Norma.uz
Норма маслахатчи / 2019 йил / № 34 / Биз яшайдиган уй

Янги қурилган уйларга туташ майдонлар: ер солиғини ким тўлайди?

 

Ўзбекистонда юридик ва жисмоний шахслар эгалик қилиш, фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлишлари мумкин (ЕКнинг 17-моддаси).

 

Ер кодексининг 10-моддасида қуйидаги тушунчалар келтирилган:

 

«Ер участкаси – ер фондининг қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашиш манзилига, ҳуқуқий режимга ҳамда давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа хусусиятларига эга бўлган қисмидир.

Ер участкасининг чегараси планларда (чизмаларда) қайд этилади ва натурада (жойнинг ўзида) белгиланади. Ер участкасининг майдони натурада (жойнинг ўзида) чегара белгиланганидан кейин аниқланади.

Ер участкаси бўлинадиган ва бўлинмайдиган бўлиши мумкин.

Ўзининг асосий фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ва ёнғинга қарши, санитария, экологияга оид, шаҳарсозлик ҳамда бошқа мажбурий нормалар ва қоидаларни бузмаган ҳолда қисмларга бўлиш мумкин бўлган ва бу иш амалга оширилганидан кейин ҳосил бўлган қисмларнинг ҳар бири мустақил ер участкасини ташкил этиши мумкин бўлган ер участкаси бўлинадиган ер участкаси ҳисобланади.

Фойдаланиш мақсадига кўра мустақил ер участкаларига бўлиниши мумкин бўлмаган ер участкаси бўлинмайдиган ер участкаси ҳисобланади».

 

Ер кодексининг 31-моддасида қуйидагича белгиланган:

 

«Юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади».

 

Ер кодексининг 23-моддасига мувофиқ:

 

«Берилган (реализация қилинган) ер участкасининг чегаралари Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси органлари томонидан натурада (жойнинг ўзида) белгилангунига ҳамда ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатлар берилгунига қадар мазкур ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланишга киришиш тақиқланади».

 

Бу қурувчи исталган ҳаракатни бошлашдан олдин айтиб ўтилган ҳужжатга эга бўлиши кераклигини англатади, ҳужжат асосида унда қурилган кўп квартирали уйдаги квартираларни сотишда ер участкасининг кейинги тақдири ҳал бўлади. У қандай кечади?

 

Жавобни Ер кодексининг 22-моддасидан топиш мумкин:

 

«Корхонанинг, бинонинг, иншоотнинг ёки бошқа кўчмас мол-мулкнинг бир қисмига бўлган мулк ҳуқуқи, хўжалик юритиш ҳуқуқи, оператив бошқариш ҳуқуқи янги мулкдорга ёки бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг эгасига ўтган тақдирда, унга ер участкасининг корхонанинг, бинонинг, иншоотнинг ёки бошқа кўчмас мол-мулкнинг улушига мутаносиб бўлган қисмига эгалик қилиш ва ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқи ҳам ўтади, ер участкасини бундай ажратиш мумкин бўлмаган ҳолларда, шунингдек ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган масалалар юзасидан низолашилган тақдирда эса ер участкасининг бўлиниши Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси органлари томонидан амалга оширилиб, туман, шаҳар ҳокимининг қарори билан тасдиқланади ва шундан кейин ер участкасига эгалик қилиш ҳамда ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқи давлат рўйхатига олиниб, давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги тегишли гувоҳномалар берилади».

 

Бошқача айтганда, ҳар бир квартира мулкдори уйнинг (бўлинмайдиган участка эканлигини таъкидлаб ўтамиз) умумий майдонида квартира майдони улушига мутаносиб бўлган ер участкаси қисмига эгалик ҳуқуқини олади. Бундан кейин ушбу ҳуқуқнинг бошқа шахсга ўтиши мулкдорнинг ўзи ердан фойдаланишдан воз кечганда (ЕКнинг 36-моддасида белгиланган ердан фойдаланишни рад этиш ҳуқуқи), ёхуд ҳокимиятнинг ер участкасини (бир қисмини) олиб қўйиш ва уни бошқа шахсга бериш тўғрисидаги тегишли қарори билан амалга оширилади. Ушбу ҳуқуқ шунчаки «автоматик равишда» ХУМШга, бошқарувчи компанияга ёки бошқарувчи жисмоний шахсга ўтиши мумкин эмас. Янги қурилган уйлар ва олдин қурилган турар жойлар ўртасидаги фарқ шунда билинади, у ерда квартира мулкдорларига уйининг тагидаги ер майдони тегишли бўлади, туташ майдонлар эса квартира мулкдорларига, ХУМШ ёки бошқарувчи шахсга ҳокимиятнинг алоҳида қарорлари билан умумий фойдаланиладиган ер участкалари қисмидан ажратилади.

Энди ердан фойдаланганлик учун ҳақ тўлашни кўриб чиқамиз.

 

Ер кодексининг 28-моддасида шундай дейилади:

 

«Ўзбекистон Республикасида ердан фойдаланганлик учун ҳақ тўланади.

Ўз эгалигида ва фойдаланишида ҳамда мулкида ер участкалари бўлган юридик ва жисмоний шахслар ер учун ҳақ тўлайдилар. Ер учун ҳақ ҳар йили тўланадиган ер солиғи шаклида олинади, унинг миқдори ер участкасининг сифатига, жойлашишига ва сув билан таъминланиш даражасига қараб белгиланади».

 

Солиқ кодексига мувофиқ юридик шахслар (Солиқ кодексининг 279-моддаси) ва жисмоний шахслар (Солиқ кодексининг 287-моддаси) ер солиғини тўловчилар ҳисобланади. Ер участкалари солиқ солиш объектидир (Солиқ кодексининг 280, 288-моддалари). Ер участкалари мулк сифатида, эгалик қилиш ва фойдаланиш учун берилади.

 

Солиқ кодексининг 279-моддасига биноан нотижорат ташкилотлар ер солиғини тўлашдан озод этилади:

«Нодавлат нотижорат ташкилоти – жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган ўзини ўзи бошқариш ташкилотидир» («Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддаси).

Бундан келиб чиқадики, ХУМШ ННТ ҳисобланади ва унга фойдаланишга ажратилган туташ ҳудудлар учун ер солиғи тўланмайди. Лекин ер участкалари уйдаги квартира мулкдорлари ёки тижоратчи ҳисобланган бошқарувчи шахсга тегишли бўлса, улар солиқ тўлашига тўғри келади.

Бу ерда янги қурилган уй-жойлардан квартира сотиб олувчилар учун яширин жиҳат мавжуд. Юқорида кўриб чиққанимиздек, қурувчидан янги уйдан уй-жой сотиб олиб, у дарҳол қурувчига ажратилган ер участкасининг бир қисмига эгалик ҳуқуқини қонунан қўлга киритади (дарвоқе, бу нотурар жой биноларини сотиб олувчиларга ҳам тааллуқли). Мулкдор ер солиғини тўлашига тўғри келади, ердан фойдаланишни рад этиш эвазига бундан қутулиши мумкин.

Кўриб турганимиздек, қонунчилик, бир томондан, ер ва солиқ муносабатларини аниқ белгилаган, иккинчи томондан эса, ўзгаришлардан ортда қолганлиги сабабли кўпгина муаммолар юзага келмоқда.

Аслида, қайси бино мулкдори бошқа шахслар фойдаланадиган ер учун катта миқдорда солиқ тўлашни хоҳларди, дейсиз, бу адолатдан ҳам бўлмайди. Бошқарувчи шахс бор кучи билан уйга туташ ҳудудлардан фойдаланиш ҳуқуқидан воз кечишга ҳаракат қилади (у эмас, балки бошқа шахслар фойдаланувчи бўлади!) ёки солиқни тўлаб, ўз хизматлари ҳақини мажбуран оширишига тўғри келади, бундай қилса уйдаги мулкдорлар у билан ишлашни хоҳламай қоладилар. Қолаверса, тегишли қонун ҳужжатларига кўра ҳуқуқни бошқа шахсга ўтказишни расмийлаштиришга доир тартиб-таомиллар беҳисоб низолар ва сарсонгарчиликларни юзага келтирмоқда.

Афтидан, буни ҳал этишнинг энг мақбул йўли – ердан фойдаланиш ҳуқуқи кимга расмийлаштирилганидан қатъи назар, уйга туташ участкалардан бепул, ер солиғини тўламаган ҳолда фойдаланишни қонунан белгилаш керак. Йирик турар жой мажмуаларида ер участкалари ўраб олинган бўлса, кўпгина янги қурилган уй-жойларда участкалар  аслида умумий фойдаланиладиган ерлар сифатида қолдирилмоқда. У ердаги ҳар бир болалар майдончаси олдига қоровул қўйиб, унинг қўлига бу ерда ўйнаш ҳуқуқига эга бўлган болалар рўйхатини тутқазиш имконсиздир.

 

Валерий Стаховский.

 

Прочитано: 82 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика