Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 17 / Назорат

Фаолияти ҳалол бўлса – тадбиркор, ғирром бўлса – нобакор

Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятига иқтисодий тараққиёт омили, фаровон ҳаёт манбаи сифатида қараш, бу соҳа вакиллари ўз имконият ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши учун барча зарур шарт-шароитни яратиб бериш борасида беқиёс ишлар амалга ошириб келинаётганига ҳар биримиз гувоҳмиз. Аммо ана шу ижобий ишларга соя соладиган бир ҳолат борки, биз уни шартли равишда «сохта тадбиркорлик» деб атаймиз.

Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК Департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан фош қилинган бир неча ҳолатлар бунга мисол бўла олади.

 

«ҚЎҒИРЧОҚ ДИРЕКТОР»НИНГ НАДОМАТИ

Ҳар бир тузилган тадбиркорлик субъекти фақат ўз низомида кўрсатилган фаолият турлари билан шуғулланиши лозим. Сохта тадбиркорликда эса, таъсисчилар ўз низомида кўрсатилган фаолиятни амалга оширишни эмас, балки бошқа мақсадларни кўзлаб иш юритишади. Бунда, кўринишидан корхонани тузиш факти тўла-тўкис қонунга асосланган бўлади, яъни унинг низоми, зарурий ҳужжатлари қабул қилинади, рисоладагидек рўйхатдан ўтказилади. Бироқ ишни бошлаш вақти келганда, корхона хатти-ҳаракатларига гўёки қонуний тус бериб, аслида бутунлай ғайриқонуний мақсадини амалга оширишга интилади.

Бундай жиноятга қўл урган шахсларнинг ўз фаолиятига қонуний тус бериши имтиёзли кредитлар олиш, олган даромадини солиқлардан озод қилиш (ёки яшириш), қонунчиликда белгиланган бошқа имтиёз ва имкониятлардан ноқонуний фойдаланиш кўринишларида намоён бўлади.

...Камола* «Фарҳод деҳқон бозори»да сабзавотлар сотиб тирикчилик қиларди. Кунларнинг бирида кутилмаганда унга доимий мижози Отабек 100 АҚШ доллари миқдоридаги маош эвазига бир хусусий корхонага директор бўлишни таклиф қилади. Қўшимча даромад қилиш имкони туғилганидан хурсанд бўлган Камола хизмат вазифаларига нималар киришини сўраганида «чақирилган жойда вақтида ҳозир бўлиш ва айтилган қоғозларни имзолаш», деган қисқа жавоб олади. Шундан сўнг «иш берувчиси»нинг ҳамроҳлигида нотариус, ҳокимият, банк, божхона каби тегишли идораларга бирга бориб, керакли ҳужжатларни имзолайди. Қарабсизки, Камола «A.F.» МЧЖнинг расман раҳбари вазифасини бажара бошлади ва ... сохта тадбиркорлик фаолияти оқибатларини тергов пайтида тушуниб етди!

Аниқланишича, ушбу жамият улгуржи фаолият билан шуғулланиш учун лицензияга эга бўлмай туриб, жами 456,5 млн сўмлик маҳсулотнинг улгуржи савдосини амалга оширган. Жамиятнинг товар-моддий бойликлари бозорда нақд пулга сотилиб, савдодан тушган пуллар белгиланган тартибда банк муассасаларига инкассация қилинмаган. Солиқ солиш базаси камайтириб кўрсатилганлиги натижасида жами 25 млн 576 минг сўмлик ягона солиқ тўловини тўлашдан қасддан бўйин товланган.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан жазо тайинланди.

Нодир ЗУПАРОВ,

Республика Бош прокуратураси

ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК Департаментининг

Тошкент шаҳар бошқармаси

суриштирув бўлими бошлиғи.

«ЧАК-ЧАК»ЧИ  ИШБИЛАРМОНЛАР

Юртимизда тадбиркорликка яратиб берилаётган қулай муҳитдан руҳланган Алишер Исмоилов ва Тўлқин Иноятовлар Яккасарой туманидаги хонадонлардан бирида давлат рўйхатидан ўтмасдан ўзаро шерикчилик асосида яширин цех ташкил қилишади ва ҳеч қандай ҳужжатсиз қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга киришиб кетишади. Ўз навбатида, тайёр маҳсулотга турли жойлардан сотиб олинган этикетка ва ёрлиқларни ёпиштириб, «Чорсу» бозорида сотишган.

Ўтказилган текширув давомида яширин цехда мавжуд бўлган 1 дона газ плита, 2 дона қозон, 8 дона қолип, шакар, ун, ёғ ва 3 турдаги тайёр «чак-чак» қандолат маҳсулотлари ашёвий далил тариқасида олинган.

Лаборатория текшируви хулосасига кўра, ушбу қандолат маҳсулотлари таркибида хавфли ичак таёқча гуруҳидаги бактериялар ҳамда моғор аниқланган бўлиб, улар савдо ва истеъмол учун яроқсиз деб топилган.

Суд А.Исмоилов ва Т.Иноятовларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 186-моддаси биринчи қисми, 188-моддаси иккинчи қисми «в» банди билан айбдор деб топди ва тегишли жазо тайинлади.

Нодир АГЗАМХЎЖАЕВ,

СВОЖЖДЛҚК Департаментининг

Чилонзор туман бўлими бошлиғи ўринбосари.

 

«ҚИНҒИР ИШНИНГ ҚИЙИҒИ...»

Тошкентлик Ф.Абролов ҳам ноқонуний даромад олишга муккасидан кетганлардан экан: у Д.Иноятов ва У.Ҳожимуротовлар билан жиноий тил бириктириб, Юнусобод туманидаги «Ремонт сотовых» хизмат кўрсатиш шохобчасида, Шайхонтоҳур туманидаги «Эксклюзив» номли интернет-кафеда ҳамда Яккасарой туманидаги «Вино-водка» дўкони ичидаги пайнет шохобчаларида ноқонуний равишда пуллик интернет хизматлари кўрсатиш билан шуғулланган.

Хусусан, у «Web-mоney» сайтидаги ўзига тегишли бўлган интернет ҳамёндан фойдаланган ҳолда WMZ, VVMR ва WME титул белгиларини аҳолига сотиш ва сотиб олиш билан шуғулланиб, мазкур интернет хизматлари орқасидан жами 330,816 минг сўм ноқонуний даромад олади.

Текширув жараёнида мазкур хизмат кўрсатиш шохобчасидан мижозларга кўрсатилган хизматлардан олинган

3,3 млн сўм ва 1 490 АҚШ доллари, интернет орқали электрон пул кўчирмалари операцияларини амалга ошириш учун мўлжалланган «HP PRO BOOK S-SERIES» ва «Compaq 610» русумли иккита ноутбук ашёвий далил сифатида олинган.

Шунингдек, Ф.Аброловнинг жиноий шериги

Д.Иноятовга тегишли бўлган «BMW 316-1» автомобили кўздан кечирилганда, «WMZ» электрон пулларини сотишдан тушган 5,2 млн сўм мавжудлиги аниқланган.

Шундан сўнг Д.Иноятовнинг кўрсатмасига биноан Департамент ходимлари томонидан «Эксклюзив» интернет-кафеси ва «Вино-водка» дўконидаги пайнет шохобчаларида ҳам тезкор тадбир ўтказилди. Натижада ушбу манзилларда Ф.Аброловнинг жиноий шериклари – Д.Иноятов ва У.Ҳожимуротовларнинг ҳам интернет ҳамён билан шуғулланиши маълум бўлди. Улар сўроқ қилинганда фаолиятлари ҳақиқатан ҳам жиноят эканлигини тан олиб, ўз хоҳишлари билан мижозлардан тушган 1 500 минг сўм, 1 361 АҚШ доллари, 55 евро ва «VVMZ» электрон пулларни ўтказиш учун мўлжалланган «ACER 5532» русумли ноутбукни тақдим этишган.

Текширув якунига кўра, жами 2 851 АҚШ доллари, қарийб 10 млн сўм, 55 евро, 3 дона ноутбук, 1 дона «SO MEI CD-R» интернет дастурлари ёзиш диски,

1 дона компьютер, 2 дона пул санаш мосламаси ва интернет ҳамёнида мавжуд бўлган 17022,08 WMZ (электрон АҚШ доллари) ва 51384,97 WMR (электрон Россия рубли) ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Суд Ф.Аброловнинг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтишдан бўйин товлаб, назорат қилинмайдиган даромад олиш мақсадида воситачилик фаолиятини амалга оширганлиги учун чин дилдан пушаймонлигини ва содир этилган жиноят унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига киришини инобатга олиб, унга нисбатан тегишли қонунчилик асосида амнистия актини қўллади.

 

_______________________________________

*Исм-шарифлар маълум сабабларга кўра ўзгартирилди.

Фарҳод ЭСОНОВ,

СВОЖЖДЛҚК Департаментининг

Тошкент шаҳар бошқармаси катта инспектори.

Саҳифани республика Бош прокуратураси ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК Департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда

«СБХ» мухбири Гулбаҳор САТТОРОВА тайёрлади.

Прочитано: 3953 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика