Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон) билан чегара божхона постларини энг замонавий катта ҳажмдаги сканер қурилмалари билан жиҳозлаш вазифаси қўйилди. Уни қўллаш орқали республикамиз божхона чегарасини кесиб ўтаётган транспорт воситалари ва юкларнинг самарали божхона кўригини таъминлаш, товарлар ва гиёҳвандлик воситалари ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олиш, божхона тартиб-таомилларини тезлаштириш мумкин бўлади.
Куни кеча Ўзбекистон божхона постларини мазкур қурилмалар билан жиҳозлаш лойиҳаси доирасида темир йўл вагонларини сканер қилувчи RF6010 русумли инспекцион-кўрик мажмуасини (ИКМ) Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Чуқурсой техник идораси» чегара божхона пости тасарруфига топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Мазкур мажмуа Хитой Халқ Республикасининг грант маблағлари ҳисобидан тақдим этилган бўлиб, «Nuctech Co LTD» компанияси томонидан ўрнатилди. |
ИКМ юртимиз сарҳадлари орқали ўтаётган катта ҳажмдаги транспорт воситаларини бир неча сония ичида тўлиқ сканердан ўтказиш имконини беради, бу эса, ўз навбатида, божхона кўриги самарадорлигини янада ошириб, божхона кўриги учун кетадиган вақтнинг сезиларли даражада қисқаришига хизмат қилади.
Тантанали маросимда республика божхона идораси раҳбарининг биринчи ўринбосари, ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси, ДХХ Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасининг Чегара назорати бошқармаси, «Ўзавтойўл» компанияси, «Боштранслойиҳа» лойиҳалаш институти вакиллари, ДБҚ функционал бошқармалари ва таркибий тузилмаларининг раҳбарлари, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг раҳбарияти, шунингдек ОАВ ходимлари иштирок этди.
ДБҚ раисининг биринчи ўринбосари Жасур Арипов жаҳон ҳамжамияти олдида турган муҳим масалаларни ҳал этишдаги бир хил ёндашув умумийлиги мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатлар самарадорлигининг ошишига омил бўлаётганини таъкидлади. Хусусан, гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш, турли қурол-яроғларнинг тарқатилиши, табиатни муҳофаза қилувчи халқаро келишувлар объектлари ноқонуний савдосининг олдини олиш борасида қарашларимиз бир нуқтада туташади. Янги инспекцион-кўрик қурилмасининг ўрнатилиши умумий масалаларни ҳал этишда мамлакатларимиз ўртасидаги амалий ҳамкорлик ва ўзаро муносабатларимизга яққол мисол бўла олади. Ж.Ариповнинг айтишича, ИКМнинг қўлланилиши божхона назорати самарадорлигини ошириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, экспорт-импорт жараёнларини янада тезлаштириш орқали амалда хатарларни бошқариш тизимидан омилкорлик билан фойдаланиш имконини ҳам беради.
ДБҚ раисининг биринчи ўринбосари ИКМдан бугунги кунда божхона хизматининг чегара объектлари: «Дўстлик», «Олот», «Айритом», «Сариосиё» ихтисослашган божхона комплекслари, «Яллама», «Навоий», «С.Нажимов», «Ойбек», «Хўжайли», «Довут-ота» божхона постлари ва «Қорақалпоғистон» темир йўл божхона пости ҳамда «Арк булоқ» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида самарали фойдаланиб келинаётганини қайд этди.
ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Цзян Янь хоним тақдим этилган қурилма чегара божхона назоратининг сифатини янада оширишга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Тадбирда таклиф этилган бошқа меҳмонлар, шунингдек «Nuctech Cо LTD» пудрат компанияси раҳбарлари сўз билан чиқишди.
Айтиш жоизки, RF6010 русумли инспекцион-кўрик мажмуаси ХХР ҳукуматининг гранти доирасида тақдим этилиши режалаштирилган 5 та катта ҳажмдаги сканер қурилмаларидан биринчисидир. Биринчи ИКМ 2009 йилда Тошкент вилоятининг «Яллама» божхона постига ўрнатилган. 2014 йилда ХХР ҳукумати автотранспорт воситаларини кўрикдан ўтказиш учун яна 3 та инспекцион-кўрик мажмуасини беғараз тақдим этди. Улар ДБҚ Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармасининг «Хўжайли» ва Тошкент вилояти бўйича бошқармасининг «С.Нажимов», «Ойбек» чегара божхона постларига ўрнатилган. 2017 йилда ўрта ҳажмдаги 20 та сканер қурилмалари тақдим этилган бўлиб, уларнинг барчасидан ҳозирги кунда божхона постларида самарали фойдаланилмоқда. |
Рентген ускунасидан иборат мазкур қурилма юк ва багажларнинг таркибини уларни очиб кўрмаган ҳолда юқори даражадаги аниқлик билан кўрикдан ўтказиш имконини беради. Бунда қурилманинг рангли мониторида турли хил ашёлар ўзининг сифат хусусиятларидан келиб чиқиб, уч хил рангда товланади. Масалан, органик моддалар – ярқироқ қизил, металл буюмлар – зангори, синтетик, шу жумладан пластмасса буюмлар яшил тусда кўринади. У ёки бу буюмлар қанчалик катта ҳажмга эга бўлса, ранглар ҳам шунчалик қуюқлашган бўлади. Бир турдаги маҳсулотларнинг массаси мониторда қора рангда кўринади. Ушбу техника воситасининг қўлланилиши декларацияланмаган ёки нотўғри декларацияланган товарларни аниқлашга имкон беради, кўрикдан ўтказиладиган юк автомобиллари ва контейнерлар ҳажмининг кўпайишига олиб келади, товарлар ва транспорт воситаларини расмийлаштириш ва божхона назоратидан ўтказиш тартиб-таомилларини соддалаштиради ва тезлаштиради. ИКМ божхоначиларга назоратдан ўтказилаётган объектнинг ичидаги нарсалар кузатув ҳужжатларида кўрсатилганларга қанчалик мувофиқ келишини аниқлашга ёрдам беради. Бундан ташқари, мазкур ускуна контрабанда объектлари, хусусан, гиёҳвандлик ва портловчи моддалар, қурол-яроғ, ўқ-дориларни топиш, шунингдек яширин жойларни аниқлаш имконини беради, чунки мажмуанинг «кўзлари» ҳатто 200 миллиметргача қалинликдаги пўлат ортида яширилган нарсаларни кўра олади...
ХХРнинг техник кўмаги Ўзбекистон божхона хизматининг техник салоҳиятини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Тадбирнинг расмий қисмидан кейин «Чуқурсой» темир йўл станцияси яқинида ўрнатилган «юқори интеллектуал» қурилманинг иш фаолияти намойиш этилди. Божхоначилар божхона назорати техник воситаларининг бошқа намуналари билан ҳам таништириб ўтишди ҳамда мазкур «ақлли» жиҳозлардан қандай вазиятларда ва қай мақсадларда фойдаланилишини гапириб беришди. |
Божхона хизмати бундай жиҳозларнинг бир нечтаси билан «қуролланган». Масалан, божхоначилар «контрабанда детектори» деб атайдиган «Buster-2» асбоби ноқонуний тарзда олиб ўтилаётган юкларни аниқлашда қўл келади. Унинг ёрдамида контрабанда юкларни, шу жумладан бутунлай кутилмаган жойларга яширилган хавфли моддаларни бир неча маротаба топишга муваффақ бўлинган. Божхоначилар эътирофига лойиқ бўлган яна бир ускуна бор. Бу ички назорат учун мўлжалланган жиҳозлар – қаттиқ ва ярим қаттиқ эндоскоплар автомобиль ва темир йўл транспортини текширишда қўлланилади. Мазкур ўзига хос сканер автотранспортнинг ғилдираги ва бошқа бўшлиқларида ноқонуний олиб ўтилаётган товарлар, шу жумладан наркотикларни аниқлашга ёрдам беради. Божхоначилар ультратовушли диагностика ускуналари ва жиҳозларини ҳам фаол қўлламоқдалар. Улар ёрдамида бензобакларнинг ҳажми ва тўлдирилганлик даражасини, шунингдек автомашиналар ва ҳаракатланадиган темир йўл воситаларининг кузовларини ажратиш ва йиғиш учун инструментал наборларни аниқласа бўлади.
Божхона амалиётида акустик лазер қидиргичларининг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди, улар, мисол учун, транспорт воситалари ички қисмининг аниқ ўлчамини белгилаб беради ва бу тариқа сунъий бўшлиқлар аниқланади.
Бугунги кунда давлат чегараси орқали бўлинадиган ва радиоактив материалларни ноқонуний олиб ўтишнинг олдини олиш учун Ўзбекистоннинг энг йирик божхона объектлари радиацион назоратнинг замонавий тизимлари билан жиҳозланган. Улар божхона органлари ходимларига радиоактив материалларни ноқонуний олиб ўтиш аниқланган тақдирда тезкор ҳаракат бошлаш ва тегишли чораларни кўриш имконини беради.
«Spectrometr» портатив радиация детекторларини қулай, кўчма, мустақил ишлатиш мумкин, шу сабабдан турғун қурилмалар бўлмаган назорат-ўтказиш пунктларида фойдаланиш учун жуда мос. Уларнинг ёрдамида ҳатто радиоактив моддаларнинг ғоятда оз миқдорини ҳам аниқласа бўлади.
Махсус идентификация техник воситалари, масалан, «Itemiser» детекторларини ҳақиқий «дастёр» деса бўлади. Улар ажал келтирувчи 40 га яқин турли хил маҳсулотни, хусусан, героин, кокаин, циклотриметилентринитрамин, пентаэритритетранитрат, тринитротолуол, динамит, семтекс ва бошқа моддаларни аниқлай олади. Уларни идентификациялаш учун эса 100–300 пикограмм синов материалига эга бўлиш кифоя.
Жаҳон божхонаси томонидан қўллаб келинаётган техник воситаларнинг кўлами йилдан-йилга кенгайиб бораётир. Божхоначиларнинг ҳис-сезгиларига ёрдамга келувчи «ақлли» ускуналарнинг кўпайиб бораётгани – техника асрининг тез суръатларда ривожланиб бораётганига далил бўла олади. Чегара божхона постларини божхона назоратининг замонавий техник воситалари, шу жумладан катта ҳажмдаги темир йўл юкларини инсон иштирокисиз назоратдан ўтказиш учун сканер ускунаси билан таъминлаш мақсадида мамлакатимиз ҳукумати халқаро инвестициялар ва грантларни жалб этиш борасида аниқ йўналишдаги ишларни амалга ошириб бормоқда. |
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.