Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 49 / Долзарб мавзу

Кўк йўлакми, қизил йўлак – сизга қай бири керак?

 

Жаҳон божхона ташкилоти халқаро экспертлари Тошкентда хавфни бошқариш бўйича тренинг ўтказди

 

Маълумки, Президентимиз ўтган йили Олий Мажлисга Мурожаатномасида тадбиркорлик субъектлари учун божхона кўригида хавф-хатардан огоҳ этиш тизими жорий этилишини таклиф қилганди. Бинобарин, барча ривожланган давлатларда божхона кўриги айнан шу тизим орқали амалга оширилади.

 

Ушбу таклифни ҳаётга тўла татбиқ этишда Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (12.04.2018 йилдаги ­ПФ-5414-сон) ҳал қилувчи роль ўйнади. Фармон билан Давлат божхона қўмитаси таркибида Хавфларни мониторинг қилиш ва баҳолаш бошқармаси ташкил қилинди.

Бошқарманинг асосий вазифалари этиб божхона органларида божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи юқори бўлган товар ва ТИФ қатнашчиларини назорат қилиш учун куч ва воситаларни жамлашни назарда тутувчи хавфни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш белгиланди.

Ўтган қисқа фурсат ичида давлат божхона хизмати органлари томонидан мавжуд куч ва воситалар, ахборот ресурсларидан фойдаланиб, ушбу йўналишда жаҳоннинг етакчи давлатларида божхона назорати соҳасида қўлланилаётган ахборот технологиялари имкониятларини ўрганган ҳолда хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизими ишлаб чиқилди.

Шунингдек, мазкур тизим халқаро экспертлар томонидан амалий тартибда ўрганиб чиқилиб, умумэътироф этилган халқаро стандартларга тўла мослиги юзасидан тегишли хулосалар берилди. 2018 йилнинг 1 сентябридан бошлаб ушбу тизим синов тарзида ишга туширилди.

Давлат божхона қўмитасида ЖБТнинг халқаро экспертлари иштирокида хавфларни баҳолаш ва селективлаш бўйича ҳафталик ўқув тренинги эса бу борадаги ишларнинг давоми бўлди. Ўқув тренингини халқаро экспертлар К.Сенготаи (Ҳиндистон) ва Г.Богатиновски (Македония) олиб боришди.

Тренингда ДБҚнинг марказий аппарати, Тошкент шаҳри ва вилояти бўйича бошқармалари, Божхона институти ва «Тошкент-АЭРО» ИБКнинг 32 нафар ходими бевосита, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар божхона бошқармаларининг масъул ходимлари видеоконференция тарзида билвосита иштирок этишди.

Президентнинг «Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига (24.11.2018 йилдаги ПФ-5582-сон) мувофиқ эса божхона соҳасига Хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизими тўлиқ режимда жорий этиладиган бўлди. Эндиликда товар ва транспорт воситалари учун ҳам божхона назоратида махсус йўлаклар жорий этилади.

Жумладан, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб «сариқ» ва «қизил» йўлаклар ишга туширилса, 2019 йил 1 мартидан бошлаб, «яшил» ва «кўк» йўлаклар жорий этилади.

«Сариқ йўлак», бунда божхона декларацияси, ҳужжатлар ва маълумотларни текшириш бўйича божхона назорати шакллари хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга ёки тасодифий танловда аниқланган товар ва транспорт воситаларига нисбатан амалга оширилади.

«Қизил йўлак», бунда божхона назорати шакллари хавф даражаси юқори кўрсаткичга эга ёки тасодифий танловда аниқланган товар ва транспорт воситаларига нисбатан амалга оширилади.

«Яшил йўлак», бунда хавф даражаси паст бўлган товар ва транспорт воситаларини чиқариб юбориш тўғрисидаги қарор қабул қилинганида, божхона назорати шакллари уларга нисбатан амалга оширилмайди.

«Кўк йўлак», бунда хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга ёки тасодифий танлов асосида аниқланган товарларга нисбатан божхона назорати шакллари улар чиқариб юборилганидан сўнг амалга оширилади. Ушбу йўлакка йўналтирилган товарларга нисбатан божхона назорати белгиланган тартибда ДБҚнинг марказий аппарати ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.

«Сариқ» ва «қизил» йўлаклар мос равишда 70 ва 30 фоиз нисбатда товар ва транспорт воситаларининг хавф профиллари ёки тасодифий танлаш асосида қўлланилади. «Яшил» ва «кўк» йўлаклар амалга киритилган кундан бошлаб, ушбу фоиз нисбати мазкур тизимни қўллаш самарадорлиги мониторинги асосида белгиланади.

Божхона ходими хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизими буюрган божхона операцияларини бажаришга мажбур ҳисобланади.

Ушбу тизимнинг жорий этилиши ҳар томонлама таҳлил асосида божхона назорати объектларини аниқлаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун маъмурий тўсиқларни камайтириш, божхона назорати ҳажмини камайтириш, сифатни ошириш, мавжуд куч ва воситалардан оптимал фойдаланиш, ҳалол ва виждонли ТИФ иштирокчиларини рағбатлантириш, аксинча, божхона қонунчилигини бузишга уринганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Тренинг давомида иштирокчилар хавфларни бошқариш бўйича дунё амалиётида илғор қўлланилаётган хорижий тажрибалар билан танишишди. Шунингдек хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган тегишли тавсиялар ишлаб чиқишди.

 

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати.

 

Прочитано: 1109 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика