Norma.uz

Пенсияни ҳисоблаш: стаж ва иш ҳақини ҳисобга олиш тартибидаги ўзгартиришлар

 

Янги йилдан янги ҳуқуқий ҳужжатлар кучга кирди. Улар орасида пенсия қонунчилигига оид ҳужжатлар ҳам бор. Барча янгиликлардан бохабар бўлиш учун «Пенсия иши» навбатдаги сонини ўқинг.

Аввалгидек ўқувчиларимизнинг саволларига бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси мутахассислари ва «Norma» экспертлари жавоб берадилар.

 

Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига йўлланг.

 

Қонунчиликдаги янгиликлар

Пенсияни ҳисоблаш: стаж ва иш ҳақини ҳисобга олиш тартибидаги ўзгартиришлар

 

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга тузатишлар киритилди (24.12.2018 йилдаги ЎРҚ–508-сон Қонун).

 

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 1 январдан бошлаб фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари бекор қилинди (29.06.2018 йилдаги ­ПФ–5468-сон Фармоннинг 2-банди).

Шу сабабли жорий йилдан пенсияларни тайинлаш учун олинадиган меҳнат стажини ҳисобга олиш ва ўртача ойлик иш ҳақини аниқлашнинг янги тартиби белгиланмоқда.

2019 йилгача пенсияни ҳисоблаб чиқараётганда, агар ходим суғурта бадалларини тўлаган бўлса, ҳар қандай иш ҳисобга олинган. Мазкур тартиб 2019 йил 1 январгача амалга оширилган меҳнат фаолияти даври бўйича меҳнат стажини аниқлаш учун сақлаб қолинган. Ушбу санадан кейин бажариладиган иш даврини ҳисобга олиш учун эса, суғурта бадаллари бекор қилингани сабабли, меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган ҳар қандай иш инобатга олинади.

Тегишинча, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун иш ҳақига, шунингдек иш ҳақининг натурал қисмига:

► 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – суғурта бадаллари ҳисобланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар;

► 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – ҳисобланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар қўшилади.

Шунингдек иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган ходимларга пенсия ҳисоблаб чиқариш тартиби аниқлаштирилди. Бу ўринда якка тартибдаги тадбиркорлар ва улар томонидан ёлланган ходимлар, деҳқон хўжалиги ва оилавий тадбиркорлик субъекти аъзолари ҳақида сўз бормоқда. Уларга пенсия ҳисоблаш учун 2019 йил 1 январгача бўлган давр учун иш ҳақи миқдори – тўланган суғурта бадаллари миқдоридан, ушбу санадан кейин эса тўланган ЯИТ миқдоридан келиб чиқиб аниқланади.

Чет элда ёлланиб ишлаган фуқаролар учун пенсия ҳисоблашнинг худди шундай тартиби амал қилади. Шу тариқа, уларнинг 2019 йил 1 январгача чет элдаги меҳнат фаолияти даври – суғурта бадалларини тўлаган бўлсалар, ундан кейинги давр эса ЯИТ тўлаган бўлсалар, стажга қўшиб ҳисобланади.

Ушбу ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) 25.12.2018 йилда расман эълон қилинган ва 1.01.2019 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Маълумот учун!

Пенсия жамғармаси бўлими пенсия тайинлаш учун ҳужжатларни расмийлаштириш ва тақдим этиш масалалари бўйича ТУШУНТИРИШ ва маълумотномалар БЕРИШИ ШАРТ.

 

 

 

Қарз-қурзсиз яшанг

 

Фуқароларга ортиқча тўланган барча пенсия суммаси қолдиқлари ҳисобдан чиқарилади. Бу меъёр Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида»ги қарорида (26.12.2018 йилдаги ПҚ-4086-сон) назарда тутилган.

 

Ҳужжатда 2019 йил 1 январдан бошлаб зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ҳамда дафн этиш маросими учун нафақаларни тўлаш харажатларини молиялаштириш давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.

Молия вазирлигига 2019 йил 1 январь ҳолатига пенсияларни тўғри тўлаш бўйича текширишлар натижасида аниқланган фуқароларга ортиқча тўланган пенсия суммаси қолдиқларини ҳисобдан чиқариш топширилди (ПҚ-4086-сон қарорнинг 28-банди). Қолдиқларни ҳисобдан чиқариш учун бирор-бир шартлар (пенсионернинг ёши, пенсияни тайинлаш санаси ва бошқалар) ҳужжатда кўрсатилмаган.

Эслатиб ўтамиз, илгари Президентнинг 28.12.2017 йилдаги ПҚ-5291-сон Фармонига биноан 1.01.2018 йил ҳолатига кўра ортиқча тўланган пенсия ва нафақаларнинг қолдиқ суммаси:

► 65 ёшга тўлган ва ундан катта ёшдаги фуқаролардан;

► агар пенсия ёки нафақа 2010 йилгача бўлган даврда тайинланган бўлса ҳисобдан чиқарилган.

Бундан ташқари, 2019 йил охирига қадар пенсиялар тайинланганлиги ҳолати ва уларнинг тўлови миқдорлари тўғрисидаги маълумотномаларни бериш, шунингдек, бола туғилганда бериладиган нафақа ва дафн маросими учун нафақалар тайинлаш юзасидан мурожаатлар бўйича давлат хизматлари кўрсатиш жараёни тўлиқ автоматлаштирилади (ПҚ-4086-сон қарорнинг 37-банди).

 

 

 

Расмий жавоб

 

Янгича қайта ҳисоб-китоб

 

Президентнинг «Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг 3-бандига мувофиқ пенсия миқдорлари қайта ҳисоб-китоб қилинади.

1. Ушбу қайта ҳисоб-китоб қандай амалга оширилади?

Гап шундаки, илгари пенсия расмийлаштиришда Пенсия жамғармаси ходимлари 8 ЭКИҲдан ортиқ иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномаларни ҳар доим ҳам олмас эдилар. Чунончи, пенсионер жами иш ҳақини ҳисобга олишлари учун ўриндошлик асосидаги иш ҳақи тўғрисида қўшимча маълумотларни тақдим этар, Пенсия жамғармаси эса ходимнинг асосий иш жойидаги 8 ЭКИҲ миқдоридаги маоши пенсияни ҳисоблаш ва тайинлаш учун етарли эканини айтиб, уларни қабул қилмас эди. Шу тариқа, ҳамманинг ҳам пенсия йиғмажилдида 10 ЭКИҲ миқдоридаги иш ҳақи тўғрисида маълумотнома мавжуд эмас.

2. Ушбу иш ҳақини қўшимча равишда тасдиқлаш учун пенсионерлар нима қилишлари керак?

Л.Яковлева. Тошкент ш.

 

– Пенсия миқдори ҳисоблаб чиқарилишига асос бўлган ўртача ойлик иш ҳақи энг кам иш ҳақининг 8 бараваридан ортиқ бўлганларнинг пенсиялари қайта ҳисобланади (12.12.2018 йилдаги ПФ-5597-сон Фармон).

Пенсиялар пенсия йиғмажилдида мавжуд ҳужжатлар асосида қайта ҳисоблаб чиқилади, пенсионерларнинг Пенсия жамғармасига келиши шарт эмас.

Иккинчи саволга келсак, пенсияни қайта ҳисоблаб чиқиш учун асос юзага келганда пенсионер қўшимча ҳужжатларни тақдим этиши ва яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига бу ҳақда ариза билан мурожаат қилиши мумкин (Низомнинг 142-банди, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова).

Пенсионер томонидан пенсия тайинлангунгача эга бўлинган иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги қўшимча ҳужжатларнинг тақдим этилиши муносабати билан пенсияни қайта ҳисоблаб чиқишда қайта ҳисоблаш вақтида амалда бўлган иш стажи ва иш ҳақини аниқлаш тартиби қўлланади. Бунда пенсияни қайта ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақи тўланадиган пенсияни тайинлашдан олдинги ишнинг охирги 10 йилидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Пенсияни ҳисоблаш учун қайта ҳисоблаш пайтида амал қилган ЭКИҲнинг 10 баравари миқдоридан ортиқ бўлмаган суммадаги ўртача ойлик иш ҳақи қабул қилинади.

Пенсия миқдорини қайта ҳисоблашда иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициенти қўлланилади (252-сон Низомнинг 155, 156-бандлари).

 

 

 

Ҳам нафақа, ҳам иш ҳақи

 

Нафақа олаётган болаликдан ногирон ишлаб, муайян иш ҳақи ола бошласа, унга нафақа тўламай қўядиларми ёки йўқми?

Бўриев. Тошкент ш.

 

Бу ҳолда тўловлар тўхтатилмайди.

ОИВ инфекциясига чалинган шахс ва 16 ёшдан катта болаликдан ногиронга тайинланган нафақа у ҳақ тўланадиган ишни бажаришидан ёки бошқа турдаги даромадларни (стипендия, алимент ва б.) олишидан қатъи назар тўланади (Низом, ВМнинг 7.04.2011 йилдаги 107-сон қарорига 1-илова).

 

 

 

 

Пенсияга чиққанига қарамай

 

Мен журналистман. Ҳозир пенсиядаман. Энди пенсионерлар пенсиясининг ярмини йўқотмай, ишлашлари мумкин.

Таҳририятнинг материаллар тайёрлаш бўйича бир марталик топшириқларини бажариб, бу иш учун энг кам пенсиядан ошмайдиган миқдорда гонорар олсам, бунинг устига ушбу тўловлар мунтазам келиб тушмаса, бунинг учун ФҲШ расмийлаштиришим ва пенсияни таҳририятда олишим шартми? Ёки бунда одатдагидек яшаш жойидан пенсия олиш мумкинми?

Александр Ш. Тошкент ш.

 

– Таҳририят учун иш бажарсангиз, ишловчи пенсионер бўласиз, ўз муносабатларингизни шартнома билан расмийлаштиришингиз зарур. Ишлаб турган пенсионерга пенсия тўлаш, иш вақтининг қанча давом этишидан, ташкилотнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан, шунингдек шартнома (битим)нинг хусусиятидан (туридан) қатъи назар, қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда иш жойи бўйича тўланади (252-сон Низомнинг ­159-банди).

2014 йил 1 январдан бошлаб фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича ишлайдиган ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган ёшга доир пенсияларнинг минимал миқдоридан паст даромад (гонорар, тақдирлаш пули ва бошқалар) оладиган пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади.

Президентнинг 12.12.2018 йилдаги ПФ-5597-сон Фармонига мувофиқ 2019 йил 1 январдан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланади.

 

 

 

Янги топшириқ ва реквизитлар

 

Раҳбарият пенсионер билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши, бироқ худди шу ташкилотнинг шуъба фирмасида у билан янги шартнома тузилиши ҳақида уни хабардор қилди.

Бу вазиятда Пенсия жамғармасининг туман бўлимига Ф-25 топшириқномасини олиб бориши керак бўладими?

Зарифа К. Тошкент ш.

 

– Меҳнат шартномаси бекор қилиниб, янги меҳнат шартномаси тузилиши муносабати билан Пенсия жамғармаси бўлимига Ф-25 топшириқномаси ва пенсия ўтказиладиган ташкилотнинг янги реквизитларини тақдим этиш зарур.

 

 

 

 

Ҳар бири учун бадал эмас, ЯИТ тўланади

 

Биз меҳмонхона очмоқчимиз. Пенсия олиш учун суғурта бадаллари тўлаш зарурлигини биламан.

Оилавий корхонада улар қандай тартибда тўланади?

Д.Абдуҳафизов.

 

– Илгари оилавий тадбиркорлик субъекти ҳар бир оила аъзоси (давлат рўйхатига олиш тўғрисида гувоҳномада кўрсатилган) учун Пенсия жамғармасига ЭКИҲнинг 50%и миқдорида суғурта бадали тўлаган (Низомнинг 15-банди, ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарорига 1-илова).

2019 йил 1 январдан бошлаб фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари бекор қилинди (29.06.2018 йилдаги ПФ-5468-сон Фармоннинг 2-банди).

Тегишинча, иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган ходимларнинг пенсиясини ҳисоблаб чиқариш тартибига аниқлик киритилди. Уларга якка тартибдаги тадбиркорлар, улар томонидан ёлланган ходимлар, деҳқон хўжалиги аъзолари ва оилавий тадбиркорлик субъектининг оила аъзолари киради. Уларга пенсия ҳисоблаш учун 2019 йил 1 январгача бўлган давр учун иш ҳақи миқдори тўланган суғурта бадаллари суммасидан, ушбу санадан кейин эса тўланган ЯИТ суммасидан келиб чиқиб аниқланади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси 1-қисми «г» банди; 24.12.2018 йилдаги ЎРҚ-508-сон Қонуннинг 1-моддаси 3-банди).

 

Абдурашид Исмоилов,

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

 

 

 

Экспертга савол

 

Қанча муддат тўланади?

 

2018 йил августда ходим (ҳайдовчи) эҳтиётсизлиги туфайли ишлаб чиқаришда жароҳатланди. ТМЭК касб бўйича меҳнатга лаёқатсизлик даражасини 60% деб белгилади. Унга муддатсиз II гуруҳ ногиронлиги берилди. 2017 йил 14 октябрдан ходим ёшга доир пенсионер ҳисобланарди.

Бу ҳолда Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш қоидаларининг (ВМнинг 11.02.2005 йилдаги 60-сон қарорига 1-илова) 5-банди қўлланиладими, корхона қанча муддат учун йўқотилган иш ҳақини қоплаш суммасини тўлайди?

П.Л.

 

– Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш қоидаларининг (ВМнинг 11.02.2005 йилдаги 60-сон қарорига 1-илова) 5-бандида жабрланувчининг қўпол эҳтиётсизлиги унинг соғлиғига зарар етказишига сабаб бўлиши ҳақида сўз боради. Одатда қўпол эҳтиётсизлик даражаси суд томонидан тасдиқланади. Зарарни қоплаш миқдори ҳам суд тартибида белгиланади, у ўз навбатида 50%дан ортиқ камайтирилиши мумкин эмас.

Иш ҳақи ёки унинг бир қисми тўланаётганда, жароҳат олиши туфайли тайинланган ногиронлик пенсиялари, шунингдек меҳнат жароҳати олгунга қадар ва ундан кейин тайинланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа шунга ўхшаш тўловларнинг бошқа турлари етказилган зарарни тўлашда ҳисобга олинмайди (Қоидаларнинг 11-банди ­3-хатбошиси).

Тегишинча, ёшга доир пенсия тайинланганлиги тўланаётган зарар қопламини тўхтатиш ёки миқдорини камайтириш учун асос бўла олмайди.

Яъни корхона ногиронлик гуруҳи берилган муддатда, ойлик тўловлар суммасини камайтирмасдан зарарни қоплаш суммаларини тўлайди.

 

 

 

Пенсия жамғармаси билан ҳисоблашиш

 

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси «б» бандига мувофиқ тайинланадиган пенсия олиш ҳуқуқини берувчи иш ўринларини меҳнат шароитлари юзасидан аттестациядан ўтказиш натижаларининг амал қилиш муддати 2018 йил 6 майда тугади.

Қайси давр учун Маълумотларни топшириш ва, тегишинча, пенсия тўлашга сарфланган харажатларни қоплаш учун маблағларни тўлаш зарур:

а) 2018 йил январь–декабрь учунми;

б) 2018 йил январь–май учунми?

Л.Свиридова, бухгалтер.

 

– Мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар ва ташкилотлар ходим пенсия ёшига тўлгунига қадар «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун 12-моддасининг «б» бандига* мувофиқ тайинланган пенсияларни тўлаш харажатларининг ўрнини қопловчи пулни иш ҳақи тўлашга мўлжалланган маблағлар ҳисобидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказади (Қонуннинг 66-моддаси).

Қонун нормасидан кўриниб турганидек, Пенсия жамғармасининг имтиёзли асосда тайинланган пенсияларни тўлашга амалдаги харажатлари қопланиши лозим.

Ушбу харажатларни қоплаш тартиби «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ пенсияларни тўлашга харажатларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 23.12.2014 йилдаги 357-сон қарорига 1-илова) билан белгиланган.

Ташкилотлар ходим пенсия ёшига етгунига қадар Қонуннинг 12-моддаси «б» бандига мувофиқ тайинланган пенсияларни тўлашга ўтган йил учун Пенсия жамғармасининг амалдаги харажатларини 1 февралгача тўлиқ қоплашлари шарт. Қоплама суммаси Низомнинг 11-бандига мувофиқ белгиланадиган унинг энг кам миқдоридан оз бўлмаслиги керак (Низомнинг 10-банди).

Масалан, Пенсия жамғармаси илгари корхонангизда ишлаган ва 2018 йилгача имтиёзли пенсияга чиққан бешта пенсионерга 2018 йилда 100 млн сўм сарфлаган бўлса, корхонангиз 1 февралгача бу харажатларни (100 млн сўм) қоплаши шарт.

Амалдаги харажатлар «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддаси «б» бандига мувофиқ тайинланган пенсиялар тўлови харажатларини қоплаш бўйича ҳисоб-китобнинг (АВ томонидан 3.11.2016 йилда 2836-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомга 1-илова) 10-сатрида кўрсатилади.

Тегишинча, биринчи навбатда Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилиб, 2018 йилда Пенсия жамғармаси ташкилотингизнинг собиқ ходимларига имтиёзли пенсияларни тўлашга сарфлаган амалдаги харажатлари ҳақида маълумотларни олишингиз зарур.

Бунда Низомнинг 11-бандида кўрсатилган қоидаларга кўра ҳисоблаб чиқариладиган Пенсия жамғармаси харажатларини қоплаш учун зарур суммаларнинг энг кам миқдорлари ҳақида ҳам маълумотга эга бўлиш лозим.

Пенсия жамғармасининг имтиёзли пенсияларни тўлашга сарфлаган амалдаги харажатлари қоплаш учун зарур суммаларнинг энг кам миқдоридан ортса, Жамғарманинг амалдаги харажатлари суммасини тўлайсиз. Бу тўловлар 2018 йилги иш ўринларини аттестациядан ўтказиш натижаларига боғлиқ эмас.

Пенсия жамғармасининг имтиёзли пенсияларни тўлашга сарфлаган амалдаги харажатлари қоплаш учун зарур суммаларнинг энг кам миқдоридан оз бўлса, Жамғарма харажатларининг энг кам миқдорини қоплайсиз (2836-сон Низомнинг 11-банди).

Масалан, Пенсия жамғармасининг илгари корхонангизда ишлаган ва 2018 йилгача имтиёзли пенсияга чиққан битта пенсионерга 2018 йилда сарфлаган харажатлари 5 млн сўмни, қоплаш учун зарур сумманинг энг кам миқдори эса 10 млн сўмни ташкил этган бўлса, корхонангиз 1 февралгача 10 млн сўмни (қоплаш учун зарур сумманинг энг кам миқдорини) тўлаши шарт.

Қоплаш учун зарур энг кам миқдор тўланда якуний ҳисоб-китоб суммасини аниқлаш учун иш ўринларининг меҳнат шароитлари юзасидан аттестациядан ўтказиш натижалари қўлланилади.

Қонуннинг 12-моддаси «б» бандига мувофиқ тайинланган, Пенсия жамғармасига ўтказилиши лозим бўлган пенсияларни тўлашга харажатларни қоплаш учун зарур суммаларнинг энг кам миқдори қуйидаги тартибда аниқланади:

► бундай иш жойларига эга бўлган ташкилотлар ана шундай иш ўринларининг рўйхатини, касблар, лавозимлар номини, мазкур иш жойларида ишловчи ходимларнинг ўртача йиллик сонини, иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш натижаларини ҳисобга олган ҳолда аниқлайдилар;

► ушбу иш жойларидан мазкур йил давомида имтиёзли шартларда пенсияга чиқадиган ходимларнинг сони уларнинг ўртача йиллик сонининг 3%и миқдорида қабул қилинади. Уларга тегишли пенсия миқдорини аниқлаш учун кўрсатиб ўтилган касбларда ишлаган ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи олдинги йил маълумотлари бўйича ҳисоблаб чиқарилади (Қонуннинг 31-моддаси). Пенсия миқдори кўрсатиб ўтилган ўртача ойлик иш ҳақининг ­60%ига тенг бўлади (357-сон Низомнинг 11-банди).

 


*Имтиёзли пенсиялар меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимлар (3-сон Рўйхат, I қисм):

эркакларга – иш стажи камида 25 йил бўлиб, бундан камида 12 йилу 6 ойи кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келган тақдирда;

аёлларга – иш стажи камида 20 йил бўлиб, бундан камида 10 йили кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келган тақдирда тайинланади.

Меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда камида 6 йилу 3 ой (эркаклар) ва камида 5 йил (аёллар) ишлаган ходимларга пенсия Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган пенсия ёши эркакларнинг бундай ишдаги ҳар 2 йилу 6 ойи учун ва аёлларнинг бундай ишдаги ҳар 2 йили учун 1 йилга қисқартирилган ҳолда тайинланади.

 

Маълумот учун!

Ташкилотлар РАҲБАРЛАРИ пенсионер яшайдиган жойдаги Пенсия жамғармасининг тегишли туман (шаҳар) бўлимига пенсионер ишга ҚАБУЛ ҚИЛИНГАНЛИГИ ТЎҒРИСИДА (фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузилганлиги тўғрисида) 5 кун муддатда хабар қилишлари ва ишга қабул қилинганлик тўғрисидаги буйруқдан кўчирмани (фуқаролик-ҳуқуқий шартнома нусхасини) ТАҚДИМ ЭТИШЛАРИ ШАРТ.

 

 

 

Нусхалар қабул қилинмайди

 

Пенсияни расмийлаштириш учун ҳужжатларни тўплаяпман. Ташкилотлардан бирида ишлагач, ундан бўшаётганда буйруқлар ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномалардан нусха беришларини сўрадим. Менга барча ҳужжатларнинг асл нусхаларини қабул қилишларини айтишди. Шу тўғрими?

Сайёра К. Чирчиқ ш.

 

Ҳа, шундай. Иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларнинг фақат асл нусхалари тақдим этилади.

Пенсия тайинлаш учун зарур ҳужжатлар ҳам асл нусхада, ҳам Пенсия жамғармаси бўлими томонидан тасдиқланган нусхаларда тақдим этилиши мумкин. Фақат асл нусхаларда тақдим этиладиган маълумотномалар (иш ҳақи, ногиронлик тўғрисидаги ва бошқа) бундан мустасно (252-сон Низомнинг 27-банди).

 

Маълумот учун!

2019 йил 1 январдан бошлаб БАРЧА ИШЛОВЧИ ПЕНСИОНЕРЛАРГА пенсиялар ТЎЛИҚ миқдорда тўланади.

Бундан ташқари, худди шу санадан пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори ЭКИҲнинг 8 баробаридан 10 баробаригача оширилади. Мазкур оширишни ҳисобга олган ҳолда тўланаётган пенсиялар миқдори ҚАЙТАДАН ҲИСОБЛАБ ЧИҚИЛАДИ.

 

 

 

Стаж ва ногиронлик

 

Холам зарарли ишлаб чиқаришда ишлаган ва муайян вақт касб касаллиги оқибатида ногиронликда (II гуруҳ) бўлган.

Пенсияга чиқаётганда бу давр стажига қўшиб ҳисобланадими?

М.Ковтун. Тошкент ш.

 

Бу давр иш стажига қўшиб ҳисобланади. Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги оқибатида I ва II гуруҳ ногиронлигида бўлинган вақт ёшга доир ёки боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланаётганида стажга қўшиб ҳисобланади (Қонуннинг 37-моддаси 4-қисми).

Бироқ шуни назарда тутиш лозимки, холангиз касб касаллиги оқибатида II гуруҳ ногиронлигида бўла туриб ишлашда давом этган бўлса, ишлаган даври ва бир вақтнинг ўзида касб касаллиги оқибатида II гуруҳ ногиронлигида бўлган вақти стажига икки ҳисса баробарида қўшиб ҳисобланмайди, сабаби бу ҳолат Қонуннинг 38-моддасида белгиланмаган.

 

 

 

Қарорни комиссия чиқаради

 

Мен 7 йилдан ортиқ ишлаган ташкилот ёнғин сабабли ҳужжатларни архивга топширмаган. Меҳнат дафтарчамда ишлаган йилларим ҳақидаги ёзув қайд этилган.

Бу ҳолда қандай йўл тутиш лозим? Бу йиллар стажга қўшиб ҳисобланиши учун нима қилиш керак?

Н.Хайруллина.

 

– Меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқлайдиган асосий ҳужжат ҳисобланади.

У мавжуд бўлмаганда, шунингдек унда зарур ёзувлар бўлмаган ёки меҳнат фаолияти даврлари тўғрисида нотўғри ва ноаниқ ёзувлар мавжуд бўлган ҳолларда, иш стажини тасдиқлаш учун (банд шахснинг иш стажидан ташқари) маълумотномалар, буйруқлардан кўчирмалар, шахсий ҳисобварақлари ва иш ҳақи бериш учун ведомостлар, меҳнат шартномалари (контрактлар), архив маълумотномалари ва меҳнат фаолияти даврлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар қабул қилинади (252-сон Низомнинг 59-банди).

Иш стажи тўғрисидаги тақдим этилган ҳужжатларнинг асосланганлиги ва ишончлилигини аниқлаш мақсадида Пенсия жамғармаси бўлими:

► иш стажини тасдиқлаш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг мазмунини ва зарур тарзда расмийлаштирилганлигини баҳолайди ҳамда зарурат бўлганда улар берилишининг асосланганлигини текшириш тўғрисида қарор қабул қилади;

► зарур ҳолларда меҳнат фаолиятининг айрим даврларини иш стажи даврига ҳисобга олиш ёки ҳисобдан чиқариб ташлаш тўғрисида қарор чиқаради (252-сон Низомнинг 57-банди).

Пенсия жамғармаси бўлими ёки иш стажини белгилаш бўйича махсус комиссия томонидан чиқарилган иш стажини қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисидаги қарорга рози бўлмасангиз, судга мурожаат қилишга ҳақлисиз ­(252-сон Низомнинг 82-банди).

 

 

 

Етти йил ва ундан кўп вақт учун

 

Яқинда 60 ёшга тўламан. 18 йиллик иш стажига эгаман. Бу давр учун барча зарур бадаллар тўланган.

Пенсия олишга умид қилишим мумкинми?

А.Д. Тошкент ш.

 

Ҳа, албатта. Ёшга доир пенсия тайинлаш учун Қонун 37-моддаси 1-қисмининг «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида 7 йил иш стажига эга бўлиши кифоя. Бунда ёшга доир пенсия бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади (Қонуннинг 8, 29-моддалари).

Зафаржон Хўжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Маълумот учун!

Ўқиш даврида АКАДЕМИК ТАЪТИЛЛАРДА бўлиш, шунингдек ТАЙЁРЛОВ КУРСЛАРИДА ўқиш даври ВАҚТИ иш стажига ҚЎШИБ ҲИСОБЛАНМАЙДИ.

 

 

 

Бўлғуси пенсионерлар эътиборига

 

Пенсия тайинлаш учун ҳужжатлар қандай топширилади

 

Ташкилот маъмурияти ҳар йили декабрь ойида кейинги йилда ҳам умумий, ҳам имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладиган ходимлар рўйхатини тузади.

 

► Ушбу ходимларга нисбатан иш берувчининг кадрлар бўйича хизмати пенсия тайинлаш учун зарур ҳужжатларни олдиндан тайёрлашга киришади. Зарур бўлганда маъмурият етишмаётган ҳужжатларни сўраб олиш чораларини кўриши керак. Улар асосида пенсия тайинлаш учун тақдимнома расмийлаштирилади.

► Маъмурият ходим пенсия ёшига етган кундан кечиктирмай унинг пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлганлигини билдиришга мажбур.

► Ходим пенсия тайинлаш тўғрисида ариза берган тақдирда, ташкилот маъмурияти у рўйхатга олинган вақтдан бошлаб 10 кун мобайнида зарур ҳужжатларни ва тақдимномани тўлиқ расмийлаштиради ва ариза берувчини улар билан (тақдимномага имзо қўйдирган ҳолда) таништиради.

► Ҳужжатлар ва тақдимнома ариза берувчининг яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига юборилади. Ташкилот маъмурияти пенсия тайинлаш учун зарур бўлган барча ҳужжатларни тўплай олмаган ҳолларда, Пенсия жамғармаси бўлимига бор ҳужжатлар топширилади, етишмаган ҳужжатлар эса қўшимча равишда тақдим этилади.

► Барча зарур ҳужжатлар билан бирга ариза қабул қилинган кун пенсия сўраб мурожаат этилган кун ҳисобланади.

► Аризага барча зарур ҳужжатлар илова қилинмаган ҳолларда, Пенсия жамғармаси бўлими қўшимча яна қандай ҳужжатлар тақдим этилиши лозимлигини маълум қилади. Агар улар қўшимча ҳужжатлар тақдим этилиши лозимлиги тўғрисида хабарнома олинган кундан бошлаб 3 ойдан кечикмай тақдим этилса, пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза қабул қилинган кун пенсия тайинлаш учун мурожаат қилинган кун ҳисобланади.

► Пенсия жамғармаси бўлими пенсия тайинлаш учун тақдим этилган ҳужжатларни текшириш тўғрисида қарор чиқарган ҳолларда, текшириш тамом бўлиш муддатидан қатъи назар, ПЖга пенсия тайинлаш учун дастлаб мурожаат қилинган сана пенсия тайинлаш учун мурожаат қилинган сана ҳисобланади.

► Пенсия тайинлашни сўраб пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб исталган вақтда, бирор муддат билан чекланмаган ҳолда мурожаат этиш мумкин.

 

 

 

Хориж тажрибасидан

 

Вазир тормозга босди

 

Пенсия ёши оширилишига билдирилган муносабат сабабли янги жамғариб бориладиган пенсия тизими – индивидуал пенсия капитали (ИПК) тақдимоти ва жамоат муҳокамасини кейинга қолдиришга тўғри келди, деди РФ биринчи вице-премьери, молия вазири Антон Силуанов.

 

ИПК тизими 2014 йилдан буён бадаллари музлатиб қўйилган жамғариб бориладиган давлат пенсия тизимининг ўрнини босиши керак. ИПКда уларни ходимнинг ўзи киритади – бадал 0%дан 6%гача йилига 1 фоиз бандга ўз-ўзидан ошиб боради. Бунда ходим бадал миқдорини ўзи белгилаши, хусусан, уни ноль даражада сақлаб қолиши мумкин.

Аввалига Россия Молия вазирлиги тизимни 2019 йилда ишга туширмоқчи эди.

– ИПКни 2020 йилда ишга тушириш режасини амалга ошириш мумкин, – дея қайд этди вазир. – Фикримча, бу тизимга қанча тез кирсак, шунча яхши бўлади. Зеро у деярли ихтиёрий тизим саналади, биринчи йил кирганларга ҳеч қандай таъсир ўтказмайди, иш ҳақидан ажратмалар олинмайди.

Ҳукумат ИПК тўғрисидаги қонун лойиҳасини айнан қачон киритиш тўғрисида қарор қабул қилганича йўқ, – деди А.Силуанов. – Бироқ Молия вазирлиги исталган пайтда ҳужжатни муҳокамага киритишга тайёр турибди, – дея қўшиб қўйди у.

Вазирнинг сўзларига қараганда, ИПК пенсионерларнинг манфаатларига дахл қилмайди, у ишловчи россияликларга тааллуқли. Вазирлар Маҳкамаси ишлаб чиққан вариантда фуқароларнинг маблағлари «ҳеч қаерда марказлаштирилмаслиги, жамғариб борилиши ва ишлаш даврида муайян мақсадларда фойдаланилиши, улар мерос қилиб қолдирилиши мумкинлиги» кўзда тутилаяпти, – дея таъкидлади у. «Бу пуллар уларни жамлаган фуқаролар учун ишлайди. Бунда уларнинг ҳисоби юритилади, улар назорат қилинади ва асосийси – бут сақланади», – дея қайд этди РФ биринчи вице-премьери. 

Жамғармалар ҳозир қонунда назарда тутилганидек давлатга эмас, балки инсонга тегишли бўлади.

 

«Интерфакс» материаллари асосида.

 

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

Прочитано: 15515 раз(а)

Комментарии к статье (2)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2020-04-17 17:55:15, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!
2020-09-09 20:39:44, Гость_Акобиров Т:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика