Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 33 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

«Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2019 йил 30 декабрдаги ЎРҚ–599-сон Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

Қўшилган қиймат солиғи базасини товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиқиб аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ;

Товарларга (хизматларга) ҳақ тўлаш бўйича мажбурият умид қилиб бўлмайдиган қарздорлик деб эътироф этилганда ва уни ҳисобдан чиқариш лозим бўлган ҳолларда қўшилган қиймат солиғи базасига тузатиш киритиш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ;

Чет эл юридик шахсларида иштирок этиш тўғрисидаги хабарномаларнинг шакллари, уларни тўлдириш ва тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом 5-иловага** мувофиқ;

Назорат қилинадиган чет эл компаниялари ҳақидаги хабарномаларнинг шакллари, уларни тўлдириш ва тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом 6-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ушбу қарорга 5 ва 6-иловалар 2022 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги:

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситаларида мунтазам ва кенг ёритсинлар;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бир ой муддатда ҳисобот топшириш муддатларига риоя қилмаган ҳамда тўлов интизомини бузган тадбиркорлик субъектлари мансабдор (жисмоний) шахсларига нисбатан маъмурий жарима қўллаш ваколатини солиқ органларига беришни ва солиқ ҳуқуқбузарликка оид ишларни электрон юритиш тизимини жорий этишни назарда тутувчи таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин. 

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари– иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 14 август

489-сон.

ЎзР ВМнинг 2020 йил 14 августдаги 489-сон қарорига
1-ИЛОВА

 

ҚЎШИЛГАН ҚИЙМАТ СОЛИҒИ СУММАСИ ЎРНИНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА НИЗОМ

 

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш шартлари ва тартибини белгилайди.

2. Қўшилган қиймат солиғининг (кейинги ўринларда – солиқ) салбий фарқ суммасини қоплаш, шу жумладан, бошқа солиқлар бўйича қарздорликни узиш ҳисобига қоплаш Солиқ кодексига ва ушбу Низомга 1-иловада*** келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

3. Солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган ёки ундан ортиқча ундирилган солиқ суммасини қайтаришга ҳамда чет давлат фуқароларига солиқ суммаси ўрнини қоплашга (ТАХ FREE) нисбатан ушбу Низом қоидалари татбиқ этилмайди.

4. Ушбу Низом мақсадларида қопланиши лозим бўлган солиқ суммаси деганда Солиқ кодексига мувофиқ аниқланадиган, товарларни (хизматларни) реализация қилишга доир операцияларнинг солиқ базасидан ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси билан олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобга олинадиган солиқ суммаси ўртасидаги салбий фарқ тушунилади.

Бунда хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотлари, шунингдек, маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчилари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича етказиб берувчиларга товарлар (хизматлар) қийматида тўланган солиқ суммаси тушунилади.

5. Хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотлари, шунингдек, маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчиларига (агар бундай битимда ноль даражали ставка қўлланилиши назарда тутилган бўлса) ноль даражали ставкани қўллашда қопланиши лозим бўлган солиқ суммаси ушбу Низомнинг 7 ва 8-бобларида белгиланган тартибда ўзига хос хусусиятларни инобатга олган ҳолда амалга оширилади.

6. Солиқ суммаси ўрнини қоплаш масаласи қоида тариқасида солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ бошқармаси томонидан, йирик солиқ тўловчилар бўйича эса Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан кўриб чиқилади ва қарор қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси топшириғига асосан солиқ тўловчининг аризаси ва тақдим этилган ҳужжатлари солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдан ўзга жойдаги солиқ органлари томонидан кўриб чиқилиши ва қарор қабул қилиниши мумкин.

7. Солиқ суммаси солиқ тўловчига солиқ органининг солиқ суммаси ўрнини қоплаш тўғрисидаги қарори асосида солиқ суммасини қоплаш (қайтариш) тўғрисидаги ариза тушган санадан эътиборан олтмиш кундан, ушбу Низомнинг 6-бобида кўрсатилган тартибда эса етти кундан кечиктирмай қайтарилиши лозим.

 

2-БОБ. СОЛИҚ СУММАСИНИ ҚОПЛАШ УЧУН АСОС БЎЛУВЧИ ҲУЖЖАТЛАР ВА УЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ

8. Солиқ суммасининг қопланиши солиқ тўловчининг ушбу Низомга 2-иловага*** мувофиқ шаклдаги қўшилган қиймат солиғининг қопланиши лозим бўлган суммасини қайтариш тўғрисидаги аризаси асосида амалга оширилади.

9. Ариза солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органларига солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали тақдим этилади.

10. Хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотлари томонидан солиқ органига бевосита ёки буюртма хати билан почта алоқаси хизмати орқали ушбу Низомга 3-иловага*** мувофиқ шаклдаги ариза тақдим этилади.

11. Хизматларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси ҳудуди деб эътироф этилмаган ҳолатларда контракт ҳамда хорижий харидор томонидан кўрсатилган хизматлар учун тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи банк кўчирмаси ушбу хизматлар ҳақиқатда реализация қилинганлигини (кўрсатилганлигини) тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади. Бунда, воситачилик шартномасига асосан воситачининг (агентнинг) воситачилик ҳақи суммаси кўрсатилган хизматлар учун комитент ҳисобидан воситачига келиб тушган суммадан ушлаб қолинганлигини тасдиқловчи ҳисобот (бажарилган ишлар тўғрисидаги далолатнома) тақдим этилади.

Ушбу хизматлар бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи орқали кўрсатилган бўлса (электрон шаклдаги хизматлардан ташқари), контракт ҳамда хорижий харидор томонидан кўрсатилган хизматлар учун тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи банк кўчирмаси ушбу хизматлар ҳақиқатда реализация қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади.

12. Хизматлар электрон шаклда кўрсатилган бўлса, умумқабул қилинган хорижий амалиётга мувофиқ тузилган ҳисобот ва кўрсатилган хизматлар учун хорижий харидор томонидан тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи банк кўчирмаси ушбу хизматлар ҳақиқатда реализация қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади.

13. Сув таъминоти, канализация, санитария жиҳатдан тозалаш, иссиқлик таъминоти бўйича хизматлар Солиқ кодексининг 264-моддаси учинчи қисмида қайд қилинган шахсларга кўрсатилганда аризага ушбу Низомга 4-иловага*** мувофиқ шаклда реализация қилинган сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти хизматлари тўғрисидаги маълумотлар илова қилинади.

 

3-БОБ. ЭКСПОРТ ОПЕРАЦИЯЛАРИНИ ТАСДИҚЛОВЧИ ҲУЖЖАТЛАР ВА УЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ

14. Экспорт операциялари бўйича солиқ суммаси ўрнини қоплаш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

контракт (контрактнинг белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма нусхаси);

товарларни чиқаришни амалга оширувчи божхона органининг товарларни Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан олиб чиқиш учун белгиси қўйилган божхона юк декларацияси;

Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан ўтказиш пунктида жойлашган божхона органининг товарлар белгиланган мамлакатга жўнатилганлигини тасдиқловчи белгиси қўйилган, товарга илова қилинадиган ҳужжатлар;

товарлар экспортга воситачи (ишончли вакил) орқали воситачилик (топшириқ) шартномаси бўйича реализация қилинганда экспортни тасдиқлаш учун комитент (ишонч билдирувчи) томонидан қўшимча тарзда солиқ тўловчининг воситачи ёки ишончли вакил билан тузилган воситачилик шартномаси ёки топшириқ шартномаси (шартноманинг кўчирма нусхаси);

йўловчилар, багажлар, юклар ва почтани халқаро йўналишда ташиш бўйича хизматлар реализация қилинганда - ушбу Низомга 5-иловага*** мувофиқ шаклда тўлдирилган йўловчилар, багажлар, юклар ва почтани халқаро йўналишда ташиш бўйича ягона халқаро ташиш ҳужжатлари реестри;

валюта маблағлари тушганлигини тасдиқловчи банк маълумотномаси;

ушбу Низомга 6-иловага*** мувофиқ шаклдаги товарлар экспорт қилинганлиги ва валюта маблағлари тушганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

товарлар экспорт қилинганлигини тасдиқлаш учун амалга оширилаётган фаолиятнинг турига қараб бошқа ҳужжатлар.

Агар ушбу банднинг иккинчи-олтинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳужжатлар Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида мавжуд бўлса, мазкур ҳужжатларни солиқ органига тақдим этиш талаб этилмайди.

15. Солиқ кодексининг 262-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудида товарларни қайта ишлаш бўйича хизматларга нисбатан солиқ суммаси ўрнини қоплашда ушбу Низомнинг 14-банди иккинчи, учинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳужжатлар талаб этилади.

16. Ноль даражали ставка қўлланиши натижасида ҳосил бўлган ва қопланиши лозим бўлган солиқ суммасининг асосланганлигини тасдиқлаш учун солиқ тўловчи аризага ушбу Низомга 7-иловага*** мувофиқ шаклда солиқ тўловчига қоплаб берилиши лозим бўлган солиқ суммаси бўйича ҳисоб-китобни илова қилади.

Бунда товарларни экспортга жўнатиш ва жўнатилган товар учун тўловлар турли чет эл валютасида амалга оширилган бўлса, юклаб жўнатиш амалга оширилган санадаги чет эл валютасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича миллий валютада (сўмда) қайта ҳисоблаб чиқишнинг ушбу Низомга 7а-иловадаги*** шаклга мувофиқ ҳисоб-китобини илова қилади.

17. Солиқ тўловчининг аризаси ушбу Низомда назарда тутилган иловаларсиз тақдим этилса, ушбу ариза солиқ органи томонидан кўриб чиқилмаган ҳолда беш кун мобайнида солиқ тўловчига қайтарилади. Аризаси кўриб чиқилмаган ва қайтарилган солиқ тўловчи, ушбу Низомда назарда тутилган ҳужжатларни илова қилган холда, қайта ариза беришга ҳақли.

 

4-БОБ. ҚОПЛАНАДИГАН СОЛИҚ СУММАСИНИНГ АСОСЛАНГАНЛИГИ ЮЗАСИДАН КАМЕРАЛ СОЛИҚ ТЕКШИРУВИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

18. Қопланиши назарда тутилган солиқ суммасининг асосланганлиги юзасидан солиқ органи камерал солиқ текширувини ўтказади. Камерал солиқ текшируви солиқ органининг текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруғисиз амалга оширилади.

Бунда аризада кўрсатиб ўтилган солиқ даври бўйича қўшилган қиймат солиғининг тўғри ҳисобланиши юзасидан аввал солиқ аудити ўтказилган бўлса, қопланиши назарда тутилган солиқ суммасининг асосланганлиги юзасидан камерал солиқ текшируви ўтказилмайди.

19. Камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи томонидан ариза тақдим этилган кундан кейинги кундан бошланади ва эллик кунгача бўлган муддатда якунланиши лозим.

20. Камерал солиқ текширувини ўтказиш даврида солиқ органи зарур ҳужжатлар ва мавжуд товар-моддий бойликларни ўрганиш, кўздан кечириш ҳамда учинчи шахслардан тегишли ҳужжатлар ва маълумотларни (ахборотни) талаб қилиб олиш мақсадида Солиқ кодексининг 145-моддасида назарда тутилган тартибда ҳудудни ва биноларни кўздан кечириш, Солиқ кодексининг 146-моддасида назарда тутилган тартибда ҳужжатларни талаб қилиб олиш ҳамда Солиқ кодексининг 147-мод­дасида назарда тутилган тартибда учинчи шахслардан ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга.

21. Солиқ органининг мансабдор шахси камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳолатларни баён этган ҳолда хулоса расмийлаштиради ва бир кундан кечиктирмай тегишли қарор қабул қилиш учун солиқ органи раҳбарига (ўринбосарига) киритади.

22. Солиқ суммасини қоплаш бўйича ўтказилаётган камерал солиқ текшируви якуни бўйича солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан солиқ суммасини қоплаш (тўлиқ ёки қисман) ёки қоплашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

23. Солиқ суммасини қоплаш (тўлиқ ёки қисман) ёки қоплашни рад этиш тўғрисидаги қарор солиқ тўловчининг аризаси олинган кундан бошлаб эллик кундан ошмаган муддатда қабул қилиниши лозим.

24. Қарор кириш, тавсиф-асослантириш ва қарор қисмларидан иборат бўлади.

Кириш қисмида: қарор қабул қилинган вақт, жой, қарорни қабул қилган мансабдор шахснинг Ф.И.О., лавозими, солиқ тўловчининг номи, солиқ тўловчининг идентификацион рақами (СТИР), аризанинг солиқ органида рўйхатга олинган санаси ва рақами, қопланиши сўралаётган солиқ суммаси кўрсатилади.

Тавсиф-асослантириш қисмида: камерал солиқ текшируви ўтказган мансабдор шахснинг Ф.И.О., лавозими, бошқа солиқлардан бўлган солиқ қарзини қоплаш ҳисобига йўналтириладиган солиқ суммаси, банк ҳисобварағига қопланиши (қайтарилиши) лозим деб топилган солиқ суммаси, қопланиши рад этилган (тўлиқ ёки қисман) ҳолларда эса, рад этиш асослари батафсил баён қилинади.

Қарор қисмида: бошқа солиқлардан бўлган солиқ қарзини қоплаш ҳисобига йўналтириладиган солиқ суммаси, солиқ тўловчининг банк ҳисобварағига қайтарилиши лозим деб топилган солиқ суммаси, қопланиши рад этилган ҳолларда рад этилган (тўлиқ ёки қисман) солиқ суммаси ҳамда рад этилган солиқ суммаси миқдорида солиқ ҳисоботига тузатиш киритиш мажбурияти, қарор устидан шикоят қилиш ҳуқуқи кўрсатилади.

25. Солиқ суммасини қоплашни рад этишни (тўлиқ ёки қисман) ўз ичига олган қарор қуйидаги ҳолатларда қабул қилинади:

солиқ суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда;

товарлар (хизматлар) харид қилинишида ҳисобварақ-фактуралар электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизимида расмийлаштирилмаганда;

солиқ тўловчи томонидан реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш тўлиқ электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизими орқали амалга оширилмаганлиги аниқланганда;

ҳуқуқни суиистеъмол қилиш, қалбаки ёки кўзбўямачилик учун битимлар тузиш (операциялар амалга ошириш) орқали солиқни тўламаслик ёки тўлиқ тўламаслик фактлари аниқланганда;

битимлар (операциялар) ҳақиқий эмас ва тадбиркорлик фаолияти доирасида даромад олишга қаратилмаган ёки (ва) иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламаган деб топилганда;

солиқ тўловчи томонидан сўралган ҳужжатлар тақдим этилмаган ёки сохта ҳужжатлар тақдим этилганда, шунингдек, ҳудудни, ишлаб чиқариш, омборхона, шу жумладан, солиқ тўловчи даромад олиш учун фойдаланадиган ёки солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ жойларни кўздан кечиришга, сайёр солиқ текширувини ўтказишга тўсқинлик қилинганда.

26. Солиқ органи томонидан қабул қилинган қарор солиқ тўловчига унинг шахсий кабинети орқали, ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир кундан кечиктирмай юборилади.

27. Солиқ суммасини қоплаш (тўлиқ ёки қисман) тўғрисида қарор қабул қилинганда қопланиши асосли деб топилмаган солиқ суммаси юзасидан Солиқ кодексининг 138-моддасига асосан умумий тартибда камерал солиқ текшируви ўтказилади.

28. Солиқ органининг қарорига асосан қопланиши рад этилган солиқ суммаси юзасидан солиқ тўловчи асослантирувчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза билан қайта мурожаат қилишга ҳақли.

Аризани қайта кўриб чиқишда илгари солиқ суммасини қоплашни рад этиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилмаган янги асослар бўйича солиқ суммасини қоплашни рад этишга йўл қўйилмайди.

 

5-БОБ. СОЛИҚ СУММАСИНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ

29. Солиқ органининг солиқ суммасини (тўлиқ ёки қисман) қоплаш тўғрисидаги қарорига мувофиқ солиқ органи бир кун муддатда қопланиши лозим бўлган солиқ суммасини ҳисобга олиш орқали солиқ тўловчининг бошқа солиқлардан бўлган солиқ қарзини узишни Солиқ кодексининг 104-моддасига асосан мустақил равишда амалга оширади.

30. Солиқ тўловчининг бошқа солиқлардан бўлган солиқ қарзини узиш амалга оширгандан сўнг солиқ органи томонидан бир кун муддатда солиқ суммасининг қолган қисми бўйича ушбу Низомга 8-иловага*** мувофиқ шаклда солиқ суммасини қайтариш тўғрисидаги хулоса расмийлаштирилади ва электрон шаклда (ДСҚ электрон ахборот тизими) орқали Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигига юборилади.

31. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ДСҚ ахборот тизими орқали солиқ органларининг хулосасини олгандан сўнг Давлат бюджети маблағлари доирасида бир кунда автоматик тарзда солиқ суммасини солиқ тўловчининг банк ҳисобварағига ўтказади.

 

6-БОБ. СОЛИҚ СУММАСИНИ ҚОПЛАШНИНГ ТЕЗЛАШТИРИЛГАН ТАРТИБИ

32. Солиқ кодексининг 274-моддаси тўртинчи қисмига биноан солиқнинг жами суммаси ўрнини тезлаштирилган тарзда қоплаш тартиби бу ҳақда солиқни қайтариш тўғрисидаги аризада кўрсатилган тақдирда, қуйидаги тоифадаги солиқ тўловчиларга нисбатан қўлланилади:

белгиланган тартибда йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахсларга;

солиқни қоплашга доир ариза билан бирга амалдаги банк кафолатини тақдим этган ёки солиқ органлари билан гаров шартномасини Солиқ кодексининг 109 ёки 107-моддаларида белгиланган тартибда расмийлаштирган солиқ тўловчиларга;

экспорт ва унга тенглаштирилган операцияларни амалга оширадиган шахсларга - агар илгари бу шахсларга солиқ суммаси қопланган ва бунда қонунбузарликлар аниқланмаган бўлса, ноль даражали солиқ ставкаси қўлланилиши натижасида ҳосил бўлган солиқнинг ошиб кетган суммалари қисмида;

хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида ак­кредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотлари;

маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчиларига, агар бундай битимда ноль даражали ставка қўлланилиши назарда тутилган бўлса;

солиқ мониторинги иштирокчиларига.

Қуйидаги ҳолларда солиқ суммасини қоплашнинг тезлаштирилган тартиби татбиқ этилмайди:

аризага ушбу Низомнинг 2-бобида белгиланган зарур ҳужжатлар тўлиқ илова қилинмаган бўлса;

ариза тақдим этилган вақтда солиқ тўловчи солиқларни тўламаслик хавфи даражаси юқори бўлган солиқ тўловчилар тоифасига мансуб бўлса.

33. Солиқнинг ўрнини тезлаштирилган тартибда қоплашда солиқ тўловчи томонидан қоплаш учун аризада кўрсатилган солиқ суммаси унга тўлиқ ҳажмда етти кун ичида ушбу Низомнинг 5-бобида белгиланган тартибда қоплаб берилади. Бунда қопланиши учун аризада кўрсатилган солиқ суммаси асослантирилганлигининг камерал солиқ текшируви ушбу Низомнинг 4-бобида белгиланган тартибда амалга оширилади.

34. Камерал солиқ текшируви натижаларига кўра аризада кўрсатилган солиқ суммаси ёки унинг бир қисми асоссиз деб топилса, солиқ тўловчи асоссиз равишда қопланган солиқ суммасини қоплаш санасидан то уни бюджетга тўлаш санасигача пеня ҳисоблаган ҳолда Давлат бюджетига тўлаши шарт. Кўрсатилган тартиб чет эл дипломатик ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарга татбиқ этилмайди.

 

7-БОБ. ХОРИЖИЙ ДАВЛАТЛАРНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА АККРЕДИТАЦИЯДАН ЎТГАН ДИПЛОМАТИК ВАКОЛАТХОНАЛАРИ, КОНСУЛЛИК МУАССАСАЛАРИ ВА УЛАРГА ТЕНГЛАШТИРИЛГАН ТАШКИЛОТЛАРИГА СОЛИҚ СУММАСИНИ ҚОПЛАШ (ҚАЙТАРИШ) ТАРТИБИ

35. Хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотлари томонидан расмий фойдаланиш, шунингдек, уларнинг дипломатик ва маъмурий-техник ходимларининг (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар бундан мустасно), шу жумладан, улар билан бирга яшовчи оила аъзоларининг (кейинги ўринларда-дипломатик ва маъмурий-техник ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари) шахсий эҳтиёжи учун сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган солиқ суммаси солиқ органларига сотиб олиш операция санасини, суммасини, хусусиятини аниқлаш ва унинг иштирокчиларини идентификация қилиш имконини берадиган харидларни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхасини илова қилган ҳолда тақдим этилган аризалар асосида қоплаб (қайтариб) берилади.

Бундай ҳужжатлар жумласига етказиб берувчилар томонидан расмийлаштирилган қўшилган қиймат солиғи суммаси алоҳида ажратиб кўрсатилган ҳисобварақ-фактуралар, инвойслар, назорат-касса техникасининг чеклари, давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтган чипталар, талонлар, чеклар ёки шуларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатлар киради.

36. Дипломатик ва маъмурий-техник ходимлар (шу жумладан, улар билан бирга яшовчи оила аъзолари) томонидан сотиб олинган товарлар бўйича тўланган солиқ суммаси хорижий давлатларнинг дипломатик ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналари орқали қопланади (қайтарилади).

37. Дипломатик ва маъмурий-техник ходимлар (шу жумладан, улар билан бирга яшовчи оила аъзолари) томонидан бир йил мобайнида сотиб олинган бир нечта автотранспорт воситалари бўйича тўланган солиқ суммаси фақат битта объект бўйича қоплаб (қайтариб) берилади, уч йил мобайнида бир нечта кўчмас мулк объектлари сотиб олинган бўлса, солиқ суммаси фақат битта объект бўйича қоплаб (қайтариб) берилади. Бунда, кўрсатилган шахслар қайси объект бўйича солиқ суммаси қопланишини мустақил белгилаш ҳуқуқига эга бўладилар.

38. Солиқ органи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар камерал солиқ текширувидан ўтказилади ва ушбу Низомнинг 4-бобида назарда тутилган қоидаларни инобатга олган ҳолда ариза берилган кундан эътиборан беш кун мобайнида солиқ суммасини қоплаш (тўлиқ ёки қисман) ёки солиқ суммасини қоплашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

39. Солиқ суммасини қоплаш (тўлиқ ёки қисман) тўғрисида қарор қабул қилинганда қопланиши лозим деб топилган солиқ суммаси ушбу Низомнинг 5-бобида белгиланган тартибда қайтарилади.

40. Ушбу Низомнинг 35–39-бандларида белгиланган қоидалар тегишли чет давлатнинг қонун ҳужжатларида Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарга, ушбу ваколатхоналарнинг дипломатик ҳамда маъмурий-техник ходимларига (шу жумладан, улар билан бирга яшайдиган оила аъзоларига) нисбатан солиқ суммасини қоплаш тартиби белгиланган бўлса ёхуд бундай норма Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида назарда тутилган бўлса қўлланилади.

Агар тегишли хорижий давлатнинг қонун ҳужжатларида Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарига, ушбу ваколатхоналарнинг дипломатик ҳамда маъмурий-техник ходимларига, шу жумладан, улар билан бирга яшайдиган оила аъзоларига солиқ суммасини қоплашда қўшимча чекловлар ёки алоҳида шартлар мавжуд бўлганда солиқ органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги таклифига биноан ушбу Низомда кўзда тутилмаган қўшимча чекловлар ва шартлар паритет асосда қўлланилиши мумкин.

41. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳар йили жорий йилнинг 1 февралига қадар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига, ушбу Низомнинг 40-банди:

биринчи хатбошисида қайд этилган қоидалар татбиқ этиладиган хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотлари рўйхати;

иккинчи хатбошида қайд этилган қўшимча чекловлар ва шартлар тўғрисида маълумотни тегишли хорижий давлатнинг дипломатик ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарига, ушбу ваколатхоналарнинг дипломатик ҳамда маъмурий-техник ходимларига нисбатан қўшимча чекловлар
ва шартлар паритет асосда қўлланилишининг мақсадга мувофиқлиги юзасидан хулосасини илова қилган ҳолда киритади.

 

8-БОБ. МАҲСУЛОТ ТАҚСИМОТИГА ОИД БИТИМ ИШТИРОКЧИЛАРИГА СОЛИҚ СУММАСИНИ ҚОПЛАШ (ҚАЙТАРИШ) ТАРТИБИ

42. Маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчиси томонидан битим доирасида сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган солиқ суммаси ушбу солиқ тўловчига сотиб олиш операция санасини, суммасини, хусусиятини аниқлаш ва унинг иштирокчиларини идентификация қилиш имконини берадиган харидларни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхасини илова қилган ҳолда солиқ органларига тақдим этган аризаси асосида қоплаб (қайтариб) берилади.

43. Бундай ҳужжатлар жумласига етказиб берувчилар томонидан расмийлаштирилган қўшилган қиймат солиғи суммаси алоҳида ажратиб кўрсатилган ҳисобварақ-фактуралар, инвойслар ва уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатлар киради.

44. Солиқ тўловчининг аризасини кўриб чиқиш, камерал солиқ текширувини ўтказиш ва солиқ суммасини қоплаш (қайтариш) тўғрисидаги қарорни қабул қилиш ушбу Низомнинг 10, 38 ва 39-бандларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.

45. Ушбу Низомнинг 42 ва 43-бандларида белгиланган қоидалар маҳсулот тақсимотига оид битимда солиқ бўйича ноль даражали ставка қўлланиши назарда тутилган бўлса татбиқ этилади.

 

46. Мазкур бобда қайд этилган шахсларга солиқ суммаси 2020 йил 1 январдан кейин сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича қоплаб берилади.

 

9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА

47. Ушбу Низом талабларини бузган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

 

ЎзР ВМнинг 2020 йил 14 августдаги 489-сон қарорига
2-ИЛОВА

ҲИСОБВАРАҚ-ФАКТУРАЛАРНИНГ ШАКЛЛАРИ ҲАМДА УЛАРНИ ТЎЛДИРИШ, ТАҚДИМ ЭТИШ ВА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА НИЗОМ

 

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Мазкур Низом ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ва уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартибини белгилайди.

2. Ҳисобварақ-фактура – Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ уни тақдим этиш мажбуриятига эга бўлган товарларни (хизматларни) сотувчи (етказиб берувчи) томонидан расмийлаштириладиган қатъий белгиланган намунадаги (форматдаги), товарлар ҳақиқатда жўнатилганлигини ёки хизматлар кўрсатилганлигини ва уларнинг қийматини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

Ҳисобварақ-фактура сотувчи (етказиб берувчи) томонидан тақдим этилган қўшилган қиймат солиғи суммасини харидор (буюртмачи) ҳисобга олиши учун асос бўладиган бирламчи ҳужжат ҳисобланади.

Ҳисобварақ-фактура қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ солиш айланмаси ва реализацияни ҳисобга олиш учун юритилади.

3. Агар ушбу банднинг иккинчи қисмида бошқа қоида белгиланмаган бўлса, товарларни (хизматларни) реализация қилишда юридик шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий муассаса орқали фаолият кўрсатаётган норезидент юридик шахслар (кейинги ўринларда – юридик шахслар) ва якка тартибдаги тадбиркорлар ушбу товарларни (хизматларни) сотиб олувчиларга ҳисобварақ-фактурани тақдим этиши шарт.

Ҳисобварақ-фактура қуйидаги ҳолларда тақдим этилиши шарт эмас:

сотилган товарлар (хизматлар) учун тўловлар нақд пулда ёки жисмоний шахсларнинг пластик карталари орқали амалга оширилганда назорат-касса техникаси ёки виртуал касса чеки тақдим этилганда;

хўжалик юритувчи субъект томонидан аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширишда расмийлаштириладиган, қатъий ҳисобот бериладиган бланкалар ҳисобланадиган шакл бўйича квитанция тақдим этилганда. Квитанциялар солиқ органларида рўйхатдан ўтказилган ҳолда фақат назорат-касса техникаси таъмирлашга топширилганда ёки савдо шохобчасида (хизмат кўрсатиш жойида) электр энергияси вақтинча мавжуд бўлмаган ҳолларда қўлланилади;

товарлар экспорти бўйича божхона юк декларациялари (кейинги ўринларда – БЮД) расмийлаштирилганда;

банк операциялари мижознинг шахсий ҳисобварағидан кўчирма ҳужжат бериш билан расмийлаштирилганда;

товарлар текинга оммавий тарқатилганда;

ҳар қандай транспорт воситаси орқали йўловчиларни ташишда йўл чипталари (шу жумладан, электрон) расмийлаштирилганда;

кўрсатилган коммунал хизматлар, алоқа хизматлари учун банк орқали бухгалтерия ҳисобини юритишда асос бўлиб хизмат қилувчи бирламчи ҳужжатлар қўллаган ҳолда тўловлар амалга оширилганда.

Ушбу банднинг иккинчи қисми иккинчи-тўртинчи хатбошиларида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар ҳисобланади.

4. Ҳисобварақ-фактура, агар ушбу Низомнинг 5–7-бандларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, товарлар жўнатилган (топширилган) ёки хизматлар кўрсатилган календарь санада расмийлаштирилиб тақдим этилади.

5. Товарлар (хизматлар) юридик шахсларнинг миллий валютадаги корпоратив банк карталари ёки якка тартибдаги тадбиркорларнинг миллий валютадаги банк карталари орқали тўловни қабул қилган ҳолда реализация қилинганда ҳисобварақ-фактура сотиб олувчининг (харидорнинг) талабига кўра товарлар (хизматлар) реализация қилинган календарь ойнинг охирги санасига қадар товарлар (хизматлар) амалда реализация қилинган сана билан расмийлаштирилиши шарт.

6. Электр ва (ёки) иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматлари, темир йўлда ташиш, транспорт-экспедиторлик хизмати реализация қилинганда, қувурлар тизими орқали юкларни ташишга доир хизматлар реализация қилинганда, шунингдек, товарлар (хизматлар) доимий (узлуксиз) асосда реализация қилинадиган бошқа холларда товарлар етказиб берилганда (хизматлар кўрсатилганда) ҳисобварақ-фактура календарь ойнинг сўнгги кунида мазкур ой давомида жами етказиб берилган товарлар (кўрсатилган хизматлар) ҳажми бўйича бир марта тақдим этилади.

Бунда, ҳисобварақ-фактура товарлар (хизматлар) реализация қилинган ойдан кейинги ойнинг ўнинчи кунига қадар, товарлар (хизматлар) реализация қилинган ойнинг охирги кунидаги сана билан тақдим этилади.

7. Объектлар қурилишида, шу жумладан, объектларни фойдаланиш учун тайёр ҳолда қуришда, шунингдек, узоқ (бир солиқ ҳисоботи давридан ортиқ) технологик даврийликдаги узоқ муддатли шартномалар бўйича, агар тузилган узоқ муддатли шартномалар шартларида хизматларни ҳар ойда топшириш назарда тутилмаган бўлса, ҳисобварақ-фактура ҳар бир календарь ойнинг охирги куни тақдим этилади.

Узоқ муддатли шартноманинг календарь ойнинг охирида ҳақиқатда бажарилганлиги ҳисобот даврида қилинган харажатлар суммасининг шартномани бажариш учун кетадиган жами харажатлар умумий суммасидаги солиштирма миқдорини ҳисоб-китоб қилиш асосида белгиланади.

Календарь ойнинг охиридаги даромад шартнома бўйича қилинган харажатларнинг ҳисобланган солиштирма миқдори ва жами даромад суммасининг (шартнома баҳосининг) ҳосиласи сифатида аниқланади.

Бунда, ҳисобварақ-фактура хизматлар реализация қилинган ойдан кейинги ойнинг ўнинчи кунига қадар, хизматлар реализация қилинган ойнинг охирги кунидаги сана билан тақдим этилади.

8. Ҳисобварақ-фактурада товарларнинг (хизматларнинг) қиймати миллий валютада, сўмда кўрсатилади. Бунда, сумма кўрсатилаётганда бутун сондан сўнг юздан биргача яхлитланиши лозим бўлади.

9. Қўшилган қиймат солиғи (кейинги ўринларда - ҚҚС) солиқ тўловчилари сотиб олинган ва реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) журналини (реестрларини) юритишлари шарт.

Ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестрлари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ юритилади.

Юридик шахсларнинг миллий валютадаги корпоратив банк карталари ёки якка тартибдаги тадбиркорларнинг миллий валютадаги банк карталари орқали тўловни амалга оширган ҳолда товарларни (хизматларни) сотиб олган ҚҚС солиқ тўловчилари онлайн назорат касса машинаси ва виртуал касса чекларини солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали қайд этган ҳолда харидларни ҳисобварақ-фактуралар реестрига киритиш ҳамда ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади.

10. Агар ушбу Низомнинг 12-бандида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ҳисобварақ-фактуралар электрон шаклда расмийлаштирилади ва уларнинг сақланиши ҳамда ҳисоби юритилиши электрон ахборот тизимида амалга оширилади.

Товарларни (хизматларни) сотиб олувчи фақат электрон шаклда қабул қилинган ҳисобварақ-фактураларда акс эттирилган ҚҚС суммасини ҳисобга олишга ҳақли.

11. Электрон ҳисобварақ-фактуралар ахборот тизимида техник носозликлар юзага келганда ҳисобварақ-фактура қоғоз шаклида расмийлаштирилади. Бунда, техник носозлик хизмат кўрсатувчи электрон ҳисобварақ-фактура айланиш тизими оператори томонидан расман тасдиқланган бўлиши лозим ва ҳисобварақ-фактуралар кейинчалик электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизимидаги носозликлар бартараф этилгандан сўнг беш кун ичида электрон шаклда
ҳисобварақ-фактуранинг қоғоз шаклида кўрсатилган сана билан киритилиши шарт. 

12. Солиқ тўловчилар томонидан давлат сирига тааллуқли бўлган хўжалик операциялари амалга оширилганда қоғоз шаклда ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади.

13. Ҳисобварақ-фактура қоғоз шаклда расмийлаштирилса камида икки нусхада тузилади ва улардан бири товарларни (хизматларни) сотиб олувчига тақдим этилади.

 

2-БОБ. ТОВАРЛАР (ХИЗМАТЛАР) РЕАЛИЗАЦИЯСИДА ҲИСОБВАРАҚ-ФАКТУРАЛАРНИ ТЎЛДИРИШ ТАРТИБИ

14. Ҳисобварақ-фактурада қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

ҳисобварақ-фактуранинг тартиб рақами;

ҳисобварақ-фактура илова қилинадиган товар жўнатиш (хизматларни кўрсатиш) ҳужжатнинг ёки шартноманинг рақами ва санаси;

товарлар (хизматлар) реализация қилинган сана;

етказиб берувчининг ва товарларни (хизматларни) сотиб олувчининг номи, жойлашган жойи (почта манзили) ҳамда солиқ тўловчининг идентификация рақами, банк ҳисобварағи ва хизмат кўрсатувчи банк номи ҳамда филиаллараро айрибошлаш коди (МФО);

ҚҚС рўйхат рақами (ҚҚС солиқ тўловчисининг шахсий рўйхат рақами);

Товарлар (хизматлар) етказиб берувчининг (сотиб олувчининг) ҚҚС солиқ тўловчиси бўлмаган алоҳида бўлинмаси орқали, яъни ҚҚС марказлашган тартибда юқори турувчи юридик шахс томонидан тўланиши белгиланган ҳолатларда, етказиб берилганда (кўрсатилганда) ёки сотиб олинганда ҳисобварақ-фактурада ҚҚС солиқ тўловчиси бўлган юқори турувчи юридик шахснинг реквизитларидан ташқари қўшимча равишда етказиб берувчининг (сотиб олувчининг) (ҚҚС солиқ тўловчиси бўлмаган алоҳида бўлинманинг) номи ҳамда солиқ тўловчининг идентификация рақами (мавжуд бўлса) кўрсатилиши шарт.

15. Ҳисобварақ-фактура ушбу Низомга 1-иловадаги*** шаклда қуйидаги тартибда тўлдирилади:

1-устунда – товарлар (хизматлар) номи;

2-устунда – товар (хизмат) ўлчов бирликлари. Кўрсаткич мавжуд бўлмаганда устун тўлдирилмайди;

3-устунда – ўлчов бирлигидан келиб чиқиб реализация қилинган (кўрсатилган) товарлар (хизматлар) миқдори (ҳажми). Кўрсаткич мавжуд бўлмаганда устун тўлдирилмайди;

4-устунда – ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда товар (хизмат) ўлчов бирлигига тўғри келадиган нарх (тариф);

5-устунда – реализация қилинган товарлар, кўрсатилган хизматлар жами сонининг (ҳажмининг) акциз солиғини қўшган ҳолдаги (ҚҚСсиз) қиймати;

6-устунда – ҚҚС ставкаси;

7-устунда – товарларни (хизматларни) сотиб олувчига тақдим этиладиган ҚҚС суммаси.

ҚҚС тўловчилари ҳисобланмаган ёки реализация қилиш бўйича айланмаси ҚҚСдан озод этиладиган товарларни (хизматларни) реализация қилувчилар томонидан 7-устунда «Қўшилган қиймат солиғисиз» ёки «ҚҚСсиз» ёзуви қайд этилади;

8-устунда – реализация қилинган товарларнинг (хизматларнинг) ҚҚСни қўшган ҳолдаги жами қиймати.

Якунловчи сатрда – 5, 7 ва 8-устунлар бўйича суммалар жамланади.

Маркировкаланадиган товарлар реализация қилинганда ҳисобварақ-фактурада маркировкалаш коди кўрсатилиши шарт.

Акциз солиғи тўловчилари ҳисобварақ-фактурада акциз солиғи ставкаси ва акциз солиғи суммасини кўрсатишлари шарт.

 

3-БОБ. ДОРИ ВОСИТАЛАРИ ВА ТИББИЙ БУЮМЛАРНИ РЕАЛИЗАЦИЯ ҚИЛИШДА ҲИСОБВАРАҚ-ФАКТУРАЛАРНИ ТЎЛДИРИШ ХУСУСИЯТЛАРИ

16. Дори воситалари ва тиббий буюмлар реализация қилинганда ушбу Низомга 2-иловадаги*** шаклда ҳисобварақ-фактура тақдим этилади.

17. Ҳисобварақ-фактура қуйидаги тартибда тўлдирилади:

1-устунда – товарлар номи;

2-устунда – товарларнинг серияси;

3-устунда – товар ўлчов бирликлари;

4-устунда – дори воситаларни ёки тиббий буюмларни ҳар бир ўлчов бирлигига сотиб олиш нархи (базавий нарх) ёки сотишнинг асосий баҳоси (ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда);

5-устунда – асосий баҳодан ўсиб борувчи якун билан фоиз кўринишидаги савдо қўшимчаси (устамаси). Агар бир нечта улгуржи савдо ташкилотлари дори-дармон ва тиббий буюмларни етказиб беришда иштирок этаётган бўлса, савдо қўшимчаси (устамаси) умумий ҳолда аниқланади;

6-устунда – ўлчов бирлигидан келиб чиқиб миқдор (ҳажм);

7-устунда – ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда савдо қўшимчасини (устамасини) ҳисобга олган ҳолда товарнинг нархи;

8-устунда – реализация қилинган товарлар, кўрсатилган хизматлар жами сонининг (ҳажмининг) акциз солиғини қўшган ҳолдаги (ҚҚСсиз) қиймати.

9-устунда – ҚҚС ставкаси;

10-устунда – товарларни сотиб олувчига тақдим этиладиган ҚҚС суммаси;

ҚҚС тўловчилари ҳисобланмаган ёки реализация қилиш бўйича айланмаси ҚҚСдан озод этиладиган товарларни реализация қилувчилар томонидан 10-устунда «Қўшилган қиймат солиғисиз»  ёки «ҚҚСсиз» ёзуви қайд этилади;

11-устунда – реализация қилинган товарларнинг ҚҚСни қўшган ҳолдаги жами қиймати;

якунловчи сатрда – 8, 10 ва 11-устунлар бўйича суммалар жамланади.

Маркировкаланадиган товарлар реализация қилинганда ҳисобварақ-фактурада маркировкалаш коди кўрсатилади.

4-БОБ. ВОСИТАЧИЛИК, ТОПШИРИҚ ВА ТРАНСПОРТ ЭКСПЕДИЦИЯСИ ШАРТНОМАЛАРИ АСОСИДА ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРИШДА ҲИСОБВАРАҚ-ФАКТУРАЛАРНИ ТЎЛДИРИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

18. Воситачи томонидан комитентнинг манфаатида воситачилик хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ шартнома асосида товарлар (хизматлар) реализация қилинганда воситачи (ишончли вакил) сотиб олувчига (комитентга) ушбу Низомга 1 ва 2-иловалардаги ҳисобварақ-фактура шаклларининг жадвал қисми 1-устунидан аввал 1а-«Комитентнинг (Етказиб берувчининг) номи», 1б-«Комитентнинг (Етказиб берувчининг) СТИРи», 1в-«ҚҚС рақами» қўшимча устунларни киритган ҳолда ҳисобварақ-фактура тақдим этиши шарт. Ҳисобварақ-фактура шакли ушбу Низомнинг 2 ва 3-бобларида белгиланган тартибда тўлдирилади.

19. Товарлар (хизматлар) комитентнинг топшириғи асосида реализация қилинганда воситачи ўзининг номидан икки нусхада ҳисобварақ-фактура тақдим этади. Бунда «Етказиб берувчи» сатрида қўшимча равишда «Воситачи» сўзи кўрсатилади. Ҳисобварақ-фактуранинг 1а, 1б, 1в-устунларида мос равишда комитентнинг номи, СТИР ва ҚҚС рақамини кўрсатади.

20. Товарларни (хизматларни) топшириқ шартномаси бўйича реализация қилишда ишончли вакил сотиб олувчи номига топшириқ берувчи номидан ҳисобварақ-фактура тақдим этади. Ҳисобварақ-фактурада топшириқ берувчи ва сотиб олувчининг реквизитларидан ташқари ишончли вакилнинг реквизитлари ҳам кўрсатилиши лозим. Ҳисобварақ-фактура уч нусхада тақдим этилади. Биринчи нусха сотиб олувчига, иккинчиси топшириқ берувчига юборилади, учинчиси ишончли вакилда сақланади.

21. Комитентга (топшириқ берувчига) тегишли товарлар (хизматлар) реализациясини амалга оширувчи воситачи (ишончли вакил), ушбу товарлар (хизматлар)ни сотиб олувчига тақдим этилган ҳисобварақ-фактураларни тақдим этилган ҳисобварақ-фактуралар ҳисоби журналида сақлайди. Кўрсатиб ўтилган ҳисобварақ-фактураларга тартиб рақамлари воситачи (ишончли вакил) томонидан хронологик тартибда берилади. Бунда мазкур ҳисобварақ-фактуралар Сотиш реестрида рўйхатдан ўтказилмайди ва воситачи (ишончли вакил) томонидан тақдим этилган ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган ҚҚС суммаси ҳисоблаб чиқарилмайди.

22. Товарларни (ишларни, хизматларни) топшириқ шартномаси бўйича ишончли вакил орқали олишда топшириқ берувчи учун сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш учун асос бўлиб топшириқ берувчи номига сотувчи томонидан тақдим этилган ҳисобварақ-фактура ҳисобланади.

23. Воситачилик шартномаси бўйича комитент учун товарлар (хизматлар) олинаётганда сотувчи ҳисобварақ-фактурани воситачининг номига тақдим этади.

24. Воситачи комитент учун сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича комитентга сотувчидан олинган ҳисобварақ-фактурадаги кўрсаткичларни акс эттирилган ҳолда у томонидан тақдим этиладиган хронологик тартибда рақамланган ҳисобварақ-фактура тақдим этади (сотувчидан олинган ҳисобварақ-фактурани ўз номидан комитент номига қайта тақдим этади). Бунда «Етказиб берувчи» сатрида қўшимча равишда «Воситачи» номи кўрсатилади.

Ҳисобварақ-фактуранинг 1а, 1б, 1в-устунларида мос равишда товарларни (хизматлар)ни етказиб берувчининг (сотувчининг) номи, СТИР ва ҚҚС рақамини кўрсатади.

25. Комитентга тақдим этилган ҳисобварақ-фактура воситачининг Тақдим этилган ҳисобварақ-фактуралар ҳисоби журналида сақланади. Кўрсатиб ўтилган ҳисобварақ-фактуралар воситачи томонидан хронологик тартибда рақамланади. Бунда ушбу ҳисобварақ-фактуралар воситачининг Сотиш реестрида рўйхатдан ўтказилмайди ва воситачи томонидан тақдим этилган ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган ҚҚС суммаси ҳисоблаб чиқарилмайди.

26. Товарлар (хизматлар)ни сотувчидан олинган комитент учун мўлжалланган ҳисобварақ-фактуралар воситачининг Олинган ҳисобварақ-фактуралар ҳисоби журналида сақланади. Бунда ушбу ҳисобварақ-фактуралар воситачининг Сотиб олиш реестрида рўйхатдан ўтказилмайди ва ушбу ҳисобварақ-фактурада ажратилган ҚҚС суммаси воситачи томонидан ҳисобга олинмайди.

27. Воситачи (ишончли вакил) комитентга (топшириқ берувчига) воситачилик (топшириқ) шартномасини бажариш бўйича ўзининг ҳақи суммасига алоҳида ҳисобварақ-фактура тақдим этади. Ушбу ҳисобварақ-фактура воситачи (ишончли вакил) томонидан Сотиш реестрида, комитент (топшириқ берувчи) томонидан эса Сотиб олиш реестрида рўйхатдан ўтказилади. Воситачи (ишончли вакил) ҳисобварақ-фактурага қўшимча равишда комитент (топшириқ берувчи) томонидан имзоланган хизмат кўрсатиш тўғрисидаги далолатномани расмийлаштириши лозим.

28. Воситачи (ишончли вакил) комитентнинг (топшириқ берувчининг) манфаатида воситачилик хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ шартнома асосида амалга ошириладиган товарларни (хизматларни) реализация қилиш ва (ёки) сотиб олиш операциялари бўйича унга бирламчи ҳужжатлар учун қонун ҳужжатлари билан белгиланган воситачи (ишончли вакил)
ва комитентнинг (топшириқ берувчининг) барча реквизитларига эга бўлган ҳисоботни тақдим этади. Воситачининг (ишончли вакилнинг) ҳисоботига қуйидаги маълумотлар киритилган бўлиши лозим:

тегишли ҚҚС суммаси ажратилган ҳолда воситачи (ишончли вакил) томонидан реализация қилинган (сотиб олинган) товарлар (хизматлар) миқдори ва қиймати. Бунда ҳисоботга воситачи (ишончли вакил) томонидан товарлар (хизматлар) комитентнинг (топшириқ берувчининг) манфаатида реализация қилинганлигини (сотиб олинганлигини) тасдиқловчи шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар, далолатномалар ва бошқа ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинган бўлиши лозим;

воситачи (ишончли вакил) томонидан амалга оширилган ишлар бўйича комитент (топшириқ берувчи) томонидан қопланиши лозим бўлган харажатларнинг қиймати. Комитент (топшириқ берувчи) томонидан қопланиши лозим бўлган харажатларга воситачи (ишончли вакил) томонидан амалга ошириладиган ҳаракатларни (операцияларни) комитент (топшириқ берувчи) ўзи бажарган тақдирда юзага келиши мумкин бўлган, воситачи (ишончли вакил) томонидан учинчи шахсларга воситачилик хизматларини кўрсатиш шартномаси бўйича топшириқни бажариш муносабати билан (товарлар (хизматлар) учун ҳақ тўлаш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш) тўланган маблағлар тааллуқли.

Бунда воситачи (ишончли вакил) агар қонун ҳужжатларида ёки воситачилик (топшириқ) шартномасида бошқача қоида белгиланган бўлмаса комитентнинг (топшириқ берувчининг) мол-мулкини ўзида сақлаш бўйича харажатларни қоплатишга ҳақли эмас.

Ҳисоботга ушбу харажатларнинг юзага келиши ва тўланганлигини тасдиқловчи бирламчи ҳужжатлар илова қилинган бўлиши шарт. Воситачи (ишончли вакил) томонидан комитент (топшириқ берувчи) учун амалга оширилган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлса, комитент (топшириқ берувчи) ушбу суммаларни ўз харажатлари таркибига киритишга ва ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш пайтида тегишли ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга;

шартнома шартларига мувофиқ воситачининг (ишончли вакилнинг) (агар воситачи (ишончли вакил) ҚҚС солиқ тўловчиси бўлса) ҚҚСни ўз ичига олувчи ҳақи суммаси;

комитентдан (топшириқ берувчидан) олинган аванслар суммаси;

воситачилик (топшириқ) шартномасини бажариш билан боғлиқ воситачига (ишончли вакилга) тўланиши лозим бўлган сумма.

Воситачининг (ишончли вакилнинг) ҳисоботига шартномада назарда тутилган бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин.

29. Ҳисоботни тақдим этиш муддати воситачи (ишончли вакил) томонидан комитентнинг (топшириқ берувчининг) манфаатида товарлар (хизматлар) реализация қилинган (сотиб олинган) ой тугаганидан сўнг беш иш кунидан ошмаслиги лозим.

30. Воситачи (ишончли вакил) комитентга тегишли бўлган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича операцияларни амалга оширишда комитент (топшириқ берувчи) воситачидан (ишончли вакилдан) олинган ҳисобот асосида беш иш куни давомида воситачининг (ишончли вакилнинг) номига санаси, шунингдек, воситачи (ишончли вакил) томонидан сотиб олувчига тақдим этилган ҳисобварақ-фактуранинг кўрсаткичлари акс эттирилган ҳисобварақ-фактура тақдим этади. Бунда «Етказиб берувчи» сатрига қўшимча равишда «Комитент» («Топшириқ берувчи») номи кўрсатилади.

31. Комитент (топшириқ берувчи) томонидан воситачига (ишончли вакилга) тақдим этилган ҳисобварақ-фактура комитент (топшириқ берувчи) томонидан хронологик тартибда рақамланади. Комитент (топшириқ берувчи) томонидан воситачига (ишончли вакилга) тақдим этилган ҳисобварақ-фактура комитентнинг (топшириқ берувчининг) Сотиш реестрида рўйхатдан ўтказилади.

32. Агар воситачилик (топшириқ) шартномасига асосан комитент (топшириқ берувчи) воситачи (ишончли вакил) томонидан унинг топшириғини бажариш билан боғлиқ харажат қилинган маблағларни қоплаши лозим бўлса, ушбу харажатлар бўйича ҳисобварақ-фактуралар ҳисоби ушбу Низомнинг 22-26-бандларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.

33. Воситачининг (ишончли шахснинг) ҳисоботига асосан комитент (топшириқ берувчи) томонидан қопланиши лозим бўлган маблағлар, воситачи (ишончли вакил) томонидан ўзининг ҳақи суммасига тақдим этиладиган ҳисобварақ-фактурага илова қилинадиган хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги далолатномада кўрсатилади. Бунда воситачи (ишончли вакил) томонидан ўзининг ҳақи суммасига тақдим этиладиган ҳисобварақ-фактурада комитент (топшириқ берувчи) томонидан қопланиши лозим бўлган сумма кўрсатилмайди.

34. Транспорт-экспедиторлик хизматларини кўрсатиш шартномасига мувофиқ мижознинг экспедиторлик топшириғини бажараётган юридик шахс, ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш ва ҳисобини юритишда, агар мазкур юридик шахс мижоз номидан иш юритаётган бўлса, топшириқ шартномаси бўйича ҳисобварақ-фактура ҳисобини юритиш қоидаларини қўллайди ёки агар ўз номидан иш юритаётган бўлса, воситачилик шартномаси бўйича ҳисобварақ-фактура ҳисобини юритиш қоидаларини қўллайди.

35. Мижознинг экспедиторлик топшириғини бажараётган экспедитор транспорт-экспедиторлик хизматларини кўрсатиш шартномасини бажариш бўйича ташувчилардан ва бошқа контрагентлардан олинган ҳисобварақ-фактураларни мижозга ўзининг номидан қайта тақдим этади. Бунда
у ташувчилар ва контрагентларнинг ҳисобварақ-фактураларида кўрсатилган кўрсаткичларни акс эттиради. Экспедитор ушбу ҳисобварақ-фактураларни Сотиб олиш реестри ва Сотиш реестрларида рўйхатдан ўтказмайди.

36. ҚҚС тўловчиси бўлмаган, бироқ ҚҚС тўловчиси бўлган комитентнинг ҚҚС солинадиган товарларини (хизматларини) реализация қилишда ўз номидан ҳисобварақ-фактура тақдим этувчи воситачи, сотиб олувчи номига тақдим этилаётган ҳисобварақ-фактурада комитентнинг товарлар (хизматлар)ни реализация қилиш айланмасидан ҳисоблаб чиқарилган ҚҚС суммасини ажратиб кўрсатади.

37. ҚҚС солиқ тўловчиси бўлиб ҚҚС солиқ тўловчиси бўлмаган комитентнинг товарларини (хизматларини) реализация қилишда ўз номидан ҳисобварақ-фактура тақдим этувчи воситачи, сотиб олувчи номига тақдим этилаётган ҳисобварақ-фактурада ҚҚС суммасини кўрсатмайди ва «Қўшилган қиймат солиғисиз» ёки «ҚҚСсиз» ёзуви қайд этилади.

38. Комитент (топшириқ берувчи) учун реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўлган норезидент томонидан кўрсатиладиган хизматлар олинганда комитентнинг (топшириқ берувчининг) номига ҳисобварақ-фактура ушбу Низомнинг 22-26-бандларида назарда тутилган тартибда расмийлаштиради.

39. Норезидент (Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса орқали фаолиятни амалга оширмайдиган чет эл юридик шахси) томонидан кўрсатилган хизматлар бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммаси, бюджетга комитент (топшириқ берувчи) томонидан, агар воситачилик (топшириқ) шартномасида ушбу мажбурият бевосита воситачига (ишончли вакилга) юклатилган бўлса, у томонидан тўланиши мумкин.

Комитент (топшириқ берувчи) воситачига (ишончли вакилга) тақдим этилган тўлов ҳужжатлари асосида тўланган ҚҚС суммасини қоплаб беради. Норезидент томонидан бажарилган хизматлар бўйича тўланган ҚҚС суммаси бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС ҳисоб-китобида комитент (топшириқ берувчи) томонидан Солиқ кодексининг 37-бобида назарда тутилган тартибда ҳисобга олинади.

 

5-БОБ. ҚЎШИМЧА ВА ТУЗАТИЛГАН ҲИСОБВАРАҚ-ФАКТУРАЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

40. Товарларни (хизматларни) етказиб берувчи томонидан қуйидаги ҳолларда реализация қилинган товарларнинг (хизматларнинг) етказиб бериш қийматига уни кўпайтиришга (камайтиришга) қаратилган тузатиш киритилган тақдирда, ушбу товарларни (хизматларни) олувчи томонидан тасдиқланадиган қўшимча ҳисобварақ-фактура тузилади:

товарлар тўлиқ ёки қисман қайтарилганда;

кўрсатилган хизматлардан воз кечилганда;

битим шартлари ўзгарганда, шу жумладан, жўнатилган товарларнинг, кўрсатилган хизматларнинг нархи ва (ёки) сони (ҳажми) ўзгарганда;

товарларни (хизматларни) сотувчи томонидан чегирмалар берилганда.

Ушбу бандда назарда тутилган тузатиш киритиш, агар сийловлар бериш шартлари шартнома шартларида ёки солиқ тўловчининг нарх (тариф) сиёсатида назарда тутилган бўлса, илгари амалга оширилган товарларни (хизматларни) етказиб бериш бўйича солиқ базасини камайтиради. Бундай шартлар товарлар етказиб бериш (хизматлар кўрсатиш) шартномасининг муайян шартларини харидор томонидан бажаришни, шу жумладан, товарларнинг (хизматларнинг) муайян ҳажмини олишни ва муддатидан олдин ҳақ тўлашни назарда тутиши мумкин.

Ушбу бандда кўрсатиб ўтилган ҳолатларда қўшимча ҳисобварақ-фактура мазкур ҳолатлар рўй берган санада расмийлаштирилади ва тақдим этилади.

41. Қўшимча ҳисобварақ-фактура тузатиш киритилаётган ҳисобварақ-фактуралар бўйича, улар тақдим этилган санадан бошлаб бир йиллик муддат доирасида ҳамда кафолат муддати белгиланган товарлар (хизматлар) бўйича - кафолат муддати доирасида расмийлаштирилиши мумкин.

42. Қўшимча ҳисобварақ-фактура қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

ҳисобварақ-фактура қўшимча эканлиги тўғрисида белги;

қўшимча ҳисобварақ-фактуранинг тартиб рақами ва ёзиб берилган санаси;

тузатиш киритилаётган ҳисобварақ-фактуранинг рақами ва санаси;

нархларга тузатиш киритиш миқдори (ижобий ёки салбий), етказиб беришнинг ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолдаги қиймати;

ҚҚС суммасига тузатиш киритиш миқдори (ижобий ёки салбий).

43. Товарларни (хизматларни) етказиб берувчи томонидан қўшимча ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилган ҳолда солиқ базасига тузатишлар киритиш амалга оширилганда олувчи етказиб берувчи томонидан расмийлаштирилган қўшимча ҳисобварақ-фактура асосида у томонидан илгари ҳисобга олиш учун қабул қилинган ҚҚС суммасига тегишли тартибда тузатиш киритади.

44. Ушбу Низомнинг 40-бандида қайд этилган ҳолатлардан ташқари қуйидаги ҳолатларда илгари ёзиб берилган ҳисобварақ-фактура бекор қилинади ва унинг ўрнига олувчи томонидан тасдиқланадиган тузатилган ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади:

хатоларни тузатиш натижасида солиқ базаси ўзгарган тақдирда;

илгари ёзиб берилган ҳисобварақ-фактурага ўзгартиш ва (ёки) қўшимчалар киритиш зарур бўлганда.

45. Тузатилган ҳисобварақ-фактура Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 88-моддасига асосан даъво қилиш муддатлари давомида расмийлаштирилади.

46. Тузатилган ҳисобварақ-фактура қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

ҳисобварақ-фактура тузатилган эканлиги тўғрисида белги;

тузатилган ҳисобварақ-фактура тартиб рақами ва санаси. Бунда тузатилган ҳисобварақ-фактуранинг рақами ва санаси тузатиш киритилаётган илгари расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактуранинг рақами ва санаси билан бир хил бўлади.

Тузатилган ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилиши натижасида аввал тақдим этилган солиқ ҳисоботларига ўзгартириш киритилиши шарт бўлган ҳолларда, тузатилган ҳисобварақ-фактура тегишли бўлган солиқ даври бўйича, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботлари тақдим этилади.

47. Ушбу Низом кучга киришидан олдин расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактураларга қўшимча ёки тузатилган ҳисобварақ-фактура мазкур Низомга асосан тақдим этилади.

 

6-БОБ. АЙРИМ ШАРТНОМАЛАР БЎЙИЧА ТОВАРЛАРНИ (ХИЗМАТЛАРНИ) РЕАЛИЗАЦИЯ ҚИЛИШДА ҲАМДА ЧЕГИРМАЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШДА ҲИСОБВАРАҚ-ФАКТУРАЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

48. Ижарага берувчи томонидан етказиб берувчилардан олинган электр ва (ёки) иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматлари ижарага олувчиларга берилади.

49. Агар ижара шартномасига мувофиқ электр ва (ёки) иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматларининг қиймати ижара ҳақи суммасига киритилмаган ҳолда ижарага олувчи томонидан истеъмол қилинган хизматлар миқдорида қопланиши лозим бўлса, ижарага берувчи томонидан ижарага олувчи номига тақдим этиладиган ҳисобварақ-фактурада алоҳида қаторларда қуйидагилар акс эттирилади:

ижара шартномасига мувофиқ ҚҚС суммаси ажратиб кўрсатилган ҳолда (агар ижарага берувчи ҚҚС тўловчиси бўлса) ижара ҳақи суммаси;

ижарага олувчи томонидан истеъмол қилинган коммунал хизматлар, электр энергияси, алоқа хизматлари учун ушбу хизматлар қийматига тўғри келувчи ҚҚС суммаси ажратилган ҳолда қопланиши лозим бўлган сумма.

50. Ижара шартномасига мувофиқ қиймати ижарага олувчи томонидан қопланиши лозим бўлган электр ва (ёки) иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматлари учун ижарага берувчи томонидан тўланган (тўланиши лозим бўлган) суммалар ижарага берувчининг харажатлари ҳисобланмайди ва ушбу хизматлар бўйича ҚҚС суммаси ижарага берувчи томонидан ҳисобга олинмайди. Ижарага олувчидан электр ва (ёки) иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматлари истеъмоли учун олинган қоплаш суммаси ижарага берувчининг даромади ҳисобланмайди.

51. Электр ва (ёки) иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматларининг ижарага олувчи томонидан ижарага берувчига қоплаб бериладиган қиймати ижарага олувчининг харажатлари ҳисобланади ва улар бўйича ҚҚС суммаси ижарага олувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 37-бобида назарда тутилган тартибда ҳисобга олинади. Ижарага олувчига электр ва (ёки) иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматлари бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олиш учун ижарага берувчидан олинган ижарага олувчи томонидан истеъмол қилинган хизматларнинг ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда қоплаш суммаси алоҳида қаторда кўрсатиб ўтилган ҳисобварақ-фактура асос ҳисобланади.

52. Агар товарлар (хизматлар) текинга берилса (кўрсатилса), якунловчи сатрда «тўловсиз» деган ёзув киритилади. Агар товарлар (хизматлар) устав капиталига қўйилма сифатида берилса (кўрсатилса), якуний сатрда «устав фондига (устав капиталига) қўйилма» ёзуви киритилади.

53. Товарлар (хизматлар) оддий ширкат шартномасига (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномага) кўра қўйилма сифатида берилса (кўрсатилса), якуний сатрда «оддий ширкат шартномасига (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномага) кўра қўйилма» ёзуви киритилади.

Оддий ширкат шартномасига (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномага), концессия битимига ёки мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасига мувофиқ товарларни (хизматларни) реализация қилишда ширкатнинг ишончли шахси, концессионер ёки ишончли бошқарувчи ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришда «Етказиб берувчи» сатрида қўшимча равишда «Ишончли шахс», «Концессионер» ёки «Ишончли бошқарувчи» сўзларини кўрсатади.

54. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасида тузилган шартномага асосан товарларни (хизматларни) реализация қилишда ҳисобварақ-фактура товарларни (хизматларни) реализация қилиш санасида амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган чет эл валютасининг сўмга нисбатан курси бўйича сўмда расмийлаштирилади ва унга чет эл валютасида расмийлаштирилган инвойс (ҳисобварақ-фактура) ёки товарлар (хизматлар) реализация қилинганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар илова қилинади.

55. Корхона мулкий мажмуа сифатида сотилганда сотувчи томонидан корхона сотилган нархни кўрсатган ҳолда жамлама ҳисобварақ-фактура тузилади.

Жамлама ҳисобварақ-фактурада асосий воситалар, номоддий активлар, ишлаб чиқариш учун мўлжалланган ва ишлаб чиқариш учун мўлжалланмаган мол-мулкнинг бошқа турлари, дебиторлик қарзининг суммалари, қимматли қоғозларнинг қиймати ҳамда баланс активларининг бошқа позициялари мустақил позицияларга ажратилади. Жамлама ҳисобварақ-фактурага инвентаризация далолатномаси илова қилинади.

Жамлама ҳисобварақ-фактурада ҳар бир мол-мулк турининг нархи Солиқ кодексининг 251-моддаси бешинчи қисмида назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда баланс қийматининг тузатиш коэффициентига кўпайтмасига тенг деб қабул қилинади.

56. Шартномага мувофиқ харидорларга товарларни жўнатиш (хизматларни кўрсатиш) санасида чегирмалар (бошқа тижорат бонуслари) тақдим этилган тақдирда, нарх бундай чегирма чиқариб ташланганидан кейин жами қийматни камайтириш йўли билан аниқланади ва ҳисобварақ-фактурада нарх чегирмалар (бошқа тижорат бонуслари) чиқариб ташланган ҳолда кўрсатилади.

57. Шартномада солиқ тўловчининг нарх (тариф) сиёсатига мувофиқ товарлар жўнатилганидан кейин сийловлар (чегирмалар) тақдим этиш шартлари белгиланган бўлса, яъни товарлар етказиб бериш (хизматлар кўрсатиш) шартномасининг муайян шартлари харидор томонидан бажаришни, шу жумладан, товарларнинг (хизматларнинг) муайян ҳажмини олишни ва муддатидан олдин ҳақ тўлашни назарда тутувчи шартлар белгиланган бўлса, сийловлар (чегирмалар) тақдим этиш шартлари бажарилганидан сўнг қўшимча ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади ва сийлов (чегирма) миқдорида аввал расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактурага тузатиш киритилади.

 

7-БОБ. ЭЛЕКТРОН ҲИСОБВАРАҚ-ФАКТУРАЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА ЖЎНАТИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

58. Электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш ушбу Низомда белгиланган ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш тартиби асосида амалга оширилади.

59. Ушбу Низомнинг 3-бандига асосан товарлар (хизматлар) ҳисобварақ-фактура тақдим этмаган ҳолда реализация қилинганда етказиб берувчи ҳар календарь ой якуни билан бир марта умумлаштирилган ҳолда бир томонлама электрон ҳисобварақ-фактурани шакллантиради. Товарлар экспорти бўйича БЮД расмийлаштирилган ҳолатлар бундан мустасно.

Сотиб олувчининг талабига асосан тақдим этилган электрон ҳисобварақ-фактуралар қиймати умумлаштирган ҳолда бир томонлама шакллантириладиган электрон ҳисобварақ-фактуранинг қийматига киритилмайди.

Умумлаштирилган ҳолдаги бир томонлама электрон ҳисобварақ-фактура товарлар (хизматлар) реализация қилинган календарь ойдан кейинги ойнинг бешинчи кунига қадар, товарлар (хизматлар) реализация қилинган календарь ойнинг охирги кунидаги сана билан шакллантирилади.

60. Товарлар (хизматлар) экспорти (БЮД расмийлаштирилмайдиган ҳолатлар) бўйича етказиб берувчи электрон ҳисобварақ-фактурани ўзи шакллантиради. Бунда сотиб олувчининг фақат номи қайд этилади ҳамда норезидент сўзи қўшиб ёзилади.

61. Электрон ҳисобварақ-фактурани имзолаш:

юридик шахс номидан-ташкилот раҳбари ёки ташкилот номидан берилган ишончнома ёки бошқа ҳужжат билан ваколат берилган шахслар номига расмийлаштирилган электрон рақамли имзо орқали;

якка тартибдаги тадбиркор номидан-якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланувчи жисмоний шахснинг электрон рақамли имзоси орқали;

жисмоний шахс номидан-жисмоний шахснинг электрон рақамли имзоси орқали амалга оширилади. Бунда жисмоний шахс электрон рақамли имзога эга бўлмаса, унга юборилган электрон ҳисобварақ-фактура автоматик тарзда тасдиқланади ва электрон ҳисобварақ-фактура икки нусхада қоғоз шаклида чоп этилади ҳамда бир нусхаси жисмоний шахсга тақдим этилади, иккинчи нусхаси товарлар (хизматлар) олинганлиги тўғрисидаги жисмоний шахснинг имзоси билан тасдиқланган ҳолда солиқ тўловчида сақланади.

62. Электрон ҳисобварақ-фактурага қўшимча ҳужжатларни илова қилиш мумкин. Электрон ҳисобварақ-фактуранинг электрон рақамли имзо билан тасдиқланиши илова қилинган ҳужжатларнинг ҳам электрон рақамли имзо билан тасдиқланганлигини ифодалайди.

63. Етказиб берувчи томонидан тақдим этилган электрон ҳисобварақ-фактура ўн календарь кун ичида сотиб олувчи томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланиши ёки сабаби кўрсатилган ҳолда рад этилиши шарт.

Сотиб олувчи томонидан белгиланган муддатда тасдиқланмаган ёки рад этилмаган электрон ҳисобварақ-фактура тасдиқланган ҳисобланади.

64. Электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш ва қабул қилиш бўйича белгиланган муддатнинг охирги куни қонун ҳужжатларига мувофиқ дам олиш ва (ёки) иш куни бўлмаган кун деб эътироф этиладиган кунга тўғри келса, дам олиш кунидан ва (ёки) иш куни бўлмаган кундан кейинги иш куни муддатнинг тамом бўлиш куни деб ҳисобланади.

65. Сотиб олувчи шахсий кабинетга тушган ва тасдиқланган электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ҚҚСни ҳисоблаб чиқаришда ҳисобга олиниши ёки олинмаслиги тоифасини белгилайди.

66. Қўшимча ёки тузатилган ҳисобварақ-фактуралар ушбу Низом 5-бобига мувофиқ электрон кўринишда расмийлаштирилади.

67. Товарлар транспорт воситасида ташилганда электрон шаклда расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура QR кодга эга бўлган электрон тарзда ёки қоғоз нусхаси чоп этилган ҳолда ташувчига тақдим этилади.

 

8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА

68. Ушбу Низом талабларини бузган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

ЎзР ВМнинг 2020 йил 14 августдаги 489-сон қарорига
3-ИЛОВА

ҚЎШИЛГАН ҚИЙМАТ СОЛИҒИ БАЗАСИНИ ТОВАРЛАРНИНГ (ХИЗМАТЛАРНИНГ) БОЗОР ҚИЙМАТИДАН КЕЛИБ ЧИҚИБ АНИҚЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

Мазкур Низом қўшилган қиймат солиғи базасини товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиқиб аниқлаш тартибини белгилайди ва қуйидагиларга нисабатан татбиқ этилади:

товарларни (хизматларни) бошқа товарларга (хизматларга) айирбошлаб реализация қилишда;

юридик шахснинг мол-мулкидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг (кейинги ўринларда – Солиқ кодекси) 239-моддаси тўртинчи қисми 6-бандига мувофиқ шахсий мақсадларда фойдаланишда;

агар Солиқ кодексининг 239-моддаси биринчи қисми 2-бан­дида ёки иккинчи қисмининг 2-бандида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, товарларни (хизматларни) бепул беришда (кўрсатишда).

Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

товарларнинг (хизматларнинг) бозор қиймати – товарларнинг (хизматларнинг) эҳтимолга энг яқин ва адолатли қиймати, шу жумладан, ваколатли органлар, баҳолаш ташкилотлари томонидан аниқланадиган ва (ёки) белгиланган, товарлар (хизматлар) бозорида реализация қилиниши (кўрсатилиши) мумкин бўлган қиймат;

товарларнинг (хизматларнинг) бозори – харидорнинг (сотувчининг) товарларни (хизматларни) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки унинг ҳудудидан ташқарида қўшимча харажатларсиз олиш (реализация қилиш) имкониятидан келиб чиқиб аниқланадиган товарларнинг (хизматларнинг) муомалада бўлиш соҳаси.

Қонун ҳужжатларида товарларнинг (хизматларнинг) қийматини бозор қиймати сифатида аниқлашга нисбатан молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларидан мажбурий тарзда фойдаланиш лозимлиги белгиланган тақдирда, мазкур стандартларда белгиланган қоидалардан фойдаланилади.

 

2-БОБ. ҚЎШИЛГАН ҚИЙМАТ СОЛИҒИНИ ҲИСОБЛАШ ВАТЎЛАШ ЧОҒИДА ТОВАРЛАРНИНГ (ХИЗМАТЛАРНИНГ) БОЗОР ҚИЙМАТИНИ АНИҚЛАШ ТАРТИБИ

4. Солиқ органлари томонидан қўшилган қиймат солиғи (кейинги ўринларда – ҚҚС) тўғри ҳисобланиши юзасидан ўтказилаётган солиқ текширувларида қуйидаги битимлар (операциялар) бўйича солиқ базаси товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланганлиги ўрганилади:

товарларни (хизматларни) бошқа товарларга (хизматларга) айирбошлаб реализация қилишда, шу жумладан, товар айирбошлаш (бартер) операциялари бўйича;

тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзига тегишли мол-мулкни (хизматларни), агар бундай мол-мулк (хизматлар) бўйича солиқ суммаси тўлиқ ёки қисман ҳисобга олинган бўлса, бошқарув органи аъзоларига, ходимларга, уларнинг оила аъзоларига ёхуд бошқа шахсларга солиқ тўловчининг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган шахсий мақсадларда фойдаланиш учун беришда (хизматлар кўрсатишда);

товарларни (хизматларни) бепул бериш, бунда шундай бериш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайдиган деб эътироф этилганда. Бунда товарларни бепул бериш ёки бепул хизматлар кўрсатиш Солиқ кодексининг 239-моддасига мувофиқ қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда бирига риоя этилганда иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди деб эътироф этилади:

а) даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган бўлса;

б) шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқлиги асослантирилган бўлса;

в) қонун ҳужжатлари қоидаларидан келиб чиқилган бўлса.

5. Агар ушбу Низомда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ базаси Солиқ кодексининг 248-моддаси биринчи қисмида белгиланган тартибда  аниқланади. Бунинг акси исботланмагунга қадар мазкур қиймат бозор нархларига мувофиқ келади деб қабул қилинади.

6. Ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилган битимларни (операцияларни) амалга ошираётганда товарларнинг (хизматларнинг) бозор қиймати қуйидагиларни қўллаган ҳолда аниқланиши мумкин:

ўзининг нархга доир маълумотлари (прайс-варақлар);

ахборот-нарх агентликлари маълумотлари;

оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотлар;

биржа хабарлари;

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан эълон қилинадиган ёки сўровга кўра тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикаси ташқи савдосининг божхона статистикаси;

қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда нархларни белгилаш учун нормативларни ўрнатадиган ваколатли органларнинг маълумотлари.

Агар товарларнинг (хизматларнинг) бозор қиймати кўрсатиб ўтилган органларда турлича бўлса, солиқ солиш мақсадларида уларнинг ўртача қиймати инобатга олинади.

7. Товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматини ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган тартибда аниқлаш имконияти бўлмаган тақдирда, бундай қиймат баҳоловчи ташкилотларнинг хулосалари асосида ёхуд харажатларни индексациялаш усулидан фойдаланган ҳолда аниқланади.

8. Товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматини харажатларни индексациялаш усулидан фойдаланган ҳолда аниқлашда, муайян тармоқнинг саноат маҳсулотларининг харид қилиш санасидан бошлаб реализация қилиш санасигача бўлган даврда ушбу тармоқлардаги статистика органи томонидан эълон қилинадиган нарх қимматлашуви индекслари асосида ҳисобланади.

Бунда саноат маҳсулоти айнан қайси тармоққа тегишли эканлигини аниқ белгилаш имконияти бўлмаган тақдирда, саноат бўйича умумий индекс қўлланилади.

Функционал ёки иқтисодий жиҳатдан эскирган асосий воситалар ва товарларнинг бозор қиймати баҳоланаётганда дастлабки харажатларни индексациялаш усулини қўллашда қолган иқтисодий хизмат қилиш муддати ёки тегишли эскириш фоизи ҳисобга олинади.

9. Товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматини аниқлашда ўзаро боғлиқ бўлмаган шахслар ўртасида битимлар тузишда нархларга қўйиладиган одатдаги устамалар ёки чегирмалар ҳисобга олинади. Хусусан, қуйидагилар юзага келтирган чегирмалар ҳисобга олинади:

товарларга нисбатан бўлган истеъмол талабининг мавсумий ва бошқа тебранишлари;

товарларнинг сифат ёки бошқа истеъмол хусусиятларини йўқотиши;

товарларнинг яроқлилик ёки реализация қилиш муддатларининг тугаши (тугаш санасининг яқинлашиши);

маркетинг сиёсати, шу жумладан, унга ўхшаш товарлар бўлмаган янги товарларнинг (хизматларнинг) бозорга кириб бориши, шунингдек, товарларнинг (хизматларнинг) янги бозорларга кириб бориши;

истеъмолчиларни улар билан таништириш мақсадида товарларнинг тажриба моделлари ва намуналарини реализация қилиш.

10. Солиқ органи битимнинг нархи товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан фарқ қиладиган (у ёки бу томонга) қийматини қўллангани далили аниқланган тақдирда, Солиқ кодексининг 248-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ бозор қийматидан келиб чиқиб ҳисоблангани каби ҚҚС бўйича солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли.

11. Солиқ органининг ушбу Низомга мувофиқ товарлар (хизматлар) бозор қийматидан келиб чиқиб ҚҚС бўйича солиқ базасига тузатиш киритиш тўғрисидаги қарори Солиқ кодексининг 223 ёки 224-моддаларида назарда тутилган молиявий жарималарни қўллашга олиб келмайди.

12. Солиқ тўловчи солиқ органининг ҚҚС бўйича солиқ базасига тузатиш киритиш тўғрисидаги қарори юзасидан битимнинг (операциянинг) қиймати бозор нархларига мувофиқлигини ва солиқ тўлашдан бўйин товлашга қаратилмаганлигининг асосларини тақдим этиш йўли билан низолашишга ҳақли.

13. Ушбу Низомнинг 5–9-бандларида кўрсатиб ўтилган ҳолатлар билан чекланмаган ҳолда битим (операция) натижаларини аниқлаш учун аҳамиятга эга бўлган ҳар қандай вазиятлар суд тартибида амалга оширилади.

 

3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА

14. Хўжалик юритувчи субъектларнинг ушбу Низомга риоя этишини назорат қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ органлари томонидан амалга оширилади.

 

ЎзР ВМнинг 2020 йил 14 августдаги 489-сон қарорига

4-ИЛОВА

ТОВАРЛАРГА (ХИЗМАТЛАРГА) ҲАҚ ТЎЛАШ БЎЙИЧА МАЖБУРИЯТ УМИД ҚИЛИБ БЎЛМАЙДИГАН ҚАРЗДОРЛИК ДЕБ ЭЪТИРОФ ЭТИЛГАНДА ВА УНИ ҲИСОБДАН ЧИҚАРИШ ЛОЗИМ БЎЛГАН ҲОЛЛАРДА ҚЎШИЛГАН ҚИЙМАТ СОЛИҒИ  БАЗАСИГА ТУЗАТИШ КИРИТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом товарларга (хизматларга) ҳақ тўлаш бўйича мажбурият умид қилиб бўлмайдиган қарздорлик деб эътироф этилганда ва уни ҳисобдан чиқариш лозим бўлган ҳолларда солиқ тўловчилар томонидан қўшилган қиймат солиғи базасига тузатиш киритиш тартибини белгилайди.

2. Товарларга (хизматларга) ҳақ тўлаш бўйича мажбурият умид қилиб бўлмайдиган қарздорлик деганда қонунчиликка мувофиқ даъво қилиш муддати ўтган ва ундириш нореал бўлган бошқа қарзлар бўйича дебиторлик қарзларни ҳисобдан чиқаришдан кўрилган зарарлар, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар билан ҳисоб-китоблар бўйича тўланиши шубҳали қарзларни ҳисобдан чиқаришдан кўрилган зарарлар тушунилади.

3. Солиқ тўловчи томонидан солиқ базасига тузатиш киритиш, товарларга (хизматларга) ҳақ тўлаш бўйича мажбуриятлар умид қилиб бўлмайдиган қарздорлик деб эътироф этилганда ва уни ҳисобдан чиқариш лозим бўлган ҳолларда амалга оширилади.

4. Мазкур Низом талаблари Солиқ кодексининг 15-моддасига асосан лозим даражада эҳтиёткорлик қилмаган солиқ тўловчиларга нисбатан татбиқ этилмайди. Бунда қарздорлик хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахсларига нисбатан солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик ҳамда солиқ қонунчилигини бузиш ҳолатлари аниқланиб жиноят иши қўзғатилганлиги оқибатида хўжалик юритувчи субъект тугатилганда банкрот деб эътироф этиш орқали ҳосил бўлган бўлиши лозим.

 

2-БОБ. ТОВАРЛАРГА (ХИЗМАТЛАРГА) ҲАҚ ТЎЛАШ БЎЙИЧА МАЖБУРИЯТ БЎЙИЧА УМИД ҚИЛИБ БЎЛМАЙДИГАН ҚАРЗДОРЛИК ЮЗАСИДАН ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ ШАРТЛАРИ

5. Солиқ тўловчи олдинги ҳисобот (солиқ) даврларида солиқ солинадиган даромадлар олиш билан боғлиқ бўлган умид қилиб бўлмайдиган қарздорликларни чегириб ташлашга ҳақли.

Бунда умид қилиб бўлмайдиган қарздорликларни чегириб ташлашга фақат қарз ҳисобдан чиқарилган ва солиқ тўловчининг бухгалтерия ҳисоботида акс эттирилган тақдирда йўл қўйилади.

6. Мажбуриятлар бекор қилиниши оқибатида қарздор томонидан сўндирилиши мумкин бўлмаган ундирилиши умид қилиб бўлмайдиган қарздорликни ҳисобдан чиқариш тўғрисида корхона раҳбарининг фармойишини чиқариши учун қуйидаги ҳужжатлар асос ҳисобланади:

суд ҳал қилув қарорига биноан мажбуриятлар тугатилганлиги;

банкротлик (иқтисодий суднинг банкрот юридик шахсни тугатишга доир иш юритиш тамомланганлиги тўғрисидаги ажрими);

хўжалик юритувчи субъектларнинг тугатишга доир иш юритиш таомилини ўтказиш натижалари тўғрисидаги якуний ҳисоботи;

қарздор жисмоний шахс вафот этганлиги ёки жисмоний шахс вафот этган деб эълон қилинганлиги;

қарздорликнинг даъво қилиш муддати ўтганлиги.

7. Қуйидаги ҳолларда қарздорликлар умид қилиб бўлмайдиган қарздорлик деб эътироф этилмайди:

ҳужжатлар билан тасдиқланмаган қарздорлик;

ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш билан боғлиқ кечикишлардан ҳосил бўлган қарздорлик;

даъво муддати оралиғида қарз берувчи томонидан ўз пул маблағлари ёки активларини муддати ўтказиб юборилган ҳолда узоқ вақт мобайнида қарзни ундириш чоралари кўрилмаган қарздорлик;

кафолатли (кафиллик мажбурияти олинган) қарздорлик;

солидар шартнома шартлари асосида юзага келган қарздорлик.

8. Солиқ тўловчи томонидан солиқ солиш мақсадлари учун қарздорликни бекор қилиш мезонлари ҳисоб сиёсатида аниқланиши лозим.

 

3-БОБ. ҚЎШИЛГАН ҚИЙМАТ СОЛИҒИ БАЗАСИГА ТУЗАТИШЛАР КИРИТИШ

9. Солиқ базасига уни камайтириш ёки кўпайтириш тарафга тузатиш киритиш бир йиллик муддат доирасида, кафолат муддати белгиланган товарлар (хизматлар) бўйича эса кафолат муддати доирасида амалга оширилади.

10. Тадбиркорлик субъекти томонидан умид қилиб бўлмайдиган қарздорликни ҳисобдан чиқариши учун қарздорлик суммаси юзага келганлигини ҳамда даъво муддати ўтганлигини тасдиқловчи қуйидаги ҳужжатлар жамланган бўлиши зарур. Бунда:

тўлов муддати аниқ белгиланган шартнома;

шартнома шартларига мувофиқ берилган товар моддий қийматликларни ўтказиш бўйича ҳисобварақ-фактуралар ҳамда товарлар (хизматлар)ни қабул қилиш далолатномалари;

тўлов топшириқномалари, шунингдек, охирги ҳисобот даврида тузилган ҳисобдан чиқарилиши лозим бўлган дебитор қарздорлик ҳақиқатдан қайтарилмаганлигини тасдиқловчи  инвентаризация ҳисоботи;

умид қилиб бўлмайдиган дебитор қарздорликни ҳисобдан чиқариш юзасидан чиқарилган корхона раҳбари фармойиши.

Шунингдек, солиқ тўловчи олдида дебитор қарздорлик юзага келганлиги юзасидан молиявий операцияларни тасдиқловчи бирламчи ҳисоб ҳужжатлари бўлиши мумкин.

11. Солиқ базасига тузатишлар киритиш вақтида уни амалга оширувчи солиқ тўловчилар қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатда турган бўлиши лозим.

12. Товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича қарздорлик суммаси суд органлари томонидан умид қилиб бўлмайдиган қарздорлик деб топилса, қўшилган қиймат солиғини тўловчи бундай қарздорлик бўйича солиқ солинадиган товарларни (хизматларни) реализация қилиш суммасига мос равишда камайтиради.

13. Умид қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисобдан чиқарилганда солиқ солинадиган айланма суммаси товарларни (хизматларни) реализация қилишда расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактурада акс эттирилган кўрсаткичлар бўйича, шунингдек, қўшилган қиймат солиғи ставкаси миқдорида, солиқ солинадиган айланма сумма доирасида камайтирилади.

14. Қарздорлик ҳисобдан чиқарилганда тарафлар томонидан шартнома шартларига мувофиқ ҳисобланган жарима ва пеня суммалари тузатиш киритиш суммасига киритилмайди.

15. Қўшилган қиймат солиғи базасига тузатиш киритиш бир нечта айланмалар расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура бўйича қуйидаги формула орқали амалга оширилади:

 

СҚҚС = Қ х Cc%

Бунда:

СҚҚС – жами амалга оширилган айланмалар бўйича қўшилган қиймат солиғи суммаси;

Қ – жами реализация қилинган товарлар (хизматлар) қиймати.

Cc солиқ ставкаси.

16. Товарлар (хизматлар) реализациясини амалга оширган корхона томонидан аниқлаштирилган ҳисобот тақдим этилганда тузатиш киритилган тегишли ўзгартиришлар қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китобига 1-илова «Солиқ давридаги товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмалар»да акс эттирилади.

17. Товарлар (хизматлар) реализациясини амалга оширган корхона томонидан солиқ базасига тузатишлар киритиш амалга оширилганда харидор томонидан илгари ҳисобга қабул қилинган солиқ суммасига тегишли тартибда тузатиш киритади.

18. Товарлар (хизматлар)ни харид қилишда илгари ҳисобга олиш учун қабул қилинган солиқ суммаси, агар бундай товарларга (хизматларга) ҳақ тўлаш бўйича мажбурият умид қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисобланса, бундай тузатиш амалга оширилган солиқ даврида ҳисобдан чиқарилади.

19. Солиқ суммасига тузатиш киритишда агар харидор томонидан қабул қилиб олинган тузатиш киритиладиган ҳисобварақ-фактураларда солиқ солинадиган ва солинмайдиган айланма мавжуд бўлса, қўшилган қиймат солиғи суммаси мутаносиб усулда аниқланади.

20. Солиқ базасига тузатиш киритишда, бир нечта айланмалар расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура бўйича қўшилган қиймат солиғи суммаси мазкур низомнинг 15-бандида келтирилган формула орқали амалга оширилади.

 

4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

21. Солиқ тўловчи солиқ ва молиявий ҳисоботларга киритилган тузатишлар учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

22. Ушбу Низом талабларини бузган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

 

*Ушбу Фармон Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 24.07.2020 йилдан кучга кирди.

 **Фармонга илова «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 4.08.2020 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 1–6-иловалар «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

 

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 5.08.2020 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 1, 4–5-иловалар «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

 

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 10.07.2020 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 1–21-иловалар «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

 

 

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 30.07.2020 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 1–7-иловалар «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

 

*Ушбу буйруқ Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 15.07.2020 йилдан кучга кирди.

**Мазкур ўзгартириш ва қўшимчаларга 1–7-иловалар «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин. 

Прочитано: 868 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика