Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 34 / Божхона

Кичик саноат зоналарига катта ¬эътибор

 

Мамлакатимизда аҳолини иш билан таъминлаш, маҳаллий шароитда рақобатдош маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қолаверса халқимизнинг даромадларини оширишда кичик саноат зоналарининг ташкил этилиши жуда қўл келмоқда. Шу маънода ҳукуматимизнинг «Самарқанд вилоятида кичик саноат зоналарини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (19.07.2018 йилдаги 556-сон) мувофиқ, жами 62,45 гектарлик ҳудуд Самарқанд вилояти кичик саноат зоналари таркибига қўшимча равишда киритилди.

 

Қарор билан тасдиқланган кичик саноат зоналарининг муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини тиклаш ишларининг манзилли рўйхатига кўра, мазкур тадбирларни амалга ошириш учун умумий қиймати 8 621 млн сўм миқдоридаги маблағ сарфланади. Масалан, «Ургут» ЭИЗга Самарқанд шаҳридаги «Хишрав-2» массиви қўшилди. Шу муносабат билан Самарқанд вилояти ҳокимлиги мутасадди идоралар билан ҳамкорликда «Ургут» ЭИЗ ҳудудининг чегараларини қайта белгилади ва тегишли ер участкалари ажратиладиган бўлди.

Айни кунларда ушбу ҳудудда қурилиш ишлари авж паллага кирган. Вилоят тадбиркорларини қўллаб-қувватлаш, улар томонидан барпо этилаётган корхона ва заводларни кўздан кечириш, керакли маслаҳатларни бериш ва зарур ҳолда яқиндан кўмаклашиш мақсадида вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Салиҳов Ургут туманида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан жойларда учрашув ўтказди.

Хусусан, Хитой давлатининг «Tongyale Ltd» корхонаси билан пойабзал ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Urgut Elita Servis» МЧЖ фаолияти яқиндан ўрганилди. 7,29 млрд сўмлик бу лойиҳанинг хорижий инвестиция улуши 600 минг АҚШ доллари, ўз маблағи 2,43 млрд сўмни ташкил этади. Ишга туширилиши 2018 йил декабрга мўлжалланган лойиҳа йилига 180 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Корхона ишга туширилиши натижасида 50 та янги иш ўрни ташкил этилиши кутиляпти. Божхоначилар корхонанинг қўшимча ер майдонини қўшиб олиш борасида муаммоси борлигини аниқлаб, уни ҳал этиш йўлларини муҳокама қилишди.

Шундан кейин божхоначилар пайпоқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Urgut Best Business» МЧЖда бўлишди. Корхона раҳбари К.Агзамов Хитой давлати билан ҳамкорликда қурилаётган бу лойиҳа 2018 йил 1 декабрдан ишга тушишини билдирди. Жами қиймати 4,83 млрд сўм бўлган мазкур корхонанинг хорижий инвестиция улуши – 300 минг АҚШ доллари, ўз маблағи – 1,8 млрд сўм, банк кредити – 624 млн сўмни ташкил этади. Лойиҳанинг йиллик қуввати 1,5 млн жуфт пайпоқ ишлаб чиқаришга мўлжалланган бўлиб, бунинг ортидан 45 та янги иш ўринлари яратилади.

Вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти тумандаги турли маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Smart Hygiene Facilities», «Ideal Elektro Lyuks», «Urg Sam Tekstil», «Amir Qodir Tekstil», «Fortuna Urgut Medical», «Salim Biznes Baraka» ва «Sam Vira Colur» МЧЖ каби ўнлаб корхоналарга ҳам ташриф буюришди. Корхоналар фаолияти билан яқиндан танишилди. Божхона соҳаси билан боғлиқ муаммолар ўрганилиб, уларни ҳал этиш йўллари муҳокама қилинди.

 

Эслатиб ўтамиз, Президентимизнинг 2018 йил 16 мартдаги ПҚ-3609-сон қарорига асосан Самарқанд вилоятининг 14 та туман ва шаҳарларида жами 53,1 гектар майдонда кичик саноат зоналари ташкил этилган эди. Бундай ҳудуддаги давлат кўчмас мулки тадбиркорлик субъектларига бизнес режаларини бажариш, иш ўринларини яратиш ва сақлаш, барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш шарти билан кейинчалик мулк ҳуқуқи берилган ҳолда 10 йил муддатга ижарага берилади.

 

Cамарқанд вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.

 

Прочитано: 1163 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика