Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 25 / Паспорт масалалари

Хорижликларни вақтинчалик прописка қилиш, тунги автобус қатновлари ва дронлар тўғрисида

 

Вазирлар Маҳкамасининг 29.05.2018 йилдаги 398-сон қарори билан хорижий фуқаролар ва туристларнинг мамлакатимизда бўлиш режимини соддалаштириш, шунингдек туризм салоҳиятини ривожлантиришга доир шу ва бошқа чора-тадбирлар тасдиқланди.  Режалаштирилаётган тузатишлар жорий йил апрелида ҳужжат лойиҳасида тақдим этилган эди. Асосий янгиликлардан қайси бири қабул қилинган ҳужжат билан тасдиқлангани ҳақида қуйида сўз юритамиз.

 

Хорижликларни вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш соддалаштирилди

Биринчидан, хорижий фуқаролар, шу жумладан МДҲ фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар учун 1 ойгача муддатга бепул вақтинчалик прописка белгиланди. Илгари ушбу муддатга ҳақ хорижий фуқаролар учун $20 ни ташкил этарди, МДҲ фуқаролари эса 3 суткадан 6 ойгача вақтинчалик прописка учун $5 тўлардилар. Энди МДҲ фуқаролари 1 ойдан ортиқ, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатда мамлакатимизда бўлганларида ушбу суммани тўлашлари керак бўлади. Бу МДҲ давлатларидан келган, фуқаролиги қайд этилмаган собиқ Иттифоқ паспортларига эга бўлган шахсларга ҳам тааллуқли.

Иккинчидан, таклиф қилувчи (қабул қилувчи) шахслар, ташкилотлар, шу жумладан туроператорлар хорижий фуқароларнинг вақтинча прописка қилинишини таъминлаш учун тегишли ИИБга бевосита ва Интернет орқали махсус электрон автоматлаштирилган дастур ёрдамида мурожаат қилишлари мумкин. Бунда хорижликларни «электрон прописка қилиш» учун уларнинг бўлиш муддати (30 кунгача ёки ундан ортиқ) аҳамиятга эга эмас.

Учинчидан, Ўзбекистонга шахсий ишлар бўйича нотижорат мақсадларида келган шахсларни вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш тартиби белгиланди. Уларнинг бўлиш муддати 30 кундан ошмаса, ИИБ органларига шахсан мурожаат қилиш билан бир қаторда дастур орқали электрон рўйхатдан ўтиш ҳам мумкин. 30 кундан ортиқ муддатга келганлар эса рўйхатдан ўтиш учун виза ва рухсатномалар бўлимига боришига тўғри келади. 

Тўртинчидан, энди вақтинчалик прописка шанба кунлари ҳам амалга оширилади. Илгари шанба ва якшанба кунлари рўйхатдан ўтказиш амалга оширилмаган. Бундан ташқари, вақтинчалик прописка олиш зарур бўлган 3 суткалик муддатни ҳисоблаш тартиби аниқлаштирилди. У келган санадан (хорижий фуқаро Ўзбекистон Давлат чегарасининг назорат-ўтказиш пункти орқали ўтгандан сўнг) кейинги кундаги соат 00:01 дан бошланади.

Бешинчидан, республикамиз бўйлаб саёҳат қилаётган хорижликларни вақтинчалик прописка қилишдан озод этиш учун қўшимча талаб белгиланди. Энди бунинг учун нафақат ҳар бир аҳоли пунктида 3 суткадан кўп бўлмаслик, балки келганини тасдиқловчи ҳужжатларга (хизматлардан фойдалангани ёки товарлар харид қилганини тасдиқловчи ҳужжатларга) эга бўлиш зарур. Бунда бир аҳоли пунктида узлуксиз рўйхатдан ўтиш талаби белгиланмайди.

 

Туристларни автобусда ташишга йўл қўйилди 

Шаҳарлараро, вилоятлараро ва халқаро йўналишларда тунги автобус қатновларига яна рухсат берилди (2003 йилдан тақиқ белгиланган эди). Бундан ташқари, энди туристик автобуслар ДЙҲХХ транспорти кузатувисиз ҳаракатланишлари мумкин. Бунинг учун GPS, мажбурий ва (ёки) ихтиёрий суғурта полислари, ёруғлик қайтарувчи махсус мослама (линия) ва мобиль алоқа мавжуд бўлган 2 нафар ҳайдовчи бўлиши талаб этилади. Санаб ўтилган талабларга жавоб бермайдиган, ҳар бирига 30 кишидан ортиқ одам сиғадиган 2 ва ундан ортиқ автобусларда, ҳар бирига 30 кишидан кам одам сиғадиган 3 ва ундан ортиқ автобусларда йўловчилар ташилганда улар фақат кузатув остида ҳаракатланади.

 

Юртимиз бўйлаб кино-, фото- ва видеотасвирга олиш – эркин

Хорижий кинокомпаниялар моддий-маданий мерос объектларида кино- ва видеотасвирга олишга рухсатнома берганлик учун йиғим (илгари – ҳар бир тасвирга олиш куни учун 800 минг сўм) ҳамда тасвирга олиш учун ижара тўловларини тўлашдан озод этилди. Озод қилиш шарти – Ўзбекистон брендини илгари суриш, шу жумладан кириш (сарлавҳа) ёки якуний титрда тасвирга олиш мамлакати ҳамда жойини (объектини) алоҳида кадрлар билан кўрсатиш орқали.

Республикамизнинг туризм салоҳияти ҳақидаги фото- ва видеоматериалларни тайёрлаш учун учувчисиз учиш аппаратларини, шу жумладан хорижий ижодий гуруҳлар томонидан мамлакат ҳудудига вақтинча олиб кириш ва улардан фойдаланишга рухсат берилди. Бунинг учун Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги ва «Ўзбеккино» агентлигининг илтимосномалари, шунингдек Мудофаа вазирлиги ва Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясига «дрон»лардан фойдаланувчи шахслар ва суратга олиш жойлари ҳақида ахборот тақдим этилиши зарур.   

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 1.06.2018 йилдан кучга кирди.


Ленара Хикматова,
«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 1120 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика