Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 15 / Ҳуқуқий маслаҳат

Ер участкалари қандай олиб қўйилади ва бузилган кўчмас мулк объектлари учун қанча компенсация берилади

 

2019 йил ноябрь ойида Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган (ВМнинг 16.11.2019 йилдаги 911-сон қарорига 1-илова).

 

Ҳужжат ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги ҳар қандай зиддиятларни бартараф этишга қаратилган, бироқ, айрим шахслар билими етишмаслиги, хоҳиши йўқлиги сабабли ёки атайлаб унинг нормаларини нотўғри ва ўзича талқин қилиш орқали аҳолини чалғитишга уринмоқда. Мавзунинг муҳимлигини инобатга олган ҳолда, Адлия вазирлиги кўп бериладиган саволлар асосида жавоб-тушунтиришларни тайёрлади.

 

Бузилишга тушган кўп квартирали уйнинг ер участкаси учун ҳам компенсация тўланадими?

– Қонунчиликда кўп квартирали уй тагидаги ер участкаси учун ундаги хонадон эгаларига қандайдир ҳуқуқлар тақдим этилиши назарда тутилмаган. Шунинг учун кўп қаватли уйлардаги хонадонлар эгалари бундай уйлар жойлашган ер участкаларига алоҳида ҳуқуқларга эга эмас. Шу муносабат билан мазкур ҳолатда ер участкасига бўлган ҳуқуқ алоҳида баҳолаш объекти ҳисобланмайди.

Бироқ, баҳоловчи қўп қаватли уй жойлашган ҳудудда кўчмас мулк бозорининг умумий тавсифини таҳлил қилиш ва уни баҳолаш вақтида қўп қаватли уй жойлашган жойни ҳисобга олади, бу эса ўз навбатида унинг баҳосига таъсир қилади. Шу тариқа, бир хил тавсифга (параметрларга) эга, бироқ хар хил туманда жойлашган хонадонларнинг нархи турлича бўлади.

 

Олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган дарахтлар учун компенсация тўлаб бериладими?

– Олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари учун компенсация тўлаб берилади. Кўчмас мулк объектлари нафақат ер участкалари, бино ва иморатлар (жумладан ер ости бинолари), балки кўп йиллик дарахтларни ҳам ўз ичига олади. Шу боис, ер участкаси олиб қўйилаётганда у ерда жойлашган кўп йиллик дарахтлар учун ҳам компенсация тўлаб берилади.

 

Дастлабки ҳисоб-китоб қиймати компенсация миқдорини белгилаш учун асос бўла оладими?

– Йўқ. Дастлабки ҳисоб-китоб компенсация тўлаб бериш, шунингдек қурилиш ишлари билан боғлиқ келгусидаги харажатлар учун маблағ етарли эканини аниқлаш учун зарур. Кўчмас мулк объектининг бозор нархи баҳоловчилар томонидан қонунчиликка мувофиқ белгиланади. Шу билан бирга, кўчмас мулкдан ташқари қуйидаги харажатлар учун ҳам компенсация тўлаб берилади: транспорт харажатлари, уй-жойни вақтинчалик ижарага олиш, бой берилган фойда ва келишувга кўра бошқа харажатлар. Келишувга эришилмаган тақдирда, низолар суд тартибида ҳал этилади.

 

Қандай қилиб ташаббускор мулкдорларни очиқ муҳокама ўтказилиши тўғрисида хабардор қилиш лозим?

Ёзма равишда. ОАВ ва Интернет орқали хабардор қилиш қўшимча чора ҳисобланиб, ташаббускорнинг мулкдорларни ёзма равишда хабардор қилишдан озод қилмайди.

 

Мулкдорларни очиқ муҳокама ўтказиш тўғрисида хабардор қилиш учун қандай муддатлар белгиланган, унда қандай масалалар муҳокама қилинади?

– Очиқ муҳокама Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли Халқ депутатлари томонидан қарор қабул қилинган кундан бошлаб 20 кун давомида ўтказилиши керак. Бу муддат бузилса, материаллар умумий асосда такрор кўриб чиқилади. Ташаббускор Кенгаш томонидан очиқ муҳокама ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 2 кун давомида, бироқ уни ўтказишдан камида 7 кун олдин мулкдорларга ёзма хабарнома жўнатиши керак. Очиқ муҳокамада лойиҳанинг мақсадлари, истиқболлари ва шартлари муҳокама қилинади. Мулкдорлар лойиҳага доир таклифларни билдириш ҳуқуқига эга. Асослар бўлган тақдирда лойиҳа мазкур таклифларни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилади.

 

Кенгаш ер участкасини инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун олиб қўйиш тўғрисида мулкдорлар розилигисиз қарор қабул қилиш ҳуқуқига эгами?

– Йўқ, бундай қарор фақатгина барча мулкдорларнинг дастлабки розилиги бўлган тақдирда қабул қилинади. Кенгаш томонидан ер участкасини инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилинишига фақатгина Президент ва Ҳукумат қарорлари асосида рухсат этилади.

 

Лойиҳа материалларини ўрганиш муддатлари қандай?

– Қурилиш объектлари лойиҳа материалларини қурилиш ва кадастр бўлимлари томонидан кўриб чиқиш муддати 5 иш кунини ташкил этади. Материалларни Кенгаш томонидан кўриб чиқиш муддатлари унинг регламенти билан белгиланади. Бунда Кенгаш қарори 1 кун муддатда ҳокимиятларга чоп этиш учун юборилиши лозим.

 

Нима учун мулкдорларнинг камида 75%ини ёзма розилиги бўлганда ва қолганлар билан келишувга эришилмаган тақдирда инвесторга кўчмас мулк объектини мажбурий равишда сотиб олиш ҳақида даъво билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади?

– Ҳар қандай инвестор ҳам бундай ҳуқуққа эга эмас ва у ўз-ўзидан юзага келмайди, у юзага келишидан олдин қатор чора-тадбирлар амалга оширилади.

Ер участкасини инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилинишига фақат Президент ва Ҳукумат қарорлари асосида рухсат этилади. Президент ва Ҳукумат қарорлари билан назарда тутилмаган лойиҳаларни амалга ошириш учун ер участкаларини олиб қўйишга йўл қўйилмайди.

Бундай қарор қабул қилинган тақдирда потенциал инвесторлар лойиҳаолди ҳужжатлар, тақдимот ва бошқа материалларни тайёрлайди ва уларни ҳокимиятга киритади. Ҳокимият уларни кўриб чиқиб, қурилиш ва кадастр органларига юборади, улар эса ўз навбатида тегишли хулоса бериб, мазкур ҳудуддаги кўчмас мулк объектлари рўйхатини тақдим этади.

Шундан кейин инвестор дастлабки ҳисоб-китобларни амалга оширади ва ҳокимиятга компенсация тўлаш ва қурилиш ишларини амалга ошириш учун етарли ресурслар мавжудлигини тақдим этади. Бунда дастлабки ҳисоб-китоб компенсациянинг якуний суммаси ҳисобланмайди. Компенсация миқдори баҳолаш ташкилоти томонидан қонунчиликка мувофиқ белгиланади.

Кейинги босқичда ҳокимият материалларни кўриб чиқиш учун Кенгашга юборади. Кенгаш йиғилишда материалларни кўриб чиқиб, тегишли қарор қабул қилади. Бунда йиғилишда мажбурий равишда қуйидаги масалалар кўриб чиқилади:

♦ инвестиция лойиҳаларининг маълум бир ҳудуддаги фуқароларнинг уй-жой ва яшаш шароитларини яхшилаш, шунингдек ҳудуддаги аксарият аҳолининг фикрини ҳисобга олган ҳолда инфратузилма ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик объектларни қуришга йўналтирилганлиги;

♦ биринчи навбатда эскирган ва авария ҳолатидаги уй-жой фонди объектлари, жумладан фойдаланилмаётган объектлар томонидан эгаллаб турилган ер участкаларини олиб қўйиш (маданий мерос объектлари бундан мустасно).

Очиқ муҳокама ўтказишга Кенгаш томонидан очиқ муҳокама ўтказиш тўғрисидаги қарор қабул қилингандан сўнггина рухсат этилади, бошқа ҳолларда очиқ муҳокама ўтказиш ноқонуний ҳисобланади. Очиқ муҳокамада инвестор мулкдорларнинг дастлабки розилигини олиши шарт. Фақат шундан сўнггина Кенгаш ер участкасини олиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилади ва компенсация тўлаш ва келишув тузиш жараёни бошлаб юборилади.

Инвестор компенсация масаласини мутлақо барча мулкдорлар билан муҳокама қилиб олиши керак, яъни низоли вазиятлар юзага келмаслиги ҳам мумкин. Агар инвестор мулкдорларнинг камида 75%и билан келишув тузган (розилик олган) бўлсаю, уларнинг 25%и ёки ундан камроғи билан келиша олмаган бўлса, у судга мурожаат қилиши мумкин. Мазкур норма мулкдорларнинг бу қисми бозор нархида компенсация тўлаб бериш шарти билан дастлабки розилик бергани ва унинг асосида Кенгаш томонидан ер участкасини олиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилинганлигини ҳисобга олган ҳолда киритилган.

Мазкур ҳолатда нафақат инвестор ҳуқуқи, балки келишув тузилган ёки розилиги олинган мулкдорларнинг аксарият қисмининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳам ҳисобга олинади. Бундан ташқари, муҳокама қилинаётган норма мулкдорларнинг мулк ҳуқуқидан маҳрум этмайди, бу масала суд тартибида кўриб чиқилади. Шунинг учун мазкур нормани қонунчиликка хилоф деб ҳисоблаш учун асос йўқ.

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарори талаблари ҳокимларнинг 2020 йил 1 январгача қабул қилинган қарорларига ҳам татбиқ қилинадими?

– «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан татбиқ этилади. Яъни янги қарорнинг норма ва талаблари олиб қўйиш ҳақида тегишли қарор қабул қилиб бўлинган ерларга нисбатан қўлланилмайди.

Шунга ўхшаш ҳолатларда ер участкасини олиб қўйиш расмий ва юридик таомил сифатида якунига етган, шу муносабат билан тегишли қарор қабул қилинган вақтда амал қилган нормалар ўз кучини сақлаб қолади. Қабул қилинган қарорлар асослилиги ва қонунийлигини ҳуқуқий жиҳатдан баҳолаш асносида ҳам шу тартиб амал қилади.

Агар ер участкасини олиб қўйиш тўғрисида аввал қабул қилинган қарорлар бўйича барча тартиб-таомиллар якунига етмаган бўлса (компенсация тўлаш, кўчмас мулкни бузиш ва ҳ.к.), уларнинг келгусида амалга оширилиши Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарори талабларига мувофиқ тегишли босқичдан бошлаб тартибга солинади.

 

Барча ҳолларда ҳам ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш керакми?

– Йўқ, шарт эмас. Бунинг учун бўш ер участкалари ҳам тақдим этилиши мумкин (ВМнинг 28.01.2019 йилдаги 63-сон қарори). Бироқ, маълум бир ҳудуднинг бош режаси ва ривожлантириш истиқболлари, стратегик муҳимлиги ва бошқа омиллардан келиб чиқиб банд бўлган ер участкасини олиб қўйиш зарурати юзага келиши мумкин.

Бундай ҳолатда аввал фойдаланилмаётган объектлар ёки эскирган ва авария ҳолатидаги уй-жой фонди объектлари томонидан эгалланган ер участкалари, кейин эса у ёки бу шахслар ихтиёридаги бошқа ер участкалари кўриб чиқилади.

Президентнинг 2018 йил 1 августдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5495-сон Фармонига мувофиқ ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга йўл қўйиладиган ҳолатлар санаб ўтилган:

♦ мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни ташкил қилиш ва уларнинг фаолият юритиши учун ерларни тақдим этиш;

♦ халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;

♦ фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш;

♦ автомобиль ва темир йўллари, аэропортлар, ­аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, тоннеллар, энергетика тизими объектлари ва электр узатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистраль қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция қилиш);

♦ аҳоли пунктлари бош режаларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан объектлар қуриш қисмида ижро этиш, шунингдек, қонунлар ва Президент қарорларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда.

 

Манба: https://teletype.in/@huquqiy_axborot

 

Прочитано: 852 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика