Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 05 / Долзарб мавзу

Экологик кун тартиби: Бугун! Эртага кеч бўлади

 

Бир йил олдин, 24–25 январь кунлари Тошкентда Европа Иттифоқи–Марказий Осиё атроф муҳит ва сув ресурслари соҳасида ҳамкорлик бўйича юқори даражадаги 6-конференция бўлиб ўтган эди. Унда томонлар иқлим ўзгариши натижасида юзага келаётган ортиб бораётган хатарлар ва уларнинг жиддий оқибатлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш учун изчил мулоқотларни давом эттириш ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини тасдиқлаган эдилар.

 

 

 

Марказий Осиёнинг бугунги тараққиёти, иқтисодиётларнинг бир-бирини тўлдириши, мамлакатлар салоҳиятининг бирлашишга бўлган талаб-эҳтиёжи, ўзаро фундаментал қарама-қаршиликларнинг йўқлиги Марказий Осиёга нисбатан ЕИнинг Янги Стратегияси доирасида экологик лойиҳаларни изчил рўёбга чиқаришга объектив замин яратади. Буларнинг барчаси мамлакатимизда ҳозирда олиб борилаётган демократик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мажмуасига айни ҳамоҳанг келади.

 

Норматив-ҳуқуқий база

Президентнинг 30.10.2019 йилдаги ПФ-5863-сон Фармони билан 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси тасдиқланди. Концепция эришилган натижалар, мақсадли кўрсаткичлар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича тегишли даврга мўлжалланган асосий йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 3 йил муддатга алоҳида-алоҳида тасдиқланадиган «Йўл хариталари» асосида босқичма-босқич амалга оширилади. Уларни амалга ошириш бўйича таъсирчан мониторинг юритиш Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига топширилди.

Иқлимий жараёнлар давлат чегараларини тан олмайди, уларнинг салбий оқибатларини фақатгина халқаро ҳамкорлик доирасида камайтириш мумкин, шунинг учун Ўзбекистоннинг БМТнинг иқлим бўйича Париж битимига (12.12.2015 йил, Париж, 2.10.2018 йилдаги ЎРҚ-491-сон Қонун билан ратификация қилинган) қўшилиши мамлакатимиз экологик сиёсатининг устуворликларини акс эттирувчи мантиқий қадамларидан бўлди.

Ўзбекистоннинг Париж битими бўйича мажбуриятларни бажариши мақсадида Президентнинг  4.10.2019 йилдаги ПҚ-4477-сон қарори билан 2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси тасдиқланди.

Республикамиз «яшил» иқтисодиётга ўтишининг асосий вазифалари ЕИ–МОнинг атроф муҳит ва сув ресурслари соҳасида ҳамкорлиги Платформасининг мақсадли режаларига мувофиқ келади. Улар иқтисодиётнинг базавий тармоқлари энергия самарадорлигини ошириш; қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш; иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш ва уларни юмшатиш, табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва табиий экотизимларни асраш; «яшил» иқтисодиётни қўллаб-қувватлашнинг молиявий ва номолиявий механизмларини ишлаб чиқишга қаратилгандир. Стратегияда ушбу йўналишда, шу жумладан икки томонлама ва кўп томонлама шартномалар тузиш орқали халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш белгилаб берилган.

 

Мамлакатимиз бугунги экологик таҳдидларни юмшатиш ва сусайтириш бўйича бутунжаҳон ҳаракатининг бир қисми ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Вена конвенциясига (22.03.1985 йил, Вена) ва Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреал протоколига қўшилди (16.09.1987 йил, Монреаль) қўшилди.

Ўзбекистон учун Монреал протоколининг халқаро мажбуриятларини бажаришга риоя этишнинг стратегик йўналиши бўлиб 2030 йилда ­сайёрамизнинг озон қатламини бузаётган гидрохлорфторуглеродлар ишлатишни батамом тўхтатиш ҳисобланади.

Ўзбекистон 1993 йилдан буён БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенциясининг (Нью-Йорк, 1992 йил май) аъзоси ҳисобланади, ушбу Конвенцияга Киото протоколи 1998 йилда имзоланган ва 1999 йилда ратификация қилинган, Париж битими эса 2017 йилда имзоланган ва 2018 йилда ратификация қилинган.

 

Сув ресурслари

Ер ости чучук сувларининг нотекис тақсимланиши сабабли республикамизнинг. ғарбий туманларида ичимлик сувининг кескин танқислиги сезилади (Қорақалпоғистон, Хоразм ва Бухоро вилоятлари, Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах, Сурхондарё вилоятларининг ғарбий туманлари). Ирригация тизимининг муттасил ривожланиши, коллектор-дренажлардан, шунингдек саноат корхоналаридан чиқадиган ифлосланган сувларнинг сув манбаларига оқизилиши ер сатҳи ва у билан боғлиқ ер ости сувларининг ифлосланишига олиб келди.

Ифлослантирувчи моддаларни сув объектларига кўплаб оқизиш очиқ сув манбалари ифлосланишига олиб келади ва пировард натижада сув флораси ва фаунасига қақшатқич зарба беради ҳамда аҳоли саломатлигига таъсир кўрсатади.

Сув ресурслари ҳолатини яхшилаш учун Концепцияда, хусусан, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида коллектор-дренаж тармоғини реконструкция қилиш ва тиклашни таъминлаш, шунингдек, суғориладиган ерларнинг сув таъминотини яхшилаш учун янги сув омборларини қуриш, Орол денгизининг Ўзбекистон томонидаги қуриган тубида дов-дарахтлар экилган майдонларни кўпайтириш назарда тутилган.

Орол денгизининг Ўзбекистон томонидаги қуриган тубида 461 минг га майдонга саксовул уруғлари экилди, 1,1 млн га майдон тузга бардошли кўчатлар экишга тайёрлаб қўйилди.

Коммунал соҳада сув ресурслари йўқотишларини, шунингдек қишлоқ хўжалигида сув истеъмоли салмоғини камайтириш; саноат корхоналарининг тозалаш иншоотлари билан жиҳозланишини рағбатлантириш, шунингдек, саноатда сув таъминотининг айланма цикли кенг жорий этилишини таъминлаш; аҳолини марказлаштирилган канализация тизими билан қамраб олиш кўламини ошириш режалаштирилган.

 

Атмосфера мусаффолиги йўлида

Концепцияда республикада металлургия, энергетика корхоналари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, нефть-газ ва кончилик саноати корхоналари ҳамда автотранспорт атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи асосий манбалардан эканлиги кўрсатилган. Давлат экологик сертификатлаштириш ва стандартлаштириш марказининг маълумотларига кўра, мамлакатимизда 99,5 мингта турғун ва 2 816 мингта ҳаракатдаги (автомототранспорт воситалари сингари) ифлослантирувчи манбаларга эга 3 500 тадан ортиқ саноат корхоналари ишлаб турибди.

Атмосфера ифлосланиши даражасини пасайтириш учун ПФ-5863-сон Фармонга кўра қуйидагилар тақиқланади:

1.01.2020 йилдан бошлаб ­«Евро-4»дан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисини ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ишга тушириш;

қуйидагиларни «Вақтинча олиб кириш» ва «Эркин муомала (импорт) учун чиқариш» божхона режимига жойлаштириш:

1.01.2020 йилдан бошлаб ­«Евро-3»дан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисини, 1.01.2023 йилдан бошлаб эса «Евро-4»дан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисини;

заҳарлилик даражаси «Евро-4» экологик тоифа талабларига мос келмайдиган газ, бензин ва дизель двигателлари билан жиҳозланган «М» ва «N» тоифаларидаги ғилдиракли транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни сотиш мақсадида.

2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабрга қадар мамлакатимизда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий жорий этилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 5.09.2019 йилдаги 737-сон қарори билан Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тўғрисида низом тасдиқланган. Унда 2021 йил 1 январга қадар Атроф табиий муҳит давлат мониторинги тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базасини тўлиқ фаолият кўрсатишини таъминлаш лозимлиги назарда тутилган. Шу муддат оралиғида атроф табиий муҳитга таъсир қилиш хавфи юқори бўлган янги ишга тушириладиган хўжалик субъектларининг атмосфера ҳавосини ифлослантириш манбаларида намуналарни олиш ва таҳлил қилиш бўйича автоматик станциялар, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда стационар кузатиш пунктларини (постларини) ўрнатиш режалаштирилган.

Атмосфера ҳавосининг жорий ифлосланиш даражаси электр ва иссиқлик энергияси манбаларини диверсификациялаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни тақозо этади. Хусусан, Концепцияда қуйидагилар назарда тутилади:

электр энергия ишлаб чиқарадиган қувватларнинг умумий таркибида қайта тикланадиган муқобил манбалар улушини кўпайтириш;

биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш соҳасидаги чора-тадбирларни, паст углеродли технологиялардан ва хусусий хўжаликларда янада тоза ёқилғи турларидан фойдаланишни рағбатлантириш;

транспортни газ баллон ёқилғисига, электр қувватига ва бошқа муқобил ёқилғи турларига ўтказиш;

2030 йилгача ғилдиракли транспорт воситаларининг ҳамда мотор ёқилғисининг «Евро-6» экологик тоифадаги стандартларини қабул қилиш;

янгидан фойдаланишга топширилаётган ишлаб чиқариш қувватларининг атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи стационар манбаларида самарадорлиги 99,5 фоиздан паст бўлмаган, амалдагиларида 95 фоиздан паст бўлмаган чанг ва газларни тутиб қолувчи қурилмалар қўлланилишини таъминлаш;

ифлослантирувчи моддалар чиқаришнинг, шу жумладан иқтисодиёт секторлари бўйича кадастрларини яратиш.

Ўзбекистон Турғун органик ифлослантирувчи моддалар тўғрисидаги Стокгольм конвенциясини ратификация қилган (8.05.2019 йилдаги ЎРҚ-535-сон Қонун).

ПФ-5863-сон фармон билан мазкур конвенциянинг талабларини бажариш бўйича Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва қабул қилинган.

 

ЕИ–МО ҳамкорлиги доирасида

Атроф муҳит ва сув ресурслари соҳасида ҳамкорлик платформаси 2009 йили Рим шаҳрида (Италия) Европа Иттифоқи–Марказий Осиёнинг юқори даражадаги конференциясида қабул қилинган эди. Платформа Марказий Осиё мамлакатлари билан келишилган, МО учун ЕИ Стратегиясини амалга ошириш учун ҳамкорлик чегараларини ўз ичига оладиган ҳужжатдир. Унинг устувор вазифалари илк бор 2009 йилда Римда Европа Иттифоқи–Марказий Осиёнинг юқори даражадаги 3-конференциясида келишилган ва кейинчалик Бишкекдаги (2013 й.), Миландаги (2015 й.) ва Тошкентдаги (2019 й.) юқори даражали конференцияларда тасдиқланган.

Европа парламенти ва Кенгаши 2019 йил 19 июнда ЕИ Марказий Осиёга нисбатан янги Стратегияни эълон қилди ҳамда «ЕИ ва Марказий Осиё: янада мустаҳкам ҳамкорлик бўйича янги имкониятлар» қўшма коммюникесини қабул қилди. Стратегия ўзаро боғлиқ бўлган 3 та устуворликни ўз ичига олади: «Барқарорлик учун ҳамкорлик», «Тараққиёт учун ҳамкорлик» ҳамда «Биргаликда яхшироқ ишлаш».

2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясида минтақа учун умумий бўлган таҳдидларни ҳамкорликда ҳал этиш учун МО мамлакатлари ҳаракатларини кенгайтиришга ёрдам берувчи бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, чегарадош давлатлар билан қуйидаги соҳаларда шартномавий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш ва такомиллаштириш:

кимёвий, биологик, радиологик материаллар таъсири хавфини камайтириш;

трансчегаравий экологик муаммолар реестрини ва уларни мониторинг қилиш тизимларини шакллантириш;

трансчегаравий қўриқланадиган табиий ҳудудларни ташкил этиш;

атроф-муҳит сифатининг ягона нормативлари, стандартларини биргаликда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, шунингдек, соҳа мутахассисларини тайёрлаш;

Марказий Осиё трансчегаравий дарёлар ҳавзаларини бошқариш.

Ушбу тадбирлар ЕИ Стратегиясининг устувор вазифаларига ҳам ҳамоҳанг келади. Зеро, ҳеч кимга сир эмаски, экология масаласи ҳаммамиз учун кун тартибида турган энг долзарб масалалардандир.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз

Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

 

Прочитано: 526 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика