Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 14 / Амалиёт

Штрихли код нимага керак? ёки бугунги харидор сифатли, арзон ва ишончли товарни тезкор тарзда сотиб олишни истайди

Дарҳақиқат, савдо расталари минглаб товар-маҳсулотлар билан тўлган бугунги кунда истеъмолчи бозорда ўзини йўқотиб қўймасликка, ўзига керакли маҳсулотни тезда топиб олишга ҳаракат қилади. Бу изланишда унга штрихли код ёрдам бериши мумкин.

Эътибор берилса, савдо жараёнлари автоматлаштирилган савдо нуқталарида товарлар бутунлай штрихли кодлар орқали ўқилади. Хўп, бу савдо жараёнига қандай таъсир кўрсатади, умуман штрихли коднинг мавжуд бўлиши ишлаб чиқарувчи, сотувчи ва сотиб олувчи учун қандай аҳамиятга эга? Бу ҳақда маълумот олиш учун GS1 Uzbekistan уюшмаси ижрочи директори Асқарали

ҲАЙДАРОВ билан суҳбатлашдик.

– Товарда штрихли коднинг бўлиш-бўлмаслиги қандай аҳамиятга эга?

– Товарда штрихли коднинг мавжуд бўлиши биринчидан, харидорга товар ҳақидаги маълумотларни тезда билиб олишга ёрдам беради. Иккинчидан, харидорнинг тўловни амалга оширишида қулайлик яратади ва бу савдо амалиёти жараёнини тезлаштиради, учинчидан, маҳсулотнинг рақобатбардошлигини кучайтириб, экспорт салоҳиятини оширади, тўртинчидан ва балки асосийси, товарнинг ҳисобини юритишда қўл келади. Бир сўз билан айтганда, ишлаб чиқарилган товарларда штрихли кодларнинг мавжуд бўлиши ишлаб чиқарувчи, сотувчи ва истеъмолчига савдо жараёнларида ўз манфаатларини тезкор ифода этишга ёрдам беради.

Бундан ташқари, штрихли код орқали маркетинг тадқиқотини олиб бориш, яъни муайян товарларга бўлган талаб ва таклифни ўрганиш орқали бозор талабини билиш ҳам мумкин бўлади.

– Маълумки, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган товарларда ҳам штрихли кодлар мавжуд. Демак, уларни айнан Сизнинг ташкилотингиз беради, шундайми?

– Ҳа, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товар ва маҳсулотларга GS1 халқаро штрихли кодларини GS1 Uzbekistan уюшмаси беради. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 21 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган товарларга штрихли кодлашни жорий этиш тўғрисида»ги 438-сон қарори асосида ташкил этилган Уюшманинг асосий вазифаси Ўзбекистон товарларининг ички ва хорижий бозорларда рақобатбардошлилигини ошириш, товар ишлаб чиқарувчини товарларни рақамлашнинг халқаро тизимлари доирасида идентификациялаш, истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, товарлар ишлаб чиқаришнинг автоматлаштирилган ҳисобини юритишни таъминлашдан иборат.

Уюшма GS1 ягона халқаро тизимидан фойдаланувчи аъзо-корхоналардан ташкил топган ташкилот ҳисобланади, шунинг учун унга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатувчи барча ишлаб чиқарувчилар ихтиёрийлик асосида аъзо бўлишлари мумкин.

– Уюшмага аъзо бўлишнинг тадбиркор учун қандай афзалликлари бор?

– GS1 Uzbekistan уюшмаси GS1 халқаро ташкилотининг аъзоси ҳисобланади ва у Ўзбекистонда 1999 йилдан бери фаолият юритади. GS1 халқаро ташкилоти Ўзбекистон учун 478 рақамли префиксини таъсис этган. Яъни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган барча товар-маҳсулотлар шу рақам билан кодланади. Юқорида айтганимдек, GS1 Uzbekistan фаолиятининг асосий йўналиши Ўзбекистон Республикаси ҳудудида GS1 халқаро автоматик идентификациялаш ва маҳсулотларни рақамлаш тизимидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш бўлиб, мазкур тизимнинг стандартлари ва ечимларига штрихли кодлаш, маълумотларни электрон узатиш ва синхронлаштириш, радиочастотали идентификациялаш ва бошқа соҳалар киради.

Товарни штрихли кодлар экан, ишлаб чиқарувчи корхонада ишлаб чиқарилган, сотиладиган, омборда сақланадиган ва транспортда ташиладиган маҳсулотини идентификациялай олади, яъни у товарлар ҳақида алоҳида маълумотлар базасини яратиб, уни назорат қила олади.

Бу эса корхонада қанча маҳсулот ишлаб чиқарилганидан тортиб, қанча маҳсулот сотилганигача ва омбордаги товарларнинг қолдиғигача бўлган маълумотларнинг автоматик ҳисобини юритиш ҳамда маълумот олишга кўмаклашади.

– Уюшмага аъзо бўлиш тартиби қандай?

– Уюшмага ҳеч қандай тўсиқларсиз аъзо бўлиш мумкин. Халқаро қоидаларга кўра, GS1 Uzbekistan уюшмасига аъзо бўлиш ихтиёрий тарзда амалга оширилади. Корхонани ўз маҳсулотларига штрихли кодларни босишга мажбурловчи халқаро стандартлар ва келишувлар мавжуд эмас, шунинг учун маҳсулотларни штрихли кодлаш ҳамда GS1 Миллий ташкилотига аъзо бўлиш ҳақидаги қарор қабул қилиш фақат ташкилотнинг ўзига боғлиқ.

GS1 Uzbekistan уюшмаси аъзолари бутун аъзолик даврида GS1 тизимининг стандартлари ва ечимларидан фойдаланишлари, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни штрихли кодлаш учун чекланмаган миқдорда GS1 тизимидаги идентификацияловчи рақамларни олиши, қўшимча тўловларсиз, аъзолик бадали ҳисобига барча бошқа хизматлардан фойдаланиши мумкин. Аъзоликни расмийлаштириш учун тегишли шаклдаги ариза ва аъзолик шартномаси тўлдирилади, холос.

– Уюшма аъзо-корхоналар учун яна қандай қулайликлар яратилишига ёрдам беради?

–            Уюшма ўзининг аъзоларига энг аввало, ишлаб чиқарилган маҳсулотлари учун GS1 халқаро штрихли кодларни таъсис этади, шунингдек, GS1 стандартлари ва таснифларини қўллаш бўйича бепул маслаҳатлар беради; GEPIR халқаро базасида корхона ҳақида маълумот жойлаштиради; семинар ва трейнинглар ўтказади; call-марказ хизматини бепул кўрсатади; дастурий таъминот ва технологик жиҳозларни танлашга кўмак беради ва верификациялаш хизматларини кўрсатади.

 

–          GS1 тизими – бутун дунёда энг кенг тарқалган автоматик идентификациялаш ва товарларни рақамлаш стандарт тизими ҳисобланади. Бугунги кунда дунёнинг 160 дан ортиқ давлатида 2 млн корхона GS1 стандартлари ва ечимларидан кундалик амалиётда фойдаланади. Ҳар куни 5 млрд дан ортиқ GS1 штрихли кодлар сканерланади.

«CБХ» мухбири

Нодир АЛИМОВ суҳбатлашди.

Прочитано: 2651 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика