Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 04 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Уйлар ва корхоналар жойлашган ер хусусий мулк қилиб олинади

 

Президентнинг 10.01.2019 йилдаги «Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида ерга бўлган хусусий мулкчиликни жорий этиш юзасидан аниқ қадамлар қўйиш назарда тутилган.

 

2019 йил 1 июлдан бошлаб юридик ва жисмоний шахслар ер участкаларини хусусийлаштира оладилар.

 

Эслатиб ўтамиз, бу хусусий шахсларга ер бериш бўйича ўтказилаётган учинчи кампания. Биринчиси 1995 йилда ўтказилган, бунда хусусийлаштирилаётган савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари улар жойлашган участкалар билан биргаликда инвесторларга берилган. Иккинчиси эса 2006 йилда бошланган. Ўшанда қуйидагилар ерни давлатдан сотиб олишлари мумкинлиги режалаштирилган эди:

 

● юридик шахслар – мулкий ҳуқуқ асосида ўзларига қарашли ёки улар томонидан хусусийлаштириладиган бино ва иншоотлар, ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкаларини, шунингдек мазкур объектларга туташ ер участкаларини ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган миқдорда;

● жисмоний шахслар – якка тартибда уй-жой қуриш ва турар жой биносига хизмат кўрсатиш учун уларга ажратилган ер участкаларини.

Бироқ ўша пайт хусусийлаштириш режаси амалга ошмади. Фикримизча, бунга қуйидагилар сабаб бўлди.

Биринчидан, мулкдорлар ҳам, мулкдор бўлмаганлар ҳам давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ернинг бир томонлама олиб қўйилишидан (қайта сотиб олинишидан) (Ер кодексининг 37-моддаси) бир хилда ҳимояланмаган эдилар. Яъни мулкдор мақоми ер участкаси бут сақланишини кафолатламаган. Қонун ҳужжатларида ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга рухсат бериладиган ҳолатларнинг аниқ рўйхати ҳам мавжуд бўлмаган. Амалиётда бир тадбиркордан бошқасига бериш учун ерни олиб қўйиш ҳоллари учраган.

Иккинчидан, ер мулкдорлари, эгалари, ундан фойдаланувчилар ва уни ижарага олувчилар бир хилда ер солиғини тўлар эдилар (ижарага олувчилар учун ер солиғи ставкаси бўйича ижара ҳақининг киритилиши уни тўлаш деб тан олинади, Солиқ кодексининг XII бўлимига қаранг). Шу тариқа, иқтисодий жиҳатдан олганда ерни сотиб олишдан маъно йўқ эди.

Энди 2006 йилда давлат активлари сирасидан чиқариш режалаштирилган ўша тоифадаги ерларни хусусийлаштиришга қайтадан киришилади. Бироқ ҳозир вазият буткул бошқача.

Президентнинг 1.08.2018 йилдаги ПФ–5495-сон Фармони 3-бандида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш учун асосларнинг чекланган рўйхати белгилаб қўйилди. Давлат раҳбарининг янги Фармонида эса қуйидагилар алоҳида қайд этилди: жисмоний ва юридик шахслар – Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк (фуқаролик муомаласи объектлари) ҳисобланади ва дахлсиздир, шунингдек, «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ давлат томонидан муҳофаза қилинади.

Бундан ташқари, хусусийлаштирилган ва хусусийлаштирилмаган ерларга турли хил солиқ солинади. Хусусийлаштирилмаган участкалар бўйича ер солиғи оширилади. Хусусийлаштирилганларидан эса рағбатлантирувчи ставкаларда мол-мулк солиғи тўланади. Бу ерни сотиб олиш учун иқтисодий рағбат бўлади.

2019 йил 1 июлдан хусусийлаштиришни бошлаш учун бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш назарда тутилган:

● Ер кодексининг янги таҳрири;

● «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонун;

● Юридик шахсларга қарашли бино ва иншоотлар жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш ва бозор қийматини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом;

● Бино ва иншоотлар жойлашган ер участкалари, шунингдек ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган уларга туташ ер участкаларининг чегараларини белгилаш тартиби тўғрисидаги низом;

● Якка тартибда уй-жой қуриш ва турар жой биносига хизмат кўрсатиш учун ажратилган ер участкаларини хусусийлаштириш ва бозор қийматини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом.

 

Самир Латипов,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 1089 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика