Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 27 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

ЎзР ДСҚнинг «Ўзбекистон республикасида товар-хом ашё биржаларида операцияларни амалга оширувчи ва (ёки) ташкиллаштирилган савдоларда жамиятларнинг акцияларини сотиб оладиган (сотадиган) норезидент бўлган юридик шахсларни солиқ органларида ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори

 

Идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжати

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 18 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3245 

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикасида товар-хом ашё биржаларида операцияларни амалга оширувчи ва (ёки) ташкиллаштирилган савдоларда жамиятларнинг акцияларини сотиб оладиган (сотадиган) норезидент бўлган юридик шахсларни солиқ органларида ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Давлат солиқ қўмитаси раиси

Ш.КУДБИЕВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 25 май

2020-19-сон.

 

 

ЎзР ДСҚнинг 2020 йил 25 майдаги 2020-19-сон қарорига
ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ТОВАР-ХОМ АШЁ БИРЖАЛАРИДА ОПЕРАЦИЯЛАРНИ АМАЛГА ОШИРУВЧИ ВА (ЁКИ) ТАШКИЛЛАШТИРИЛГАН САВДОЛАРДА ЖАМИЯТЛАРНИНГ АКЦИЯЛАРИНИ СОТИБ ОЛАДИГАН (СОТАДИГАН) НОРЕЗИДЕНТ БЎЛГАН ЮРИДИК ШАХСЛАРНИ СОЛИҚ ОРГАНЛАРИДА ҲИСОБГА ҚЎЙИШ ТАРТИБИ ТўғРИСИДАГИ НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига (бундан буён матнда Солиқ кодекси деб юритилади) мувофиқ Ўзбекистон Республикасида товар-хом ашё биржаларида операцияларни амалга оширувчи ва (ёки) ташкиллаштирилган савдоларда жамиятларнинг акцияларини сотиб оладиган (сотадиган) норезидент бўлган юридик шахсларни (бундан буён матнда биржа савдоларида қатнашувчи норезидент юридик шахслар деб юритилади) солиқ органларида ҳисобга қўйиш (ҳисобдан чиқариш) тартибини белгилайди.

 

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Биржа савдоларида қатнашувчи норезидент юридик шахслар биржа савдоларини ташкил этувчи жойлашган жойдаги солиқ органида солиқ тўловчининг идентификация рақами берилган ҳолда ҳисобга қўйилади.

2. Биржа савдоларида қатнашувчи норезидент юридик шахсларни солиқ органларида ҳисобга қўйиш (ҳисобдан чиқариш) бепул амалга оширилади.

 

2-БОБ. БИРЖА САВДОЛАРИДА ҚАТНАШУВЧИ НОРЕЗИДЕНТ ЮРИДИК ШАХСЛАРНИ ҲИСОБГА ҚЎЙИШ

3. Биржа савдоларида қатнашувчи норезидент юридик шахслар биржа савдоларида қатнашишдан олдин солиқ органига ҳисобга қўйиш тўғрисида қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) мазкур Низомнинг 1-иловасига** мувофиқ шаклда ариза;

б) ўзи таъсис этилган мамлакатда давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг давлат тилига таржима қилинган асл нусхаси ёхуд нотариал тарзда тасдиқланган нусхаси (солиқ тўловчининг хос рақами кўрсатилган ҳолда);

в) ваколатли шахснинг фуқаролик паспорти нусхаси;

г) ваколатли шахснинг норезидент юридик шахс номидан Ўзбекистон Республикасида ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи ишончноманинг ёки бошқа ҳужжатнинг (улар мавжуд бўлган тақдирда) давлат тилига таржима қилинган асл нусхаси ёхуд нотариал тарзда тасдиқланган нусхаси.

Бунда, биржа савдоларида қатнашувчи норезидент юридик шахслар томонидан ҳисобга қўйиш тўғрисидаги ҳужжатлар солиқ органига Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.

4. Солиқ органлари томонидан биржа савдоларида қатнашувчи норезидент юридик шахсларни ҳисобга қўйишда мазкур Низомнинг 3-бандида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

5. Солиқ органлари биржа савдоларида қатнашувчи норезидент юридик шахсларни мазкур Низомнинг 3-бандида кўрсатилган барча зарур ҳужжатлар асосида ҳисобга қўйиш учун ариза берилган кундан эътиборан уч иш куни ичида ҳисобга қўйиши шарт.

6. Ҳисобга қўйиш учун тақдим этилган ҳужжатлар мазкур Низом талабларига мувофиқ бўлмаганда солиқ органлари томонидан бу ҳақда ариза берувчига ҳужжатлар қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида хабардор қилинади.

7. Аризада келтирилган маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг автоматлаштирилган тизими орқали Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестрига киритилади.

8. Аризада келтирилган маълумотлар Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестрида ишловдан ўтказилгач, биржа савдоларида қатнашувчи норезидент юридик шахсга солиқ органида ҳисобга қўйилганлиги ва унга идентификация рақами берилганлиги тўғрисида мазкур Низомнинг 2-иловасига** мувофиқ шаклда гувоҳнома берилади.

9. Биржа савдоларида қатнашувчи норезидент юридик шахсларнинг ҳисоб маълумотлари ўзгарганда, норезидент юридик шахснинг ваколатли шахси томонидан бундай ўзгаришлар юзага келган кундан эътиборан ўн календарь кундан кечиктирмай биржа савдоларида қатнашувчи норезидент юридик шахс томонидан солиқ органига аввал тақдим қилинган маълумотлар ўзгарганлиги тўғрисида мазкур Низомнинг 3-иловасига** мувофиқ шаклда ариза тақдим этилади.

10. Тақдим этилган маълумотлар асосида солиқ органлари томонидан биржа савдоларида қатнашувчи норезидент юридик шахснинг ҳисоб маълумотларига уч иш куни ичида тегишли ўзгартиришлар киритилади.

 

3-БОБ. БИРЖА САВДОЛАРИДА ҚАТНАШУВЧИ НОРЕЗИДЕНТ ЮРИДИК ШАХСЛАРНИ ҲИСОБДАН ЧИҚАРИШ

11. Биржа савдоларида қатнашувчи норезидент юридик шахслар товар-хом ашё биржалари ва (ёки) ташкиллаштирилган савдоларда ўз фаолиятини тўлиқ тугатиб, банк ҳисобварақларини ёпгандан сўнг, ўн беш календарь кундан кечиктирмай солиқ органига ҳисобдан чиқариш тўғрисида мазкур Низомнинг 4-иловасига** мувофиқ шаклда ариза тақдим этади.

Бунда, биржа савдоларида қатнашувчи норезидент юридик шахсларни ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги ариза солиқ органига Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.

12. Солиқ органлари томонидан биржа савдоларида қатнашувчи норезидент юридик шахсларни ҳисобдан чиқариш қуйидаги шартлар бажарилганда амалга оширилади:

Солиқ кодексида белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаш мажбурияти тўлиқ бажарилган ва солиқ қарзи мавжуд бўлмаганда;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Давлат солиқ қўмитасига электрон шаклда юборилган ахборот асосида биржа савдоларида қатнашувчи норезидент юридик шахсларнинг банк ҳисобварақлари ёпилганлиги тасдиқланганда.

13. Биржа савдоларида қатнашувчи норезидент юридик шахсларни ҳисобдан чиқариш солиқ органлари томонидан ариза берилган кундан эътиборан уч иш куни ичида амалга оширилади.

14. Биржа савдоларида қатнашувчи норезидент юридик шахслар ҳисобдан чиқарилгандан сўнг солиқ органлари томонидан мазкур Низомнинг 5-иловасига** мувофиқ шаклда маълумотнома тақдим этилади.

 

4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА

15. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 18.06.2020 йилдан кучга кирди.

**Низомга 1–5-иловалар «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 353 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика