Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 8 / Хориж тажрибаси

Россия молия вазирлиги бухгалтерлар ишини осонлаштиради. Бироқ ҳаммага ва ҳар жиҳатдан эмас

Владимир Путин ўзининг сайлов кампанияси вақтида бухгалтерия ҳисоби юритилишини соддалаштиришга ваъда берган эди. Ҳатто кичик бизнес ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҳисоботларни бутунлай бекор қилиш тўғрисида сўз борди. Ҳукумат 1 ноябргача президентга ўз таклифларини тақдим этиши керак эди. Молия вазирлиги президентнинг топшириғини бажарди, бироқ у тўлиқ ва кўнгилдагидек бўлиб чиқмади.

 

НАЗОРАТСИЗ ИЛОЖИ ЙЎҚ

Ҳукуматдаги ҳамкасблар, солиқчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар билан маслаҳатлашиш натижасида Молия вазирлигидагилар бухгалтерия ҳисоботини юритишдан ҳеч кимни: оммавий компанияларни ҳам, кичик ва солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўллайдиган компанияларни ҳам озод қилиш мумкин эмас деган қарорга келишди. Буни юридик шахснинг бухгалтерия ҳисоботини тузиш мажбурияти Фуқаролик кодекси ва кўплаб бошқа қонунларда мустаҳкамланганлиги билан асослашди. Кўпгина меъёрлар фақат бухгалтерия ҳисоби ахбороти асосида ишлайди. Ҳисоботсиз соф активларни капитал миқдори билан қиёслаш, фойдани тақсимлаш, йирик битим натижасида учинчи шахс фойдасига воз кечиладиган мол-мулкни белгилаш ёки жамиятдан чиқаётган иштирокчининг улушини аниқлаш мумкин эмас. Банкротлик таомилини назорат қилиш ва монополияга қарши чоралар кўриш учун компания бозорда устун мавқедалигини аниқлаш мушкул.

Ҳисобот юритиш мажбуриятларининг бекор қилиниши БМТнинг коррупцияга қарши конвенцияси, пулларни ҳалоллаш, терроризмни молиялаштиришга қарши курашувчи халқаро стандартлар ва бошқа халқаро битимларга зиддир.

 

ҚЎЛДАН КЕЛГАНЧА

Молия вазирлиги кўпгина компаниялар ва уларнинг айрим тоифалари: кичик корхоналар, нотижорат ташкилотлари, баъзи федерал давлат унитар корхоналари (ФДУК), якка тартибдаги тадбиркорлар ва «Сколково» инновация маркази резидентларининг ишини енгиллаштириш учун етарлича иш қилинди деб ҳисоблайди.

Июнь ойининг охирида қабул қилинган тузатишларга кўра 2013 йилнинг

1 январидан бошлаб компаниялар солиқ хизматига чораклик ҳисобот тақдим этиш мажбуриятидан озод қилинди ва фақат йиллик ҳисобот қолдирилди. Бу эса компанияларнинг юкини икки баравар енгиллаштирди. Халқаро стандартлар (МҲХС) жорий этилиши туфайли сентябрь ойининг ўртасида консолидацияланган молиявий ҳисобот тузиш стандартлари ўз кучини йўқотди. Энди ҳисоботлар такрорланмайди.

Кичик бизнес учун соддалаштирилган йиллик бухгалтерия ҳисоботи тизими амал қилмоқда. Август ойининг ўртасидан эса баланс ҳамда фойда ва зарарлар тўғрисида ҳисоботнинг соддалаштирилган шакллари ҳам жорий этилди. 2012 йилдан ижтимоий йўналтирилган нотижорат ташкилотлари баъзи талаблардан озод қилинди. Умумий тизим бўйича солиқ тўлайдиган ёки махсус солиқ режимини қўллайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар бухгалтерия ҳисобини юритмасликлари мумкин.

 

ЯҚИН ВАҚТ ИЧИДА БАЖАРИЛАДИ

Молия вазирлиги Солиқ кодексига тузатишлар тайёрлади, улар солиқ ҳисоботида бухгалтерия ҳисоби ҳужжатларидан фойдаланиш имконини беради. Президент ҳам, бош вазир ҳам бир неча марта қўшалоқ ҳисоботни бекор қилиш тўғрисида фикр билдирдилар, бироқ молия вазирлиги солиқ ҳисоботини бутунлай бекор қилишдан бош тортяпти.

1 январдан бошлаб бухгалтерия ҳисоботини «бир дарчадан» қоидаси бўйича тақдим этиш мумкин. Компания ҳисоботнинг ягона нусхасини Росстатнинг ўзи жойлашган ҳудуддаги бошқармасига юбориши керак. Молия вазирлигининг идоралари эса ахборотни статистика органларидан оладилар. Фойдаланувчилар давлат хизматлари сайти орқали ҳисоботни оладилар.

Қурилиш ёки туризм соҳасида алоҳида шарт-шароитлар амал қилиши туфайли баъзи компаниялар ҳисоботни бошқа хизматларга ҳам юборишларига тўғри келяпти. Молия вазирлиги ушбу меъёрларни бекор қилиш ва тармоқ идоралари олдида йилда фақат бир марта ҳисобот топшириш имкониятини беришни таклиф қиляпти.

Шунингдек Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар лойиҳаси тайёрланди, улар бухгалтерларни ҳисоботдаги хатолар учун жавобгарликдан, агар уларнинг ўзлари хатоларни топган ва тузатилган вариантни юборган бўлсалар, озод қилади. Ҳужжат келишилиб, ҳукуматга тақдим этилган.

Даромадлар ва харажатлар ҳисобини алоҳида-алоҳида юритишга компанияларнинг салмоқли ресурслари сарфланяпти. Иссиқлик таъминоти ва электр энергетикаси, алоқа, сув таъминоти бозорларининг иштирокчилари, давлат буюртмасини бажарадиган, денгиз қирғоғидаги конларни қидирувчи ва кавлаб олиш қийин бўлган нефтни қазиб олувчи компаниялар шундай қилишга мажбурлар. Улар жуда батафсил ҳисоботлар тузадилар, улар умумий ҳисоботнинг айрим маълумотларини такрорлайди ёки батафсиллаштиради. Компанияларнинг харажатлари ўсмоқда, ходимларнинг иши ортмоқда, бунинг муҳимлиги эса – шубҳали. Молия вазирлиги ушбу талабларни бекор қилиш ёки фавқулодда ҳолларда қолдиришни таклиф этяпти.

Агросаноат мажмуаси компаниялари ва кредит ташкилотлари нафақат бухгалтерия ҳисоботи, балки махсус ҳисобот юритишга мажбурлар, бу ҳисобот кўпинча биринчисини такрорлайди. Уни бекор қилиб бўлмаса-да, лоақал соддалаштириш таклиф қилиняпти.

Иқтисодий ривожланиш вазирлиги ҳам нотижорат ташкилотлари учун янги тузатишларни тайёрлади, улар кейинги йилдан бошлаб бухгалтерия ҳисоби юритилишини соддалаштиради.

«Сколково» технопарки резидентлари учун бухгалтерия ҳисобининг соддалаштирилган режимини жорий этиш таклиф қилиняпти, у асосий воситалар, номоддий активлар, даромадлар ва харажатларни ҳисобга олишни тақозо этади.

Давлат буюртмачилари бўлган ФДУКлар учун бухгалтерия ҳисоби юритиш ва бюджет ҳисоботини тузиш мажбуриятини бекор қилиш таклиф этиляпти. Бу ишни, улардан ташқари, бюджет маблағларининг асосий тасарруфчилари – вазирлик ва идоралар ҳам қиладилар. Молия вазирлиги истиқболда давлат компанияларининг барча ҳисоботлари электрон шаклда «Электрон бюджет» тизимига тақдим этилишини кўзламоқда.

 

МУТАХАССИС ФИКРИ

Кирилл ПАРФЁНОВ, Банк бухгалтерлари клубининг президенти:

– Бухгалтерия ҳисоботини юритиш ҳаддан ташқари тартиблаштирилган. Фикримча, соддалаштирилган режимга эга бўлганлар учун даромадлар ва харажатлар дафтарлари етарли. Кўп компанияларнинг бухгалтерия ҳисоби соддалаштирилиши ва энг кам даражага келтирилиши керак. Агар биз МҲХС бўйича ишлашни хоҳласак, улар ҳисоб эмас, балки ҳисобот стандартлари эканлигини ва уни корхона учун қулай тарзда олиш кераклигини тушунишимиз керак.

Асосий вазифа – бизнес юкини енгиллаштириш. Ҳозир вақти-вақти билан ишлаётган корхона ҳар чоракда кўп қоғозларни, шу жумладан бўш шаклларни топшириши ва почта орқали юбориши шарт. Электрон шаклда ҳисобот бериш учун ҳаммада ҳам имконият бор деб бўлмайди. Давлат аввалига қишлоқларга Интернет ўтказиши керак.

Бухгалтерия ҳисобининг зарурлигини капитал ва соф активларни ҳисоблаш лозимлиги билан изоҳламоқчи бўладилар. Бироқ ҳамма ҳам ҳозир уларни ўзи ҳисобламайди, балки уларни махсус ташкилотларга топширади.

Агар биз солиқ солиш мақсадлари тўғрисида гапирсак, у ерда махсус режимлар ва ҳисобот регистрлари мавжуд. Улар бухгалтерия ҳисоботига мос тушиши ёки тушмасликлиги мумкин. Ушбу маълумотлар солиқ солинадиган базани олиб бориш ва солиқларни ўтказиш имконини беради. Бошқарув ҳисоботи эса корхонанинг ўз иши, у ҳар доим ҳам бухгалтерия ҳисоби меъёрларига тўғри келмайди. Мол-мулк солиғи бухгалтерия ҳисобига боғлиқ, бироқ бандни қайтадан формулировка қилиб, уни осонгина алмаштириш мумкин.

Шу сабабли бухгалтерия ҳисоби кимга кераклиги унчалик аниқ эмас. Корхоналарнинг эгаларига у талаб этилмайди, давлат эса фақат солиқ солиш қисмида уларнинг ишига аралашиши лозим. Бироқ бунинг учун махсус меъёрлар бор...

Хорижий матбуот материалларидан.

 

Ажабо!

ПОРА УЧУН БАНКНОТА

Ҳиндистоннинг 5th Pillar жамоат ташкилоти коррупцияга қарши курашишнинг ўзига хос усулини ўйлаб топди. 2010 йилда у пора тама қилувчи амалдорларга бериш тавсия қилинадиган 0 рупияли қоғоз пулни бир миллионлик адад билан босиб чиқарди.

Ташқи кўринишдан купюра ҳақиқий пулга ўхшайди, бироқ Махатма Ганди портрети остида иккита ёзув бор: «Барча даражадаги коррупцияни илдизи билан қуритинг» ва «Мен пора олмаслик ва бермасликка ваъда бераман».

Халқ ўртасида пуллар бир лаҳзада тарқаб кетди. Шундай купюра топширилган амалдорлар дарҳол пора учун жавобгарлик ва, ҳиндулар учун энг муҳими, ёмон кармани эслаб қолишди. Гувоҳлар кекса ҳинд аёли ерга эгалик қилиш тўғрисидаги ҳужжатни бир ярим йилдан бери ололмаганлиги ҳақида ҳикоя қилишади. Бироқ сеҳрли пул олганидан кейин амалдор кампирни чой билан меҳмон қилиб, шу заҳоти талаб қилинаётган ҳужжатни имзолаган.

www.e.gazeta-unp.ru.

Прочитано: 2750 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика