Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 32 / Долзарб мавзу

Мутасаддилар энергия ресурсларининг нархи оширилиши билан боғлиқ саволларга жавоб берди

 

2019 йил 30 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархлари ва тарифларни ўзгартириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти, уни қабул қилишнинг объектив сабаблари, қарорнинг иқтисодиётга, одамларнинг турмуш даражасига бўлган таъсири хусусида тўхталиб ўтилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Молия, Энергетика вазирликлари, «Ўзтрансгаз», «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамиятлари мутасаддилари иштирок этиб, энергия ресурсларининг нархи оширилиши билан боғлиқ саволларга жавоб берди.

Мутахассислар изоҳига кўра, тарифларни ошириш ички бозордаги нархларни жаҳондагига яқинлаштириш эмас, балки корхоналарнинг зарарига ишламасдан, давлат ёрдамисиз, мустақил равишда, мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлиги учун стратегик аҳамиятга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга эришиш чорасидир.

Ҳозирги кундаги нархлар билан ушбу соҳаларга хусусий инвесторларни жалб қилиб бўлмайди. Бу тарифларни зарар кўрмаслик нуқтасигача ошириш зарурлигини яна бир бор исботлайди, буни амалга ошириш ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилишга сармоя киритишга имкон беради.

Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30 июлдаги қарори билан деярли барча ёқилғи-энергетика ресурслари нарх ва тарифлари ўртача 18 фоиз ошиши белгиланди. 15 августдан бензин, дизель ёқилғиси, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир, электр энергияси, иссиқлик таъминоти, ичимлик суви тарифлари оширилиши режалаштирилмоқда.

Бензин – Аи-80 – 4500 сўм (ҳозир – 4 000 сўм), дизель ёқилғиси – 5 400 сўм (ҳозир 4 800 сўм), газ – аҳолига етказиб берилаётган 1 метр куб табиий газнинг баҳоси ҳисоблагич бўлганда 380 сўм (ҳозир – 320 сўм), ҳисоблагичсиз овқат пишириш ёки совуқ сувни иситиш учун ишлатиладиган газнинг нархи 660 сўм (ҳозир – 553 сўм), хонани иситиш учун эса 380 сўм (ҳозир – 320 сўм) этиб белгиланмоқда.

Маиший истеъмол учун аҳолига сотилаётган бир килограмм суюлтирилган газ нархи ҳозирги 950 сўм ўрнига 1 120 сўм бўлади. Маиший истеъмолчилар учун 1 кВт/с электр энергияси нархи 250 сўмдан 295 сўмга оширилса, бошқа тоифадаги истеъмолчилар учун 450 сўмга кўтарилмоқда.

Аванс тўлов муддати ҳам 12 ойдан 6 ойгача туширилди. Кейинчалик ушбу давр 2 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга қисқартирилади (ҳозир – 6 ой). Сув таъминоти ва канализация хизматлари учун 15 августдан иссиқлик таъминоти, сув таъминоти ва канализация хизматларига «рентабеллиги таъминланиши ҳисобга олинган ҳолда» янги тарифлар жорий этилиши белгиланди.

– Кенг жамоатчилик орасида нархлар 5 баробар ошди деганлар ҳам бўлди, – деди молия вазири Жамшид Қўчқоров. – Бу нотўғри маълумот. Аслида молиявий интизомни мустаҳкамлаш, ёқилғи энергетика комплекси корхоналарининг барқарор ривожланиши ва безарар ишлашини таъминлаш мақсадида янги нархлар жорий этилди. Аслида ривожланган бозор иқтисодиётида тарифлар харажатларни қоплайдиган даражада бўлиши керак. Мазкур энергия манбаларининг асл таннархи аҳолига сотилаётганидан анча баланд ҳисобланади. Масалан, 1 киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун 450 сўм сарфланмоқда. Шунингдек, 1 куб метр табиий газни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш 751 сўмни ташкил этади. Шуни эътиборга олиб, давлатимиз томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимоясини ташкил этиш мақсадида паст нархлар белгиланди. Эндиликда 1 киловатт/соат электр энергияси 295 сўм этиб белгиланди. Бу аввалги сумманинг устига 45 сўм қўшилди, дегани. Ёки 1 куб метр табиий газ 380 сўм этиб белгиланди. Ҳозирги нархга 60 сўм қўшилаяпти.

 

Бозор иқтисодиётида тош-тарози тўғри бўлиши керак. Нарх-наво эркин бўлиши лозим. Нархнинг ошиши табиий жараён. Бу ҳеч бир вазирлик, ташкилотнинг хоҳиши билан бўлмайди, аксинча, бозор талаби.

 

ЎзА.

Прочитано: 866 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика