Norma.uz

Бизда нотўғри тўхтаб турганингиз қайд этилган фотосурат бор...

 

Транспорт воситалари ҳайдовчилари бўлмаганда тўхтаб туриш қоидаларини бузиш ҳолатлари қайд этилаётган янги тартибни кўриб чиқамиз.

 

Яқинда кўпгина ОАВ Тошкент шаҳар ЙҲХБ ходимлари транспорт воситаларининг тўхтаб туриш қоидаларини бузиш ҳолатларини фото ва видео орқали қайд этиб, автомобилнинг олд ойнасида махсус эслатма қолдираётганликлари ҳақида хабар тарқатдилар. Унда ҳуқуқбузарликни белгиланган тартибда расмийлаштириш учун 3 кун муддатда ДЙҲХХ органига келиш талаб этилади. Келмаган тақдирда транспорт воситаси ушлаб турилиши (жарима майдончасида) ҳақида огоҳлантирмоқдалар.

 

Янгилик – Тошкент шаҳар ЙҲХБнинг «ўзбошимчалигими»?

Йўқ, бу «ўзбошимчалик» эмас. Февралда Президентнинг «Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарори (14.02.2018 йилдаги ПҚ-3528-сон) қабул қилинган. Мазкур ҳужжатнинг ­25-бандида ИИВга 2 ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига пойтахтимизда транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан тўхтаб туриш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш тўғрисида таклифлар киритиш вазифаси топширилган. Таклифларда ҳайдовчиси бўлмаганда ҳам нотўғри тўхтаб туриш ҳолатини қайд этиш ва баённомалар тузилиши назарда тутилган бўлиши керак.

Бироқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (АВ томонидан 5.07.2011 йилда 2240-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ҳозирча ҳеч қандай ўзгартиришлар киритилмади. Бинобарин, Тошкент шаҳар ЙҲХБ ушбу ғояни мавжуд қонунчилик нормалари доирасида амалга оширишга уринмоқда.

 

Эслатма қандай юридик кучга эга?

Бугунги кунда тўхтаб туриш қоидалари бузилганлиги (МЖТКнинг 128-6-моддаси) ҳақида маъмурий баённома тузиш мажбурийлигича қолмоқда ва ҳужжат илгаригидек ҳуқуқбузар томонидан имзоланган бўлиши керак (Йўриқноманинг 5, 10-бандлари). Бунда баённома, қоида тариқасида, жойнинг ўзида тузилиши лозим.

Шу сабабли олд ойнанинг «ойнатозалагичи» тагида қолдириладиган эслатма ҳайдовчига жарима солинганлигини англатмайди. Бунда эслатма ва унинг шакли (бланкаси) ҳали расмий ҳужжат тури сифатида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилмаган. Шу сабабли ўз-ўзидан 2 та савол туғилади:

1) эслатмага ички ишлар органлари ходимининг қонуний талаби сифатида қараш зарурми;

2) эслатмани бу тарзда тақдим этиш (транспорт воситасида қолдириш) уни белгиланган шаклда тақдим этиш деб ҳисобланадими?

Шу ўринда қонунга кўра ДЙҲХХ инспекторлари маъмурий баённомани тузиш чоғида ҳуқуқбузарнинг қатнашишини таъминлашлари шартлигини ва ҳатто бунинг учун уни 3 соат ушлаб туришга ҳақли эканликларини қайд этиб ўтмоқчимиз (МЖТКнинг 287-моддаси). Шахс баённомани имзолашдан ёки ёзма тушунтириш беришдан бош тортган тақдирда, баённомага бу ҳақда уни тузган мансабдор шахс томонидан ёзиб қўйилади. Бунда гувоҳлар ёки холислар иштирокида бош тортиш тўғрисида далолатнома тузилиб, маъмурий баённомага илова қилинади (МЖТКнинг 281-моддаси; Йўриқноманинг 11-банди).

Бироқ, кўриниб турганидек, ҳайдовчининг иштирокисиз баённома тузишга ҳали рухсат берилмаган. Агар у бўлмаса, уни топиш ва эҳтимол ушлаб туриш зарур бўлади.

Бундан ташқари, ҳайдовчининг эслатмани олганлиги ҳеч бир тарзда расмийлаштирилмайди. Ахир уни шамол учириб кетиши, унга сув сачраши, биронта шўх бола ўзи билан олиб кетиши мумкин. Ҳайдовчи умуман уни кўрмаслиги ёки реклама ё ҳазил деб қабул қилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Шу сабабли эслатма қолдирилишига, муаллифнинг фикрича, жойида бўлмаган ҳайдовчини излаш ва маъмурий тартибда ушлаб туришни кўзламаган ҳолда фуқароларни норасмий огоҳлантириш деб қараш зарур.

 

Жарима майдончаси билан огоҳлантириш-чи? 

Кўриб чиқилаётган ҳолатда транспорт воситасини ушлаб туриш учун 2 та юридик асосни қўллашлари мумкин:

1) агар транспорт воситасининг ҳайдовчиси бўлмаса ва тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларининг бузилиши йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаракатланишига халақит берса, тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик учун транспорт воситаси ушлаб турилишига йўл қўйилади (МЖТКнинг 291-моддаси). Яъни ҳар доим ҳам бундай бўлавермайди;

2) милиция ходимининг транспорт воситасини тўхтатиш ҳақидаги қонуний талабини бажармаганлик учун (МЖТКнинг 194-моддаси). Бироқ гап шундаки, машина ҳаракатланмаяпти, балки рухсат этилмаган жойда турибди. Шу сабабли бу – низоли асос.

Бундан келиб чиқадики, агар ҳайдовчининг омади кулиб, автомобилини эвакуаторда олиб кетмай, фақат ҳуқуқбузарликни фотосуратга олган ва эслатма қолдирган бўлсалар, ДЙҲХХда машинани жарима майдончасига олиб кетишга асос бўлмайди (лекин ҳайдовчининг ўзини ушлаб туришга ҳақли бўладилар).

 

Хулосалар

Нима бўлмасин, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар киритиш керак.

Бунда ҳайдовчи бўлмаса, ҳуқуқбузарликни параллель равишда фотосурат ёки видеотасвир орқали қайд этган ҳолда камида иккита холис иштирокида жойнинг ўзида баённома расмийлаштирилишини белгилаш мақсадга мувофиқ.

Баённома маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган ЙҲХБ мансабдор шахсига берилгандан кейингина транспорт воситаси эгасига маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш учун келиш ҳақидаги хабарномани почта орқали юбориш зарур (Йўриқномага 7-илова).

Агар транспорт эгаси (юридик шахслар учун – ундан фойдаланиш учун масъул шахс) ҳуқуқбузарлик бошқа шахс томонидан содир этилганлигини исботлай олмаса, ўзи жавобгарликка тортилиши ҳақидаги қоидани ҳам киритишга тўғри келади.

 

Самир Латипов,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 1073 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика