Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 47 / Солиқ солиш

Таълим учун тўловнинг 7 хил варианти: имтиёз қачон қўлланади

 

Корхона фаолияти давомида ходимлари, муассислари, уларнинг фарзандлари, шунингдек корхонага алоқаси бўлмаган шахсларнинг ўқиш ҳақини тўлашига тўғри келади. Олий ўқув юртлари ва турли курслардаги ўқиш учун тўловлар тўланиши мумкин.

Таълим учун ҳақ тўлаш билан боғлиқ бўлган турли вазиятларни кўриб чиқамиз.

 

1-вазият. КОРХОНА ТЎЛАЙДИ – ХОДИМ ҚАЙТАРАДИ

Кўпинча корхона ходимларининг ёки уларнинг 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ўқиши учун тўлов тўлайди, кейинчалик эса ходимлар бу суммаларни қайтарадилар. Бу ҳолда улар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёздан фойдаланишга ҳақли бўладилар (Солиқ кодексининг 179-моддаси ­31-банди; АВ томонидан 27.05.2010 йилда 2107-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 5-банди).

ЖШДС бўйича имтиёз фақат Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида ўқиш учун тўлов тўланганда қўлланилади (Низомнинг 3-банди).

ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаш мақсадида олий ўқув юрти деганда олий таълимнинг таълим дастурларини (бакалавриат ва магистратура) амалга оширадиган юридик шахс тушунилади. Булар Ўзбекистон Республикасидаги институтлар, университетлар, академиялардир. Таълим кундузги ва сиртқи шаклда бўлиши мумкин.

Қуйидаги аккредитацияланган хорижий олий ўқув юртларидаги ўқиш ҳақи тўланганда ҳам имтиёз қўлланади (3.07.2017 йилдаги маълумотлар):

1) Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети;

2) Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти;

3) Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети;

4) Тошкент шаҳридаги Инха университети;

5) М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент филиали;

6) И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети Тошкент филиали;

7) Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали.

Ўзбекистон Республикасида аккредитацияга эга бўлган ўқув муассасалари рўйхатини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказида аниқлаш мумкин.

 

Талаба билан олий ўқув юрти ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тўғридан-тўғри шартномани расмийлаштириб, талаба ёки унинг ота-онаси қуйидагича йўл тутиши мумкин:

● ўз иш берувчиларига контракт ҳақини тўлашга ссуда бериш илтимоси билан мурожаат қилиш. Корхона қарз суммасини кейинчалик иш ҳақидан аста-секин ундириш шартини қўйиб, ходим билан ссуда шартномасини тузишга ҳақли;

● ўқиш ҳақини тўлаш учун банкдан таълим кредитини олиш. Ходимнинг аризасига кўра иш ҳақи ва бошқа даромадлари корхона томонидан олинган таълим кредитини қоплаш ҳисобига ўтказилиши мумкин.

Корхона ходимларининг ёки уларнинг 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ўқиши учун ҳақ тўласа, иккала ҳолатда ЖШДС бўйича имтиёз қўлланади. Жисмоний шахснинг контракт суммаси миқдоридаги даромадига ЖШДС солмаслик кўринишида имтиёз берилади.

Ходим солиқ чегирмасини олиш учун иш берувчи корхонага даромадларини ўқиш учун тўловга (кредитни қоплашга) ўтказиш тўғрисидаги аризани қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда тақдим этади (Низомнинг 11-банди):

√ талаба билан Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юрти ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома нусхаси;

√ тижорат банки билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома нусхаси (таълим кредити олинган бўлса);

√ таълим олувчининг (таълим олувчиларнинг) паспорти ва (ёки) туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси.

Контракт суммаси ходимнинг солиқ солинадиган даромадидан ошса, бошқа оила аъзолари (ота-онаси ёки улардан бири) имтиёзни қўллаши мумкин.

 

МИСОЛ. Корхона ходимасининг 18 яшар ўғлининг олий ўқув юртидаги ўқиш ҳақини тўлади. Ўқиш учун контракт суммаси – 10 000 минг сўм. Ходиманинг йиллик солиқ солинадиган даромади 8 000 минг сўмни ташкил этади. У даромадининг бир қисми – 7 000 минг сўмни ўқиш ҳақини тўлаш учун корхонадан олинган ссудани қоплашга йўналтирган. Ушбу суммага ЖШДС бўйича имтиёз қўлланади. Контрактнинг қолган қисмини талабанинг отаси пластик карта воситасида тўлади. У йил якунларига кўра даромадлари тўғрисида декларацияни солиқ органларига тақдим этганда 3 000 минг сўм даромадидан ЖШДС бўйича солиқ чегирмасини олиши мумкин.

 

2-вазият. СОЛИҚ ОРГАНИДА ИМТИЁЗ ОЛАСИЗ

Амалиётда корхона ходимнинг даромадларига имтиёзни қўлламаган ҳоллар учраб туради. Ёки жисмоний шахс олий ўқув юртидаги ўқиш ҳақини мустақил равишда (нақд маблағлар ҳисобидан, банклардаги омонат ва бошқа счётлардан ёки пластик карталарни қўллаган ҳолда) тўлаган бўлади. Бу ҳолда ҳам имтиёздан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун йил якунларига кўра солиқ органларига даромадлар тўғрисида декларация топшириш лозим.

Имтиёздан фойдаланиш учун солиқ органларига қуйидагиларни тақдим этиш зарур:

√ талаба билан Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юрти ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома нусхаси;

√ тижорат банки билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома нусхаси;

√ Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юрти ҳисобрақамига (таълим кредитини қоплаганда тижорат банки ҳисобрақамига) пул маблағларини мустақил тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;

√ паспорт нусхаси (солиқ имтиёзи таълим олувчининг ўзи томонидан қўлланилганда);

√ паспорт нусхаси (солиқ имтиёзи ота-она томонидан қўлланилганда) ва таълим олувчининг (таълим олувчиларнинг) туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси;

√ тўловчи жисмоний шахснинг СТИР нусхаси (Низомнинг 17, ­18-бандлари).

Декларация асосида имтиёзни жисмоний шахснинг дивидендларига нисбатан ҳам қўллаш мумкин.

 

3 ва 4-вазиятлар. БУ ҲОЛЛАРДА ИМТИЁЗЛАР БЕРИЛМАЙДИ 

Корхона қуйидагиларнинг ўқиш ҳақини қайтариб бериш асосида тўлаганда ЖШДС бўйича имтиёз қўлланиши хусусида саволлар кўп юзага келади:

● ходимларнинг 26 ёшдан ошган фарзандлари;

● Ўзбекистонда аккредитацияланмаган олий ўқув юртларида ёки бошқа муассасаларда.

Бу ҳолларда ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаб бўлмайди.

Ўқиш ҳақи қайтариб бериш асосида тўланаётган бўлса – ссуда шартномаси тузилади. Кейинчалик жисмоний шахс тўловлар жадвалига биноан ўқиш учун тўланган ҳақ суммасини корхонага қайтаради. Бу ҳолда жисмоний шахс ва корхона учун солиқ оқибатлари юзага келмайди.

 

5-вазият. ЎЗИМИЗ УЧУН МУТАХАССИС ТАЙЁРЛАЙМИЗ

Корхона жисмоний шахснинг олий ўқув юртидаги ёки бошқа таълим муассасасидаги ўқиш ҳақини тўлаб, тўлов суммасини корхона харажатларига киритиши ҳоллари ҳам амалиётда учраб туради. Ушбу ҳолатда 3 томонлама контракт тузиш тавсия этилади. Олий ўқув юрти, тўловчи корхона ва талаба контракт томонлари ҳисобланади. Шартнома шартларида ўқиш тугагандан кейин муайян вақт мобайнида корхонада ишлаб беришни назарда тутиш лозим.

Бу ҳолда ЖШДС бўйича имтиёз қўлланмайди, сабаби даромаднинг ўзи йўқ. Жисмоний шахснинг ўқиши учун тўлов унинг учун даромад ҳисобланмайди ва унга солиқ солинмайди (Солиқ кодексининг 171-моддаси 2-қисми 11-банди).

Таълим учун тўлов – корхона фаолиятида талабгир мутахассисларни тай­ёрлашга корхонанинг харажатлари.

Бу вариант ходимларнинг малакасини ошириш курсларида ёки мутахассисларни қайта тайёрлаш курсларида ўқиши учун ҳақ тўлаш ҳолатидагига ўхшайди. Ходимни бундай курсларга корхонанинг ўзи йўллайди. Бу курсларга тўланадиган тўлов ҳам жисмоний шахснинг даромади ҳисобланмайди ва унга ЖШДС солинмайди (Солиқ кодексининг ­171-моддаси 2-қисми 15-банди).

Умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхона учун ушбу харажатлар фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базани аниқлашда чегириладиган харажатлар ҳисобланади (Солиқ кодексининг 145-моддаси 20-банди). ЯСТ тўловчилар учун солиқ оқибатлари юзага келмайди.

 

6-вазият. ТАЙЁРЛАМАЙМИЗ, БИРОҚ ТЎЛАЙМИЗ

Корхона исталган жисмоний шахснинг олий ўқув юртидаги ёки бошқа таълим муассасасидаги ўқиш ҳақини беғараз асосда тўлашга ҳақли. Корхона фаолиятида ўқитишга зарурат бўлмаса, тўлов:

√ солиқ тўловчининг фаолиятида талабгир бўлмаган касблар бўйича кадрлар тайёрлашга доир корхона харажати;

√ жисмоний шахснинг тўлов манбаида солиқ солинадиган моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланади (Солиқ кодексининг 177-моддаси 1-қисми 1-банди, 184-моддаси).

Корхона ўзи билан меҳнат муносабатларида бўлмаган жисмоний шахсга моддий наф тарзидаги даромадни тўлаши мумкин. Жисмоний шахснинг ёзма аризаси бўлса, ЖШДСни ушлаб қолмаслик мумкин. Бу ҳолда корхона ҳисобот йили тугаганидан сўнг 30 кун ичида ўзи рўйхатдан ўтган жойдаги солиқ органларига даромад тўлаганлиги тўғрисида маълумотларни тақдим этади (Солиқ кодексининг 187-моддаси 1-банди). Даромад олган жисмоний шахс йил якунларига кўра декларация тақдим этиши ва солиқни тўлаши керак бўлади (Солиқ кодексининг 189-моддаси 1-қисми).

Ўқиш ҳақини тўлаган корхона умумбелгиланган солиқлар тўловчиси бўлса, фойда солиғини ҳисоблашда бу харажатлар чегирилмайди (Солиқ кодексининг 147-моддаси ­8-банди). ЯСТ тўловчилар учун солиқ оқибатлари юзага келмайди.

 

7-вазият. ХОРИЖДА ЎҚИГАНДА

Корхона жисмоний шахснинг хорижий олий ўқув юрти, коллеж ёки чет элда ўтказиладиган курслардаги ўқиш ҳақини хорижий валютадаги шартнома асосида тўлаши мумкин. Бу ҳолда ЖШДС бўйича имтиёз қўлланмайди.

Корхона жисмоний шахснинг таълим олишидан манфаатдор бўлса, у ҳолда:

● корхонада унинг фаолиятида талабгир бўлган мутахассисларни тай­ёрлашга харажат юзага келади;

● жисмоний шахсда даромад юзага келмайди (Солиқ кодексининг ­171-моддаси 2-қисми 11-банди).

Жисмоний шахснинг таълим олиши корхона фаолияти учун зарур бўлмаса ва корхона тўлаган ҳақни жисмоний шахс қайтариб бермаса, бухгалтерия ҳисобида қуйидагилар акс эттирилади:

● солиқ тўловчининг фаолиятида талабгир бўлмаган касблар бўйича кадрлар тайёрлашга доир корхона харажатлари;

● жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромади (Солиқ кодексининг 177-моддаси 1-қисми 1-банди).

Корхона қайтариш шарти билан таълим ҳақини тўласа, даромадлар ва харажатлар юзага келмайди.

Жисмоний шахснинг даромадлари, харажатлари ва қарзи хорижий валютанинг тўлов амалга оширилган санадаги МБ томонидан белгиланган курси бўйича сўмда белгиланади (АВ томонидан 17.09.2004 йилда 1411-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 8-банди).

 

Азизахон ТОШХЎЖАЕВА, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1928 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика