Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 33 / Бизнинг маслаҳатлар

Ён дафтарча – ҳужжат эмас

Корхонамизда қисқа муддатли текширув ўтказилиб, айрим камчиликлар, хусусан, маълум миқдорда кирим қилинмаган товарлар ва НКМдан ўтказилмаган нақд пул маблағлари аниқланди. Текширув натижалари бўйича тузилган далолатномада бу хатти-ҳаракатларимиз Солиқ кодексининг 114-моддаси қўлланилган ҳолда тушумни яшириш деб топилди ва кирим қилинмаган товарларимиз қонуний ҳал бўлгунига қадар деб, олиб қўйилди.

Бундан ташқари, текширувчилар сумкамдаги шахсий 50 минг сўмни ҳам кирим қилинмаган маблағлар қаторига қўшиб қўйишди. Шунингдек, ҳисоб-китобларни ёзиб борадиган ён дафтарчам ҳам бор эди. Унга фаолиятимдан тушган ҳар кунлик пуллар, шахсий ҳисоб-китобларим, харажатларим, дўстларим билан олди-берди ҳисоб-китобларим, янги бизнес-режа хомчўтлари ёзилган эди. Текширувчилар ён дафтарчамдаги барча рақамларни жамлаб, умумий суммани яширин даромад деб топдилар ва худди шунча миқдорда жарима қўлладилар. Бунинг натижасида менга жуда катта – ҳали бутун фаолиятим давомида топмаган суммам миқдорида жарима қўлланиладиган бўлди.

Қуйидаги саволларимга жавоб беришингизни сўрайман.

1. Текширувчилар дўконимиздаги товарларни олиб қўйишга ҳақлими?

2. Ён дафтарча корхонамизнинг даромад олганлигини тасдиқловчи ҳужжат сифатида асос қилиб олиниши мумкинми? Унга нима ёзиш мумкин ёки мумкин эмаслиги тўғрисида қонунчиликда бирон-бир кўрсатма борми?

МЧЖ раҳбари.

 

1. Давлат солиқ органлари томонидан қисқа муддатли текшириш ўтказилаётганда текширувчи ходимлар текширув эълон қилинганидан кейин Солиқ кодексининг 93-моддасига асосан зарурат бўлганда, солиқ тўловчи томонидан даромадлар олиш учун фойдаланилаётган ёки солиқ солиш объектлари билан боғлиқ ҳудудларни, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини ҳамда бошқа бинолар, шу жумладан жойларни кўздан кечириши, шунингдек солиқ тўловчининг мол-мулкини инвентаризациядан ўтказиши мумкин.

Кўздан кечириш ўтказилаётганда солиқ текшируви қайси шахсга нисбатан амалга оширилаётган бўлса, ўша шахс ёки унинг вакили қатнашишга ҳақли. Кўздан кечириш ўтказилаётганда зарур ҳолларда фото ва киносуратга олиниши, видеоёзувга туширилиши, ҳужжатлардан кўчирма нусхалар олиниши мумкин. Кўздан кечириш натижалари бўйича белгиланган тартибда баённома тузилади.

Бунда солиқ текширувларини ўтказиш вақтида мол-мулкни инвентаризация қилиш бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Давлат солиқ хизмати органининг солиқ текширувини ўтказаётган мансабдор шахс­лари текширилаётган солиқ тўловчидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш, тўлаш билан боғлиқ, текширув мақсадларига тегишли ва текширилаётган даврга тааллуқли ҳужжатларни талаб қилиб олишга ҳақли.

Солиқ тўловчи талаб этилган ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортган тақдирда, солиқ текширувини ўтказаётган давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахси Солиқ кодексининг 95-моддасида назарда тутилган тартибда зарур ҳужжатларни олиб қўйишни амалга ошириши мумкин. Шунингдек солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлигидан далолат берувчи ҳужжатлар ва ҳуқуқбузарлик предметлари текширувчининг асослантирилган қарори асосида олиб қўйилиши мумкин.

Лекин ушбу модданинг 2-бандига, шунингдек Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ўтказиладиган солиқ текширувларида назорат харидини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомнинг (АВ томонидан 27.06.2013 йилда 2475-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 13-бандига асосан солиқ тўловчининг фаолиятини тўхтатиб қўйишга олиб келадиган ҳужжатлар ва предметларни олиб қўйиш фақат суд қарори асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.06.2005 йилдаги ПФ-3619-сон Фармонида ҳам тадбиркорлик субъектининг фаолиятини тўхтатиб қўйиш чораси фақат суд тартибида қўлланиши мумкинлиги белгиланган. Шунинг учун текширувчилар томонидан фаолиятини тўхтатиб қўйишга олиб келадиган ҳужжатлар ва предметларни олиб қўйиш қатъиян тақиқланган.

 

2. Солиқ кодексининг 95-моддаси ва 2475-сон Низомнинг 13-бандига мувофиқ солиқ текширувига тааллуқли бўлмаган предметларни олиб қўйиш ман этилади. Ушбу тартиб текширувчилар томонидан ходимларнинг шахсий мол-мулки, хусусан, сумкаси, китоб ёки дафтарлари каби текширувга тааллуқли бўлмаган предметларини олиб қўйилишини тақиқлайди.

Ён дафтарча тадбиркорлик фаолиятига тааллуқли ҳужжат бўла олмаслиги, у фуқароларнинг шахсий мулки ҳисобланиши сабабли унга нимани ёзиш мумкин ёки мумкин эмаслиги тўғрисида қонунчиликда ҳеч қандай меъёрлар белгиланмаган.

Солиқ кодексининг 114-моддасини қўллаш мақсадида ишларни, хизматларни реализация қилишдан тушган тушумни яшириш деб қуйидагилар эътироф этилади:

товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганлиги ҳоллари ҳужжат билан тасдиқланганда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум суммасининг ҳисобга олиш регистрларида акс эттирилмаганлиги;

товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганлигидан далолат берувчи ҳужжатларнинг алмаштирилганлиги, сохталаштирилганлиги ёки йўқ қилинганлиги;

ҳисобда реализация қилинмаган деб кўрсатилган товарларнинг омборда ёки реализация қилиш жойида мавжуд эмаслиги.

Шунингдек, Олий хўжалик суди Пленумининг «Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси Умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарорининг (18.06.2010 йилдаги 210-сон) 38.2-бандига кўра Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 9 августдаги ПФ-1504-сон Фармонига мувофиқ барча чакана савдо корхоналари, шунингдек аҳолига хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг тушган нақд пул маблағларини ҳар куни банк муассасаларига топширмаслиги ҳам тушумни яшириш деб баҳоланади. Мазкур қарорда Солиқ кодексининг 114-моддасида санаб ўтилган ишларни, хизматларни реализация қилишдан тушган тушумни яшириш деб эътироф этиладиган ҳолатлар рўйхати тугал ҳисобланиши ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмаслиги таъкидланган.

Солиқ кодексининг 22-моддасига кўра ҳисобварақ-фактуралар, ишлар бажарилганлиги ёки хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисидаги далолатномалар, товарлар жўнатилганлигини (топширилганлигини), ишлар бажарилганлигини, хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқловчи квитанция­лар, чеклар ва бошқа ҳужжатлар реализация қилганликни тасдиқловчи ҳужжат бўлиб ҳисобланади.

Сизнинг ҳолатингизда кирим қилинмаган товарларингиз ва НКМдан ўтмаган савдодан тушган пулларингиз ҳам реализация қилишдан тушган тушумларни яшириш деб қаралади ва Солиқ кодексининг 114-моддаси қўлланилишига асос бўлади.

Лекин ён дафтарчангиз ва ундаги ёзувлар Солиқ кодексининг 114-моддасида санаб ўтилган учала ҳолатга ҳам тўғри келмайди. Бинобарин, шахснинг ён дафтари товарлар реализация қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланмайди ва ундаги суммаларни ҳисобга олиш регистрларида акс эттирмаслик тушумни яшириш ҳисобланмайди. Шу сабабли ён дафтарча ёзувлари Солиқ кодексининг 114-моддаси қўлланилиши учун асос бўлиб ҳисобланмайди.

Жавобни экспертимиз

Мурод МУҲАММАДЖОНОВ

тайёрлади.

Прочитано: 2208 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика