Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 12 / Солиқ солиш

Корхона харажати – ходимнинг даромади ёки ўз ходимларининг бепул овқатланишини ташкил этишнинг солиқ оқибатлари тўғрисида

Заводимиз олис жойда жойлашган, шу боис раҳбарият ходимлар учун бепул овқатланишни ташкил этиш тўғрисида қарор қилди. Мен ошхона харажатлари ҳисобини 2710-ҳисобварақда ташкил этишни маслаҳат бердим. «3000 та бухгалтерия ўтказмаси ҳисобварақлар режаси бўйича боғланишлар» маълумотнома китоби («Norma» нашриёти томонидан Ф.Ғуломова ва У.Файзиева таҳририда чоп этилган) айни шуни тавсия этади, унда проводкага қуйидаги мисол берилган: «Хизмат кўрсатувчи хўжаликнинг харажатларини реализация қилиш, маъмурий ва бошқа харажатларга киритиш» Д 9410 (9420, 9430) К 2710.

Аниқлаштириш учун солиқ инспекциясига сўров юбордим: «Корхонанинг асосий фаолият тури бўлиб ишлаб чиқариш ҳисобланади. Бундан ташқари, балансда киритиш далолатномаси билан расмийлаштирилган ва корхона кадастрига киритилган ошхона мавжуд. 21-сон БҲМС Ҳисобварақлар режасига мувофиқ корхона ходимларнинг овқатланишини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни 2700-«Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар» ҳисобварағида акс эттириши ва харажатларни давр харажатларига, яъни корхона фойдаси ҳисобига ҳисобдан чиқариши мумкин.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, ходимларга бепул овқатланиш ташкил этилганда ходимлар ва корхона учун қандай солиқ мажбуриятлари вужудга келиши мумкинлиги хусусида тушунтириш берсангиз.

Сўровимга жавобан қуйидаги мазмундаги тушунтиришни олдим: «...ЎзР Солиқ кодексининг 174-моддасига биноан меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадга киритиладиган компенсация тўловлари (компенсациялар) жумласига озиқ-овқат ва йўл чипталарининг қиймати ёки озиқ-овқат ва йўл чипталарининг қийматини қоплаш киради.

Юқорида баён этилганлар муносабати билан озиқ-овқат қийматига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ягона ижтимоий тўлов ва фуқаролардан суғурта бадаллари солиниши керак».

Агар мен компенсация тўловларини ҳисоблаб ёзсам, қуйидаги проводкани қилар эдим: Д 9430 К 6700.

Бироқ мен бошқа нарса ҳақида сўраган эдим. Юзага келган вазиятда менга маслаҳат берсангиз.

Бош бухгалтер.

 

– Ҳақиқатан ҳам, ўзининг ошхонасида ходимларни озиқ-овқат билан таъминлаш харажатлари (ижтимоий суғуртага ажратмалар билан бирга ходимларнинг иш ҳақи, озиқ-овқат маҳсулотлари, электр энергияси учун тўлов ва ҳоказо) 21-сон БҲМСга1 2-илова иккинчи қисмининг 135-бандига мувофиқ  2710-«Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар» ҳисобварағида ҳисобга олинади. хизмат кўрсатувчи хўжаликлар бўйича харажатларни давр харажатларига ҳисобдан чиқариш тавсия қилинади.

Бироқ ошхона бўйича харажатларни тўғридан-тўғри корхона харажатларига ҳисобдан чиқариш ходимларингизга улар бепул овқатлар ташкил этилганда солиқ оқибатларидан озод этмайди. Зеро улар учун бепул овқатланиш қиймати, сизга айни солиқ инспекцияси жавоб берганидек, компенсация тўловлари тарзидаги даромад ҳисобланади (Солиқ кодекси (СК) 174-моддасининг 13-банди) ва унга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, фуқароларнинг суғурта бадаллари ва ягона ижтимоий тўлов солиниши керак. Ушбу даромад солиқ солинадиган базага киритилиши учун уни меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ҳисоблаб ёзишлар умумий суммасида, яъни 6710-«Ходимлар билан меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ҳисоб-китоблар» ҳисобварағи кредитида ҳисобга олиш керак. Ошхона (хизмат кўрсатувчи хўжалик) харажатларини ҳисобга олиш учун ҳисобварақлар иш режасига қўшимча 9230-«Хизмат кўрсатувчи хўжаликлар маҳсулотининг (ишлар, хизматларининг) чиқиб кетиши» ҳисобварағини жорий этиш мумкин.

Корхона учун озиқ-ов-қат қиймати – ЯСТ тўловчилари томонидан солиқ солинадиган база аниқланганда ҳисобга олинмайдиган харажат, умумбелгиланган солиқлар тўловчиларида эса СК 143-моддаси 6-бандининг «л» кичик бандига асосан солиқ солинадиган фойда ҳисоб-китобида чегирилиши керак.

Бундан ташқари, ҚҚС тўловчиларида корхона ўзининг ошхонасида ташкил этадиган озиқ-овқатлар қиймати ҚҚС солинадиган оборотларга киритилади (СК 199-моддаси биринчи қисмининг 1-банди). Бунда корхона маблағлари ҳисобига бюджетга тўланадиган ҚҚС суммаси ҳам даромадга киритилади.

 

МИСОЛ. ЯСТ тўловчи корхона ўзининг ошхонасида ўз ходимларига (40 киши) бепул овқатланишни ташкил қилди. 21 иш кунига ходимларга умумий суммаси 6  300 минг сўм бўлган 21 та талон берилди. Талонлар тўлиқ ишлатилди. Ҳисобда ошхонада ходимларни бепул таомлар билан таъминлаш қуйидаги проводкалар билан акс эттирилади:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

Сумма (минг сўм)

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

дебет

кредит

Корхона ходимларига овқатланиш учун талонлар берилиши акс эттирилди (дона) (40 х 21)

840

006

 

Ошхона харажатлари акс эттирилди

6 300

2710

1000, 6710,

6520 ва б.

Ошхона харажатлари ҳисобдан чиқарилди (фойдаланилган талонлар бўйича)

6 300

9230,

6710

2710,

9230

Корхона ходимларига таомларни бепул бериш акс эттирилди (даромад тан олинди)

6 300

9430

6710

Фойдаланилган талонлар ҳисобдан чиқарилди (дона)

840

 

006

 

ҚҚС тўловчиларда ҳисобда солиқни ҳисоблаб ёзиш ҳам кўрсатилади: 1  260 млн сўм (6  300 х 20%):

Дебет 6710-«Ходимлар билан меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ҳисоб-китоблар»

Кредит 6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари) бўйича – ҚҚС»

ҚҚС тўловчи корхона учун бир ойлик жами харажатлар (9430-ҳисобварақ дебети) 7  590 минг сўмни (6  300 + 1 260) ташкил қилади.

Жавобни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.

__________________________________________________________________

1Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счётлари режаси ва уни қўллаш бўйича Йўриқнома (молия вазирининг АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган).

Прочитано: 4106 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика