Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир.
Ислом Каримов.
Давлат божхона қўмитасида улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоий таваллудининг 573 йиллиги муносабати билан «Алишер Навоий – ғазал мулкининг султони» мавзусига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирни очар экан, ДБҚ раиси ўринбосари Ғ.Шукуров халқимиз маънавиятининг юксалиши, миллий адабиётимиз ва она тилимиз ривожида Алишер Навоий меросининг ўрни беқиёслиги, бу улуғ мутафаккирнинг ўлмас асарлари, улардаги эзгулик ва бунёдкорлик ғоялари неча асрларки инсониятни яратувчилик, буюк мақсадлар сари илҳомлантириб келаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Йиғилганларга таниқли адабиётшунос олим, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Шуҳрат Ризаев улуғ бобомизнинг ҳаёти ва ижоди, унинг бетакрор асарлари хусусида маъруза қилди.
Дарҳақиқат, Алишер Навоий қолдирган улкан адабий мерос хусусида Президентимиз Ислом Каримов «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида таъкидлаганидек, «Биз бу бебаҳо меросдан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанчалик кўп баҳраманд этсак, миллий маънавиятимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз».
Тадбирда сўзга чиққанлар мустақиллик йилларида мумтоз адабиётимизни тадқиқ этиш, маънавий меросимизни халқимизга янада кенгроқ тақдим этишга алоҳида эътибор берилаётгани хусусида ўз фикрларини билдирдилар.
Тадбир давомида божхоначилар Алишер Навоий ижоди, унинг давлат арбоби сифатида амалга оширган улкан хайрли ишлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати.