида варақда қайд этилиб, чиқим касса ордерига илова қилинади. Бунда пул маблағларининг қиймати, банкнота серияси ва рақамлари ёзилган варақча нусхаси сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахсга берилади.

31. Сайёр солиқ текшируви якунлангандан сўнг, назорат харидини ўтказишда фойдаланиш учун олинган нақд пул маблағлари бир иш куни ичида тегишли солиқ органи кассасига тўлиқ топширилади. Пул маблағларининг қиймати, банкнота серияси ва рақамлари ёзилган варақча нусхаси кирим касса ордерига илова қилинади.

Сайёр солиқ текшируви жараёнида солиқ тўловчига тегишли шохобча кассаларида мавжуд нақд пул қолдиғи саноқдан ўтказилиб, назорат-касса техникаси хотирасига киритилган нақд пул суммаси билан солиштирилади ва натижаси бўйича ушбу Низомнинг 3-иловасига** мувофиқ нақд пул қолдиғини саноқдан ўтказиш далолатномаси тузилади.

32. Назорат хариди ўтказилиб, ўзаро ҳисоб-китоблар якунлангач, назорат харидини ўтказишда фойдаланилган пул маблағлари текширилган солиқ тўловчи (унинг вакили) томонидан сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахсга, харид қилинган товарлар ва кўрсатилган хизматларнинг натижалари (назорат хариди предметлари) эса, сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс томонидан солиқ тўловчига (унинг вакили) қайтариб берилиши шарт, бундан қайтариш имкони бўлмаган ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ олиб қўйилиши лозим бўлган назорат хариди предметлари мустасно.

33. Солиқ органлари назорат-касса техникалари ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилишини савдо, умумий овқатланиш ёки хизмат кўрсатиш шохобчасида бевосита текшириши мумкин. Бунда текшириш қуйидагиларни аниқлаш мақсадида ўтказилади:

қонун ҳужжатларига мувофиқ назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминали билан жиҳозланганлиги, шу жумладан, уларнинг солиқ тўловчи номига ва объект манзили бўйича расмийлаштирилганлиги;

назорат-касса техникалари тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланиши рухсат этилган фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг давлат реестрига ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланилиши рухсат этилган онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассаларнинг давлат реестрига киритилганлиги;

назорат-касса техникасининг техник талабларга мувофиқлиги;

назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш қоидаларига риоя этилиши.

34. Назорат-касса техникалари ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилишини савдо, умумий овқатланиш ёки хизмат кўрсатиш шохобчасида бевосита ўтказилган текшириш натижалари сайёр солиқ текшируви далолатномасида қайд этилади.

Солиқ тўловчи томонидан бошқа солиқ тўловчига тегишли назорат-касса техникалари ва (ёки) ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланиш ҳолати аниқланган тақдирда, сайёр солиқ текшируви далолатномасига улардан олинган харид чеки нусхаси, ҳисоб-китоб терминалининг русуми ва завод рақами тўғрисидаги маълумот ҳам киритилади.

Техник талабларга жавоб бермайдиган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланиши рухсат этилган фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг давлат реестрига ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланилиши рухсат этилган онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассаларнинг давлат реестрига киритилмаган ёхуд бошқа солиқ тўловчига тегишли бўлган, шунингдек, фискал хотирага хизмат кўрсатувчи дастурий маҳсулоти (версия) бузилган назорат-касса техникаси мавжудлиги аниқланган тақдирда, сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс томонидан баённома тузилади ҳамда ушбу назорат-касса техникаси вақтинча олиб қўйилади.

 

6-БОБ. СОЛИҚ ТЎЛОВЧИ ХОДИМЛАРИНИНГ ҲИСОБОТДАГИ ВА ҲАҚИҚИЙ СОНИ МУВОФИҚЛИГИ ЮЗАСИДАН МОНИТОРИНГНИ АМАЛГА ОШИРИШ

35. Солиқ тўловчи ходимларининг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сони мувофиқлиги юзасидан мониторингни амалга ошириш қуйидагилардан иборат:

барча объект ва ҳудудларда ҳақиқатда фаолият юритаётган ходимларни аниқлаш;

мазкур Низомнинг 4-иловасига** мувофиқ шаклда аниқланган ходимларнинг рўйхатини (бундан буён матнда рўйхат деб юритилади) тузиш.

Солиқ тўловчи ходимларининг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сони мувофиқлиги юзасидан мониторинг солиқ тўловчининг (вакилининг) иштирокида амалга оширилади.

36. Рўйхатда кўрсатилган ходимлар солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботида кўрсатилган маълумотлар билан солиштирилади.

Бунда, рўйхатнинг тегишли устунига ходимларнинг солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботида «мавжуд» ёки «мавжуд эмас» белгиси киритиб борилади.

37. Солиштириш натижасида сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс рўйхатга киритилган ва солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботида мавжуд бўлмаган ходимлар, уларнинг ишлаш даври ҳамда олаётган иш ҳақи тўғрисида солиқ тўловчидан тушунтиришлар олади.

38. Рўйхат сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс ва солиқ тўловчи томонидан имзоланади. Солиқ тўловчи рўйхатни имзолашдан бош тортган ҳолларда, сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс томонидан рўйхатнинг пастки қисмига бу ҳақида ёзув киритилади.

39. Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ёлланган ходимларнинг солиқ органларида рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома мавжудлигини текшириш натижасида аниқланган ҳолатлар сайёр солиқ текшируви далолатномасида қайд этилади.

 

7-БОБ. БОЗОРЛАР, САВДО КОМПЛЕКСЛАРИ, УЛАРГА ТУТАШ БЎЛГАН АВТОМОБИЛЬ ВОСИТАЛАРИНИНГ ТЎХТАШ ЖОЙЛАРИДА СОЛИҚ ҚОНУНЧИЛИГИГА РИОЯ ЭТИЛИШИНИ ТЕКШИРИШ

40. Бозорлар, савдо комплекслари, уларга туташ бўлган автомобиль воситаларининг тўхташ жойларида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини текшириш қуйидагилардан иборат:

бир марталик йиғимлар ундирилиши, ундирилган йиғимларнинг назорат-касса техникаси хотирасига киритилиши ва банкка топширилишини назорат қилиш;

бозорлар, савдо комплекслари ва уларнинг филиалларида сотувчи ва харидорларга кўрсатилган хизматлар учун тўловларнинг ҳамда бино ва иншоотларни, шунингдек, буюмларни ижарага бериш бўйича ижара тўловларининг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини текшириш;

савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларининг бажарилишини текшириш.

41. Бозорлар, савдо комплекслари, уларга туташ бўлган автомобиль воситаларининг тўхташ жойларида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини текшириш натижаси бўйича аниқланган ҳолатлар, шу жумладан, солиққа оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари сайёр солиқ текшируви далолатномасида қайд этилади.

 

8-БОБ. САВДО ВА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ҚОИДАЛАРИГА РИОЯ ЭТИЛИШИНИ ТЕКШИРИШ

42. Солиқ тўловчида савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини текшириш қуйидагиларни аниқлаш мақсадида ўтказилади:

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш ҳамда маркировка қилиш қоидаларига риоя этилганлиги;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш жойларида уларни 20 ёшга тўлмаган шахсларга сотишга йўл қўйилмаслиги, шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзув жойлаштирилганлиги;

савдо шохобчасида сотувчиюридик шахс тўғрисидаги маълумотлар, яъни корхонанинг номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили ва иш режими), агар сотувчи якка тартибдаги тадбиркор бўлса, унинг давлат рўйхатидан ўтказилганлик ва рўйхатдан ўтказган органнинг номи тўғрисидаги маълумотлар харидорлар танишиши учун қулай тарзда жойлаштирилганлиги;

агар сотувчи амалга оширадиган фаолият лицензияланиши керак бўлса, у лицензиянинг тартиб рақами ва амал қилиш муддати тўғрисидаги, шунингдек, уни берган орган ҳақидаги маълумотлар харидорлар танишиши учун қулай тарзда жойлаштирилганлиги;

сотувчи товарнинг номи, унинг сорти, маркаси, модели, типи, товарнинг оғирлиги, ўлчами ёки бирлигига нархи кўрсатилган ҳолда сотиладиган товарларнинг ягона намунадаги ва аниқ расмийлаштирилган нархномалари бўлишини таъминлаганлиги;

қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ҳамда бошқа буюмлар билан савдони амалга оширадиган сотувчи томонидан қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмларни сотиш қоидаларига риоя этилиши, заргарлик буюмларининг асиллик даражаси белгиланганлиги ва тамғаланганлиги, шунингдек, кирим қилинмаган контрафакт маҳсулотларнинг сотилиши ҳолатлари мавжуд эмаслиги;

қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари парчаларини, улардан тайёрланган буюмларни, шунингдек, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни сотиб олиш пунктларида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ва бошқа буюмлар, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларнинг чакана савдоси билан шуғулланиш ҳуқуқи учун берилган рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси мавжудлиги, товарларни ҳисобга олиш ва пул операцияларини юритиш бўйича қонун ҳужжатларига риоя қилиниши;

маиший электр приборларининг техник ҳужжатларида, маркировкасида ва этикеткаларида энергия самарадорлигининг тегишли класси тўғрисидаги ахборотларнинг мавжудлиги;

сотиладиган товарларнинг нархи кўрсатилган нархномаларга эгалиги;

умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларига риоя этилиши;

чакана савдо ва (ёки) умумий овқатланиш шохобчасида алкоголь маҳсулотлари савдоси учун рухсат гувоҳномалари мавжудлиги ва шохобчанинг рухсат бериш шартларига мувофиқлиги.

43. Савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини текшириш натижалари сайёр солиқ текшируви далолатномасида қайд этилади.

 

9-БОБ. СОЛИҚ ТЎЛОВЧИДАН АСОСИЙ ВОСИТАЛАР, ТОВАР-МОДДИЙ БОЙЛИКЛАР, ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ ВА ҲИСОБ-КИТОБЛАРНИ СОЛИҚ ТЎЛОВЧИ (СОЛИҚ АГЕНТЛАРИ) ТОМОНИДАН ХАТЛОВДАН ЎТКАЗИШНИ ТАЛАБ ҚИЛИШ

44. Асосий воситалар, товар-моддий бойликлар, пул маблағлари ва ҳисоб-китобларни солиқ тўловчи (солиқ агентлари) томонидан хатловдан ўтказиш «Инвентаризацияни ташкил этиш ва ўтказиш» Ўзбекистон Республикаси Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти 19-сонли БҲМСга (рўйхат рақами 833, 1999 йил 2 ноябрь) мувофиқ амалга оширилади.

Бунда, солиқ тўловчининг сақланаётган ва савдо объектларида савдога чиқарилган товарларнинг кирим ҳужжатлари (ҳисобварақ-фактуралар, юкхатлари, назорат-касса техникаси чеки ёки унга тенглаштирилган бошқа ҳужжатлар) мавжудлиги текширилади.

45. Сайёр солиқ текшируви жараёнида, шунингдек, солиқ органида мавжуд маълумотларга асосан асосий воситалар, товар-моддий бойликлар, пул маблағлари ва ҳисоб-китоблар мавжуд эмаслиги аниқланиб, бу солиқ тўловчининг тилхати билан тасдиқланганда хатловдан ўтказиш амалга оширилмайди.

 

10-БОБ. ҲУЖЖАТЛАР ВА БУЮМЛАРНИ ОЛИБ ҚЎЙИШ

46. Ҳужжатлар ва (ёки) буюмларни олиб қўйиш сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахснинг мазкур Низомнинг 5-иловасига** мувофиқ шаклда қабул қилинган қарор асосида амалга оширилади.

47. Сайёр солиқ текшируви жараёнида ҳужжатлар ва (ёки) буюмларни олиб қўйиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилиши мумкин:

а) буюмларни олиб қўйиштегишли рухсатномаларсиз, қалбаки акциз маркаси билан ёки акциз маркасиз ишлаб чиқарилган ёки сотилаётган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари аниқланган тақдирда;

б) ҳужжатларни олиб қўйиш:

сайёр солиқ текширувини ўтказишда талаб қилинган ҳужжатлар солиқ тўловчи томонидан тақдим этилиши рад этилганда ёки белгиланган муддатларда тақдим этилмаганда;

ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари етарли бўлмаса ҳамда солиқ органларида ҳужжатларнинг асл нусхалари йўқ қилиниши, яширилиши, ўзгартирилиши ёки алмаштириб қўйилиши мумкинлиги тўғрисида тахмин қилиш учун етарлича асослар мавжуд бўлса.

Ҳужжат ва буюмларни олиб қўйиш жараёни видеотасвирга туширилади.

Мазкур бандда назарда тутилмаган ҳолларда буюмларни олиб қўйиш тақиқланади.

48. Солиқ тўловчи фаолиятининг тўхтаб қолишига олиб келадиган ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйиш фақат суднинг қарори асосида амалга оширилади.

49. Сайёр солиқ текшируви жараёнида олиб қўйилган буюмларнинг ўзгартирилишига (товар тури, ҳажми, миқдори, қиймати ва бошқа ўзига хос белгилари) йўл қўйилмайди.

50. Сайёр солиқ текшируви жараёнида ҳужжатлар ва (ёки) буюмларни тунги пайтда (соат 23.00 дан 06.00 га қадар бўлган вақт оралиғида) олиб қўйишга йўл қўйилмайди.

51. Сайёр солиқ текшируви жараёнида ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйиш холислар ҳамда ҳужжатлари ва буюмларини олиб қўйиш амалга оширилаётган шахслар иштирокида ўтказилади.

Зарур бўлган ҳолларда, олиб қўйишни амалга оширишда иштирок этиш учун мутахассис таклиф этилиши мумкин.

52. Ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйиш бошлангунига қадар сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс солиқ тўловчига ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйишни амалга ошириш тўғрисидаги қарорни тақдим этади ҳамда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради.

53. Сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс ҳужжатлар ва (ёки) буюмларини олиб қўйиш амалга оширилаётган шахсга уларни ўз ихтиёри билан топширишни таклиф этади, таклиф рад этилган тақдирда эса, олиб қўйишни мажбурий тарзда амалга оширади.

Ўзига нисбатан олиб қўйиш амалга оширилаётган шахс олиб қўйилиши лозим бўлган ҳужжатлар ва буюмлар сақланиши мумкин бўлган биноларни ёки бошқа жойларни очишдан бош тортганда, сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс тамбаларга, эшикларга ва бошқа буюмларга зарурат сабабли юзага келмаган шикаст етказишдан қочиб олиб қўйишни мустақил тарзда бажаришга ҳақли.

54. Сайёр солиқ текшируви жараёнида ҳужжатлар ва буюмларни олишда ушбу Низомнинг 6-иловасига** мувофиқ шаклда икки нусхада ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйиш тўғрисида баённома расмийлаштирилади.

Ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйиш тўғрисидаги баённоманинг бир нусхаси солиқ тўловчига имзо қўйдириб топширилади.

Солиқ тўловчи ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйиш тўғрисидаги баённомани имзолаш ва (ёки) олишдан бош тортган ҳолларда ушбу ҳақида баённомага тегишли ёзув киритилади ва солиқ тўловчига почта орқали буюртма хат билан юборилади.

55. Солиқ тўловчи талаб қилинган ҳужжатлар ва буюмларни тақдим этишдан, биноларни ёки бошқа жойларни очишдан бош тортган тақдирда, бу ҳақда сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс томонидан тузилган ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйиш тўғрисида баённомада ёзув киритилади.

 

11-БОБ. САЙЁР СОЛИҚ ТЕКШИРУВИ НАТИЖАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ

56. Сайёр солиқ текширувида солиқ тўловчи томонидан сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахснинг ўз ҳудуди ва биноларига киришига тўсқинлик қилинган тақдирда, сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс томонидан мазкур Низомнинг 7-иловасига** мувофиқ далолатнома тузилади.

Бундай далолатнома асосида солиқ органи солиқ тўловчи тўғрисида ўзида мавжуд бўлган маълумотлар ёки худди шундай солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотлар асосида тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини мустақил тарзда аниқлашга ҳақли.

Далолатнома сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс ва солиқ тўловчи томонидан имзоланади. Солиқ тўловчи кўрсатилган далолатномани имзолашни рад этган тақдирда, мазкур далолатномага тегишли ёзув киритилади.

57. Сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс томонидан мазкур Низомнинг 8-иловасига** мувофиқ шаклда қатъий ҳисобда турадиган сайёр солиқ текшируви далолатномаси тузилади.

58. Сайёр солиқ текшируви далолатномаси икки нусхада тузилади ва солиқ органи мансабдор шахслари ҳамда солиқ тўловчи томонидан имзоланади.

Сайёр солиқ текшируви далолатномасининг бир нусхаси солиқ тўловчига далолатнома билан танишиб чиқиб, уни олганлиги ва санаси кўрсатилган имзоси орқали топширилади.

59. Солиқ тўловчи сайёр солиқ текшируви далолатномасини олишдан бош тортганда, ушбу далолатномага тегишли ёзув киритилади ва унинг нусхаси электрон ҳужжат тарзида солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилади. Юборилган ҳужжатлар солиқ тўловчи томонидан ўқиб чиқилганидан кейин, лекин ушбу ҳужжат жўнатилган санадан эътиборан уч кундан кечиктирмай олинган деб ҳисобланади.

Агар солиқ тўловчида солиқ тўловчининг шахсий кабинети мавжуд бўлмаса, далолатнома почта орқали буюртма хат билан юборилади ва у жўнатилганидан сўнг беш кундан кейин олинган деб ҳисобланади.

60. Сайёр солиқ текшируви далолатномаси солиқ тўловчига топширилган кун ёки унга юборилган кун солиқ текшируви якунланган кун деб ҳисобланади.

61. Сайёр солиқ текширувини ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатларнинг нусхалари, текширув давомида расмийлаштирилган ҳужжатлар, эксперт ва мутахассислар хулосалари, сайёр солиқ текшируви давомида олинган материаллар, шунингдек, сайёр солиқ текшируви доирасидаги ҳаракатларнинг бажарилишини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар сайёр солиқ текшируви далолатномасига илова қилинади.

62. Сайёр солиқ текшируви давомида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши фактлари аниқланган тақдирда, аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритиш Солиқ кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

12-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

63. Ушбу Низомнинг талабларини бузганликда айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

64. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

 *Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 18.06.2020 йилдан кучга кирди.

**Низомга 1–8-иловалар «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 368 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика