Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 31 / Биз яшайдиган уй

Турар жой кўчмас мулки бошқарувчиларини тайёрлаш бўйича ишлар бошланди


Германиядаги турар жой кўчмас мулки бошқарувчиларини тайёрлаш принциплари билан иккита вебинарда танишиш имконияти пайдо бўлди, унда ҳар икки мамлакатнинг манфаатдор мутахассислари иштирок этди. PromHouse лойиҳаси доирасида ўтказилган вебинарлар яқин келажакда уй-жой хизматлари бозорида малакали, пухта билимга эга бўлган бошқарувчилар шаклланишига умид бағишлади.

 

Уй-жой соҳасида фаолият кўрсатаётган халқаро экспертлар, мамлакатимизнинг вазирлик ва идоралари, бизнес вакиллари, Ўзбекистон профессионал бошқарувчилар ва уй-жой фондига хизмат кўрсатувчилар ташкилотлари уюшмаси ўз саъй-ҳаракатларини шу мақсадда бирлаштирдилар.

PromHоuseнинг «Қозоғистон ва Ўзбекистонда уй-жой фондини бошқаришни профессионаллаштириш» лойиҳаси Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги остида «Шарқий Европада уй-жой хўжалиги» (ИВО, Германия, Берлин) Ташаббуси томонидан амалга оширилмоқда. Немислар томонидан лойиҳанинг мувофиқлаштирувчиси сифатида Европа уй-жой ва кўчмас мулк таълим маркази (EBZ) иштирок этмоқда. Ўзбекистон томонидан эса – Уюшма.

Профессионаллик малакали мутахассисларсиз амалга ошмаслиги вебинарлар вақтида қайд этилди. Шунинг учун лойиҳанинг навбатдаги босқичида турар жой кўчмас мулкининг бошқарувчиси стандартини ишлаб чиқиш ҳамда ушбу касбга ўқитишга диққат эътибор қаратилди. Уй-жой хизматлари бозорида талаб-эҳтиёж юқори бўлган бошқарувчиларни республикамизнинг икки тажриба-пилот ўқув юртлари – Тошкент қурилиш ва миллий ҳунармандчилик коллежи ва Қарши политехника ва профессионал коллежида тайёрлашади. 

Ҳозирги вақтгача 2 ишчи гуруҳи шакллантирилган.  Германиядан бўлган экспертлар бошқарувчиларни касбий тайёрлашни ташкиллаштириш бўйича ҳужжатлар пакетини бизнинг мутахассисларга тақдим этишди.  Мазкур материаллар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ўрганилмоқда. Бу ҳужжатлар асосида ишчи гуруҳ аъзолари  бизнинг шароитларга мослаштирилган ўқув режалари, модуллар дастурларини ишлаб чиқишни бошлашди. Лойиҳа ҳамкорлари бу ишда кўмак беришмоқда, шунингдек турар жой кўчмас мулки бошқарувчиларининг миллий стандартини тайёрлашга киришиб кетишди.

Ҳамкорларни бирлаштирган майдон

Лойиҳанинг долзарблиги шундаки, малакали бошқарувчиларни тайёрлаш уй-жой сиёсатининг устувор вазифаларидан ҳисобланади. Лекин бу биргина Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ички масаласи эмас.  Бу ўринда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдор бўлган, уй-жой фондини профессионаллаштиришдан манфаатдор бошқа тузилмаларнинг ҳам масъулият ва манфаатлари бирлашади. Лойиҳа замонавий талаб ва эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда кўчмас мулк бошқарувчиларини касбий тайёрлашнинг янги принцип ва ёндашувлари «қовуриладиган» экспериментал майдончага айланган. Ўзбекистонда бундай мутахассисларни ҳеч бир ўқув юрти тайёрламайди. Уй-жой қурилиши авж паллага чиққан ҳозирги замонда бундай профессионалларга бўлган талаб ҳар қачонгидан ҳам ортиқдир. Ҳаётнинг ўзи малакали, ташаббускор, истиқболли, бошқарув объектларини ипидан игнасигача яхши биладиган коммуникатив ёш авлод мутахассисларига кўз тикиб турибди. Бу мутахассислар замонавий қурилиш материаллари, технологиялари, асбоб-ускуналари тўғрисидаги билимларга эга бўлиши, уларни амалиётда қўллай билиши, ресурсларни сақлаш, энергия жиҳатидан самарали санация ва бошқа масалаларни ҳал эта оладиган бўлишлари лозим.  

Бу вазифаларни ҳал этиш учун бошқарув компаниялари ҳам жалб этилган. Булар амалиётни биладиган, келажакдаги кадрлар учун истиқболли иш берувчилардир. Улар бошқарувчилар қандай талабларга мувофиқ келиши кераклигини яхши билишади. Бошқарув компаниялари ўқув дастурларини ишлаб чиқишга кўмаклашади ва талабаларнинг кўчмас мулк объектларида ўқув ва амалиётдан ўтишини таъминлаб берадилар. 

Ўзбекистон бошқарув ташкилотлари уюшмасининг ижрочи директори Раҳима Ортиқованинг (PromHоuseнинг миллий мувофиқлаштирувчиси) сўзларига кўра, лойиҳани амалга ошириш учун асосий дастуриламал бўлиб жорий йилнинг 1 августидан кучга кирадиган «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги янги Қонун ҳисобланади. Ҳужжат кўп квартирали уйларни профессионал бошқаришнинг аҳамияти ва масъулиятини оширишга қаратилгандир. Унда мулкдорлар умумий мол-мулкини бошқаришнинг бир нечта усуллари назарда тутилган. Бинобарин, мулкдорлар қандай усулни танлашидан қатъи назар, уй-жой фондидан самарали фойдаланиш ва унинг сақланишини таъминлаш зарур. Бунинг учун эса малакали кадрлар керак. Қонунга биноан бошқарувчи шахс якка тартибдаги тадбиркор сифатида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиши ва малака (аттестация) сертификатига эга бўлиши керак. Бошқарувчи ташкилот штатида кўп квартирали уйни бошқариш бўйича тегишли сертификатга эга бўлган камида икки нафар мутахассис бўлиши зарур. Акс ҳолда бир ойдан сўнг умумий йиғилиш қарори билан мулкдорлар уни қайта сайлашлари мумкин. PromHouse турар жой кўчмас мулкини бошқариш ва профессионал стандарт учун кадрлар тайёрлашнинг мустаҳкам дастурини ишлаб чиқишда ҳукуматга ёрдам бермоқда. 

Хаус-уста ва бошқалар

Вебинарлар вақтида томонлар лойиҳани амалга оширишнинг айрим жиҳатларини муҳокама қилишди. Европа уй-жой хўжалиги ва кўчмас мулк иқтисодиёти таълим маркази (ЕБМ, Германия, Бохум) ўқитувчиси Алекс Флекке-Ведовелли хоним «Германияда дуал таълим олиш. Касб – кўчмас мулк иқтисодиёти бўйича мутахассис» мавзусидаги тақдимотни ўтказди. Уй-жой соҳаси учун кадрларни дуал тартибда тайёрлаш деганда талабаларнинг таълим олиш билан бир вақтда истиқболдаги иш берувчилар билан бевосита ишлаб чиқаришда амалиётни ўташи тушунилади. Германиялик экспертлар бизнинг коллежларга ана шу кўникмани эгаллашни таклиф этаётирлар. Тарихан олганда дастлаб Германияда вужудга келган бу таълим тизими бугунги кунда бутун дунёда оммалашган. Ундан кўзланган асосий мақсад – малакали, саводхон битирувчиларни тайёрлаш, таълим олаётганларда бевосита ишлаб чиқаришда фаолият юритишнинг базавий кўникмаларини шакллантириш, яъни коллежларни тугатгандан кейиноқ уларни дарҳол ҳаёт билан чамбарчас боғлашдир. 

PromHouse лойиҳасининг раҳбари Лариса Шреккенбахнинг таъкидлашича, Ўзбекистонга таклиф этилган ўқув режалари ва модуллари инновацион дастурларни, хусусан, энергия қувватини сақлаш, дидактик дастурларни ўз ичига олади, зеро, булар билан кўчмас мулк бошқарувчилари шуғулланишлари керак. Германияда ҳозирги вақтда ўқув жараёнида кўп соатлик маърузалар ўқилмайди. Талабалар материалларни мустақил тарзда ўрганишади, тақдимотлар уюштиришади, педагоглар эса модераторлар сифатида иштирок этиб, жараённи бошқаришади ва мавзу тўғри ўзлаштирилганини назорат қилишади. Профессионал бошқарувчиларни тайёрлашда дигиталлаштириш деган янгича ёндашувдан фойдаланилади. Яъни бу янги рақамли технология ва инновацияларни қўллаган ҳолда бизнес жараёнларни оптималлаштириш дегани. 

Уй-жой соҳаси учун кадрларнинг профессионал таълим олишига доир янгича ёндашув кўп квартирали уйларни бошқариш амалиётида хаус-устани қўллашнинг реал имкониятини яратади. Немис экспертлари бизнинг уй-жой соҳаси вакилларини PromHouseнинг олдинги босқичида бу касб билан яқиндан таништирган эдилар. Тошкентдаги бошқарувчи компаниялардан бири ўз амалиётида ана шу ёндашувдан фойдаланади. Касбий таълим тизимига янгича стандарт ва мутахассисликларни жорий этишлик билан ушбу касбга мамлакатимиздаги янги қурилишлар ва иккиламчи уй-жой фондининг объект­ларида талаб ошади деган умид бор. 

Прочитано: 433 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика