2014 йил 14 февралда ходим 1 мартдан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза берди. Ходимнинг маоши – 360 000 сўм. Ўтган йил учун қўшимча тўловлар суммаси – 150 000 сўм. Ходимнинг жорий иш йили 2013 йил 1 ноябрдан бошланган. Жорий йилдан ташқари ҳамма йиллар учун унга таътил тақдим этилган. Меҳнат шартномаси шартларига биноан таътилнинг давомийлиги – 18 иш куни.
Ходимга фойдаланилмаган таътил учун қандай миқдорда компенсация тўланиши лозим?
Фойдаланилмаган таътил учун компенсация ҳисоб-китоби
Ходим 4 ой учун меҳнат таътилидан фойдаланмаган (2013 йил ноябрдан 2014 йил 1 мартга қадар).
Ходим таътилининг давомийлиги ишланган вақтига мутаносиб равишда 6 иш кунини (18 / 12 х 4) ташкил этади.
Таътил ҳақини ҳисоб-китоб қилиш учун ўртача ойлик иш ҳақи суммаси 372 500 сўмга (360 000 + 150 000 / 12) тенг;
бу ерда:
360 000 – компенсация ҳисоблаш кунига ходимнинг маоши;
150 000 – ўтган йил учун ҳисобланган қўшимча тўловлар суммаси.
Компенсация суммаси – 87 992 сўмга (372 500 / 25,4 х 6) тенг,
бу ерда:
372 500 – ўртача ойлик иш ҳақи;
25,4 – ойдаги олти кунлик иш ҳафтасида ўртача иш кунлари сони;
6 – иш кунларидаги таътилнинг давомийлиги.
Солиқ солиш
Компенсация суммасига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солиниб, улар шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларга ажратмалар объекти бўлиб ҳисобланади.
Солиқ кодексининг 306-моддасига мувофиқ, 2008 йил 1 январдан ягона ижтимоий тўловнинг ва суғурта бадалларининг солиқ солиш объекти СКнинг 172, 173, 174, 175-моддаларида келтирилган иш ҳақи тарзидаги даромадлар ҳисобланади. Шунга мувофиқ, фойдаланилмаган таътил учун компенсациялар ишланмаган вақт учун тўловлар жумласига киради (Солиқ кодексининг 175-моддаси 1-банди) ва улар белгиланган тартибда ЯИТ ва суғурта бадали солиш объекти ҳисобланади.
Шуни таъкидлаш лозимки, 2012 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг 30.12.2011 йилдаги ЎРҚ-313-сон Қонунига асосан овқатланиш ва йўлкира учун қўшимча ҳақлар СК 174-моддаси бўйича компенсация тўловларига киритилган. Эндиликда ушбу тўловларга ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг мажбурий суғурта бадаллари ҳисобланиши керак.
Материаллар «Кичик корхона электрон бухгалтери»
ва «Солиқлар: саволлар ва жавоблар» электрон-маълумотлар тизимларидан олинди.