Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 16 / Қарор ва ижро

Усти ялтироқ, ичи қалтироқ бўлмасин ёки эндиликда импорт маҳсулотлари сифатининг назорати янада кучайтирилади

* Маркировка ортиқча оворагарчиликларга барҳам беради

  • Товар сериясини сайтга кириб ҳам билса бўлади

Четдан кириб келаётган товарларнинг барчасини ҳам сифатли ёки истеъмолга яроқли, деб бўлмайди. Улар орасида «усти ялтироқ, ичи қалтироқ» маҳсулотлар ҳам борки, айрим импортёрлар қандай йўл билан бўлмасин уларни ўтказишни, фақат моддий наф кўришни кўзлайди. Шунинг учун ҳам биринчи галда уларнинг сифатига жиддий эътибор бериш, шу йўл билан аҳоли саломатлигини муҳофазалаш долзарб аҳамиятга молик.  

Президентимизнинг 2013 йил 29 январдаги «Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатдошлилигини янада ошириш ва товарларни республикага ноқонуний олиб киришга қарши курашни кучайтириш тўғрисида»ги ПҚ-1913-сон қарорида ташқи савдо фаолиятини тартибга солишнинг халқаро амалиётда умумэътироф этилган усулларини қўллаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, шу йўл билан ноқонуний олиб кирилган ва қалбакилаштирилган товарларни сотишга қарши курашни кучайтириш вазифаси қўйилган.

Республика Давлат божхона қўмитасидан маълум қилишларича, товарларни махсус назорат идентификация белгилари билан маркировка қилиш амалиёти жорий этилгани шу мақсадга хизмат қилмоқда. Бунинг моҳияти шундан иборатки, четдан келтириладиган истеъмол товарларининг айримлари махсус назорат идентификация белгилари билан маркировка қилинади. Ана шундай маркировка, яъни махсус серияли рақам орқали мазкур товарнинг қачон, қаерда ишлаб чиқарилгани, сифати ва яроқлилигини билиш мумкин. Бу божхона ва солиқ органлари ишини енгиллаштириб, товарни қайта экспертизадан, стандартдан ўтказиш каби ортиқча оворагарчиликларга барҳам беради.

Нималар мажбурий маркировка қилиниши лозим? Четдан келтириладиган ўндан ортиқ турдаги истеъмол товари, хусусан музлаткич, телевизор, чангютгич, кондиционер каби маиший техника воситалари ҳамда уй-рўзғор идишлари, принтер, мониторлар, мураккаб маиший техника воситалари албатта маркировкаланиши шарт. Ушбу чора, биринчидан, ана шундай товарларни нолегал олиб киришга қарши туришни кучайтириш, иккинчидан, уларнинг импорт ҳажмларини назорат қилиш, учинчидан, сохталаштирилган, шунингдек, келиб чиқиши ва олиб киришнинг легаллиги шубҳа уйғотадиган маҳсулотларнинг сотилишига йўл қўймасликка хизмат қилади.

Мазкур тартибни самарали жорий этиш, ахборотлар алмашинувини йўлга қўйиш мақсадида махсус дас­турий таъминот асосида «Маркировка қилиш ва аудит» идоралараро ахборот тизими фаолияти йўлга қўйилмоқда. Ушбу тизимда расмийлаштирилган божхона юк декларациялари ва маркировкаланадиган товарларнинг серия рақамлари тўғрисида ахборот жамланади. Бундан назорат тадбирлари ўтказилаётганда кенг фойдаланилади. Давлат божхона қўмитаси мазкур тизимни ўзининг интернетдаги расмий сайтида жойлаштиришни режалаштирган. Бу тизим орқали харидорлар ва фойдаланувчилар улар харид қилган товар легал равишда олиб кирилганлигига ишонч ҳосил қилиши мумкин.

Эндиликда юртимизга четдан кириб келаётган товарларда ўзбек тилидаги маркировка жорий этилиши белгиланди.

Президентимизнинг қарори асосида 2013 йил 1 июлдан бошлаб мамлакатимизга олиб кириладиган озиқ-овқат товарлари, шахсий гигиена буюмлари ва бошқа истеъмол товарларида уларни ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан қўйилган давлат тилидаги товар маркировкаси бўлиши шарт қилиб қўйилди. Эндиликда ҳар бир импорт товарининг аниқ номи, миқдори, вазни ва юклар қиймати, шунингдек, коди юк-кузатув ҳужжатларида тўлиқ кўрсатилиши сифатли назоратни янада кучайтиришга хизмат қилади.

Мамлакатимиз ҳудудига товарлар ва қалбакилаштирилган маҳсулотларни ноқонуний олиб киришга чек қўйиш борасида божхона назоратини кучайтиришда республика ҳукуматининг шу йил 4 мартда қабул қилинган «Товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтишни тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 63-сон қарори алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Қарор асосида юк ташувчилар томонидан давлатимиз божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларини ҳаво, темир йўл, автомобиль ва сув транспортида олиб ўтишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар ва маълумотлар рўйхати тасдиқланди. Эндиликда божхоначиларимиз шу рўйхат асосида товарлар ва транспорт воситаларини назоратдан ўтказади. Бу жараён божхона тартиботи очиқлигини таъминлаш билан бирга, тадбиркорлик субъектлари манфаатларига ҳам хизмат қилади.

Буларнинг барчаси аҳолини юқори сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, ички бозорни қалбаки товарлардан муҳофазалашга хизмат қилади.

ЎзА материали асосида тайёрланди.

Прочитано: 2623 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика