Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 11 / Амалий бухгалтерия

Хизматлар таннархини аниқланг

 

Хусусий тиббий клиникамиз Президентнинг 1.04.2017 йилдаги ПҚ-2863-сон қарори ва Низомга (АВ томонидан 1.08.2017 йилда 2911-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ, солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағларнинг камида 25%и миқдорида ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга бепул тиббий хизматлар кўрсатиши керак. Бўшаётган маблағларнинг жамғарилган суммаси 8840-счёт кредитида акс эттирилган.

Фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифасига бепул тиббий хизматлар кўрсатилиши бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади?

 

– Бухгалтерия ҳисобида солиқ имтиёзлари Юридик шахсларга солиқлар, божхона ва мажбурий тўловларни бюджетга тўлаш бўйича берилган имтиёзларни расмийлаштириш ва бухгалтерлик ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 2.04.2005 йилда ­1463-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ акс эттирилади.

Бўшаётган маблағларни мақсадли вазифаларни бажаришга йўналтириш шарти билан солиқ имтиёзларининг бухгалтерия ҳисоби 8840-«Мақсадли ишлатиладиган солиқ имтиёзлари» счётида юритилади (Низомнинг 7-банди). Президентнинг 1.04.2017 йилдаги ПҚ-2863-сон қарори 8-бандида бўшаган маблағлардан мақсадли фойдаланиш назарда тутилган.

Солиқ имтиёзларини қўллаш натижасида сизнинг 8840-счётда муайян сумма тўпланади. Хизматлар кўрсатилганда 2010-«Асосий ишлаб чиқариш» счётида уларнинг таннархи шаклланади. Кўрсатилаётган хизматнинг ҳар бир турига раҳбар томонидан тасдиқланган таннарх калькуляцияси бўлиши керак.

Калькуляция – хизмат бирлигини ишлаб чиқариш билан боғлиқ харажатлар акс эттириладиган ҳужжат. У калькуляциялаш – муайян хизмат турини, харажатларнинг ҳар бир моддаси бўйича алоҳида ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ харажатлар ҳажмини аниқлаш якунлари бўйича тузилади. У муайян хизмат турини кўрсатиш учун фойдаланиладиган сарфлаш материаллари, хизмат кўрсатиш вақти, бинобарин, тиббиёт ходимларининг иш ҳақи, асосий воситалар амортизацияси ва хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бошқа харажатларни ўз ичига олади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга кўрсатиладиган хизматлар таннархини аниқлаш учун алоҳида иккиламчи счёт (масалан, 2010.2-«Асосий ишлаб чиқариш – Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун хизматлар») очишни тавсия этамиз.

Бепул хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бўлган, 2010.2-счётда шаклланган таннарх ҳисобот даври якунланганда 8840-счётдаги кредит қолдиғини камайтиради:

8840-«Мақсадли ишлатиладиган солиқ имтиёзлари» счёти дебети

2010.2-«Асосий ишлаб чиқариш» счёти кредити.

 

Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.

 

Прочитано: 1417 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика