Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 14 / Мутахассис тушунтиради

Инвестициялар бўйича имтиёз ва инвестициявий чегирма: қайсини қўллаган маъқул?

 

Ўқувчиларимиз саволларига Молия вазирлигининг бевосита солиқлар бўлими бошлиғи Умид ҲАМРОЕВ жавоб беради.

 

2007 йилги таҳрирдаги СКда инвестициялар суммасига солиқ солиш базасини камайтириш бўйича имтиёз мавжуд эди. У 2020 йил 1 апрелга қадар амал қилди (29.12.2019 й. ЎРҚ-599-сон, 4-м.). Янги таҳрирдаги СКда бу имтиёз энди йўқ, бироқ фойда солиғи тўловчиларида инвестициявий чегирмани қўллаш ҳуқуқи пайдо бўлди.

 

– Агар маблағлар инвестицияга 2020 йилнинг I чорагида йўналтирилган бўлса, солиқ солинадиган фойдани камайтириш бўйича имтиёзни қўллаш мумкинми? Ёки имтиёз фақат 2020 йил 1 январь ҳолатига қопланмаган маблағлар қолдиғига нисбатан қўлланилиши мумкинми?

– Солиқ солинадиган фойдани:

инвестицияларга харажатлар амалга оширилган солиқ давридан бошлаб;

технологик ускуна ишга туширилган пайтдан бошлаб 5 йил мобайнида камайтириш мумкин (2007 йилги таҳрирдаги СК, ­159-м. 3-қ., 2918-сон Низом, 25.08.2017 йил).

Яъни 2020 йилнинг I чорагида белгиланган қоидаларни инобатга олган ҳолда 2016 йилдан бошлаб 2020 йилнинг I чорагига қадар амалга оширилган инвестициялар суммасига солиқ солинадиган фойдани камайтиришингиз мумкин.

 

– Имтиёз қўлланилгандан кейин 2020 йилнинг I чорагида солиқ тўловчида 2020 йилнинг 1 апрель ҳолатига қопланмаган маблағлар қолдиғи мавжуд. Имтиёзни қўллашда давом этиш мумкинми?

– Йўқ, мумкин эмас. Имтиёз фақат 2020 йил 1 апрелга қадар амал қилиши боис, сиз уни фақат 2020 йилнинг I чорагида қўллашингиз мумкин. 2020 йилнинг 1 апрель ҳолатига қопланмаган маблағлар қолдиғига имтиёз қўлланмайди.

 

– Солиқ тўловчи 2020 йилнинг I чорагида инвестицияларга йўналтирилган маблағлар бўйича 2007 йилги таҳрирдаги СК бўйича имтиёзни ёки янги таҳрирдаги СК бўйича инвестициявий чегирмани танлаш ҳуқуқига эгами?

– Агар инвестицияларга йўналтирилган маблағлар ҳам имтиёзни, ҳам инвестициявий чегирмани қўллаш талабларига жавоб берса, солиқ тўловчи иккита вариантдан бирини танлашга ҳақли.

Эслатиб ўтамиз, имтиёзларни қўллаш солиқ солинадиган фойдани инвестицияларнинг ҳисобланган амортизация чегирилган ҳолдаги суммасига, бироқ солиқ солинадиган фойданинг 30%идан кўп бўлмаган миқдорда камайтириш имконини беради. Инвестициявий чегирма қоидаси инвестиция қилинган маблағларнинг 5-10%ини бир йўла чегириш имконини беради (янги таҳрирдаги СК 308-м.).

 

Мисол. Имтиёз ва инвестициявий чегирмани қўллаш натижаларини солиштириш 

Вазият: 2020 йилнинг I чорагида корхона ишлаб чиқариш биносини реконструкция қилишга 310 000 минг сўм йўналтирди. 2020 йилнинг 1 январь ҳолатида инвестициялар бўйича қопланмаган маблағлар мавжуд эмас. Солиқ солинадиган фойда 240 000 минг сўмни ташкил этди. Ҳисобланган амортизация – 56 000 минг сўм.

I вариант: Корхона инвестициялар суммасига солиқ солинадиган фойдани камайтириш бўйича имтиёзни қўллайди.

Инвестициялар суммасининг ҳисобланган амортизациядан ошиши 254 000 минг сўмни (310 000 – 56 000) ташкил этади. Бироқ имтиёзни солиқ солинадиган фойданинг 30%идан ошмайдиган суммасига, яъни 72 000 минг сўмдан (240 000 х 30%) кўп бўлмаган суммага нисбатан қўллаш мумкин.

II вариант: корхона инвестициявий чегирмани қўллайди.

Инвестициявий чегирма 15 500 минг сўм (310 000 х 5%) миқдоридаги суммага нисбатан қўлланилиши мумкин.

Кўриб турганимиздек, мазкур мисолда корхонага солиқ солинадиган фойдани камайтириш бўйича имтиёзни қўллаш фойдалироқ.

 

Сизнинг вазиятингизда натижа бошқача бўлиши мумкин. Шу боис тўғри қарор қабул қилиш учун ўз маълумотларингизни таҳлил қилинг.

 

Сизда олдинги даврлар учун қопланмаган маблағлар қолдиғи мавжуд бўлмаса ёки ушбу қолдиқлар 2020 йилнинг I чорагида инвестицияга йўналтирилган маблағлар бўйича имтиёзни қўллаш имконини берадиган даражада унча катта бўлмаса, иккита вариантни таққослашдан маъно бор. қопланмаган маблағлар мавжуд бўлса, имтиёз дастлаб ўтган йиллар қолдиқларига, ундан кейин 2020 йилнинг I чораги харажатларига нисбатан қўлланилади. Бунда 2020 йилдаги инвестицияларга харажатларга нисбатан инвестициявий чегирмани қўллаш мумкин. Агар 2020 йилнинг I чорагида инвестицияларга йўналтирилган маблағлар бўйича имтиёзни қўллаш имконияти мавжуд бўлса, вариантларнинг қайси бири сиз учун фойдалироқ эканлиги юзасидан ўзингиз қарор қабул қилинг.

 

 

ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИГА ХАРАЖАТЛАР ҲИСОБИ

 

– Қурилиш материаллари ва сантехника ишлаб чиқарувчи корхона Давстандарт, метрология, Давлат табиат қўмитаси хизматлари, ТЧМ, ЧЧМга, «СБХ» газетасига обуна учун тўловни амалга оширади ва шунга ўхшаш бошқа харажатлар қилади. Уларни асослантирилган деб ҳисоблаб, келгуси давр харажатлари сифатида тенг миқдорларда ҳисобдан чиқариш мумкинми?

 

– Иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган қуйидаги чиқимлар асосланган ҳисобланади (СК 305-м. 4-қ.):

даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган бўлса;

тадбиркорлик фаолиятини сақлаб туриш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ёхуд хизмат қилса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан алоқаси аниқ асосланган бўлса;

қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқса.

Маҳсулотнинг белгиланган стандартларга мувофиқлигини таъминлаш, уни сертификатлаштириш асосланган ҳисобланади, сабаби бу қонун ҳужжатларининг талабларидан келиб чиқади.

Атроф-муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндилар жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган нормалар доирасида асосланган ҳисобланади. Нормативлардан ортиқча харажатлар фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегирилмайди (СК 317-м. 8-б.).

Молиявий-иқтисодий даврий нашрларга обуна ҳам иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган ҳисобланади, чунки улар бизнесни тўғри юритишга ёрдам беради, бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш соҳасида хатоларни камайтиради.

Келгуси даврлар харажатлари жорий ҳисобот даврида амалга оширилади, бироқ келгуси ҳисобот даврларига тегишли бўлади. Улар жорий харажатларга тенг миқдорларда белгиланган муддат ёки ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми ёки сонига мутаносиб равишда ҳисобдан чиқарилади (21-сон БҲМС, 2-илова, III бўлим).

Бундай харажатларга хизмат обунаси, суғурта, ижарага харажатлар ва узоқ муддатли хизматларга олдиндан тўлов билан боғлиқ бошқа харажатлар киради.

Келгуси даврлар харажатларини жорий харажатларга бир маромда ҳисобдан чиқариш СКда назарда тутилган солиқ солиш мақсадларида харажатларни ҳисобга олиш тартибига зид эмас. Асосийси, улар асосланган ва ҳужжат билан тасдиқланган бўлсин.

 

 

Гидрогеология харажатлари қандай ҳисобга олинади

 

– Ҳудудни ўрганиш, гидрогеологик қидирув ва геология-разведка ишларини олиб бориш (ГРИ), ГРИ учун лицензия олиш, ГРИни олиб боришда атроф-муҳитга таъсирни ўрганиш, имзоли бонус ва кон очиш чоғида қазиб олиш учун лицензия олиш харажатлари харажатларнинг қайси гуруҳига киритилади?

 

– Фойдали қазилмаларни қазиб олиш бошланиши пайтигача қилинган харажатлар амортизация қилинадиган активнинг алоҳида гуруҳини ташкил этади (СК 311-м.). Уларга қуйидаги харажатлар киради:

геологик жиҳатдан ўрганиш;

разведка қилиш;

фойдали қазилмаларни қазиб олишга доир тайёргарлик ишлари;

баҳолаш;

конни ободонлаштириш;

имзоли бонус ва тижоратбоп топилма бонусни тўлашга;

СКга мувофиқ чегириб ташланиши лозим бўлган бошқа харажатлар.

Чиқимлар белгиланган нормалар доирасида харажатлар жумласига киритилади.

Тўпланган харажатлар (амортизация қилинадиган актив қиймати) фойдали қазилмаларни қазиб олиш бошланган пайтдан эътиборан корхонанинг жами даромадидан амортизация ажратмалари тарзида чегириб ташланади.

Амортизация ажратмаларининг ҳар йилги суммаси, корхонанинг хоҳишига кўра белгиланадиган амортизация нормасини қўллаш йўли билан ҳисоблаб чиқарилади. Бунда у амортизация қилинадиган актив қийматининг 15%идан ортиқ бўлмаслиги керак.

 

Прочитано: 721 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика