Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 04 / Хўжалик юритиш амалиётидан

Ихтиёрий тугатиш: хатти-ҳаракатлар тартиби

 

Кредиторлик ва дебиторлик қарзи мавжуд бўлганда ДСИга ихтиёрий тугатиш ҳақида хабарнома бериш мумкинми?

 

Ҳа, мумкин.

Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисидаги низом (27.04.2007 йилдаги ПҚ-630-сон қарор билан тасдиқланган) билан белгиланган.

Корхонани ихтиёрий тугатишнинг умумий муддати рўйхатдан ўтказган орган бундай қарор қабул қилингани ҳақида хабардор қилинган санадан бошлаб 9 ойдан ошмайди.

Қарор қабул қилингандан кейин муассислар (мулкдор) томонидан тайинланган тугатувчи корхонанинг активлари ва мажбуриятларини инвентаризациядан ўтказиши керак. Уни ўтказиш чоғида Тугатилаётган корхонанинг мол-мулки ва мажбуриятларини инвентарлашни ташкил этиш ва қийматини аниқлаш бўйича йўриқнома (АВ томонидан 3.02.2000 йилда 887-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ҳамда 19-сон БҲМС «Инвентарлашни ташкил этиш ва ўтказиш» (АВ томонидан 2.11.1999 йилда 833-сон билан рўйхатдан ўтказилган) қоидаларига амал қилиши лозим.

Шунингдек тугатувчи йил бошидан бошлаб рўйхатдан ўтказган орган хабардор қилинган санагача бўлган даврда корхона томонидан тўланадиган барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб-китобларни тузади. Бир вақтнинг ўзида корхонанинг дебиторлик қарзларини олиш чораларини кўради. Тугатувчи тасдиқнома (почта квитанцияси, ёзма ёки электрон хабар ва шу кабилар қабул қилиб олинган санаси тўғрисидаги белги) олган ҳолда кредиторларни аниқлайди ва корхонанинг тугатилиши тўғрисида уларни ёзма равишда хабардор қилади. Шуни инобатга олиш лозимки, рўйхатдан ўтказган орган хабардор қилинган санадан бошлаб барча мажбуриятларни, шунингдек муддати кечиктирилган мажбурий тўловларни бажариш муддати бошланган ҳисобланади.

Корхона давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги ДСИ рўйхатдан ўтказган органнинг билдиришномаси белгиланган тартибда олинган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини текширишга (тафтиш қилишга) киришади, унинг муддати 30 календарь кундан ошмаслиги керак.

Кредиторлар томонидан талаблар тақдим этилиши учун белгиланган муддат тугагач ва ДСИ томонидан ўтказилган текшириш натижаларини, шунингдек тугатилаётган корхона қарздор сифатида қайд этиладиган ижро ҳужжатларини ҳисобга олган ҳолда тугатувчи мулкдор томонидан тасдиқланадиган оралиқ тугатиш баланси лойиҳасини тузади.

У тасдиқлангандан кейин тугатувчи 5 иш куни мобайнида (тасдиқномани олган ҳолда) ҳар бир кредиторни унинг талаблари эътироф этилгани ёки рад қилингани, эътироф этилган талаблар суммаси ҳақида ёзма равишда хабардор қилади. Сўнг оралиқ тугатиш балансига мувофиқ, у тасдиқланган кундан бошлаб тугатувчи кредиторларга пул маблағларини тўлайди. Қарзни сўндириш қуйидаги навбат бўйича амалга оширилади:

1) фуқароларга – меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган, алиментларни ундиришга ва муаллифлик шартномалари бўйича пул тўловларига доир талабларини, шунингдек фуқароларнинг ҳаёти ва саломатлигига етказилган зарар учун корхона тегишли вақтбай тўловларни соқит қилиш йўли билан жавоб берадиган талабларини қондириш;

2) бюджетга ва мақсадли давлат жамғармаларига тўловлар;

3) бошқа кредиторларнинг талаблари.

Кредиторлар олдидаги қарзни пул маблағлари, шу жумладан мулкдор томонидан корхонанинг банкдаги счётига ушбу мақсадларда йўналтирилган маблағлар билан ҳам, корхонанинг мол-мулки, шу жумладан баҳоловчи ташкилот бозор қиймати бўйича баҳолаган мол-мулки билан ҳам сўндириш мумкин.

Кредиторларнинг талабларини тўлиқ ҳажмда қондиришнинг имкони йўқлиги аниқланган тақдирда тугатувчи корхонани тўловга қодир эмас (банкрот) деб эътироф этиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши шарт. Корхона банкрот деб эътироф этилган вақтдан бошлаб ихтиёрий тугатиш тўхтатилади ва бундан кейинги тартибот банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Умидсиз қарзлар ва зарарлар тугатиш балансига киритилмайди, мажбуриятлар эса уни тузиш санасида ҳисобланган фоизлари билан акс эттирилади («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 27-моддаси).

Кредиторлар билан ҳисоб-китоблар тугаллангандан, корхона қарздор сифатида иштирок этган ижро ҳужжатлари амалда ижро этилгандан, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, молиявий санкциялар суммаси (шу жумладан, текширишлар якунлари бўйича) тўлангандан, қолган мол-мулк тақсимлангандан кейин тугатувчи тугатиш баланси лойиҳасини тузади. Тугатиш баланси корхона муассислари (мулкдори) томонидан тасдиқланади ва ДСИга топширилади.

Низомга 1-иловада молия-хўжалик фаолиятини амалга ошираётган корхоналарни ихтиёрий тугатишнинг батафсил схемаси келтирилган, унда айрим тартиб-таомилларни бажариш муддатлари кўрсатилган тугатиш механизми босқичма-босқич акс эттирилган.

 

Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.

 

Прочитано: 586 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика